Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 12)
Фридландга ҳам Стив ёқарди. “У доим оёқ яланг юрарди. Стивнинг бир нарсага берилиб кетиши менга завқ бахш этарди. Агар бирор нарсага қизиқса, у бунга бутун руҳини берарди”, – деб эслайди Роберт. Жобс одамга диққат билан разм солиш ва суҳбат давомида узоқ ўйлаб тин олиш ёрдамида одамларни бошқариш ҳадисини олганди. “У кўзни юммай сенга тикилиб туришни, кўзингга қарашни, савол бериб жавоб кутишни яхши кўрарди, шу йўл билан у суҳбатдошини худди илон қуённи бўққандек гипноз қилиб қўярди”.
Котткенинг сўзларига қараганда, айрим ўзига хос хусусиятларни, шу жумладан, Жобс бир умр сақлаб қолган хусусиятларни у Фридланддан ўзлаштирган. “Робертдан воқеликни бузиш майдони ҳақида билиб олганди, – дейди Коттке. – Роберт харизматик, бироз қаллоб одам эди ва ўз айтганини қилдира оларди. Серғайрат, ўзига ишонган ва бироз золим одам эди. Стивни унинг ана шу фазилатлари ўзига тортарди ва Роберт билан мулоқотда бўлиб, у кўп нарсани ўзига олди”.
Фридланддан Жобс, шунингдек, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишни ҳам ўрганди. “Роберт чиқишимли ва жозибали ҳамда ҳақиқий сотувчи эди, – деб эслайди Коттке. – Стив эса мен танишганимда тортинчоқ, камгап бола эди ва ўзини камтар тутарди. Ўйлашимча, ўзини қандай қилиб тўғри кўрсатишни, ўз қобиғидан чиқишни, ёрилишни, вазиятни ўз қўлига олишни унга Роберт ўргатган”. Фридланд осонлик билан омма эътиборини жамлаб, унинг руҳини кўтара оларди. “У хонага кириши билан ҳамманинг нигоҳи унга қаратиларди. Жобс Ридга ўқишга кирганида у Робертнинг бутунлай акси эди. Лекин у билан мулоқот қилгач, ундан айрим жиҳатларни ўзлаштиришни бошлади”.
Якшанба кечалари Жобс ва Фридланд Портленднинг ғарбий чеккасидаги Харе Кришна ибодатхонасига борарди, кўпинча Коттке ва Элизабет уларга ҳамроҳлик қиларди. Улар рақс тушиб, бор овози билан қўшиқ айтарди. “Биз қаттиқ жазавага тушардик, – деб эслайди Элизабет. – Роберт ўзини йўқотиб қўяр ва ақлдан озган одамдек берилиб ўйнарди. Стив ўз туйғуларига эрк беришдан тортингандай ўзини қўлга олиб турарди”. Рақсдан кейин ҳамма вегетарианча таом тановул қиларди.
Фридланд умумий майдони 90 гектарлик олма боғида бошқарувчи бўлиб ишларди. Боғ Портленддан жануби-ғарбда олтмиш километр масофада жойлашганди ва Марсель Мюллер исмли швейцариялик ажиб миллионерга тегишли эди. Қария Родезияда бойлик тўплаганди: у метрик маҳкамлагич етказиб берарди. Шарқча руҳий амалиётларга қизиққан Фридланд боғда “Ягона ферма” (All One Farm) номли жамоа ташкил этди. У ерда Жобс, Коттке, Элизабет ва бошқа хоҳловчилар дам олиш кунини ўтказарди. Фермада асосий уй, кенг омбор бор эди, у ерда Коттке ва Элизабет ухларди. Жобс жамоанинг бошқа аъзоси Грег Кэлхун билан олма дарахти шохларини кесиб “гравенштейн” тайёрларди. “Стив олма билан шуғулланарди, – деб эслайди Фридланд. – Биз олма виноси тайёрлардик ва Жобснинг вазифаси бизни дарахт шохларини кесишга ва боққа қарашга мажбурлаш эди”.
Монахлар ва Харе Кришна ибодатхонаси ўқувчилари фермага бориб, зирл, кашнич ва куркума каби зираворлар солинган вегетарианча таом тайёрларди. “Стив фермага бориб, одатда очлик сақларди, кейин тўйиб еб оларди, сўнгра бориб ошқозонини тозаларди, – деб хотирлайди Элизабет. – Узоқ йиллар давомида мен у булимияга чалинган деб ўйлардим. Унга жуда ачинардим: у оч сақланишга қаттиқ уринарди, лекин ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмасди”.
Фридланднинг диктаторларча ҳаракатлари Жобснинг жонига тега бошлади. “Менимча, Стив шунчаки ўзида Робертнинг кўплаб хислатларини сеза бошлаганди”, – дейди Коттке. Жамоа тамагирлик ва режалиликдан ҳимоя қиладиган паноҳгоҳ бўлиши керак эди, аммо Фридланд уни аста-секин бизнесга айлантирди: жамоада яшовчиларга ўтин териш ва сотиш, олма шарбати сиқадиган пресс ва ёғоч ўчоқлар тайёрлаш, шунингдек, бошқа тижорат ташаббусларида қатнашиш буюрилди, бунинг учун уларга ҳақ тўланмасди. Бир куни кечаси Жобс ошхонадаги стол тагида ухлашга мажбур бўлди. Ўшанда жамоа аъзолари бировларнинг маҳсулотларини музлатгичдан билдирмай ўғирлаётганини кўриб ҳайрон бўлганди. Жамоада яшаш Стивга тўғри келмасди. “Иш ўта материалистик кўриниш олди, – деб эслайди Жобс. – Одамлар шунчаки Роберт учун ҳолдан тойгунча ишлаётганини тушунди ва сездирмай фермадан қоча бошлашди. Менинг ҳам роса жонимга текканди”.
Кўп йиллар ўтиб, Фридланд Ванкуверда, Сингапурда ва Монголияда ишлаб, миллиардер, олтин конлари хўжайини ва тоғ-кон саноатига ихтисослашган корпорация эгаси бўлгач, мен уни Нью-Йоркка коктейлга таклиф қилдим. Ўша кеча мен Жобсга учрашувимиз ҳақидаги ҳикояни мактуб орқали юбордим. Бир соат ўтгач, у менга Калифорниядан қўнғироқ қилди ва мен Фридланднинг бирорта ҳам сўзига ишонмаслигим кераклигини айтди. Фридланд ўзининг айрим шахталари атроф муҳитга хавф солаётгани учун муаммога дуч келганди ва Жобс билан боғланиб, ундан Билл Клинтон билан гаплашишини сўраганди. Лекин Стив бунга муносабат билдирмаганди. “Роберт ҳар доим ўзини самимий қилиб кўрсатган, лекин аввал жозибали инсон бўлган бўлса, энди у оддий фирибгар, – деди Жобс. – Ёшлигингда сенга руҳан яқин бўлган инсон кейинчалик ишдан фақат манфаат кўзлайдиган корчалонга айланиб қолгани ғалати”.
…ва йўқолинг
Университет тезда Жобснинг жонига тегди. Унга у ер ёқарди, лекин мажбурий машғулотларга боргиси келмасди. Рид университетида хиппи романтика ҳукмрон бўлишига қарамай, у ерда талабаларга анча қаттиқ талаблар қўйилганди.
Масалан, Жобс “Илиада”ни ўқиб чиқиши ва Пелопоннес урушлари тарихини ёдлаб олиши керак эди. Жобс уни кўргани келган Вознякка машғулотларга боришга мажбурлашаётганидан нолиди. У эса эътироз билдирди: “Нимани хоҳлагандинг? Бу университетку. У ерда мажбурий фанлар бўлади”. Лекин Жобс бу курсларга боришдан бош тортди, уларнинг ўрнига ўзи танлаган машғулотларга, масалан, рақс дарсларига қатнади: у ерда ижодий муҳит
шаклланганди ва қизлар билан танишиш мумкин эди. “Мен мажбурий машғулотлардан бош тортишга журъат қилолмасдим, – деди Возняк. – Стив мендан шуниси билан фарқ қилади”.
Кейинчалик Жобс ота-онасининг пулини унга фойдаси йўқдек туюлган ўқишга сарфлаётганидан хижолат чекканини тан олади. “Ота-онамнинг барча тўплаган пули менинг ўқишимга кетди. Лекин мен нимани хоҳлашимни ва университет буни тушунишда менга қандай ёрдам бериши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмасдим. Шу билан бирга, ота-онам бир умр тўплаган пулини ўқишга сарфлардим. Шу сабабли мен ўқишни ташлашга қарор қилдим. Балки шунда мен нимагадир эришарман деб умид қилдим”, – деб айтганди у Стэнфорддаги ўзининг машҳур нутқида.
Аслида Стив Риддан кетганидан афсусланди: у шунчаки пул тўлаб, унга қизиқ бўлмаган дарсларга қатнашни хоҳламади. Буни қарангки, деканат унга имконият берди. “Стив синчков ақли ва таровати билан ажралиб турарди, – деб эслади университет декани Жек Дадмэн. – У ҳамма қабул қилган ҳақиқатни автоматик равишда қабул қилишдан бош тортарди, ҳаммасини ўзи мустақил тушуниб етишга ҳаракат қиларди”. Дадмэн Жобс ўқишга пул тўламай қўйса ҳам унга маърузаларни эшитиш ва ёқтоқхонада дўстларининг хонасида яшашга рухсат берди.
“Мен ўқишдан четлатилгандим ва зерикарли мажбурий дарсларга боришим шарт эмасди: мен фақат чинакамига мени қизиқтирган дарсларга борардим”, – деб эслайди Жобс. Каллиграфия у борадиган машғулотлардан бири эди. Университетдаги кўпчилик плакатларнинг чиройли экани унинг эътиборини тортганди. “Мен роман ва готик шрифтлар қандайлигини, турли ҳарфлар бирикмаси ўртасида масофа қандай бўлишини, тўғри шрифт нима эканини билиб олдим. Бу тарихий чекинишлардан ва мантиқий таҳлил қилинмайдиган ижоддан иборат ажойиб, жуда қизиқарли курс эди. Менга каллиграфия жуда ёқди”.
Бу Жобс санъатга бўлган қизиқишни ва технологияларга бўлган муҳаббатни бирлаштиришга муваффақ бўлганига яна бир мисолдир. Apple’нинг барча маҳсулотларида техник ечимлар, замонавий дизайн, осонлик ва қулайлик уйғунлик касб этади; тўғрисини айтганда, уларни шунчаки қўлга олишнинг ўзи ёқимли. Интерфейснинг график ечимини биринчилардан бўлиб ўйлаб топган айнан Стив эди ва бунда каллиграфия курси муҳим роль ўйнаганди. “Агар коллежда каллиграфияга қизиқмаганимда, Mac’да кўплаб шрифтлар, мутаносиб кёрнинг ва интерлиньяж бўлмасди. Windows Mac’дан кўчирилганини ҳисобга олсак, ҳеч бир компьютерда булар бўлмасди”.
Шу билан бир вақтда Жобс Ридда бетартиб яшаш тарзини давом эттирди. Кўпинча оёқ яланг юрарди; қор ёққанда сандал кийиб оларди. Элизабет Холмс унинг парҳез қоидаларига имкон қадар амал қилган ҳолда унга овқат тайёрлаб берарди. Стив бўш бутилкаларни топширарди, эвазига пул ишларди, якшанба кунлари Харе Кришна ибодатхонасида бепул тушликка борарди, гараж тепасидаги иситиш тизими бўлмаган кичкина хонада яшарди. Ижара ҳақи ойига атиги йигирма доллар эди. Уйда куртка кийиб юришга мажбур эди. Пул керак бўлса, Жобс психология факультетининг лабораториясига электрон асбобларга хизмат кўрсатувчи техник бўлиб ишга кирарди. У ерда у ҳайвонларнинг юриш-туришини ўрганарди. Баъзида уни Крисэнн Бреннан кўргани келарди. Уларнинг ўзаро алоқасига дарз кета бошлаганди. Стивни ўзини англаш ва руҳий изланиш кўпроқ қизиқтирарди.
“Мен ажойиб вақтда яшаганман, – деб фикр юритганди кейинчалик Жобс. – Биз дзен ва ЛСД ғоялари билан катта бўлганмиз”. Ҳатто улғайгач ҳам у психоактив моддалар шарофати билан фикри равшанлашганига ишонарди. “ЛСД менга қаттиқ таъсир кўрсатган. У ҳаётимда муҳим роль ўйнади. Ҳузур олаётиб, медалнинг орқа томони ҳам борлигини тушунасан; тўғри, унинг таъсири тугагач, ҳеч нарсани эслолмайсан, шундай бўлса ҳам унинг аҳамиятини инкор этиб бўлмайди. Психоактив моддалар ижод қилиш ва нодир нарсаларни кашф қилишдек муҳим мақсадларни аниқлаб олишимда ёрдам берди. Мен тарихга ўз номимни ёздириб қўйишни ва одамлар онгига таъсир ўтказишни хоҳлаётганимни англаб етдим”.