Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 9)
Икки дўст компьютерлардан ташқари мусиқани ҳам севарди. “Бу юксалиш даври эди, – деб хотирлайди Жобс. – Бетховен ёки Моцарт замонида яшаш билан бир хил эди. Тўғри. Буни ҳали тушуниб етишимиз керак. Биз Воз билан мусиқани маст ҳолда эшитардик”. Возняк Жобс учун Боб Диланни кашф қилди. “Биз Санта-Крусда Дилан концертларини олдиндан эълон қиладиган йигитчани учратиб қолдик, – деб айтиб берди Жобс. – Дилан ўзининг барча концертларини плёнкага ёзиб юрарди. Атрофида ҳар хил одамлар бор эди, шу жумладан, инсофсиз одамлар ҳам. Тез орада унинг концертлари ёзилган кассеталар қўлма-қўл бўлиб кетарди. Ва бу йигитчада унинг ҳамма концертлари бўларди”.
Дилан кассеталари ови баҳамжиҳат ишга айланиб кетди. “Биз Сан-Хосе ва Бёркли университетларини текшириб чиқардик, кимда Диланнинг пиратча кассеталари борлигини билиб олардик ва уларни тўплардик. Дилан шеърларини сотиб олиб, тунгача унинг маъносини изоҳлаб чиқардик. Дилан матнлари ижодий қобилиятни қўзғатарди”, – деб эслайди Возняк. Жобс қўшимча қилди: “Менда унинг юз соатдан ортиқ давом этадиган концертлари, шу жумладан унинг 1965 ва 1966 йиллардаги электрогитарада ижро этган гастроллари бор эди”. Иккала Стив ҳам ўзларига TEAC ғалтакли магнитофонлар сотиб олишди. “Мен кўпроқ сиғиши учун паст тезликда кассеталарни ёзиб олардим”, – деб сўзлади Возняк. Жобс унинг қизиқишига шерик бўлди: “Мен эса колонка ўрнига бир жуфт қулоқчинни сотиб олиб, каравотда соатлаб Диланни тинглардим”.
Жобс Хоумстедда нур таратадиган мусиқий шоулар ва ўйинлар уюштирарди (бир куни улар гул тувагига тилла рангга бўялган курсини ёпиштиришди). Бу “Клуб Бака Фрая” деб номланарди. Бу директор исмининг анаграммаси эди. Возняк ва унинг Аллен Баум исмли ўртоғи мактабни битирган бўлсалар-да, учинчи ўқув йилининг сўнгида битирувчилар учун хайрлашув ҳазили уюштиришда Жобсга жон деб ёрдам беришди. Қирқ йил ўтгач, менга Хоумстед кампусини кўрсатаётиб, Стив бу ҳазилни ёдга олди ва балконни кўрсатиб шундай деди: “Ҳарфларни ҳов анави ерга осдик. Бу дўстлигимизни мустаҳкамлади”. Баум ҳовлисининг орқа тарафида оқ-яшил рангга (мактаб рангларига) бўялган чойшабга дўстлар ўртанча бармоғи кўтарилган улкан қўл тасвирини туширишди. Баумнинг меҳрибон яҳудий онаси бунда уларга ёрдам берди. Қўл табиийдек кўриниши учун қандай қилиб соя туширишни кўрсатди. “Мен буни нималигини биламан”, – деб қиқиллади миссис Баум. Битирувчилар балкон ёнидан ўтиб кетаётган лаҳзада плакат тантанали равишда туширилиши учун дўстлар бутун бошли арқон ва блоклар тизимини яратди ва йирик ҳарфлар билан SWAB JOB деб ёзиб қўйди. Бу Возняк, Баум исм-шарифларини ва Жобс фамилиясининг бир қисмини англатарди (бу иборани “поршень билан ишла” деб таржима қилиш мумкин). Улар уюштирган бу ҳазил бора-бора афсона бўлиб кетди, Жобс эса навбатдаги марта мактабдан вақтинча четлатилди.
Бошқа ҳазил учун Возняк телевизион сигналлар таратувчи портатив қурилма ясади. Бир куни у чўнтагида шу қурилма билан одамлар телевизор томоша қилиб ўтирган хонага, масалан, талабалар ётоқхонасининг ухлаш хонасига кириб, билдирмай тугмани босди. Телевизор экранидаги тасвир бузилди. Кимдир туриб телевизорга урса, Возняк тугмани қўйиб юборар ва яна тасвир пайдо бўларди. Бу бир неча марта такрорланди, лекин энг қизиғи кейин бошланди. Воз кимдир антеннани тўғриламагунга қадар тугмани ушлаб турди. Охири томошабин бир оёқда туриб ёки телевизорга текканча антеннани ушлаб туриш керак деган хулосага келди. Йиллар ўтиб, қандайдир бир муҳим тақдимотда Жобс видеони сира ёқолмаганида у шу ҳикояни эслади ва улар барчани калака қилганини айтиб берди: “Воз чўнтагига шу қурилмани яшириб, бирорта фильм, масалан, “Юлдузлар йўли”ни томоша қилиб ўтирган одамларнинг олдига кирарди ва тасвирни бузарди. Кимдир тузатиш учун ўрнидан турарди ва Стив шу заҳоти тугмани қўйиб юборарди, ўша одам ўтириши билан у яна тугмани босарди”.
Кўк қутича
Электроникадан фойдаланиб, энг моҳирона ижро этилган ҳазил ва Apple компанияси пайдо бўлишига сабаб бўлган воқеа шундай бўлган эди: Возняк онаси унга ошхонадаги столда қолдирган Esquire журналидаги бир мақолани ўқиб қолади. 1971 йил сентябрь эди, кейинги куни Стив Бёрклига, ўзининг учинчи университетига бориши керак эди. Рон Розенбаумнинг “Кўк қутича сири” мақоласида хакерлар ва телефон фирибгарлари AT&T тармоғи сигналининг товушларини сунъий равишда таратиб, шаҳарлараро ва халқаро қўнғироқларни бепул амалга оширишни ўрганиб олишгани таърифланганди. “Мақолани ярмигача ўқиб, мен ўзимнинг энг яхши дўстим – Стив Жобсга қўнғироқ қилдим ва унга мақоладан узун парчаларни ўқиб бердим”, – дея эслади Возняк. У Жобс унинг завқига шерик бўла оладиган камдан-кам инсонлар қаторига киришини биларди. Жобс ўшанда Хоумстеддаги тўртинчи ўқув йилини бошлаганди.
Мақола муаллифи Жон Дрейпер исмли хакер Капитан Кранч лақабини олганди. У нонушта ёрмаси солинган қутича билан бирга бериладиган ўйинчоқ ҳуштакнинг овози телефон тармоғида қўнғироқларни ўтказадиган коммутатор сигналига (2600 Гц) частотаси бўйича мос келишини аниқлайди. Унинг ёрдамида тизимни алдаш ва бошқа шаҳарларга ва мамлакатларга бепул қўнғироқ қилиш мумкин эди. Мақолада, шунингдек, бошқа қўнғироқ сигналларининг частотаси Bell System Technical Journal сонларининг бирида кўрсатилгани ҳам тилга олинганди. Албатта, AT&T дарҳол барча кутубхоналарга мазкур журнал сонини олиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилди.
Жобс сигналлар частоталари кўрсатилган журнал сонини билишни жуда хоҳлади. “Бир неча вақт ўтгач, мени олиб кетгани Воз келди ва биз уни излаш учун SLAC (Стэнфорд линиявий тезлатгичлар маркази) кутубхонасига отландик”, – деб сўзлаб берди Жобс. Кутубхона якшанба куни ишламасди, лекин дўстлари доим очиқ турадиган эшикни биларди. “Жавонларни шоша-пиша титиб чиққанимиз эсимда. Ниҳоят Воз керакли сонни топди. “Мана бу!” – деб наъра тортдик биз. Журнални очдик ва ҳақиқатан ҳам у ерда рўйхат бор эди. Биз хурсандлигимиздан “қойил, зўр” деб такрорлардик. У ерда ҳамма нарса бор эди: товушлар, частоталар”.
Ўша кеча Саннивейлдаги электроника дўкони ёпилгунига қадар Возняк у ердан овоз частотасининг аналог генератори учун деталлар сотиб олишга улгурди. Жобс ўз вақтида HP компаниясининг илмий-техник клубида ясаган рақамли частотомер ёрдамида дўстлар керакли частоталар тўғрими-йўқми текширмоқчи бўлишди. Рақам териладиган диск мақолада сўз борган товушларни такрорлаш ва ёзиб олиш имконини берарди. Ярим тунга келиб иккала Стив ҳам қурилмани синаб кўришга тайёр эди. Афсуски, улар фойдаланган генераторлар етарлича узлуксиз ишламасди ва телефон компаниясини алдаш учун зарур частоталарни ярата олмасди. “Биз турғун сигналга эриша олмадик”, – деди Возняк. – Эртаси куни мен Бёрклига жўнаб кетишим керак эди ва биз мен қурилманинг рақамли версиясини коллежда ясаб келишимга келишиб олдик.
Кўк қутичанинг рақамли версияси табиатда мавжуд эмасди, лекин Воз ўз кучини синаб кўриш учун берилган имкониятни жон деб қабул қилди. У RadioShack компаниясида ишлаб чиқариладиган диод ва транзисторларни олиб, куй ва оҳангларни яхши сақлайдиган бир мусиқачи талаба ёрдамида Шукроналик кунигача керакли қурилмани ясади. “Ясаган схемаларимнинг ҳеч биридан бу қадар мағрурланмаганман. Мен ҳозиргача бу схемани нодир деб биламан”, – деб ёдга олди у.
Кечки пайт Возняк ихтирони синаб кўриш учун Бёрклидан Жобсникига келди. Дўстлар Лос-Анжелесдаги Вознинг амакисига қўнғироқ қилмоқчи бўлишди, лекин рақамда адашишди. Шундай бўлса ҳам бу уларни сира хижолат қилмади. Асосийси, қурилма ишлаяпти. “Салом! Биз сизга бепул қўнғироқ қиляпмиз! Бепул қўнғироқ қиляпмиз!” – деб қийқирди Возняк гўшакка. Уни эшитаётган абонент ҳеч нарсани тушунмай жаҳли чиқди, Жобс эса қўшимча қилди: “Биз Калифорниядан қўнғироқ қиляпмиз! Калифорниядан! Кўк қутича ёрдамида!”. Унинг сўзлари у ҳам Калифорнияда бўлган абонентни гаранг қилиб қўйди.
Дастлаб кўк қути ёрдамида дўстлар ҳазил уюштирарди. Ватиканга қўнғироқ энг эсда қоларлиси бўлди: Возняк ўзини Генри Киссинжер деб таништирди ва Рим папаси билан гаплашмоқчи эканини айтди. Унга ҳозир Ватиканда тонгги олти ярим эканини ва Рим папаси ҳали ухлаётганини айтишди. Воз қайта қўнғироқ қилганида унга епископ жавоб берди. Епископ уларнинг суҳбатини таржима қилиши лозим эди. Лекин Рим папаси билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. “Улар бу Генри Киссинжер эмаслигини пайқаб қолишди, – деб тан олди Жобс. – Чунки биз кўчадаги телефон-автоматдан қўнғироқ қилгандик”.
Айнан ўшанда улар ҳамкорликнинг кейинги режасини тузишди. Жобс кўк қутичалар ёрдамида нафақат ўйин уюштириш, балки фойда олиш мумкинлигини тушуниб етди. “Мен етмаган нарсани сотиб олдим: ўрамни, таъминот блогини, клавишларни. Кейин биз қурилмани қанчага сотишимиз мумкинлигини ҳисоблаб чиқдим”, – деб айтиб берди Жобс. Улар кейинчалик Воз билан Apple’га асос солишгач, роллар айнан шундай тақсимланди. Тайёр маҳсулотнинг ҳажми икки даста ўйин қартасидек эди. Деталлар уларга 40 долларга тушди ва Жобс қурилмани 150 доллардан сотиш керак деган қарорга келди.
Капитан Кранч сингари телефон фирибгарларидан ўрнак олиб, дўстлар ўзларига хаёлий исмлар танлади. Возняк Бёркли Блу, Жобс эса Оуф Тобарк исмини олди. Улар ётоқхонадаги хоналарни айланиб чиқиб, барча хоҳловчиларга ўз ихтиросини таклиф қилишди ва потенциал харидорларга у қандай ишлашини кўрсатиб беришди: қурилмани телефонга ва қулоқчинга улаб, турли жойларга қўнғироқ қилишди. Масалан, Лондондаги Ritz меҳмонхонасига ёки Австралиядаги телефон ҳазиллари хизматига. “Биз тахминан юзта кўк қутича ясадик ва деярли ҳаммасини сотдик”, – деб эслайди Жобс.