реклама
Бургер менюБургер меню

Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 13)

18

4-боб. Atari ва Ҳиндистон. Дзен ва ўйинлар дизайни

Atari

Ридда бир ярим йил ўқиб, 1974 йилнинг февралида Жобс ота-онасининг олдига, Лос-Альтосга қайтиб ишга киришга қарор қилди. Узоқ иш қидиргани йўқ. 70-йилларда техника мутахассисларига талаб авжида эди: San Jose Mercury газетасида бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонлар олтмиш бетни эгалларди. Шундай эълонлардан бири Жобснинг диққатини тортди. Унда “Осон ва вақтичоғлик билан пул топинг” деб ёзилганди. Шу куннинг ўзида Стив видеоўйинлар ишлаб чиқарадиган Atari компаниясига борди ва улар уни ишга олмагунига қадар у ҳеч қаерга кетмаслигини ходимлар бўйича директорга айтди (уни эса шундоқ ҳам даъвогарнинг тўзиган сочи ва қўпол ташқи кўриниши довдиратиб қўйганди).

Atari’да эса у вақт ҳаёт қайнарди. Компания асосчиси – тўладан келган, жозибали, башорат қилиб туриш одатига ва бироз қаллоблик хислатларига эга Нолан Бушнелл Жобс тақлид қилмоқчи бўлган навбатдаги тимсол эди. Бушнелл бойиб кетгач, “роллс-ройс”да юришни, гиёҳ истеъмол қилишни ва иссиқ ваннада ўтириб, мажлис ўтказишни яхши кўрарди. Унинг таровати шу қадар кучли эдики, у қийинчиликсиз бошқаларни ўзига бўйсундирарди (буни Фридланд ҳам қойил-мақом қилиб бажарарди ва кейинчалик Жобс ҳам буни ўрганиб олди): у бировни ўзига оғдириб оларди, кўндирарди, фактларни бўрттириб кўрсата оларди, керак бўлса, дўқ-пўписа қиларди. Хушчақчақ азамат Эл Элкорн унинг қўлида бош муҳандис бўлиб ишларди. У хўжайинига қараганда бироз эҳтиёткор ва мулоҳазали эди. Кўпинча унга Ноланни осмондан ерга тушириш ва унинг чексиз тасаввурини жиловлашга тўғри келарди.

1972 йили Бушнелл Элкорнга Pong номли видеоўйинни автоматларга мослаштириш вазифасини юклайди. Бу ўйинда икки ўйинчи эшкакка ўхшаш ҳаракатланиб турадиган иккита чизиқ ёрдамида экрандаги нишонга зарба беради (агар қирққа кирмаган бўлсангиз, ота-онангиздан сўранг). Элкорн бор-йўғи 500 доллар сарфлаб, автомат ясади; автомат Саннивейл шаҳрининг Камино-Реал йўлидаги барга ўрнатилди. Бир неча кун ўтиб, Бушнелга қўнғироқ қилишиб, автомат ишламаётганидан шикоят қилишди. У Элкорнни муаммони ҳал қилиш учун юборди: маълум бўлишича, машина майда пулга тўлиб кетган экан. Atari мўмай пул ишлаб олди.

Жобс Atari’нинг қабулхонасига иш излаб шиппакда қадам ранжида қилган вақт бошқалар қатори Элкорнга ҳам қўнғироқ қилишди. “Менга шундай дейишди: “Бизга қандайдир бир хиппи келиб, уни ишга олмагунимизгача ҳеч қаерга кетмаслигини айтиб пўписа қиляпти. Полицияни чақирайликми ёки уни хонангизга киритайликми?”. Мен шундай жавоб бердим: “Албатта киритинг!”. Шу тариқа Жобс Atari’нинг эллик нафар ходимларидан бирига айланди. Соатига беш долларга техник бўлиб ишга кирди. “Агар ўйлаб қарасак, Риддан четлатилган йигитни ишга олиш ғалати қарор эди, – деб тан олди Элкорн. – Лекин мен унда катта салоҳият борлигини кўрдим. Стив жуда ақлли эди, электроникани севарди ва қаттиқ ишлашни хоҳлаётганди”. Элкорн уни Дон Лэнг исмли димоғдор муҳандисга бириктириб қўяди. Эртаси куни у шикоят қилди: “Менга кимни қўшиб қўйдинглар? Қандай сассиқ хиппи! Бунинг устига сурбет”. Жобс агар фақат мева еб юрса, нафақат шиллиқ пардадан, балки тер ҳидидан ҳам халос бўлиб, тинимсиз ювинишга ва дезодорантдан фойдаланишга ҳожат қолмайди деб ўйлаганди. Амалда бу янглиш бўлиб чиқди.

Лэнг ва бошқа ходимлар Жобснинг бўшатилишини сўрашди, лекин Бушнелл бошқача қарор қабул қилди. “Мени унинг одобсизлиги ҳам, ҳиди ҳам қизиқтирмасди, – дейди у. – Стив жиззаки эди, лекин менга ёқарди. Ва мен унга тунги сменада ишга чиқишни буюрдим. Шундай йўл билан мен уни компанияда қолдиришга муваффақ бўлдим”. Жобс ишга Лэнг ва бошқалар уйга кетганидан кейин келарди ва тонггача ишларди. Лекин бундай график билан ҳам у ўтакетган сурбет деган ном чиқарди. У аҳён-аҳёнда бошқа ходимларга дуч келиб қолса, уларни “эси паст моллар” деб ҳақорат қилиш имкониятини қўлдан бой бермасди. Жобс кейин ҳам шу фикрида қолди. “Бошқалар ҳеч вақога арзимаслиги ажралиб туришимнинг сабаби эди”.

Стив манманлигига қарамай (балки айнан шунинг учун), Atari’нинг хўжайинига ёқиб қолди. “Бошқалардан фарқли равишда у файласуф эди, – деб эслайди Бушнелл. – Биз хоҳиш-ирода эркинлиги ва тақдир ҳақида тез-тез фикр юритардик. Мен ҳаммаси олдиндан белгилаб қўйилган, биз дастурлаштирилганмиз, бошқаларнинг ҳаракатларини олдиндан айтиб бериш мумкин дердим. Стив эса бундай деб ҳисобламасди”. Жобс қаттиқ хоҳиш дунёни ўзгартиришига ишонарди.

У Atari’да кўп нарса ўрганди. Қизиқарли ва замонавий дизайнни таклиф қилиб, айрим ўйинларни такомилига етказишда ёрдам берди. Бушнеллнинг бўрттириб кўришни яхши кўриши, ўз айтганини қилдиришга интилиши Жобсга ўтди. Яна Жобсга Atari ўйинларининг оддийлиги ёқди. Уларга қўлланма керак эмасди, демак улар ўлгудай маст одам ҳам тушуниб оладиган даражада осон эди. Масалан, “Юлдузлар йўли” ўйинида бор-йўғи 2 та қоида бор эди: “1. Танга киритинг. 2. Клингонларга чап беринг”.

Ҳамкасбларининг ҳаммаси ҳам Жобсдан ўзини олиб қочмасди. У Рон Уэйн исмли конструктор билан дўстлашиб қолди. У Atari’гача ўйин автоматлари ишлаб чиқарган ўзининг муҳандислик-техник компаниясини бошқарганди. Фирма охир-оқибат касод бўлганди. Ўз компаниясига асос солиш мумкинлиги ҳақидаги ўй Стивни ҳаяжонга келтирди. “Рон ажойиб эди. Унинг ўз фирмаси бўлганди. Мен олдин бундай инсонларни ҳеч учратмагандим”, – дейди Жобс. У Уэйнга ўйин автоматларини ўйлаб топадиган ва тайёрлайдиган ўз корхонасини очишни таклиф қилди; 50 минг доллар кредит олишини айтди. Лекин Рон бир марта хонавайрон бўлганди, шу сабабли рад этди. “Мен бу 50 мингни йўқотишнинг энг оддий усули деб жавоб бердим, – деб хотирлайди Уэйн. – Лекин Стив ўз бизнесини бошлаш ғояси билан ёнгани менга ёққанди”.

Бир куни Жобс Уэйннинг уйига меҳмонга келди; одатдагидек, улар фалсафий суҳбат қуришди, бирдан Рон Стивга бир нарсага иқрор бўлмоқчи эканини айтди. “Гап нимада эканини билгандекман. Сенга эркаклар ёқади”, – деб жавоб берди шунда Жобс. Уэйн маъқуллаб бош силкиб қўйди. “Танишларим орасида Рон биринчи бўлиб ўзининг гей эканини айтган. У менга ҳаммасини ўзи тушунтириб берди”, – деб эслайди Жобс. Стив дўстидан “Чиройли аёлга кўзинг тушса, нимани ҳис қиласан?” деб сўради. Уэйн шундай жавоб берди: “Чиройли отни кўрганимда бўлган туйғуни. У ўзига маҳлиё қилиб қўяди, лекин у билан шаҳвоний алоқада бўлишни хоҳламайман. Шунчаки гўзаллигидан баҳра оламан”. Уэйн Стивга ишонганини ва шунинг учун унга иқрор бўлганини эслайди. “Atari’да ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Мен гей эканимни бармоқ билан саноқли одамларгагина айтганман. Унга эса ишондим. Мен Стив ҳаммасини тўғри тушунишини ва бу дўстлигимизга халақит бермаслигини сезгандим”.

Ҳиндистон

1974 йили Жобс тезда пул ишлаб олиши керак эди, чунки бир йил олдин Ҳиндистонда бўлган Роберт Фридланд уни у ерга боришга кўндирганди. Ҳиндистонда Фридланд 60-йилларда кўпчилик хиппиларнинг гуруси – Ним Кароли Бабадан (Махараж-жи) сабоқ олганди. Жобс ҳам Ҳиндистонга бориш керак деган қарорга келди ва Дэниел Котткени бирга боришга кўндирди. Стив учун бу шунчаки саргузашт эмасди. “Мен ўзимни излаш учун боргандим. Фикрим равшан бўлишига, ўзим кимлигимни ва буёғига нима қилишим кераклигини тушунишга умид қилгандим”, – деб тан олади у. Котткенинг фикрича, Жобснинг руҳий изланишлари қисман у ҳақиқий ота-онаси кимлигини билмаслиги билан изоҳланарди. “Унинг қалбида бўшлиқ бор эди. У уни тўлдирмоқчи эди”.

Жобснинг Atari’дан бўшаётгани ва ўз гурусини излаш учун Ҳиндистонга кетаётгани ҳақидаги хабар кўнгилчан Элкорнни кулдириб юборди. “Стив олдимга кириб, менга тикилиб боқди-да шундай деди: “Мен гуруни излаб кетяпман”. Мен эса шундай дедим: “Ана холос, ажойиб! Майли, ҳол-аҳвол сўраб ёзиб тур”. У сафар ҳақини тўлашда ёрдам беришимни сўради, мен эса – “Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!”, дедим. Лекин охири Элкорн бунинг йўлини топди. Atari компанияси деталларни ишлаб чиқариб, кейин Мюнхенга жўнатарди. У ерда уларни тайёр автоматларга ўрнатишарди ва Туриндаги улгуржи харидорга сотишарди. Ва шу ерда бир муаммо пайдо бўлди. Ўйинлар Америка учун яратилганди; шу сабабли кадрларнинг алмашиш тезлиги Европадагидек бир сонияда 50 та эмас, балки 60 та эди. Элкорн Жобс билан буни қандай тўғрилашни ўйлаб топди. Стив масалани жойнинг ўзида ҳал қилиш учун Европага борадиган, компания эса сафар ҳақини унга тўлаб берадиган бўлди. “У ердан Ҳиндистонга парвоз арзонроққа тушади”, – деб изоҳлади буни Элкорн. Жобс рози бўлди ва Эл уни Германияга юборди. Элкорн Жобс билан хайрлашаётиб, гуруга саломини етказишини айтди.

Жобс бир неча кунни Мюнхенда ўтказди. У муаммони муваффақиятли ҳал қилди, лекин расмиятпараст немис раҳбарларнинг жиғига тегишга ҳам улгурди. Улар Элкорнга Жобсдан ювинди ҳиди келаётганини ва одамларнинг ғашини келтираётганини айтиб нолишди. “Мен қизиқиб сўрадим: “У муаммони ҳал қилдими ахир?” Улар “Ҳа” дейишди. Ўшанда шундай деб жавоб бердим: “Унда агар бирорта савол туғилса, қўнғироқ қилинг, менда бундай болалардан кўп!” “Йўқ-йўқ, раҳмат, ўзимиз уддалаймиз”, – дейишди улар”. Жобс ҳам уни гўштли картошка билан боқишмоқчи бўлгани учун дарғазаб бўлиб юрганди. “Вегетарианча овқатмиш, улар ҳатто бундай сўзни ҳам билишмайди!” – деб шикоят қилди у телефон орқали Элкорнга.

У дистрибьютор билан учрашиш учун Туринга жўнаб кетди. У ер унга кўпроқ ёқди: итальянча паста ва мезбоннинг меҳмондўстлиги Стивнинг кўнглига малҳамдек бўлди. “Мен Туринда икки ҳафтани ажойиб ўтказдим. Гавжум саноат шаҳри, – деб хотирлайди Жобс. – Дистрибьютор жуда яхши инсон экан. Ҳар кеча мени ресторанда овқатланишга таклиф қиларди. У ерда атиги саккизта стол бор эди ва ҳеч қандай меню йўқ эди. Шунчаки официантга нима хоҳлашингни айтасан ва сенга буни тайёрлаб беришади. Столлардан бири Fiat президенти учун банд қилиб қўйилганди. Умуман олганда, муҳташам жой эди”. Туриндан Стив Швейцариянинг Лугано шаҳрига бориб, Фридланднинг амакисиникида тўхтади, у ердан эса Ҳиндистонга учиб кетди.