реклама
Бургер менюБургер меню

Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 10)

18

Лекин Саннивейлдаги пиццерияда бўлган воқеадан кейин

ўйин-кулгуга нуқта қўйилди. Жобс ва Возняк ҳозиргина ясалган кўк қутича билан Бёрклига боришмоқчи эди. Жобсга пул керак эди ва у қурилмани сотишни хоҳлаб, уни қўшни столда ўтирган мижозларга таклиф қилди. Улар қизиқиб қолишди. Жобс телефон будкага бориб, Чикагога қўнғироқ қилди ва қурилма қандай ишлашини кўрсатиб берди. “Харидорлар” пуллари машинада эканини айтишди. “Биз Воз икковимиз улар билан бирга бордик. Кўк қутича менда эди. Ўспирин машинага ўтирди, ўриндиқ остини титкилади ва пистолет олди”, – деб ҳикоя қилди Жобс. Стив ҳеч қачон қуролни бундай яқиндан кўрмаганди, унинг ўтакаси ёрилиб кетди. “Кейин у қорнимни нишонга олиб, шундай деди: “Уни менга бер”. Мен саросимага тушдим. Уни машина эшиги билан уриб, қочиб кетишга улгурармиканман деб ўйладим. Йўқ, бунгача бу ифлос менга ўқ узади. Ва мен унга эҳтиёткорлик билан қурилмани узатдим”. Ўғрилик ғайриоддий тарзда содир этилди: дўстлардан кўк қутичани олиб қўйган нобакор Жобсга телефон рақамини қолдирди ва агар қурилма ишласа, кейин пулини тўлашга ваъда берди. Жобс шу рақамга қўнғироқ қилганида жиноятчининг қурилмага ақли етмагани аён бўлди. Ўшанда Жобс бир сония ҳам ўйлаб ўтирмай, аблаҳни у ва Возняк билан бирорта гавжум жойда учрашишга кўндирди. Лекин охири дўстлар ваҳимага тушишди ва яхшиси 150 доллардан воз кечиб, бошқа уларга пистолет билан ўқталадиган ҳолатга тушиб қолмасликка қарор қилишди.

Бу кичик саргузашт жиддийроқ саргузаштлар учун пойдевор яратди. “Кўк қутиларсиз Apple ҳам бўлмасди, – деди кейинчалик Жобс. – Менинг бунга юз фоиз ишончим комил. Биз Воз билан бирга ишлашга ўргандик, техник вазифаларни ҳал қила олишимизга ва арзигулик бир нарса ясай олишимизга ишончимиз комил бўлди”. Улар ясаган кичкина монтаж платаси инфратузилмани назорат қилиш имконини берди. Унинг қиймати эса миллиардлаб долларларни ташкил этарди. “Бу руҳимизни қанчалик кўтариб юборганини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз, – деб хулоса қилди Воз. – Эҳтимол, кўк қутича билан савдо қилмаганимиз маъқул эди, лекин шу орқали биз менинг муҳандислик кўникмаларим ва Стивнинг ишбилармонлик қобилияти ёрдамида нимага эриша олишимизни тушуниб етдик”. Кўк қути билан бўлган ҳикоя уларнинг бўлажак ҳамкорлиги принципларини белгилаб берди: Возняк инсоният билан шунчаки баҳам кўришни хоҳлаган навбатдаги ноёб ихтирони кашф қилади, Жобс эса уни қандай қилиб истеъмолчининг эҳтиёжига мослаштириш, уни қандай қилиб истеъмолчига етказиш, қандай қилиб сотиш ва бунинг эвазига пул ишлаб олиш масаласини ҳал қилади.

3-боб. Мактабдан четлатиш. Ўзингизни ёқинг, созланинг…

Крисэнн Бреннан

Хоумстедда ўқишнинг тўртинчи йили охирида, 1972 йилнинг баҳорида Жобс оч жигар ранг сочли, кўк кўзли ва баланд ёноқли хиппи қиз – Крисэнн Бреннан билан учраша бошлади. У Жобснинг тенгдоши эди, лекин битта курс пастда ўқирди. Нозик ва ёқимли Крисэнн жуда чиройли қиз эди. У ота-онасининг ажралишини бошидан оғир ўтказганди ва барча нарсани жиддий қабул қиларди. “Биз мультфильм устида бирга ишладик, кейин учраша бошладик ва у менинг ҳақиқий илк севгим эди”, – деб сўзлаб берди Жобс. Бреннан қуйидагиларни эслади: “Стив телба эди. Лекин унинг шу жиҳати мени ўзига жалб қилганди”.

Бу фазилатни у онгли равишда ўзида шакллантирган. Айнан ўшанда Жобс жиддий парҳезларни синаб кўра бошлади. У бундай парҳезларга бутун умри давомида амал қилган. У ҳафталаб фақат мева ва сабзавот тановул қиларди, този итга ўхшаб ориқлаб кетарди. Стив суҳбатдошига кўзини юммай қарашни ўрганди, узоқ вақт жим турарди, кейин эса бирдан нафас олмай гапира кетарди. Бир вақтнинг ўзида ҳам жамиятдан узилган, ҳам тутган ерини кесадиган, сочи елкасигача тушган ва қалин соқолли Стив ақлдан озган шаманга ўхшарди. Айримлар уни ёмон кўрарди, айримлар эса тароватига мафтун бўларди. “Стив мияси айниган одамга ўхшарди, – дейди Бреннан. – Кўпинча зерикишдан ич-эти емириларди. Уни аниқ қора булут чулғаб оларди”.

Жобс ўшанда гиёҳванд моддалар истеъмол қиларди ва Крисэннни ҳам бунга ўргатди. Саннивейлга яқин буғдой даласида бир воқеа юз берди. “Бу ақл бовар қилмас воқеа эди, – деб эслайди Стив. – Мен Бахни тинглаётгандим ва бир пайт менга далада Бах ижро этаётгандек туюлди. Бу ўша вақтда ҳаётимдаги энг ёрқин кечинма эди. Мен худди-ки бошоқли экинлар симфониясига дирижёрлик қилаётгандим”.

1972 йилнинг ёзида мактабни битириб, улар Крисэнн билан Лос-Альтос тоғларидаги кулбада яшай бошлашди. “Биз Крисэнн билан тоғда яшаймиз”, – деди Стив ота-онасига. Пол дарғазаб бўлди. “Ҳеч қачон. Ўлсам ҳам бунга йўл қўймайман”, – деб унинг гапини бўлди отаси. Улар бундан олдин марихуана деб урушиб қолишганди; Жобс бу сафар ҳам ўз айтганида туриб олди, ота-онаси билан хайрлашиб, уйни тарк этди.

Ўша ёзда Бреннан кўп расм чизарди, унинг, шубҳасиз, қобилияти бор эди. Масхарабоз расмини чизиб, уни Жобсга совға қилди. Стив совғани деворга осиб қўйди. Жобс шеър ёзарди ва гитарада ўйнарди. Гоҳида у Крисэнн билан совуқ ва қўпол муомалада бўларди, лекин жозибали ва қатъий ҳам бўла оларди. “Унда олижаноблик ва бағритошлик уйғунлик ҳосил қилганди. Бу ғалати уйғунлик эди”, – деб ёдга олди Бреннан.

Ёз фаслининг ўртасида Жобс сал қолса ҳалокатга учрарди. Ўшанда унинг қизил “фиат” автомобили ёниб кетганди. У мактабдаги дўсти Тим Браун билан Санта-Крус тоғларидаги Скайлайн шоссиси бўйлаб кетаётганди. Тим ўгирилгач, двигателдан чиқаётган оловга кўзи тушди ва Жобсга шундай деди: “Тормозни бос, машина ёняпти”. Жобс тўхтади. Барча келишмовчиликларга қарамай, отаси тоққа келди ва “фиат”ни шатакка илиб, уйга олиб кетди.

Янги машинага пул топиш учун Жобс Вознякни Де-Анс коллежига бориб эълонлар тахтасида бўш иш ўрни излашга кўндирди. Дўстлар Сан-Хоседаги Westgate савдо марказида аниматор лавозимига коллеж талабалари кераклигини аниқлашди. Уч долларга Жобс, Возняк ва Бреннан оғир костюмларни кийиб олиб, Алиса, Узун Қалпоқ ва Оқ Қуён образига киришди. Табиатан кўнгилчан бўлган Возняк чинакамига вақтичоғлик қилди: “Нима учун йўқ деяй, дедим ўзимга. Болаларни яхши кўраман. HP компаниясида ҳам таътилга чиққандим. Стив эса, аксинча, бу ишдан хурсанд эмасди. Менга эса буларнинг барчаси ажиб саргузашт бўлиб туюлди”. Жобсга бу иш ростдан ҳам ёқмади. “Кун иссиқ, биз кийган кийимлар оғир эди, болалар эса ёқимсиз эди, уларга тарсаки тушириб юборгим келди”. Стив ҳеч қачон сабр-тоқатли бўлмаган.

Рид университети

Ўн етти йил аввал Стивни асраб олган ота-онаси уни университетда ўқитишга ваъда берганди. Улар қаттиқ меҳнат қилиб, ҳар бир центни унинг ўқишига атаб олиб қўйишга тўғри келди. Стив мактабни битирган вақтда йиғилган сумма кўп эмас, лекин етарли эди. Жобс бу ерда ҳам характерини кўрсатди. Дастлаб умуман университетда ўқимаслигини айтди. “Агар ўқимасам, Нью-Йоркка кетаман деб ўйлагандим”, – деб фикрлаганди у. Агар у шу йўлни танлаганида унинг ҳам, бизнинг ҳам ҳаётимиз ўзгариб кетарди. Лекин ота-онаси қаттиқ туриб олди; Стив истар-истамас ота-онасининг амрига бўйсунди, лекин инжиқлик қилишни тўхтатмади. Давлат университетларида, масалан Воз ўқиган Бёркли университетида ўқиш вариантини, гарчи бу анча арзон тушса-да, у умуман кўриб ҳам чиқмади. Стив уйига икки қадам жойдаги Стэнфорд университетида ўқишни ҳам хоҳламади. У ерда унга стипендия тўлашган бўларди. “Стэнфордга ўқишга кирган болалар ким бўлиб чиқишини яхши биларди. Лекин уларда креативлик кам эди. Менга эса ижобий қобилиятимни очишга ёрдам берадиган бошқа қизиқарлироқ жой керак эди”, – дейди Жобс.

Охири Жобс ягона бир вариантда тўхтади ва Американинг энг қиммат университетларидан бири – Орегон штатининг Портленд шаҳридаги шахсий гуманитар Рид университетини танлади. Стив Вознякни кўргани Бёрклига борди. Шу пайт отаси қўнғироқ қилиб, у Ридга қабул қилинганини айтди ва ўғлини у ерда ўқишдан қайтармоқчи бўлди. Онаси ҳам Стивнинг эсини киргизиб қўймоқчи бўлди. Лекин Жобс ота-онасига ультиматум қўйди: ёки у Рид университетида ўқийди ёки ҳеч қаерда. Одатдагидек, улар бунга кўнишди.

Рид университетида бор-йўғи минг нафар (Хоумстеддаги мактабдан ярим баравар кам) одам таҳсил оларди. Университет расм-русуми эркинлиги, яшаш тарзи замонавийлиги билан донг таратганди. Бу жиддий академик стандартлар ва бой ўқув режасига унчалик ҳам мос эмасди. Беш йил аввал бу ерда психоактив моддалар шайдоси Тимоти Лири йога позасида ўтирарди. У университетлар бўйлаб ўтказилган LSD – League for Spiritual Discovery (“Маънавий ихтиролар лигаси”) турида талабаларга шундай деб уқтирарди: “Ўтмишнинг ҳар қандай буюк дини каби биз илоҳийликни ўзимиздан излаймиз… Ва бу қадимий мақсадларни ҳозирги замоннинг қуйидаги метафораларидан топамиз – ўзингизни ёқинг, созланинг ва йўқолинг”. Риднинг кўпчилик талабалари “йўқолинг” шиорини сўзма-сўз тушунишди: 70-йилларда талабаларнинг учдан бир қисми ўқишдан четлатилди.

1972 йилнинг кузида, Жобс Ридга қабул қилиниши керак бўлган вақтда ота-онаси уни Портлендга олиб бориб қўйишди, лекин Стив оёқ тираб олиб, уларга коллежда пайдо бўлишни тақиқлади. Улар билан ҳатто хайрлашмади ҳам, уларга миннатдорчилик ҳам билдирмади. Йиллар ўтиб бу воқеани у ўзига ўхшамаган тарзда афсус билан ёдга олди: “Бу мен ростдан ҳам уяладиган кам сонли хатоларимдан бири. Мен унчалик ҳам одобли бола эмасдим ва уларни бекорга ранжитдим. Улар мен Ридга ўқишга киришим учун кўп ҳаракат қилишди, лекин уларнинг маросимга келишига мен қарши эдим. Ота-онам борлигини биров билишини хоҳламасдим. Менга мамлакат санғийдиган, поездларда саёҳат қиладиган ва йўқ жойдан пайдо бўлган, қариндош-уруғлари ва яқинлари бўлмаган етим бўлиб кўриниш ёқарди”.