Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 9)
Бу ерда эшитишимча, аскарлар қишлоқдагиларни кўчириб кетаётганида, бир чолу кампир қишлоқда қолибди. Одамларни кетишга ундаб, автобус олиб келинган кундан олдинроқ улар сигирини олиб, ўрмонга кириб кетишибди. Ўша ерда биқиниб, кутишибди. Худди уруш пайтидагидай… Жазо отрядлари қишлоқларни ёндирган кунлардаги сингари… Бу фалокат қайдан келди?
О! Деразага қаранг: зағизғон учиб келибди… Мен уларни қувмайман… Зағизғонлар пичанхонадан тухумларни олиб қочишга уринган пайтлар ҳам бўлган. Лекин барибир уларни ҳайдаб юбормайман. Бугун ҳаммамизнинг фожиамиз битта. Ҳеч кимни ҳайдамайман! Кеча қуён келиб қолди…
Қанийди, уйимизда ҳар куни одамлар бўлса. Бу ерда, яқин орадаги бошқа қишлоқда ҳам бир кампир яшайди, унга бизникига кел, дедим. Бунинг нимаси ёрдам беради, нимаси ёрдам бермайди, билмаймиз, бироқ гаплашадиган, чақирадиган одам бўлади-да. Кечқурун ҳамма ёғим оғрийди. Оёғим зириллайди, чумоли ўрмалагандай жимирлайди, асаб толалари бутун баданимда юради. Ниманидир қўлимга олиб, сиқимлайман. Бир ҳовуч буғдойни… Ва қарс-қурс. Асаб шунда тинчланади… Умр бўйи ишладим, куйибпишдим. Ҳаммаси етарлича бўлди ва энди ҳеч нимани истамайман. Ўлсам, дам олардим. Руҳимни билмадим-у, ўлсам, шўрлик таним дам оларди. Қизларим, ўғилларим бор… Ҳаммалари шаҳарда… Менинг эса бу ердан кетгим келмайди! Худо умримни беряпти, аммо қувончдан насибам йўқ экан. Биламан, кекса одам ёшларнинг жонига тегади, болаларинг чидайди, дош беради ва охири хафа қилади. Болалардан қувонч кам ҳозирча. Болалари билан ўша шаҳарга кетган аёлларимиз доим йиғлайди. Гоҳ келини хафа қилади, гоҳ қизи жеркиб беради. Қишлоққа қайтишни хоҳлашади. Менинг хўжайиним шу ерда… Қабрида ётибди… Агар тирик бўлганида, бошқа жойга кетарди. Мен ҳам у билан кетардим. Ёнида бўлардим.
Сиз учун ҳаммасини эслайман… Самолётлар учгани-учган. Ҳар куни. Бошимиз узра пастгина учади. Реакторга томон учишади. Станцияга. Бирин-кетин. Бизда эса – эвакуация. Кўчириб кетиш. Уйларга бостириб киришади. Одамлар беркинади, яшириниб олади. Ҳайвонлар ўкиради, болалар йиғлайди. Уруш! Қуёш эса нур сочмоқда… Мен ўтириб олганман, уйдан ташқарига чиқмайман, тўғри, эшикни қулфлаб олмаганман. Аскарлар эшикни тақиллатишди:
– Ҳа, онахон, йиғиштирдингми?
– Қўл-оёғимни мажбурлаб боғлайсизларми?..
Улар жим туришди, кейин кетиб қолишди. Ёшгина, навқиронгина йигитлар. Болалар! Кампирлар уйлари олдида тиззалари билан судралдилар… Илтижо қилдилар… Аскарлар эса аввал бирининг, кейин бошқасининг қўлидан тутиб, машинага судрадилар. Мен пўписа қилдим, ким менга қўлини теккизса, кучини кўрсатса, ҳассамдан жазосини олади! Қарғадим! Жуда қаттиқ қарғадим! Йиғлаганим йўқ. Ўша куни бир томчи ҳам ёш тўкканим йўқ.
Уйда ўтирибман. Гоҳ бақир-чақир бўлади. Бақириқ! Кейин жимлик чўкади… Тинчланишди. Ўша куни… Биринчи куни умуман уйдан чиқмадим…
Кейин айтиб беришди: одамлар саф бўлиб борган. Ҳайвонлар ҳам қаторасига кетган. Уруш!
Чолим ҳикоя қилишни севарди, айтардики, инсон ўқ отади, ўқни Худо олиб боради. Кимнинг тақдири қандайлигини Худо билади! Бу ерни ташлаб кетган ёшларнинг ҳам баъзилари ўлиб бўлди. Ўша янги жойда ўлди. Мен эса ҳассамга таянаман – юрибман. Боши берк кўчага кириб қолгандекман. Зерикиб кетаман, йиғлайман. Қишлоқ бўм-бўш… Ҳар хил қушлар учади… Учади… Шохдор буғу бўлсаям келса эди…
Ҳаммаси эсимда… Одамлар кетишди, аммо мушук ва итларини ташлаб кетишди. Биринчи кунлари қишлоқни айланиб ҳамма мушукларга сут қуйиб бердим, кучукларга бир парчадан нон улашдим. Уларнинг ҳар бири ўзи яшаган уйнинг олдида турар ва уй эгаларининг қайтишини кутарди. Одамларни узоқ кутишди. Мушуклар очлик зўридан бодринг еди… Помидор еди… Кузгача қўшнимизнинг эшиги олдидаги майсаларни ўрдим. Тўсиғи қулаб тушди, уни тиклаб қўйдим. Одамларни кутдим… Қўшни кампирнинг кучукчаси бор эди, лақаби – Қўнғизча. “Қўнғизча, – ёлворардим унга, – агар биринчи бўлиб одамларни кўриб қолсанг, мени чақир.”
Оқшом туш кўраман, мени кўчиришаётган бўлади… Офицер бақиради: “Онахон, энди ҳаммасини ёқиб юборамиз ва кўмиб ташлаймиз. Чиқ!” Кейин мени қаёққадир олиб кетишади, нотаниш жойларга. Тушунарсиз. У шаҳарга ҳам, қишлоққа ҳам ўхшамайди. Ер ҳам эмас…
Бир воқеа бўлди… Яхши мушукчам бор эди. Васька дердик. Қишда оч қолган каламушлар ҳужум қилишди, улардан қутулиш қийин эди. Кўрпанинг тагига ҳам суқилиб киришарди. Ёғоч хумда дон бор эди, уни ҳам тешишди. Шу Васька қутқариб қолди… Васкасиз ўлиб кетардим… У билан гаплашамиз, бирга тушлик қиламиз. Бир маҳал Васька йўқолиб қолди… Эҳтимол, оч-наҳор итлар ҳамла қилган ва еб қўйгандир? Итларнинг бари, то очликдан ўлгунича, шу атрофда изғиб юришарди, оч қолган мушуклар мушукчаларни еган пайтлари бўлган, ёзда емадилар, қишда… Ўзинг афв этгин, Худойим! Бир кампирни каламушлар ғажиб ташлабди… Ўзининг уйида. Қўнғир каламушлар… Ростми, ёлғонми, айтиб юришибди. Саёқ-дайдилар изғиб юришади… Биринчи йиллари ҳамма нарса етарли эди: кўйлаклар, иштонлар, пўстинлар. Олиб, эски-туски бозорига борсанг, пул беришади. Кейин улар бу пулга ичади, қўшиқ айтади. Сўкишишади. Биттаси кўчада велосипедидан йиқилиб, ухлаб қол ган. Эрталаб иккита суягини ва велосипедини топишган. Ростми ё ёлғонми, билмадим. Айтиб юришибди.
Бу ерда ҳамма нарса яшамоқда. Ҳа, ҳаммаси! Калтакесак яшайди, қурбақалар қуруллайди. Чувалчанг эмаклайди. Сичқонлар ҳам бор! Ҳаммаси бор! Айниқса, баҳорда жуда яхши. Настарин гуллаган пайтни, шумуртнинг хуш бўйи атрофга таралишини яхши кўраман. Оёғим юриб турганида, ўзим нонга бориб келардим, фақат бир томонга ўн беш километр юриш керак бўларди. Ёш пайтим чопиб бориб келардим. Ўрганиб қолганман. Урушдан сўнг уруғлик излаб Украинага борардик. Ўттиз, эллик километрлаб йўл босардик. Одамлар бир пуд8 юк кўтарса, мен уч пуд кўтарардим. Энди эса, гоҳида уйнинг у четидан бу четига боролмай қоламан. Қари кампир ёзда печканинг устида ҳам совқотади, дейдилар. Милиционерлар бу ерга қишлоқни текширишга келишади, менга ҳам нон келтиришади. Фақат улар бу ерда нимани текшираркин? Мен ва мушукчамгина яшаймиз. Бу бошқа мушукчам. Милиция товуш берса, мушугим билан севиниб кетамиз. Югургилаб борамиз. Унга суякчалар олиб келишади. Мендан: “Агар босқинчилар бостириб келса-чи?” деб сўрашади. “Улар қайси бойлигимни олишарди? Нимамни олишади? Жонимними? Оладиган фақат жоним қолган”, – дейман. Яхши йигитлар, кулишади. Радиоаппарат учун батарея олиб келишибди, энди радио эшитсам бўлади. Людмила Зикина қўшиқларини яхши кўраман, бироқ ҳозир уни камдан-кам беришади. Афтидан, у ҳам мендай қариб қолганов… Чолим ҳикоя қилишни яхши кўрарди… Яна шундай дерди: тўй тугади – скрипкангни тўрвага сол!
Ўзимга қандай қилиб мушукча топиб олганимни айтиб берай. Васькам йўқ бўлиб қолди… Бир кун кутдим, икки кун… Бир ой… Энди бутунлай ёлғиз қолгандим. Кимга гапиришни ҳам билмайсан. Қишлоқни айландим, бегона томорқалар томон қараб чақирдим: Васька, Мурка… Васька! Мурка! Аввал улар кўп эди, чопқиллаб юрарди, кейин қайгадир ғойиб бўлишди. Йўқ қилинди. Ўлим танлаб ўтирмайди. Тупроқ ҳаммани қабул қилади… Кезиб юрдим, юрдим. Икки кун чақирдим. Учинчи кун – у дўкон ёнида ўтирарди… Биз бир-биримизга қарадик… У хурсанд, мен ҳам хурсандман. Фақат у гапиролмасди. “Юр, кетдик, – ёлвордим, – уйга кетдик”. Ўтирибди… Миёв… Мен унга ёлвора бошладим: “Бир ўзинг бу ерда нима қиласан? Бўрилар еб кетади. Парча-парча қилади. Кетдик. Уйимда тухум, пўстдумба бор”. Буни қандай тушунтириш керак? Мушук инсоннинг тилини тушунмайди, у мени қандай англади? Олдинда борардим, у ортимдан эргашди. Миёв… “Сенга ёғ кесиб бераман…” Миёв… “Иккаламиз яшаймиз…” Миёв… “Сени Васька деб чақираман…” Миёв… Мана, у билан икки қишни бирга ўтказдик…
Оқшом туш кўраман – кимдир чақиради… Қўшни кампирнинг овози: “Зина!” Жим туради… Кейин яна чорлайди: “Зина!”
Зерикиб кетаман, йиғлайман…
Қабристонга бораман. Онам у ерда ётибди… Кичкина қизим ўша ерда… Уруш пайтида терламадан ўлганди. Биз уни қабрга қўйиб, устига тупроқ тортишимиз билан, булут ортидан қуёш чарақлади. Порлоқ нур сочди. Қайтиб, ердан ковлаб олгинг келади. Эрим шу ерда ётибди… Федя… Ҳаммасининг олдида ўтираман. Хўрсинаман. Тириклар билан ҳам, ўликлар билан ҳам гаплашса бўлади. Менга фарқи йўқ. Тирикларни ҳам, ўликларни ҳам эшитаман. Ёлғиз ўзинг яшасанг, шундай бўлади… Қайғуга тушсанг ҳам шу… Оғир мусибатда ҳам…
Қабристоннинг ёнгинасида ўқитувчи Иван Прохорович Гавриленко яшарди, у ўғлиникига, Қримга кетди. Ундан нарида – Петр Иванович Миусский… Тракторчи… Стахановчи, қачондир ҳамма “стахановчи” бўлишга ҳаракат қиларди. Қўли гул инсонлар. Ёғочга нақшлар йўнарди. Қурган уйи – бутун қишлоққа арзигулик уй эди. Беланчакдек! Бу уйни бузишганда, эҳ, жоним ачиди, қоним қайнади. Уйни кўмиб ташлашди. Офицер бақирди: “Қайғурма, онахон. Бу уй “ўчоқ” устида “турибди”. Ўзи – ғирт маст. Олдига яқинлашаман – йиғлайди: “Сен, онажон, кет! Бор!” Ҳайдаб юборади. Ундан кейин Миша Михалёвнинг қўрғони, у фермада иситиш қозонини қайнатарди. Миша тез ўлди. Кетди-ю, дарҳол вафот этди. Ундан нарида зоотехник Степан Биховнинг уйи бор эди… Ёниб кетди! Оқшом ёвуз кимсалар ёқиб юборишибди. Келгиндилар. Степан ҳам узоқ яшай олмади. Могилёвда, болалари яшайдиган ерда дафн этилди. Иккинчи уруш… Қанча инсонларни йўқотдик! Ковалёв Василий Макарович, Анна Коцура, Максим Никифоренко… Қачондир шодумон яшардик. Байрамларда қўшиқлар, рақслар бўларди. Гармонь чалишарди. Энди эса ғурбатхонада яшаётгандекман. Баъзан кўзимни юмиб олиб, қишлоқ бўйлаб юраман… Эҳ, бу ерда қанақа радиация бўлсин, дейман, ахир капалаклар учиб юрибди, асалари ғизиллайди. Васькам сичқонларни овлаш билан овора.