Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 15)
Биз кечаю кундуз ишлардик… Вагонлар тўлиб кетганди – одамлар қочаётганди… Кўплаб руслар ўрнидан қўзғалди… Минглаб! Ўн минглаб! Юз минглаб! Яна бир Россия. Тунги соат иккида Москва поездини жўнатдим, залда Қўрғонтепадан келган болалар қолишди, Москва поездига улгурмаганлар. Уларни яширдим, беркитиб қўйдим. Олдимга иккитаси келди. Автоматлари бор.
– Вой, болалар, бу ерда нима қиляпсизлар? – дейман-у, юрагим қалтирайди.
– Ўзинг айбдорсан, эшикларинг очиқ.
– Поездни жўнатдим. Эшикни ёпишга улгурмадим.
– Бу ердаги қанақа болалар?
– Ўзимизникилар, душанбеликлар.
– Балки, Қўрғондандир? Кўлобликлармасми?
– Йўқ-йўқ. Ўзимизникилар.
Кетишди. Агар зални очишгандами!.. Уларнинг ҳаммасини… Мени ҳам бирга – пешонамдан отишарди! У ерда битта ҳокимият – қурол тутган одам қолди. Эрталаб болаларни Астрахань поездига ўтқаздим, худди тарвузни олиб кетаётгандек эшикларни очмасдан олиб кетишларини буюрдим.
Кейин бу ерда кўчада юрсам ҳам, ҳар дақиқа ортимга ўгирилардим, орқамда кимдир ўқ билан шайланиб тургандай туюларди… Кутаётгандай. У ёқда ўлимни ўйламаган бирор куним бўлмади… Уйдан ҳамиша тоза кийиниб чиқардим – янги ювилган кўйлак, юбкада, тоза ичкийимларда. Тўсатдан ўлдиришса-чи, деган хаёл бўларди! Ҳозир бу ерда ўрмонда ўзим кезаман ва ҳеч кимдан қўрқмайман. Ўрмонда одам йўқ, бирор кимса учрамайди. Юраман, эслайман: буларнинг барини мен бошдан кечирдимми ёки биров? Бошқа сафар овчиларни учратасан: қуроли, итлари ва дозиметрлари11 бор. Улар ҳам қуролли одамлар, лекин бошқача, улар одамни қувмайдилар. Ўқ овозини эшитсам, биламанки, улар қарғаларни отмоқда ёки қуёнларни қувламоқда.
Бир йигитни эслайман. Тожик… У бошқа бир йигитни қувиб келарди… Одамни қувиб келарди!!! Таъқиб қилишидан, ҳансирашиданоқ у кимнидир ўлдирмоқчи эканини дарров сездим… Аммо қочаётган одам беркинди… Қочиб кетди… Ва анави қувган йигит ортига қайтди, ёнимдан ўтаркан, сўради: “Онахон, бу ерда қаердан сув ичса бўлади?” У одатдагидек, гўё ҳеч нарса бўлмаётгандай савол берди. Вокзалда сув тўлдирилган идишча турарди, шуни кўрсатдим. Ва унинг кўзларига қараб туриб, қайта-қайта: “Нега бирбирингизни қувасиз? Нега ўлдирасиз?” дедим. У ҳатто бироз хижолат тортгандай бўлди. “Қўй, онахон, жим бўл”, деди. Улар кўплашса, бошқача бўлиб қолишади. Агар уч киши, ҳеч бўлмаганда, икки киши бўлганида борми, мени деворга тираб қўярди. Битта одам билан эса ҳали гаплашса бўлади…
Душанбедан Тошкентга келдик, у ёғига яна йўл юриш керак – Минскка борамиз. Чипта йўқ – тамомвассалом! У ерда ҳаммаси жуда маккорона ташкил этилган: пора бермасанг, самолётга чиқа олмайсан, тинимсиз эътирозлар билдиришади – ё юкинг оғир келади, ё ҳажми катта дейишади: бу мумкинмас, уни олиб ташла… Икки марта тарозига югуртиришди, ниятларини зўрға англаб олдим. Чипта орасига пул солдим… “Мана, бўларкан-ку, яна тортишасан-а бу ерда”. Ҳаммаси осонгина ҳал бўлди! Унгача эса… Контейнеримиз – икки тонна, ағдаришга мажбур қилишди. “Сизлар қайноқ нуқтадан келяпсиз, балки, қуролингиз бордир? Балки, наша бордир?”
Раҳбариятга учрадим ва унинг қабулхонасида яхши бир аёл билан танишдим, у бор гапни менга уқтириб қўйди: “Тортишиб, бирор нимага эришолмайсиз, адолат талаб қилсангиз, юкингизни далага ағдаришади ва олиб келган буюмларингизни ўғирлаб кетишади”.
Хўш, нима қилиш керак? Туни билан ухламадик, юкни туширдик, нимамиз ҳам бор: латта-путта кийимлар, кўрпалар, эски уй жиҳозлари ва музлаткич, икки қоп китоб.
– Балки, қимматбаҳо китобларни олиб кетаётгандирсиз?
Қараб чиқишди: Чернишевскийнинг “Нима қилмоқ керак?” китоби, Шолоховнинг “Очилган қўриқ” китоблари… Кулдик.
– Музлаткичингиз нечта?
– Битта, уни ҳам синдиришди.
– Нега декларация олмадинглар?
– Қаердан биламиз? Урушдан келяпмиз. Биринчи марта…
Бирданига икки ватанимизни йўқотдик – Тожикистонимизни ва Совет Иттифоқини…
Ўрмонда кезаман, ўйлайман. Бизникилар бари телевизор олдида ўтиради: у ёқда аҳвол қандай? Нималар бўляпти? Мен эса билишни хоҳламайман.
Ҳаёт бор эди… Бошқача ҳаёт… У ерда катта одам ҳисобланардим, темир йўл қўшинлари подполковниги деган ҳарбий унвоним бор эди. Бу ерда шаҳар кенгашига фаррош бўлиб ишга киргунимча ишсиз ўтирдим. Хоналарни юваман… Ҳаётим ўтди… Бошқача ҳаётга кучим йўқ энди… Бу ерда кимдир бизга раҳм қилади, ачинади, бировлар эса норози, “Қочқинлар картошка ўғирлайди. Кечалари ковлаб олади”, дейди. Онамнинг эслашича, аввалги урушда одамлар бирбирларига кўпроқ ачинарди.
Яқинда ўрмон ичидан ёввойи от топиб олишибди. Ўлиб қолган экан. Бошқа ерда қуённи топишган. Улар ўлдирилмаган, ўзи ўлган. Ҳамма бундан хавотирга тушди. Бир дайди одамни ўлик ҳолда топишганида, бу ҳолат сезилмай ўтиб кетди.
Инсонлар ҳамма ерда ўлик одамга кўникиб қолишди…
Лена М. – Қирғизистондан. Уйи остонасида, худди расмга тушиш учун тизилгандай, бешта боласи ва бирга олиб келган Бўрон лақабли мушуги билан ўтирарди.
Биз худди урушдан келаётгандай эдик…
Буюмларимизни апил-тапил олдик, мушук изимиздан вокзалгача эргашиб келди, уни ҳам оволдик. Поездда ўн икки кеча-кундуз йўл босдик, охирги икки кунда фақат тузланган карам ва қайноқ сувга кунимиз қолганди. Кимдир болта ушлаганча, кимдир болға тутиб, яна биров темир таёқ билан эшикни қўриқлаб чиқдик. Сизга айтиб берсам…
Бир оқшом бизга босқинчилар ҳужум қилишди. Ўлдиришларига оз қолди. Ҳозир музлаткич учун ҳам, телевизор учун ҳам одам ўлдиришлари мумкин. Гарчи Қирғизистонда, биз яшаётган ерда ҳали отишмаётган бўлса-да, биз худди урушдан қайтаётгандек келдик. Ўш шаҳрида қирғин бўлди… қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида… Лекин у негадир тез тинчиди. Яширинди гўё. Бироқ ҳавода қандайдир нотинчлик кезарди… Кўчаларда… Сизга айтаман… Биз – русларнинг қўрқуви тушунарли, ҳатто қирғизларнинг ўзи ҳам қўрқарди… Уларда нон учун навбат кутишлар бошланди. Мана шу навбатларда: “Ўрислар, уйларингизга кетинг! Қирғизистон қирғизлар учун!” дея қичқиришар ва навбатдан чиқариб юборишарди. Ортимиздан қирғизчалаб яна нималардир – ўзимизга нон етмаяпти, яна буларни боқиш керак, деганга ўхшаш гапларни айтишарди. Уларнинг тилини яхши тушунмайман, бозорда савдолашиш, бирор нима сотиб олиш учун бир нечта сўзни биламан, холос.
Ватанимиз бор эди, энди у йўқ. Мен кимман? Онам – украин аёли, отам – рус. Қирғизистонда туғилиб, вояга етганман, татарга турмушга чиққанман. Болаларим ким? Уларнинг миллати қанақа? Ҳаммамиз чатишиб кетганмиз, қонимиз аралашиб кетган. Паспортимизда мен ва болаларимни рус деб ёзишган, ўзимиз рус эмасмиз. Биз совет кишиларимиз! Бироқ мен туғилган ўша мамлакат энди йўқ. Биз ватан деб атаган жой ҳам, бир пайтлар ватанимиз мавжуд бўлган ўша давр ҳам энди йўқ. Биз энди учар кўрсичқонлардаймиз. Бешта болам бор: катта ўғлим саккизинчи синфда ўқийди, энг кичик қизим болалар боғчасига боради. Уларни бу ёққа олиб келдим. Ватанимиз йўқ, лекин ўзимиз мавжудмиз.
Ўша ерда туғилдим, вояга етдим. Завод қурдим, у ерда ишладим. “Ўз еринг қаерда бўлса, ўша ёққа кет, бу ерлар бизники!” дейишди. “Бу ерда ҳамма нарса бизники”, деб, болаларимиздан бошқа ҳеч нимани олишга қўйишмади. Менинг ерим қаерда? Одамлар қоча бошлади. Йўлга тушишди. Ҳаммаси руслар. Совет одамлари. Улар ҳеч қаерда керакмас, уларни биров кутаётгани йўқ.
Мен эса қачонлардир бахтли бўлганман. Ҳамма болаларим муҳаббатдан туғилган… Уларни шу тахлит туққанман: ўғил, ўғил, ўғил, кейин – қиз, қиз. Бошқа гапирмайман… Йиғлаб юбораман…
Мени кўрган одамлар… ҳайрон бўлади… Тушунишмайди… Ахир болаларингни нима қиляпсан, уларни ўлдирасан-ку! Сен ўзингга қотилсан, дейишади. Болаларимни ўлдираётганим йўқ, уларни қутқаряпман. Мана, қирқ ёшимдаёқ сочимда биронта қора тола қолмади: оппоқ… Қирқ ёшда! Бир куни немис журналистини уйимизга олиб келишди ва у мендан: “Болаларингни ўлат ва вабо бор ерга олиб келармидинг?” деб сўради. У ёқдаги аҳволим ҳам ўлат ва вабо ичида қолгандек эди. Бу ердаги қўрқувни эса билганим йўқ. Кўрмаяпман. Хотирамда бунақа қўрқув йўқ…
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.