реклама
Бургер менюБургер меню

Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 13)

18

─ Оғрияпти, кампирлар… Вой, жоним оғрияпти-я! Жим ўтириш керак… Тобутни жим олиб кетишяпти… Эҳтиёт бўлиб… Эшикни ё ўринжойни чертиш мумкин эмас, ҳеч нарсага тегиш ё чертиш мумкинмас. Фалокат юз беради – иккинчи ўликни кутавер. Худойим, уларнинг руҳларини шод эт! Жойлари жаннатлардан бўлсин! Қаерга кўмишса, ўша ерда дуо қилишади. Бу ерда ҳамма жой қабр. Тўрт томон қабрларга тўла… Самосваллар тариллайди. Бульдозерлар ер суради. Уйлар йиқилади… Кўмувчилар ишлагани-ишлаган… Мактабни, қишлоқ кенгашини, ҳаммомни кўмиб юборишди… Дунё ўша-ўша, фақат одамлар бошқача. Бир нарсага ақлим етмайди, инсонда руҳ борми? У қанақа ўзи? Нариги дунёда улар қаерга жойлашади?

Чолим икки кун жон берди, печка ортига яшириниб, қоровуллик қиламан: жони қаеридан чиқиб кетаркин? Сигирни соғишга бордим… Чопиб уйга кирдим… Чақирдим… Кўзлари очиқ ётибди… Жони учиб чиқибди… Ёки ҳеч нарса бўлмаганми? У ёқда қандай кўришамиз?

─ Руҳоний отахоннинг ишонтиришича, ҳаммамиз абадиймиз. Илтижо қиламиз. Худойим, бизга ҳаётимизнинг мусибатларига чидаш учун куч бергин…

Ёмғир чувалчангини топсанг, товуғинг қувониши ҳақида монолог. Чўян қумғонда қайнаётган сув ҳам мангу эмас

Илк қўрқув…

Илк қўрқув осмондан тушган… Сувларда оққан… Айрим одамлар, кўплар тош каби босиқ эдилар. Хоч билан онт ичаман! Ёши каттароқ эркаклар ичиб оладилар: “Биз Берлингача борганмиз ва ғалаба қозонганмиз”. Душманни деворга қандай “ёпиштириш” кераклигини айтиб беришади… Ғолиблар! Медаллари бор.

Илк қўрқув шундай эди… Эрталаб уйғониб, биз боғда ва томорқада ўлиб ётган кўрсичқонларни кўрдик. Ким уларни ўлдирган? Одатда улар кун ёруғида уяларидан ташқарига чиқмайди, ер тагида ётади. Уларни нимадир юқорига ҳайдаган. Хоч билан қасам ичаман!

Ўғлим Гомелдан телефон қилади:

– Май қўнғизлари учяптими?

– Қўнғизлар йўқ, ҳатто қуртчаси ҳам кўринмайди. Яшириниб олган.

– Ёмғир чувалчанглари борми?

– Чувалчангни топиб олса, товуқлар хурсанд бўлади. Улар ҳам йўқ.

– Май қўнғизлари ва ёмғир чувалчанглари йўқми, демак, ўша ерда радиация кучли, бу биринчи белгиси.

– Радиация нима?

– Она, бу шунақа бир ўлим. Отамни у ердан кетишга кўндиринглар. Бизникида яшайсизлар.

– Ие, ҳали томорқага экин ҳам экмадик…

Агар ҳамма ақлли бўлса, ким аҳмоқ бўларди, кимни алдашарди? Ёнса, ёнибди-да. Ёнғин – вақтинчалик нарса, у пайтда ҳали ҳеч ким қўрқмасди. Атомни билишмасди. Худо ҳаққи! Атом станциясининг биқинида яшардик, Тўғри юрсанг – ўттиз километр, катта йўлдан борсанг – қирқ километрли масофа. Ҳамма мамнун эди. Чипта оласан ва борасан. Уларда таъминот москвачасига – арзон колбаса, дўконларида доимо гўшт бор. Танлаганингни оласан. Зўр замонлар эди!

Энди эса фақат қўрқув… Қурбақалар ва чивинлар тирик қоларкан, одамлар ўлиб кетармиш, деб сафсата сотадилар. Ҳаёт одамларсиз қолармиш. Бўлмағур гапларни қўшиб-чатиб айтишади. Тентаклар-да булар, ким буларни яхши кўради! Лекин чўпчакда ҳам ҳақиқат бор – шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди… Эҳ, бу кўҳна қўшиқ…

Радиони ёқаман. Радиация билан қўрқитишганиқўрқитишган. Биз эса радиация билан яхши яшай бошладик. Хоч ҳаққи! Бир қарагин: апельсинлар олиб келишяпти, колбасанинг уч хили бор, марҳамат… Қишлоқда-я! Невараларим дунёнинг ярмини айланиб чиқишди. Кичик қизимиз Франциядан келди, ахир қачондир Наполеон бизни босиб олиш учун ўша ердан йўлга чиққан… “Бувижон, мен ананасни кўрдим!” Бу иккинчи набирамизнинг гапи… Унинг укасини даволаниш учун Берлинга юборишди… Гитлер дегани ўша ердан юриш қилган… танклар билан… Энди янги дунё… Ҳаммаси бошқача… Бунга радиация айбдорми ёки бошқа бировми? Унинг ўзи қанақа? Балки қаердадир… кинода кўрсатишгандир? Сиз кўрдингизми? У оқми ёки бошқачами? Ранги қанақа? Бировлар уни ранги ва ҳиди йўқ, дейишади, бошқалар қора дейди. Худди ер каби! Агар ранги бўлмаса, Худога ўхшаркан. Худо ҳамма ерда ҳозир, аммо уни ҳеч ким кўрмайди. Қўрқитиб юборишди! Боғда олмалар, дарахтларида барглар осилиб турибди, далада картошка… Ўйлашимча, ҳеч қанақа Чернобиль ҳалокати йўқ, тўқиб чиқаришган… Одамларни алдашган…

Синглим эри билан кетди… Бу ердан узоқ эмас, йигирма километр нарида туради. У ерда икки ой яшаганларидан кейин қўшниси югуриб чиқиб: “Сигирингиздан менинг сигирларимга радиация ўтибди. Сигирим ётиб қолди”, дебди. “Қандай қилиб ўтади?” дейишса, “Ҳаводан ўтади, чангдай учиб юради. Учар радиация”, деганмиш. Афсона бари! Кулгили эртаклар…

Буниси эса бўлган воқеа… Бобомнинг беш қути асалариси бор. Улар уясидан уч кун ташқарига чиқмади, бирортаси ҳам. Уясида биқиниб ўтиришди. Кутишди. Бобом ҳовлининг у ёғидан бу ёғига югуради: бу нима офат бўлди? Қандай фалокат? Табиатга бир бало бўлган. Кейин, анча вақт ўтгач, бизга муаллим бир қўшнимиз тушунтирди, ариларнинг сезгиси бизникидан кучлироқ ва оқилроқ, улар радиацияни дарҳол пайқашган. Радио, газеталар ҳали жим турган пайтда, асаларилар бундан хабар топган. Тўртинчи кунгина инларидан чиқишди. Оддий сариқ арилар… Том пешайвонида арилар уяси бор эди, уларга ҳеч ким тегмаган, ўша тонг улар йўқ бўлиб қолишди, тириги ҳам, ўлиги ҳам йўқ. Олти йилдан кейин қайтиб келишди. Радиация… У одамларни ҳам қўрқитди, жониворларни ҳам… Қушларни ҳам… Ҳатто дарахт ҳам қўрқади, фақат тили йўқ. Айтолмайди. Зараркунанда колорадо қўнғизлари эса аввалгидай судралиб юрибди, экинларимизни ейди, баргигача кемиради, улар заҳарга ўрганган. Худди биздай.

Лекин ўйлаб қарасам – ҳар бир хонадонда кимдир ўлган… Нариги кўчами, дарёнинг нариги қир ғоғидами… У ердаги ҳамма хотинлар энди эрсиз, эркаклари йўқ, уларнинг ҳаммаси ўлиб кетди. Бизнинг кўчамизда бобом ҳаёт ва нарироқда яна бир эркак қолди. Худо эркакларни эртароқ олиб кетади. Нима сабабдан? Бизга ҳеч ким тушунтира олмайди, бу сирни бирор банда билмайди. Ўйлаб қарасанг: фақат эркаклар қолса, яна хотинсиз – бу ҳам ёмон. Ичишади, жонгинам, ичишади. Аламдан ичишади, ғамдан ичишади. Кимнинг ўлгиси келади? Инсон ўлса, бу шундай қайғулики! Тасалли беришнинг иложи йўқ. Ҳеч ким ва ҳеч нарса таскин бўлолмайди. Ичишади ва суҳбатлашишади… Муҳокама қилишади… Ичади, қиқирлаб кулади ва тамом! Йўқ. Ҳамма осон ўлимни орзу қилади. Унга қандай эришиш мумкин? Жон – ягона тирик хилқат. Менинг азизам… Ҳамма хотинларимиз бепушт, ҳар учтадан бирининг бачадони тикилган. Ёши ҳам, қариси ҳам… Уларнинг ҳаммаси ҳам туғиб улгурмаган… Ўйлаб кўрсам… гўё бари ҳеч нима содир бўлмагандек ўтиб кетди…

Нимани қўшимча қилишим мумкин? Яшаш керак… Бошқа гап йўқ…

Яна… аввал ёғ, қаймоқни ўзимиз олардик, пишлоқ, сузма тайёрлардик. Сутни ўзимиз пишириб, ёғини олардик. Бунақа нарсаларни шаҳарда ейишадими? Ун устига сув қуйиб, аралаштирасан, парча-парча хамир бўлаклари бўлади, кейин уни қизиб турган қозонга солиб қайнатасан. Сут қуйиб, бирга пиширасан. Буни онамиз ўргатган: “Болаларим, ўрганиб олинглар. Мен ҳам онамдан ўрганганман”, дерди. Оқ қайин ва заранг дарахтлари шарбатини ичганмиз ─ қайинсув ва зарангсув. Ловияни қобиғи билан катта чўян қозонларда, улкан ўчоқларда буғлардик. Клюквадан бўтқа пиширардик… Уруш пайти қичитқи, олабута ва бошқа ўтларни териб келардик. Очликдан шишдик, лекин ўлмадик. Ўрмонда мевалар тердик, қўзиқоринлар… Энди ҳаёт шунақаки, буларнинг бари пароканда бўлди. Биз улар абадий, ҳамиша шундай бўлади, чўян қозонда қайнаётган нарса ҳам абадий деб ўйлардик. Агар бошқача бўлади, дейишса, асло ишонмаган бўлардим. Аммо ҳаммаси ўзгарди… Сут – мумкин эмас, ловия – мумкин эмас. Қўзиқоринлар, меваларни тақиқлашяпти… Гўштни уч соат сувга солиб, кейин ишлатишни тавсия қиладилар. Картошка қайнатсанг, икки марта қайнатиб, сувини тўкасан, учинчи мартасида истеъмол қиласан. Худонинг амрига қарши боролмайсан… Яшаш керак…

Сувимизни ҳам ичиб бўлмайди, деб қўрқитишади. Лекин сувсиз яшаб бўладими? Ҳар кимнинг ичида сув бор. Сувсиз инсон йўқ. Ҳатто тошда ҳам сув топилади. Хўш, унда сув, эҳтимол, абадийдир? У ҳаёт асосику… Кимдан сўраймиз? Ҳеч ким айтолмайди. Худога эса сажда қиламиз, ундан сўраб ололмаймиз. Яшаш керак…

Мана, буғдой униб чиқди… Ҳосил яхши…

Сўзсиз қўшиқ ҳақида монолог

Оёғингизга эгилиб илтижо қиламан. Илтимос қиламан…

Бизга Анна Сушкони топиб беринг… У қишлоғимизда яшарди… Кожушки қишлоғида… Фамилияси – Анна Сушко… Ҳамма белгиларини айтаман, сиз босиб чиқаринг. Унинг елкаси дўнг, болалигидан гунг… Ёлғиз яшарди… Олтмиш ёшда эди… Кўчириш пайтида уни “Тез ёрдам” машинасида олиб кетишди ва номаълум томонга жўнатишди. Саводи йўқ эди, шунинг учун ундан ҳеч қанақа хат олмадик. Ёлғизлар ва бемор ларни етимхоналарга жойлаштиришди. Беркитишди. Ҳеч ким манзилини билмайди… Чоп этинглар буни…

Бутун қишлоқ унга раҳм қиларди, ачинарди. Кичик гўдакдай парваришлардик. Кимдир ўтинини ёрарди, биров сут келтирарди. Яна биров кечқурун уйида ёнида ўтирарди… Печкасини ёқиб берарди… Икки йил бўлди, бегона жойлардан безиб, она қишлоғимизга қайтдик. Унга ҳам уйи бутун турганини етказинг. Томи бор, деразалари бор. Синган, синдирилган буюмларини бирга тиклаймиз. У қаерда яшаётган бўлса, манзилини беринг, борамиз ва олиб келамиз. Ортга қайтарамиз. Бечора соғинчдан ўлиб қолмасин… Оёғингизга йиқилиб, илтижо қиламан… Бир бегуноҳ жон бегона оламда азобланмасин…

Яна битта белгиси бор… Ёдимдан кўтарилибди… Унинг бирор ери оғриса, у қўшиқни чўзиб айтади. Сўзсиз. Фақат овозда. Гапира олмайди… Оғриса, овозини чўзади: а-а-а… Зорланади…