Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 10)
Сен-чи, азизам, қайғуларимни англадингми? Одамларга айтиб берасан, мен эса, балки, у пайт аллақачон ўлиб кетган бўларман. Мени тупроқдан топишади… Илдизлар остидан…
Бутун ҳаёт ҳақида эшикка ёзилган монолог
Мен гувоҳлик беришни истайман…
Бу ўшанда, ўн йил олдин юз берган ва мен билан то ҳануз ҳар куни такрорланади. Эндиликда… У ҳамиша мен билан.
Биз Припять шаҳрида яшардик. Бугун бутун дунё биладиган шу шаҳарнинг ўзида турардик. Мен ёзувчи эмасман. Бироқ гувоҳман. Мана, у қандай бўлганди… Энг аввалидан…
Яшаяпсан… Оддий инсонсан. Кичкина одам. Худди атрофингдагилар сингари ишга борасан ва уйга қайтасан. Ўртача маош оласан. Йилда бир марта таътилга чиқасан. Рафиқанг, болаларинг бор. Ҳамма қатори одам! Ва бир куни сен дафъатан чернобиллик одамга айланасан. Ғалати кимсага! Шунақасанки, ҳамма сенга қизиқади, лекин қанақалигингни билмайди. Ҳамма қатори бўлгинг келади, аммо энди бунинг иложи йўқ. Бошқалардек бўла олмайсан, аввалги дунёга қайтолмайсан. Сенга бошқача кўз билан қарашади. Саволлар беришади: у ер қўрқинчли эдими? Станция қандай ёнди? Сен нимани кўрдинг? Ва умуман энди бола кўра оласанми? Хотининг кетиб қолмадими?
Дастлабки пайтларда биз ноёб экспонатларга айландик… “Чернобиллик” деган сўзнинг ўзи ҳалигача огоҳлантириш қўнғироғидай жаранглайди… Ҳамма сен томонга ўгирилади… Ўша ердан!
Бу дастлабки кунлардаги ҳис-туйғулар эди… Биз шаҳарни йўқотмадик, бутун ҳаётимизни йўқотдик…
Уйдан учинчи куни кетдик… Реактор олов ичида эди… Эсимга тушди, танишларимиздан кимдир: “Реактор ҳиди келяпти”, – деди. Тасвирлаб бўлмас ҳид. Бу ҳақда ҳамма газеталарда ўқиди. Чернобилни даҳ шатлар фабрикасига айлантиришди, аслида болалар мультфильмига айлантиришган. Уни тушуниш керак, чунки биз бу билан яшашимиз лозим. Мен фақат ўз билганимни айтаман… Ўз ҳақиқатимни…
Шундай бўлганди… Радио орқали эълон қилишди: мушукларни олиб кетиш мумкин эмас! Улар нурланган. Яхши кўрган мушукчасини йўқотишдан қўрққан қизимнинг кўзи ёшланди ва дудуқлана бошлади. Мушукни жомадонга тиқдик! У жомадонга тушишни истамайди, қочиб чиққиси келади. Ҳаммани тирнаб ташлади. Буюмларни олиш мумкин эмас! Ҳамма буюмларни олмайман, фақат битта буюмни оламан. Фақат биттасини! Уйимизнинг эшигини олиб кетишим керак, уни қолдириб кета олмайман… Ўрнига тахта қоқиб қўярман…
Эшигимиз… Бизнинг туморимиз! Оилавий ёдгорлик. Бу эшикда отам ётган. Бу қанақа одатлигини билмайман (у ҳамма ерда ҳам йўқ), аммо бизда бор, онамнинг айтишича, марҳумни у яшаган уй эшигига ётқизиш керак. То тобутни олиб келгунларича, у шундай ётади. Отамнинг олдида тун бўйи ўтирдим, у мана шу эшикнинг устида ётарди… Уй очиқ қолганди… Тун бўйи… Эшикда пастдан юқорисигача кертик чизиқлар бор… Қандай ўсганимни белгилаб боришган: биринчи синф пайтимда бўйим қаерга етгани, иккинчи синфда. Еттинчи синфда. Ҳарбий хизматга кетиш олдидан… Бу белгилар ёнида ўғлимнинг бўйига қараб ўйилган кертиклар бор… Кейин қизимники… Яъни эшикка худди қадимги папирусларда ёзилгани каби бутун ҳаётимиз белгиланган. Уни қандай қолдира оламан?
Машинаси бор қўшнимдан “Ёрдам бер!” деб сўрадим. У, дўстим, эс-ҳушинг ўзингда эмас, шекилли, дегандек бошимга имо қилди. Лекин эшикни олиб чиқиб кетдим… Тунда… Мотоциклда… Ўрмон орқали… Икки йилдан кейин, уйимизни ўмариб, шип-шийдам қилиб кетиб бўлишганидан сўнг. Ортимдан милиция қувди: “Отиб ташлаймиз! Отамиз!” Албатта, улар мени ўғри деб ўйлашган. Ўз уйимнинг эшигини ўғирладим…
…Хотиним ва қизимни касалхонага жўнатдим. Уларнинг баданида қора доғлар ёйила бошлади. Гоҳ пайдо бўлади, гоҳида йўқолади. Беш тийинлик тангачадай… Ҳеч ери оғримайди… Уларни текширишди. Сўрадим:
– Айтинг, текширув натижаси нима бўлди?
– Сиз учун эмас бу натижалар.
– Ким учун унда?
Атрофдаги ҳамма бир гапни айтарди: ўламизкетамиз… Икки мингинчи йилгача белоруслар йўқ бўлади. Қизчам энди олтига тўлганди. Айнан ҳалокат юз берган куни тўлганди. Уни ухлашга ётқизаман, қизим қулоғимга шивирлайди: “Дада, яшашни истайман, ҳали кичкинаман-ку”. Уни бола, ҳали ҳеч нарсани тушунмайди, деб ўйлардим… У эса болалар боғчасидаги энагани ёки ошхонасидаги ошпазни оқ халатда кўрса, жазавага тушарди: “Касалхонага боришни истамайман! Ўлишни хоҳламайман!” Оқ рангни кўрса, чидай олмасди. Ҳатто янги уйимиздаги оқ пардаларни ҳам алмаштирдик.
Сиз бир вақтнинг ўзида сочи калга олинган еттита қизчани тасаввур қила оласизми? Улар битта палатада еттита эди… Йўқ, етарли! Гапимни тугатаман! Ҳикоя қилиб берарканман, юрагим бир туйғу пайдо бўлганини шипшитяпти – сен сотқинлик қиляпсан. Чунки уни бегона сифатида тавсифлашим керак… Унинг азобларини… Хотиним касалхонадан келгач, чидай олмади: “Бунақа азоблардан кўра, ўлгани яхшийди. Ё уни бу аҳволда кўрмаслик учун, қанийди, ўзим ўлсам…” Йўқ, етади! Бас қиламан! Гапирадиган аҳволда эмасман. Йўқ!
Қизимни ҳам эшикка ётқиздик… Қачондир отамнинг жасади ётган ўша эшикка. То кичкина тобутчани олиб келгунларича… Тобут кичкина эди, каттароқ қўғирчоқни соладиган қутичага ўхшарди. Қутичадай…
Мен гувоҳлик беришни истайман – қизим Чернобиль туфайли ўлди. Биздан эса жим ўтиришимизни хоҳлашяпти. Эмишки, ҳали фан буни тасдиқламаган, маълумотлар базаси йўқ. Юз йиллаб кутиш керак. Лекин менинг инсон сифатидаги ҳаётим… Умрим бундан оз-ку!.. Бунча вақт кутиб тура олмайман. Ёзиб олинг… Ҳеч бўлмаса, сиз ёзинг: қизимнинг исми Катя эди… Катюшенька… Етти ёшида ўлди…
Бир қишлоқнинг бирга йиғлаб, бирга овқатланиш учун руҳларни самодан чақиришлари ҳақида монолог
Гомель вилояти Наровлянск тумани Белий берег қишлоғи.
Анна Павловна Артюшенко, Ева Адамовна Артюшенко, Василий Николаевич Артюшенко, Софья Николаевна Мороз, Надежда Борисовна Николаенко, Александр Фёдорович Николаенко, Михаил Мартинович Лис ҳикоя қилади.
─ Меҳмонлар, бизникига… Яхшилар… Келишингиздан бирон белги йўқ эди. Гоҳида кафт қичишади – кимнидир учратасан. Бугун эса бундай ишора бўлмади. Фақат битта булбул туни билан сайраб чиқди – кундузи офтоб чиқади. Вой! Кампирларимиз бир зумда етиб келишади. Ана, Надя учиб келяпти…
─ Ҳаммасини бошдан кечирдик, чидадик…
─ Вой, эслашни ҳам истамайман. Қўрқаман. Бизни ҳайдаб солишди, аскарлар қувлашди. Ҳарбий техника етиб келди. Ўзиюрар машиналар. Битта кекса чол… ётганди. Ўлаётганди. Қаёққа боради? “Мана, ҳозир тураман-да, – йиғлади у, – гўримга бораман. Ўз оёғим билан”. Бизга уйларимиз учун нима тўлашди? Нима? Қаранглар, бу ер нақадар гўзал! Бу гўзалликни пулга чақиб бўладими? Оромгоҳ-ку бу ер!
─ Самолётлар, вертолётлар – шовқин-сурон.
Шатакли “КамАЗ” машиналари… Аскарлар. Эвоҳ, ўйлайман, уруш бошланган. Хитойликлар ёки америкаликлар билан уруш бошланган.
─ Чолим колхоз мажлисидан келди ва “Эртага бизни кўчиришаркан”, деди. Мен эса: “Картошкамиз нима бўлади? Ҳали ковлаб олмадик”, дебман. Қўшнимиз эшикни тақиллатди, эрим иккаласи ичишни бошлади. Кайф қилиб олгач, раисни сўкишга тушишди: “Кетмаймиз, тамом-вассалом! Урушда ташлаб кетмаганмиз, битта радиация нима бўпти”. Ерга кирсанг ҳам майли. Кетмаймиз!
─ Бошида икки-уч ой ичида ҳаммамиз ўламиз, деб ўйладик. Бизни шундай деб қўрқитишганди, кетишга ташвиқот қилишганди. Худога шукур – тирикмиз!
─ Худога шукур! Худога шукур!
─ У ёқда нималар бўлишини ҳеч ким билмайди. Бу ер яхши… Бизга таниш ерлар. Онажоним айтгандай: безанасан, қувонасан, билганингни қиласан.
─ Черковга кетдик, дуо ўқиб келамиз.
─ Кетишди… Онамнинг қабридан бир сиқим тупроқ олиб, халтачага тугиб қўйдим. “Кечир, сени ташлаб кетяпмиз”, дея қабр олдида тиз чўкдим. Кечаси қабрга бордим, қўрққаним йўқ. Одамлар уйларига ўз фамилияларини ёзишарди. Ёғочларга, тўсинларга. Асфальт устига.
─ Аскарлар итларни ўлдирардилар. Отиб ташлардилар. Пах-пах! Ўшандан буён тирик жоннинг қичқириғига чидай олмайман.
─ Мен бу ерда бригадирлик қилардим. Қирқ беш йил… Одамларга ичим ачирди… Биз Москвадаги кўргазмага зиғир олиб борардик, колхозимиздан юборишарди. У ердан кўкрак белгиси ва алвон ёрлиқ олиб келганман. Бу ерда менга “Василий Николаевич… Ўзимизнинг Николаевич…” деб ҳурмат билан муомала қиладилар. Янги жойда ким бўламан? Мункайган бир қари чол. Бу ерда ўладиган бўлсам, аёллар менга сув келтирадилар, уйимни иситадилар. Одамларга раҳм қилганман… Кечқурун хотинлар ишдан қайтаётиб, қўшиқ айтардилар, мен эса биламанки, улар меҳнатлари учун ҳеч вақо олмайдилар. Меҳнат кунига бир чизиқча билан қайд этилади, холос. Улар эса қўшиқ куйлашади. ─ Бизда қишлоқ одамлари биргаликда, бир дунё бўлиб яшайдилар. ─ Туш кўрдим, у пайтда шаҳарда, ўғлимникида эдим. Туш… Ўлимни кутяпман, пойлаб турибман. Ва ўғилларимга тайинлаяпман: “Мени ўзимизнинг қабристонга олиб боринглар, тобутимни беш дақиқага бўлса ҳам, жонажон кулбамиз олдида тўхтатинглар”. Ва ўғилларим мени у ёққа кўтариб бораётганини юқоридан кўряпман… ─ Майли, бу ер заҳарланган, радиацияси бор, лекин бу – менинг ватаним. Биз бошқа ҳеч ерда керак эмасмиз. Ҳатто қуш ҳам ўз инини азиз деб билади. ─ Охиригача айтаман… Ўғлимникида, еттинчи қаватда яшайман, дераза олдига келиб, пастга қарайман ва чўқинаман. Гўё от кишнашини эшитгандай бўламан. Хўроз қичқиради… Ва кўнглим тўлиб кетади… Гоҳо ҳовлимиз тушимга киради: сигирни боғлайман ва соғаман, соғавераман… Уйғониб кетаман… Ўрнимдан тургим келмайди. Ҳали ўша ердаман. Гоҳ бу ерда, гоҳ у ерда.
─ Кундузи янги жойда яшаймиз, оқшом ватанимиздамиз. Тушимизда.