реклама
Бургер менюБургер меню

Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 8)

18

Биздан бошқа ҳамма нарса ўзгарди.

– Ҳодиса тарихга айланиши учун ҳеч бўлмаганда эллик йил ўтиши керак. Бу ерда эса қайноқ изларни босиб боришга тўғри келади…

– Зона… Алоҳида дунё… Заминнинг қолган барча қисмидан бошқача… Аввал уни фантастлар ўйлаб топишди, аммо реал ҳаёт олдида адабиёт ортга чекинди. Биз Чехов қаҳрамонлари сингари инсоннинг юз йилдан кейин ажойиб бўлишига ишона олмаймиз! Ва ҳаёт гўзал бўлишига!!! Биз бу келажакни йўқотдик. Юз йилдан сўнг Сталиннинг ГУЛАГи, Освенцим… Чернобиль ўтмишга айланади… Ва Нью-Йоркдаги сентябрь ҳам… Буларнинг бари қандай қилиб бир авлод ҳаётига суқилиб киргани ва жойлаша олганини тушуниш қийин. Масалан, саксон уч ёшли отамнинг ҳаётига кирди-ку? Наҳотки инсон яшаб қолди?!

Тақдир – бир инсон ҳаёти, тарих – ҳаммамизнинг ҳаётимиз. Мен тарихни шундай ҳикоя қилмоқчиман, токи тақдирни ҳам кўздан қочирмайлик… Бир инсон тақдирини…

– Чернобилда энг кўп эсланадигани – “ҳаммасидан кейинги” ҳаёт: инсонсиз буюмлар, одамсиз манзаралар. Ҳеч қаёққа олиб бормайдиган йўл, охири йўқ симлар. Йўқ, ўйлаб қоласиз, бу нима – ўтмишми ёки келажак?

– Гоҳида шундай туюлади: назаримда, келажакни ёзаётгандекман…

1

Ўликлар замини

Одамлар нима учун эслашлари тўғрисида монолог

Менинг ҳам саволим бор… Унга ўзим жавоб бера олмайман…

Бироқ бу ҳақда ёзмоқчисиз… Бу ҳақда? Бироқ мен ҳақимда билишларини истамасдим. У ерда нималарни бошдан кечирдим… Бир томондан, кўнглимни очиб, бор гапни айтиб бериш истаги бор, бошқа томондан, ўзимни худди яланғочланаётгандай ҳис қиляпман, буни хоҳламасдим…

Толстойни эслайсизми? Пьер Безухов урушдан сўнг шундай ҳайратга тушадики, назарида, ўзи ва бутун дунё абадий ўзгаргандай туюлади. Қанчадир вақт ўтгач, у яна аввалгидай извошчисини сўкаётганини, ўшандай вайсаб нолиётганини сезиб қолади. Унда нега одамлар эслашади? Ҳақиқатни тиклаш учунми? Адолат учунми? Озод бўлмоқ ёки унутмоқ учунми? Улар маҳобатли ходисанинг иштирокчиси эканини англашадими? Ёки ўтмишдан ҳимоя излайдиларми? Ва бунинг устига, хотиралар – ўта нозик, ўткинчи нарса, бу бир аниқ билим эмас, инсоннинг ўзи ҳақидаги тахминларидир. Бу ҳали билим эмас, бу фақат ҳис-туйғулардир.

Менинг ҳисларим… Изтироб чекдим, хотирамни титкиладим ва эсладим… Ҳаётимдаги энг даҳшатли ходиса болалигимда бўлган… Бу – уруш…

Эсимда, кичкиналигимизда “ота-она” ўйинини ўйнардик: болачаларни ечинтирардик ва бир-бирининг устига қўярдик… Бу урушдан кейин туғилган илк гўдаклар эди. Миттивойлар қайси сўзларни гапира бошлаганини, қачон юра бошлаганини бутун қишлоқ биларди, чунки уруш даврида болаларни унутиб қўйишганди. Биз ҳаёт бошланишини кутардик. “Отаоналикка” – ўйинимиз шунақа аталарди. Ҳаётнинг пайдо бўлишини кўргимиз келарди… Ўзимиз эса ҳали саккиз-ўн яшар эдик…

Бир аёл ўзини қандай ўлдираётганини кўрдим. У дарё ёқасидаги бута ортида эди. Қўлига ғиштни олиб, бошига урарди. Аёл бутун қишлоқ нафратланадиган полициячидан ҳомиладор бўлиб қолганди. Яна ҳали кичкина бўла туриб, мушук болалари қандай туғилганини кўрганман. Онамга туғаётган сигирнинг ичида бузоқчани суғуриб олишда ёрдам берганман, ўзимизнинг чўчқамизни қочириб келиш учун қобонга олиб борганман… Ёдимда… Отамнинг ўлигини олиб келишганини эслайман, унинг устида онам тўқиган свитер бор эди. Отамни пулемётдан ёки автоматдан отишган бўлса керак, қонли бўлакчалар ўша свитеридан чиқиб турарди. У уйимиздаги ягона каравотда ётарди, уни ётқизадиган бошқа нарсамиз йўқ эди. Кейин уни уйимизнинг ёнгинасига дафн этдик. Ери юмшоқ эмас, оғир лой эди. Лавлаги учун олинган жўяк. Теварак-атрофда жанг кетарди… Кўчада одамлар ва отларнинг ўликлари ётарди…

Буларнинг бари мен учун ман этилган хотиралар эди ва улар ҳақида ҳеч кимга овоз чиқариб ҳикоя қилмаганман…

Ўшанда ўлимни ҳам худди туғилиш каби қабул қилганман. Сигирнинг ичидан бузоқ чиқаётганида ичимда деярли бир хил ҳиссиётни туйганман. Мушукчалар туғилганида ҳам. Бута ортидаги аёл ўзини ўлдираётганда ҳам… Негадир менга буларнинг ҳаммаси бир хилдек туюлган. Туғилиш ва ўлим…

Болалигимдан ҳовлимизда чўчқани чавоқлаганда тараладиган ҳидни эслайман… Менга бармоғингиз тегса кифоя, ўша ёққа қулаб тушаман. Ўша даҳшатли тушга… Ваҳимага… Учаман…

Яна аёллар биз кичкинтойларни ҳаммомга бирга олиб боришганини эслайман. Ҳамма аёллар, жумладан, онамнинг ҳам бачадони пастга тушиб қолган (биз буни тушуниб қолгандик), улар мато билан боғлаб қўйишарди. Буни кўрганман… Оғир меҳнатдан бачадонлар ташқарига осилиб чиқарди. Эркаклар йўқ, уларни жанггоҳда, партизанликда ўлдириб бўлишган, отлар ҳам йўқ эди, аёллар омочни ўзларига боғлаб, далани шудгор қилишарди. Ўз томорқаларини ҳам, колхоз ерларини ҳам шу алпозда шудгор қиларди. Улғайиб, аёл билан яқинлик қилганимда, ўша пайтларни эсладим… Ҳаммомда кўрганим – ўша чиқиб кетган бачадонларни…

Унутишни истадим. Ҳаммасини унутишим керак… Унутдим… Энг даҳшатли нарсаларни аллақачон бошдан кечириб бўлдим, деб ўйлардим… Бу – уруш. Ва мен ҳимояланганман, энди муҳофазаланганман. У ерда… Ўшанда… бошдан кечирганларим… ўз билганларим билан ҳимояланганман… Аммо…

Чернобиль зонасига бордим… У ерда кўп марта бўлганман… Ва у ерда чорасизлигимни тушундим. Тушуна олмайман… Ўзимнинг шу чорасизлигимдан вайрон бўламан. Ҳаммаси ўзгариб кетган дунёни таний олмаётганимдан… Ҳатто ёвузлик ҳам бошқача.

Ўтмишим энди мени ҳимоя қила олмаяпти… Тинчлантира олмаяпти… Унда жавоблар йўқ… Авваллари улар ҳамиша бор эди, бугун йўқ. Мени ўтмиш эмас, келажак вайрон қилмоқда. (Хаёлга чўмади.)

Одамлар нима учун эслашади? Менинг саволим… Бироқ сиз билан суҳбатлашиб, нималарнидир сўз билан айтдим… Ниманидир англадим… Энди ёлғиз эмасман. Бошқалар-чи?

Тириклар билан ҳам, ўликлар билан ҳам суҳбатлашиш мумкинлиги тўғрисида монолог

Кечаси ҳовлимизга бўри кирди… Деразадан ичкарига қаради – кўзлари ёнганча туриб қолди. Бамисли икки чироқдек…

Мен ҳаммасига кўникканман. Одамлар бу ердан кетганига етти йил бўлди, шундан буён ёлғиз ўзим яшайман… Кечаси то тонг ёришгунча ўтириб чиқадиган пайтларим бўлади, ўйлайман, ўйлайвераман. Бу оқшом ҳам ўринжойда букчайиб ўтириб чиқдим, кейин қуёшни томоша қилиш учун ташқарига йўл олдим. Сизга нима дейишим мумкин? Дунёда энг адолатли нарса ўлимдир. Ҳали ҳеч ким уни сотиб ололмади. Ҳаммани ер қабул қилади: яхшини ҳам, ёмонни ҳам, гуноҳкорларни ҳам. Бу дунёда ўлимдан бошқа адолат йўқ. Мен бутун умр оғир ва ҳалол меҳнат қилдим. Виждонан яшадим. Аммо адолат кўрмадим. Худо қайдадир адолатни тақсимлади, аммо менга навбат етиб келганида унинг берадиган ҳеч вақоси қолмаганди. Ёш ҳам ўлиши мумкин, аммо кексалар ўлиши шарт… Ҳеч ким боқий яшамайди – на шоҳ, на тожир… Мен аввал одамларни кутдим, ҳамма қайтиб келади, деб ўйладим. Ҳеч ким бутунлай кетмаганди, вақтинчага кетганди. Энди ўлимни кутяпман… Ўлиш қийин эмас, қўрқинчли. Черков йўқ, руҳоний отахон ҳам келмайди. Гуноҳларимга каффорат берадиган бирон зот йўқ…

…Биринчи марта бизда радиация борлигини айтишганида, шундай ўйладик: бу қандайдир касаллик, ким унга чалинса, дарҳол ўлади. Йўқ, айтишларича, у шунақа нарса эканки, ерда тураркан, бағрига сингиркан, бироқ кўз билан кўриб бўлмас экан. Эҳтимол, уни жониворлар эшитар ёки кўрар, аммо инсон кўролмас эмиш. Бироқ бу ёлғон! Мен кўрдим… Бу цезий томорқамда ётувди, кейин уни ёмғир ювди. Унинг ранги қанақадир сиёҳга ўхшайди… Ётган ерида парча-парча товланади… Колхоз даласидан келдим ва томорқамга ўтдим… Шунақа сиёҳранг бир парча ётарди… Икки юз метр нарида яна бири… Катталиги бошимдаги рўмолдай эди. Баланд овозда қўшни хотинни, бошқа аёлларни ҳам чақирдим, ҳаммамиз югуриб-елиб атрофни айланиб чиқдик. Барча томорқалар, ён-атроф… Икки гектар… Тўрттами каттагина парча топдик… Биттаси қип-қизил эди… Эртасига тонг саҳардан ёмғир ёғди. Туш пайтига келиб парчалар эриб, ерга сингиб кетди. Милиция келди, аммо энди кўрсатадиган нарса қолмаганди. Фақат айтиб бердик… Мана шунақа катталикдаги парчалар… (Қўли билан кўрсатади.) Худди рўмолим сингари. Ҳаворанг ва алвон.

Биз радиациядан унчалик қўрқмадик… Кўрмаганимизда, билмаганимизда, эҳтимол, қўрққан бўлардик, кўрганимиздан кейин у қадар қўрқинчли туюлмади. Милиция аскарлар билан бирга тахтачалар ўрнатиб чиқди. Кимнингдир уйи ёнига, кўчага етмиш кюри, олтмиш кюри деб ёзиб қўйишди: …Бир умр ўз картошкамиз, ўз нонимиз ҳисобига кун кўрдик, энди эса – мумкин эмас! Ҳатто пиёз, сабзини ишлатишга ҳам рухсат беришмайди. Кимга аза, кимга тўй… То морқада дока боғичлар ва чарм қўлқоплар кийиб ишлашни маслаҳат беришди. Ёққан оловимиз кулини кўмиб ташлаш лозим экан. Дафн этиш. О-о-о… Ўшанда яна бир савлатли олим келиб, маҳаллий клубда чиқиш қилди, ўтинни ювиб ишлатиш керак, деди… Ажабо! Қулоқларим узилиб тушсайди! Кўрпажилдларни, чойшабларни, дераза пардаларини ювиб чиқишни буюрдилар… Улар уй ичида эди-ку! Жомадонларда ва сандиқларда. Хонада қанақа радиация бўлиши мумкин? Ойна ортидами? Эшик орқасида-я? Ажабо! Сен уни ўрмондан, даладан қидир… Қудуқларнинг оғзини беркитишди, целлофан қоплашди… Сув “ифлосланган”миш… Нимаси ифлосланган, сув шу қадар тиниқ-тозаки!

Бир қоп гап айтишди. Ҳаммангиз ўлиб кетасиз… Кўчиб кетиш керак… Эвакуация қилинишингиз шарт…

Одамлар қаттиқ қўрқиб кетди… Ваҳимага тушди… Айримлари оқшом пайти топган-тутганини кўмишга тушди. Мен ҳам ўз кийимларимни йиғдим… Ҳалол меҳнатим учун олган алвон ёрлиқларимни ва қора кунга асраб қўйган бир-икки тангамни тўпладим. Нақадар қайғули! Юракни қайғу кемириб ташлади! Қанийди, ўлиш ҳам шу ҳақиқатни айтаётганимдек осонгина бўлса!