реклама
Бургер менюБургер меню

Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 11)

18

1972 йили Жобс Ридга ўқишга кирган паллада Америка университетларининг ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй бераётгани сезилди. Вьетнамдаги уруш аста-секин поёнига етаётганди, демакки, ҳарбий хизматга чақирилувчиларни олиш ҳам тўхтатилаётганди. Университетлардаги сиёсий фаоллик ва митинглар ҳам бора-бора тугаб битаётганди; талабалар ўз имкониятларини тўлиқ ишга солишни катта мамнуният билан муҳокама қилаётганди. Маънавий ва онгни тиниқлаштирувчи китоблар, айниқса, Баб Рам Дасснинг (ҳақиқий исми – Ричард Альперт) медитация ва онгни кенгайтиришга бағишланган “Шу ерда ҳозирнинг ўзида бўл” асари Жобсга катта таъсир кўрсатди. “Ақлли китоб. У мени ва кўплаб дўстларимни ўзгартириб юборди”, – эслайди Жобс.

Яна бир қалин соқолли биринчи курс талабаси Дэниел Коттке унинг энг яқин дўсти эди. Жобс билан у Ридга қабул қилингач, бир ҳафта ўтиб танишиб қолганди. Дўстларни дзен, Дилан ва наркотикка бўлган иштиёқ бирлаштирди. Нью-Йорк чеккасидаги бой оилага мансуб бўлган Коттке ақлли, лекин ялқов эди, буддизмга қизиқиш эса уни яна ҳам мулойимлаштириб қўйди, унда шундоқ ҳам “гул” фарзандлар авлодига хос кўнгилчанлик бор эди. Руҳий изланишлар Котткени моддий ҳаётни инкор этишга олиб келди, лекин у Жобснинг магнитофонини ёқтирарди. “Стивда ғалтакли TEAC магнитафон ва Диланнинг жуда кўп пиратча кассеталари бор эди. У маънавий қизиқишларини техникага бўлган иштиёқ билан уйғунлаштира оларди”, – деб эслайди Коттке.

Жобс кўп вақтини Коттке ва унинг дугонаси Элизабет Холмс билан ўтказди. Биринчи учрашувда Жобс Элизабетга неча пулга бошқа эркак билан бирга бўлардинг деб савол бериб, унинг қаттиқ жаҳлини чиқарганди. Уччалови автостопдан фойдаланиб океанга борар ва тунгача ҳаётнинг мазмуни ҳақида суҳбат қурар, шу ерда жойлашган Харе Кришна ибодатхонасидаги севги байрамига ва бепул тушлик учун дзен-буддизм марказига борарди. “Биз кўп кулардик, – дейди Коттке, – лекин файласуфлик ҳам қилардик. Умуман, дзенга биз жуда жиддий қарардик”.

Жобс тез-тез кутубхонага борар ва дзен ҳақидаги китобларни жон деб Коттке билан ўртоқлашарди. Уларнинг орасида Шунрью Сузукининг “Дзен ақли, яқиндагина дженни қабул қилган одам ақли”, Парамаханса Йогананданинг “Йога автобиографияси”, Ричард Морис Бёккнинг “Космик онг” ва Чогьям Трунгпнинг “Маънавий материализмни енгиш” асарлари бор эди. Элизабет ётоғининг чердагида дўстлар медитация ўтказиш учун хона қуришди: деворларга мандалаларни осишди, гилам ёйишди, шамлар ва хушбўй ис таратувчи нарсаларни қўйишди, медитация ўтказиш учун ёстиқларни териб чиқишди. “Шифтда кенг чердакка олиб чиқадиган люк бор эди. Баъзан биз у ерда гиёҳванд моддалар қабул қилардик, лекин кўпинча шунчаки медитация ўтказардик”, – деб эслайди Стив.

Жобснинг шарқча руҳий амалиётларга бўлган қизиқиши ёшликда ўтиб кетадиган иштиёқ эмасди: Стив ишга ғайрат билан киришди. “Дзен-буддизм унга жиддий таъсир кўрсатди, – дейди Коттке. – Бу унинг минималистик эстетикага қизиқиши ва интилишидан ҳам билиниб туради”. Буддизмнинг кўпинча интуицияга таяниши ҳам Жобсга катта таъсир ўтказди. “Интуитив билиш абстракт фикрлаш ва мантиқий таҳлил қилишдан анча муҳим эканини тушуна бошладим”, – деб айтганди кейинчалик у. Лекин Стивнинг фаоллиги унга асл роҳат-фароғатга етишиш имконини бермади; дзен-буддизмни билишга қаттиқ киришиб, у ички осойишталикка, руҳий хотиржамликка ёки мўминликка эришмади.

Жобс ва Коттке XIX асрда пайдо бўлган немисча шахмат тури – “кригшпиль” ўйнашни яхши кўрарди. Ўйинчилар орқама-орқа ўтиради; ҳар кимда тахта ва бир варақ қоғоз бўлади. Рақиблар бир-бирининг фигурасини кўрмайди. Ҳакам ўйинчилар амалга оширмоқчи бўлган у ёки бу юриш ҳақида эълон қилади, ўйинчилар эса шу асосида рақибнинг фигуралари қайси катакчада турганини ҳисоблаб чиқиши керак эди. “Мен ўйнаган энг зўр партия момақалдироқ вақтига тўғри келганди, – деб эслайди одатда ҳакам сифатида қатнашган Элизабет. – Биз ўчоқ олдида ўтиргандик. Стив ва Дэниел гиёҳдан гаранг эди ва улар тез-тез юриш амалга оширгани учун мен уларнинг кетидан улгура олмагандим”.

Коллежнинг биринчи йилида Жобсга ғоят чуқур таъсир кўрсатган яна бир китоб – бу Фрэнсис Мур Лаппенинг “Кичкина сайёра учун парҳез” асари эди. Унда ҳар бир инсон учун ҳам, бутун сайёра учун ҳам вегетарианликнинг устун жиҳатлари таърифланганди. “Уни ўқиб чиқиб, мен гўшт ейишдан бир умрга воз кечдим”, – деб эслайди Жобс. Китоб унинг қаттиқ парҳезларга риоя қилишга бўлган интилишини мустаҳкамлади холос: у ошқозонини тозаларди, оч қоларди ёки бир неча ҳафта фақат бир-иккита маҳсулот, масалан, сабзи ёки олма тановул қиларди.

Коллежнинг биринчи йилида Жобс ва Коттке вегетарианликка қаттиқ амал қилди. “Стив мендан ҳам кўпроқ тиришиб ҳаракат қилди, – дейди Коттке. – Масалан, фақат Roman meal ёрмасидан тайёрланган бўтқани ерди”. Дўстлар фермерлик дўконига борарди; Жобс бир ҳафтага етадиган сули ёрмаси ва бошқа фойдали егулик сотиб оларди. “У хурмо, бодом, сабзи оларди, бизда шарбат тайёрлагич бўларди, биз сабзили шарбат ва салат тайёрлардик. Айтишларича, у бир куни бўккунча сабзи еб сарғайиб кетганди. Бу миш-мишларда ҳақиқат бор эди”. Дўстлари ростдан ҳам Стивнинг танаси баъзан сабзидек сарғайиб кетганини эслашганди.

Жобс XX аср бошида яшаган соғлом овқатланиш тарафдори – немис муаллифи Арнольд Эретнинг “Шиллиқ бўлмаган парҳезнинг шифобахш тизими” деган китобини ўқигач, яна ҳам ажабтовур тарзда овқатлана бошлади. Эрет фақат мева ва таркибида крахмал бўлмаган сабзавотларни ейиш керак деб уқтирганди. Шундай қилса, гўё организмда зарарли шиллиқ парда пайдо бўлмас эмиш. Шунингдек, у узоқ вақт оч қолиб, ошқозонни мунтазам тозалаб туришга маслаҳат берганди. Шундай қилиб, Жобс ўз рационидан сули ёрмасини, умуман ҳар қандай ёрмани, шунингдек, гуруч, нон ва сутни чиқариб ташлади. Жобс дўстларини тешик кулча ейиш организмда хавфли шиллиқ парда ҳосил қилиши ҳақидаги ҳикоялар билан қўрқитарди. “Хуллас, мен одатда ҳаддан ошириб юборардим”, – деб тан олди Жобс. Бир сафар у Коттке билан бир ҳафта фақат олма еди; бу ёғига ўзини оч сақлаш даври узайиб бораверди. Жобс дастлаб икки кунлик парҳезларни тута бошлади, кейин бир ҳафталик парҳезларга ўтди. Сўнгра кўп сув ичиб, фақат баргли сабзавот тановул қилди. “Бир ҳафта ўтгач, ўзимни ажойиб ҳис этардим. Кучга тўлардим: ахир овқат ҳазм қилишга куч сарфлашнинг кераги йўқ эди. Мен ажойиб формада эдим. Исталган вақт ўрнимдан туриб, Сан-Францискогача юриб бора оладигандек ҳис этардим ўзимни”, – дейди Жобс (Эрет 56 ёшида вафот этган: сайр вақтида йиқилиб тушган ва бошини уриб олган).

Жобс ўз даврида онгни тиниқлаштиришни хоҳлаган талабаларга хос бўлган кўплаб қизиқишларни ўзлаштирди, масалан, вегетарианлик, дзен-буддизм, медитация ва руҳий амалиётлар, рок-н-ролл ҳамда гиёҳвандлик. Тўғри, Стив ҳамма нарсани ошириб юборарди. Техникага бўлган иштиёқ ҳеч қаерга йўқолгани йўқ (лекин у Ридда электроника билан шуғулланмади); кунларнинг бирида у ўз қизиқишларининг ажабтовур аралашмасини узвий тўлдиришга муваффақ бўлди.

Роберт Фридланд

Бир куни Жобсга пул керак бўлиб қолгач, у ўзининг IBM Selectric ёзув машинасини сотишга қарор қилди. Стив уни сотиб олмоқчи бўлган талабанинг хонасига борди, аммо шу вақтда у дугонаси билан ошиқ-маъшуқ бўлиб ўтирган эди. Стив кетмоқчи бўлди, лекин талаба шу ерда бироз кутиб туришни таклиф қилди. “У жуда ажойиб бола экан-ку деб ўйладим!” – деб эслайди Жобс. Унинг Роберт Фридланд билан танишуви шундай бошланди. У Жобс ҳаётидаги уни сеҳрлаб қўйган кам сонли инсонлардан бири эди. У Фридланднинг харизматик фазилатларини ўзлаштирди. Унинг фирибгар ва лўттибозлиги аён бўлгунга қадар Стив уни анча йиллар давомида гуру деб ҳисоблаб юрди.

Фридланд Жобсдан тўрт ёш катта эди, лекин ҳали охирги курсда ўқирди. Освенцимнинг собиқ маҳбуси, кейинчалик Чикагонинг гуллаган архитекторининг ўғли Фридланд Рид университетигача Боудойнда, Мэнедаги гуманитар университетда таҳсил олганди. Лекин иккинчи курсда умумий суммаси 125 минг долларлик 24 мингта ЛСД таблеткасини сақлагани учун қамоққа олинганди. Маҳаллий газетада Фридланднинг қамоққа олинаётган вақтдаги суратини чоп этишганди: унинг жингалак сочи елкасигача тушиб турарди, табассуми эса кишини лол қолдирарди. Робертга икки йиллик қамоқ жазоси тайинланди ва у Виргиния штатининг федерал қамоқхонасига юборилди. Лекин 1972 йилда шартли равишда озодликка чиқарилди. Кузда у Рид университетига ўқишга кирди ва дарров талабалар кенгаши президентлигига ўз номзодини қўйди. Ушанда у “суд хатоси” туфайли ўзининг булғанган номини оқламоқчи эканини айтганди ва сайловда ғолиб бўлганди. Баба Рам Дасснинг Бостонга сафарида қатнашган Фридланд ҳам Жобс ва Коттке каби шарқча руҳий амалиётларга жуда қизиқарди. 1973 йилнинг ёзида Роберт Ҳиндистонга, гуру Рам Дасс, шунингдек, Махараж-жи номи билан машҳур бўлган Ним Кароли Бабани кўриб келди. Кузда Америкага қайтгач, Фридланд руҳонийларча исм қўйиб олди ва кампус бўйлаб шиппакда ва кенг ҳиндча кийимда юришни одат қилди. У университет ҳудудининг орқа тарафидаги гараж тепасидаги хонада яшарди ва Жобс у ерга тез-тез бориб турарди. Фридланднинг фикри равшанлиги эмас, балки ўзига бўлган ишончи Жобсга кўпроқ завқ берарди. “У руҳий камолотнинг янги босқичига чиқишимда менга ёрдам берди”, – деб тан олди Жобс.