реклама
Бургер менюБургер меню

Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 8)

18

2-боб. Ажиб жуфтлик. Иккита Стив

Стив Возняк

Макколлумникида шуғулланаётиб, Жобс мактабда ажабтовур қобилияти билан донг таратган бир йигит билан дўстлашиб қолди. Бунинг устига у ўқитувчининг доимий арзандаси эди. Стивен Возняк беш ёшга катта эди ва электроникани яхшироқ тушунарди, лекин қалбида компьютерларга муккасидан кетган ўсмирлигича қолганди. Унинг укаси билан Жобс битта сузиш жамоасига борарди.

Жобс каби Возняк ҳам кўп нарсани отасидан ўрганди. Лекин уларнинг ўрганишида фарқ бор эди. Пол Жобс ҳатто ўрта маълумотли ҳам эмасди, лекин автомобилларни яхши тушунарди ва керакли эҳтиёт қисмларни қандай қилиб фойда билан сотиб олишни биларди. Ҳамма Жерри деб атайдиган Фрэнсис Возняк эса Калифорния технологик институтининг муҳандислик факультетини шукуҳ билан битирди. Ўқиш вақтида футбол жамоасида ҳимоячи эди, муҳандисларга таъзим қиларди, савдогарлар ва бизнесменларга эса паст назар билан қарарди. Lockheed компаниясида Фрэнсис Возняк ракеталарни учириш тизимини ишлаб чиқарди. “Отам муҳандислик касби – орзу қилиш мумкин бўлган юксак марра деб айтарди. Шунинг учун айнан муҳандислар жамиятни янги босқичга олиб чиқишига ишонтирарди”, – деб эслайди Стив Возняк.

Возняк дам олиш кунлари отасининг иш жойига бориб, электрон деталларни томоша қиларди. У болаликдаги илк хотираларини шундай эслайди: “дадам уларни стол устига қўярди ва мен улар билан ўйнардим”. Болакай отасининг монитордаги сигнал шаклини тўғри чизиқлигича қолдиришга уринишини, бироқ ҳисоблаб чиқилган схемалардан бири лозим даражада ишлашини кўрсатиб бера олмаганини сеҳрлаб қўйилгандек кузатди. “Дадам нима иш қилсаям, бу тўғри ва муҳим деб тушунардим”, дейди Воз. Агар Воз (уни ҳамма болалигида шундай деб атарди) уй бўйлаб думалаб ётган резистор ва транзисторлар нима учун керак деб сўраса, отаси доска келтириб, улар қандай ишлашини чизиб берарди. “Резисторлар ҳақидаги ҳикоясини дадам атом ва электронлардан бошларди. Мен иккинчи синфдалигимда у ҳеч қандай тенгламаларсиз резисторлар нима қилишини тушунтириб берди – шунчаки доскага чизиб берди”.

Отасидан Воз яна бир муҳим қоидани ўзлаштириб олди: ёлғон сўзлаш яхши эмас. “Дадам қанча қимматга тушмасин доим рост гапириш керак деб ҳисобларди. Бу у ўргатган энг муҳим нарса. Мен ҳозиргача ҳеч қачон ёлғон гапирмайман (ҳазиллар ҳисоб эмас)”. Яна Воз ҳаддан ортиқ иззатталабликдан нафратланишни отасидан ўзлаштирди. Бу фазилат уни Жобсдан ажратиб турди. Илк танишувидан қирқ йил ўтгач, Apple’нинг навбатдаги маҳсулоти тақдимотида Воз уларнинг ўхшаш бўлмаган томонлари ҳақида ўйлаб кўрди: “Отам ҳар доим менга шундай деган: ўртада тур. Мен юқорига, масалан, Стив мавқеидаги инсонларга интилмаганман. Отам муҳандис эди ва мен доим муҳандис бўлишни хоҳлаганман. Мен жуда тортинчоқ эдим ва Жобсдек бизнес раҳнамоси бўла олмасдим”.

Тўртинчи синфда Возняк ўзи айтганидек “электроника фарзандлари”дан бирига айланди. У қизлардан кўра транзисторлар билан ўзини эркинроқ ҳис этарди. Стив анча аҳмоқона кўринарди: ориқ, букчайган, кўп вақтини монтаж платалари устида ўтказган йигит. Ёш Жобс отаси тушунтириб бера олмаган кўмир кукунли микрофон устида бош қотирган паллада Возняк транзисторлар ёрдамида кучайтиргичлар, реле, чироқ ва қўнғироқлардан ташкил топган ички алоқа тизимини яратди. Тизим олтита қўшни уйнинг болалар хоналарини бирлаштирди. Жобс “ўзинг қил” конструкторларига қизиқиб қолганида Возняк Hallicrafters компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган деталлардан приёмник ва передатчик йиғди ҳамда отаси билан бирга радиоҳаваскор лицензиясини олди.

Уйда Воз электроника бўйича отасининг журналларини ўқирди; уни янги компьютерлар, масалан, қувватли ENIAC[2] ҳақидаги ҳикоялар қизиқтирарди. Мантиқли алгебрани Стивен боплаб ўрганиб олди, у янги ҳисоблаш машиналарининг оддийлигига қойил қоларди. Саккизинчи синфда икки хонали сонлар ёрдамида у калькулятор тўплади. Унга ўнта монтаж платасида юзлаб транзистор, икки юзта диод ва икки юзта резистор сарфланди. Ихтиро АҚШ Ҳарбий Қуролли Кучлари томонидан ўтказилган шаҳар танловида биринчи совринни олди (танлов иштирокчилари орасида ўн иккинчи синф ўқувчилари ҳам бор эди).

Унинг тенгдошлари қизлар билан учрашиб, ўтиришларга боришни бошлагач, Воз ўзини яна ҳам ёлғиз ҳис эта бошлади: унга бунинг ўрнига электросхемаларни йиғиш осонроқ эди. “Олдин дўстларим кўп эди, биз велосипед учардик, уларга аралашиб юрардим ва ҳоказо, кейин эса мен яккаланиб қолдим. Олдин мен ҳеч қачон бунчалик ёлғиз бўлмаган бўлсам керак: мен билан ҳеч ким гаплашмасди ҳам”, – деб эслайди у. Воз ўсмирлар уюштирадиган ҳазиллардан тасалли топарди. Ўн иккинчи синфда у мусиқа машқини бажараётганида бир маромни сақлашга ёрдам берадиган қурилма – электрон метроном йиғди ва унинг чиқ-чиқ этиши бомбага ўрнатилган соат механизмининг ишлашига ўхшашини пайқади. Ўшанда у бир қанча катта барайкаларнинг наклейкасини олиб, уларни улади ва шкафга бекитиб қўйди. Шкафга қурилмани шундай жойлаштирдики, унинг эшиги очилганда метроном тезроқ чиқиллай бошларди. Тезда уни директор ҳузурига чақиришди. Воз математик унвони учун яна мактабнинг бош совринини қўлга киритдим деб ўйлади. Лекин кабинетда уни полиция кутиб турганди. Директор мистер Брилд, қурилмани кўрганида, ўзини йўқотиб қўймади, “бомбани” маҳкам ушлади-да кўкрагига қисиб, футбол майдонига югуриб чиқди ва фақат ўша ерда симини узди. Стив кулгудан ўзини тўхтатолмади. Оқибатда уни вояга етмаган ҳуқуқбузарлар марказига жўнатишди. Панжара ортида ўтган тун анча пайт унинг эсида қолди. Воз камерадошларини шифтдаги вентиляторлар симларини панжарага улашни ўргатди. Ким панжарага тегса, уни ток урарди. Атрофдагиларни шок ҳолатига тушириш, Воз учун шон-шараф эди. У аппарат ишлаб чиқишидан ва вақти-вақти билан уни ток уришидан мағрурланарди. Бир куни у рулетканинг ўзига хос вариантини ўйлаб топди: тўрт нафар иштирокчи бош бармоғини тирқишга тиқиши керак; шарик муайян секторга тушса, қатнашчилардан бирини ток урарди. “Электрончи муҳандислар ўйнашга рози бўлишди, лекин дастурчиларнинг эса бу қўлидан келмади”, – деб кулди Возняк.

Тўртинчи ўқув йилида Воз Sylvania компаниясига ярим кун ишлайдиган лавозимга ишга кирди ва ҳаётида биринчи марта компьютерда ишлаш имкониятига эга бўлди. У дарслик бўйича фортранни[3] ўрганиб олди ва Digital Equipment корпорациясининг биринчи тижорат PDP-8 мини-компьютеридан бошлаб ўша вақтда мавжуд бўлган ЭҲМ бўйича кўпчилик қўлланмаларни ўқиб чиқди. Кейин энг янги микросхемаларга доир йўриқномаларни ўрганди ва уларни компьютер ёрдамида модернизациялашга уриниб кўрди. У ўз олдига имкон қадар камроқ деталлардан фойдаланиб, худди шундай машина яратишни вазифа қилиб қўйди. “Мен эшикларни ёпиб олиб, хонада ёлғиз ўзим ишлардим”, – деб эслайди у. Ҳар кечки пайт Воз ўтган куни чизган чизмаларини такомиллаштиришга ҳаракат қиларди. Тўртинчи ўқув йилининг охирида у маҳорат чўққисига етди. “Энди мен мавжуд моделлардаги микросхеманинг ярмидан ҳам камроқ қисмидан фойдаланиб, компьютерларни лойиҳалаштира олардим. Лекин менинг барча ғояларим қоғозда қолиб кетарди”. Дўстларига у бу ҳақда айтиб бермасди. Ахир 17 яшар болаларнинг кўпчилиги бутунлай бошқа нарса ҳақида ўйлайди.

Ўша йили Шукроналик куни Возняк Колорадо университетида бўлди. Байрам кунлари университет ишламасди, лекин Стив муҳандислик факультети талабасини топди, у унга лабораторияларни кўрсатди. Воз отасидан уни ўша ерга ўқишга юборишини сўради, лекин Возни бошқа штатда ўқитишга оиланинг қурби етмасди. Ўшанда улар битим тузишди: Стивга бир йил Колорадога кетишга рухсат берилади, лекин у уйга қайтиб, Де-Анс коллежига ўқишга киради. Охир-оқибат Стив бу шартни бажаришга тўғри келди. 1969 йилнинг кузида Колорадога келиб, у кўп вақтини ҳазил қилишга сарфлади (масалан, “Йўқолсин Никсон” ёзуви туширилган варақаларни чоп этди). Натижада бир нечта имтиҳондан йиқилди. Уни университетда қолдиришди, лекин синов муддати беришди. Бундан ташқари, у Фибоначчи рақамларини ҳисоблаб чиқадиган дастурни ўйлаб топди. Бу дастур компьютерда жуда кўп вақт сарфларди, шунинг учун университет раҳбарияти Стивдан бунинг ҳақини ундириб олишини айтиш билан пўписа қилди. Ота-онасига буни айтмаслик учун Воз Де-Ансда ўқишни давом эттирди.

Де-Ансда бир йил ўқигач, Воз танаффус қилишга ва оз-моз пул ишлашга қарор қилди. У автомобиль саноати учун компьютерлар ишлаб чиқарадиган компанияга ишга кирди. Ҳамкасбларидан бири унга ажойиб таклиф борлигини айтди: у Стивга ўзи лойиҳалаштирган компьютерни териши учун зарур деталлар беришини айтди. Возняк ўзини синаб кўриш ва ҳамкасбининг сахийлигини суистеъмол қилмаслик учун имкон қадар камроқ микросхемалардан фойдаланишга қарор қилди.

Ишнинг катта қисми Хоумстедда ўқийдиган қўшниси Билл Фернандеснинг гаражида бажарилди. Дўстининг муваффақиятини Cragmont крем-содаси билан нишонлашди; Саннивейлдаги Safeway дўконига велосипедда бориб, ишланган пулга газли сувнинг янги порцияларини сотиб олишди. “Шу сабабли биз лойиҳамни “крем-содали компьютер” деб атадик”, – деб изоҳлади Возняк. Умуман олганда, бу калькулятор эди: ўтказгичлар тўплами ёрдамида киритилган сонларни кўпайтирарди ва натижасини ёнувчан лампочкалар тўплами орқали бинар кодларида чиқариб берарди.

Ихтиро устидаги иш якунлангач, Фернандес Вознякка унинг Хоумстед мактабида синфдоши борлигини ва Воз у билан танишиши лозимлигини айтди. “Унинг исми Стив. У сенга ўхшаб ўйин уюштиришни яхши кўради ва электроникага қизиқади”. Бу бундан 32 йил аввал Паккарднинг гаражига Хьюлетт келганидан кейин Силикон водийсида юз берган энг аҳамиятли учрашув бўлса керак. “Биз Стив билан Биллнинг уйи олдидаги тротуарда ўтириб, ҳаётимиздаги воқеаларни – асосан ўзимиз уюштирган ўйинларни ва ихтироларимизни бир-биримизга айтиб бердик, – деб эслайди Возняк. – Бизнинг умумий жиҳатларимиз кўп бўлиб чиқди. Одатда мен бошқаларга ҳозир нимани ўйлаб топаётганимни қийинчилик билан тушунтириб берардим, лекин Стив уни осон илғаб оларди. У менга ёқиб қолди. Озғин, лекин бақувват ва кучга тўла”. Жобсда ҳам янги таниши катта таассурот қолдирди. “Воз танишларим орасида электроникани мендан яхшироқ тушунган биринчи инсон эди, – деди у бир куни (ўзининг билимдонлигини бўрттириб кўрсатган ҳолда). – У менга дарров ёқиб қолди. Мен ўзимни тенгқурларимдан катта ҳис қилган бўлсам, Воз ёш боладек эди, шу сабабли биз умуман олганда тенгдош эдик. Стив жуда ақлли, лекин қилиқлари ўсмирларникидек эди”.