Робин Шарма – Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда! (страница 6)
5. Фаровон ҳаёт эшикларини очувчи асосий калитлардан бири ўз-ўзини англаш тарзини ўзгартиришдир. Бизнинг ўз-ўзини англашимиз нима билан белгиланади? Албатта биз миямизда доимо айлантириб юрадиган ўша хаёлий манзаралар билан белгиланади-да. Бизнинг онгимиз унга кўрсатилажак – қўйиб берилажак манзаралар, суратлар ҳисобига ишлайди. Агар бу ўша манзарали суратларни ҳаётдан кутаётган аниқ мақсадларимиз ва эриша олишимиз мумкин бўлган аниқ муваффақиятлар тасвирлари билан тўлдирар эканмиз, бизнинг онгимиз фаолияти ва у билан бирга ўз-ўзини англаш қобилиятимиз ҳам сезиларли равишда ўзгара боради. Бу эса ўз навбатида ўзига бўлган улкан ишончнинг пайдо бўлишига ҳамда шахсий имкониятларимизу ўз кучимизга бўлган эътиқодимизнинг мустаҳкамланишига олиб келади. Мақсадлар ҳам шундай эришиб бўладигандек кўринади ва ноодатий вазифалар оддийлиги аён бўлиб қолади.
6. Сиз ишонадиган ва эришиш учун жон куйдириб тиришаётган ҳамма нарса эришиб бўларли, етишиб бўларли бўлиб қолади. Қачон? Қачонки, бу йўлда қатъий ва қайсар фаолият юритсангиз, ҳаракат қилсангиз. Ўз орзунгизни ҳамиша хаёлий нигоҳингиз қаршисида сақланг. Ўзингизга бу ҳақда доимий равишда ҳар куни эслатиб туринг. Орзунгизнинг сиздан кетиб қолишига йўл қўйманг. Қачонки ўзингизда бор ақлий ва жисмоний қувватни яқона мақсад йўлида сафарбар қилар экансиз, ана ўшанда Сиз мавжудлиги ҳақида тасаввур ҳам қилиб кўрмаган уйқудаги кучларингиз уйғонади ва Сиз учун мақсадингиз рўёби ишга тушади. Даҳоликнинг сири ҳам шунда: ўзи чиндан истаётган нарсасини топиш ва шунга умрини бағишлаш. Бир донишманд айтган экан:
7. Тортишиш қонуни тафаккурнинг олий қонунларидан бири ҳисобланади. Нима ҳақида ўйласангиз ва нимага қаттиқ ишонсангиз, ўша нарса Сизнинг бир қисмингизга айланади. Бахтли ва интилишлари учун яхшигина мақсадлари бўлган одамлар ўзларига ўхшаш одамларни жалб қилиб оладилар. Юксак муваффақиятларга нисбатан умид ва ишончга тўйинган одамлар ўзларига бу йўлда уларга асқатгувчи энг мақбул имкониятларни “тортиб оладилар”.
8. Онг остингиз бутун ҳаётингиз давомида фавқулодда муҳим роль ўйнайди. Сиз уни юксак натижаларга эришиш йўлида ишлата олишга ўрганишингиз лозим бўлади. Онг остини жунбишга келтиришда ҳам юқоридаги айтилган хаёлий образлар тасвири муҳим ўрин тутади.
9. Онгингиз бир вақтнинг ўзида фақат битта фикрни тутиб туришгагина қодир. Шундан келиб чиқиб айни пайтда миянгизни банд қилиб турган ўша биттагина куйдирги фикрнинг ҳамиша ижобий, эзгу ва кўтаринки бўлишини назорат қилишингиз, таъминлашингиз лозим бўлади. Хаёлингизга салбий, нохуш фикр келаркан, уни зудлик билан яхшисига алмаштириш пайида бўлинг. Ўзингизда ҳамиша “ҳосилдор” ва илҳомбахш фикрлаш одатини шакллантирар экансиз, заиф ва номақбул фикрлар миянгизни банд қилолмай қолади.
10. Онгингизда ижобий нарсаларга илҳомлантирувчи муваффақият механизми жойлаштирилган. У фақатгина Сизнинг буйруғингизни кутмоқда. Буни тушуниб етиб, ўз олдингизга улкан мақсадлар қўйишни бошлар экансиз, бу механизм ўз-ўзидан уйғониб, ишга тушади ва қаршингизда дастурхондек очиладиган, қўйган мақсадингизга тўппа-тўғри бошлаб борадиган имкониятларни ўзи топиб беришга киришади. Инсон онгининг чексиз имкониятлари ҳақида гапириб чарчамайдиган тадқиқотчи олимлар шундай тўхтамга келишган: биз миямизнинг 25 фоиздан кўп бўлмаган қисмидангина фойдаланамиз, шундан ҳам роса ақлли бўлиб кетган кунларимизда. Ахир инсон табиатан бенуқсон саломатлик ва соғлом тафаккурга эга бўлиш учун дастурлаштирилган. Аммо шундаям бизлар умримиз давомида ўзимизни ўзимиз танбаллик қилишга ва шахсий камолот сари одимлашдан бош тортишга ўргатиб қўямиз.
Болалигимизда ҳаммамизнинг шахсий камолотга олиб борувчи ўзимизга хос беғубор шижоатимиз бор эди. Ўзингиз эсланг, ўшанда омма олдида чиқиш қилишдан ҳайиқармидингиз? Янги иш бошлаш арафасида иккиланармидингиз? Ёки баланд нуқтадан сувга сакрашдан қўрқармидингиз? Албатта, йўқ. Болаликда киноюлдуз бўлишни орзу қилганмиз. Ахир ҳаммамизда ҳам бор эди шундай осмон-осмон орзулар. Баъзиларимиз улкан ташкилотларга раҳбарлик қилишни ёки бутун бошли мамлакатларга бош бўлиб, ортидан эргаштиришни мақсад қилардик. Бошқаларимиз эса спорт қаҳрамонлари бўлишни ёки қайноқ ишқий муносабатлар ўрнатиб, кейинчалик бахтли оила қуриб, фаровон яшашни хоҳлардик. Нима бўлди? Нима бўлди Сизнинг ўша олий мақсад ва бир-биридан юксак орзуларингизга?
Гап шундаки, Сиз бошқалар ва уларнинг таъкидларига бўйин эгдингиз. Бу таъкидлар Сизни баъзи нарсалар имкониятларингиз даражасидан ташқарида эканлиги ҳақидаги чўпчакка ишонтириб қўйди. Шу билан Сиздаги чегарабилмас реалликка бўлган ишонч ўлиб борди. Бора-бора Сизнинг оламингиз буюк образлардан то ижара ҳақи ва майса текислаш ташвишларигача соддалашиб, қуриб борди. Ана энди қилишингиз мумкин бўлган ягона вазифа ўша ғолибона фикрий кайфиятни ўзингизга қайтариш ва унинг оловидан қолган ич-ичингиздаги пирпираб турган учқунни алангалатишдан иборат. Муваффақият қозониш учун ўзини ва ўзидаги бор энергияни ўша узоқ муддатли ҳаётий муваффақиятга бахш қила билиш лозим. Ўтмишдаги ҳар хил мағлубият ва омадсизликлар ҳақида буткул унутинг. Ўз ҳаётингиз тарзига, сифатига ўзгариш қўшишга ҳаракат қилинг ва бунинг мевасини бир йил ўтиб улгурмасдан кўра бошлайсиз. Ўзингизни ҳис қилишдаги, ҳаётий қувватингиздаги, иқтисодий масалалар ва одамлар билан муносабатларингизда кўзга ташланажак сезиларли ўзгаришлар ўзини намоён қилишни 6 ой ҳам, 6 ҳафта, боринг, ана, 6 кун ҳам куттирмайди. Ҳақиқий ва энг муҳим ўзгаришни эса бир сония ўтмаёқ сезса бўлади: бугундан бошлаб ҳаётингиз уни ўраб олган вазиятлар қўлидаги ўйинчоқдан кўра улуғроқ, ундан олийроқ бўлажагини таъкидлаб, юрагингизнинг туб-тубидан чиққан қарорни қабул қилишга кетган биргина сониядан кейиноқ.
Юқорида бир неча бор айтилганидек ҳаётингизни биргина ғоя ёрдамида ўзгартириб юборишингиз мумкин, қачонки ўша ғоя тўғри ғоя бўлса. Умри узоқ муваффақиятлар, албатта, кучли истак, қатъият ва тажриба талаб қилади. Зеро, сезиларли ўзгаришлар бир ҳафтада ёки 10 кунда пайдо бўлмайди. Аммо агар ҳаракат қилишни бошлашга ҳозирданоқ қарор қилсангиз, ўзгаришлар эртами-кеч, албатта, намоён бўлади. Ўз ҳаётингизни тубдан янгиласангиз, ўзингиз хоҳлаган муваффақиятга эриша оласиз. Қадимий ҳикматда айтилганидек:
Албатта, диққатни аниқ мақсадга тикмоқ, эътиборни бир нуқтага жамлай олишнинг беқиёс аҳамиятини ҳам таъкидламасликнинг иложи йўқ. Сизга таниш ҳолат эмасми: янги машина сотиб олсангиз, кейин ҳаммада шунақа машина бордек кўрина бошлайди. Ҳар сафар янги бир исм эшитганингизда уни ҳамма тилга олаётганга ўхшайди. Диққатни аниқ мақсадга қаратмоқнинг бор куч-қудрати ҳам шунда, аслида. Шахсий камолотга элтувчи илк қадамлардан бири ҳам онгингиз нурларини аниқ мақсадга қарата билмоқликдир. Онгингиз диққат нишонларини нимага йўналтиришингиз бутун ҳаётингизни шакллантиради. Фикрларингиз Сизнинг оламингизни қуради. Нимагадир қаттиқ эътибор билан қараш, бор диққатни шунга бағишлаш ҳақида қатъий қарор қабул қилган онингизданоқ ён-атрофингизда шунга яраша мақбул имкониятлар пайдо бўлаётганини пайқайсиз. Масалан, агарда Сиз шахсий тараққиётга кўмак берувчи билимлар қидирувига бор диққатингизни берсангиз, Сизга бу ишда кўмак берувчи маълумотлар атрофда тўлиб-тошиб ётганлигини кўра бошлайсиз. Сиз шунчаки уларни авваллари пайқамагансиз, чунки диққатингиз бошқа нарсалар билан банд бўлган.
Кўпчилик одамларнинг ўзлари қилаётган иш ёки ўзгалар билан муносабатларидан қониқмасликларига ягона сабаб – уларнинг ўз диққатларини юқоридагиларнинг фақат ёмон тарафларига қаратиб қўйганликларидир. Дейлик, уларга ўз бошлиқлари ёқмайди. Шундан кейин энди уларни ишлари қизиқтирмай қўяди, ишларининг ижобий тарафларини пайқамай қўядилар. Чунки уларда бу иш билан боғлиқ ёмон таассуротлар шаклланиб бўлди. Аммо улардан сўраб қолсангиз борми: “Ишхонангиз шинамгинами?”, “Пенсия жамғармаси ҳақида яхши қайғуришадими?”, “Ишхонадаги ҳамкасбларингиз Сизга ёқадими?” ёки “Ишингизнинг ойлиги дурустгинами?” – тамом, кўп нарса ўзгаради. Ахир ҳамма жой ҳам ўзига яраша ижобий лаҳзаларга эга. Ҳар бир шундай ижобий лаҳза бу бир байрам! Ҳаётда омади кулганларнинг ҳаммаси буни яхши тушунадилар. Шунинг учун ҳам ўз-ўзингизда, шу бугундан бошлаб, ижобий тарафларга диққат қаратиш одатини шакллантиришингиз керак. Герберт Уэллснинг бир гапини ҳамиш ёдда тутиш лозим: “Инсон ҳеч қачон соат ёки тақвимга уни сўқир қилиб қўйиш ва ҳаётнинг муҳим ҳақиқати: – умримизнинг ҳар лаҳзаси мўъжиза ва сир эканлиги тўғрисидаги ҳақиқатни унуттириш имконини бермаслиги керак”.
Ҳаётнинг ижобий тарафларига диққатингизни қаратиш ва унинг ҳар жабҳаси бўйлаб ривожланишга ҳаракатни бошлаш ҳақида қарор қабул қилиб, Сиз ҳар тарафда яхшиланиш ва ижобий қирралар кўра бошлайсиз. Ҳақиқий билимлар ҳам айнан шундан келиб чиқади. Ўз-ўзини тараққий топтириш ва Сизни ўраб турган оламнинг фақат яхши тарафларига диққат қаратиш йўлига юрар экансиз, энди ўша оламни қандай қилиб бундан-да яхшироқ қилиш йўлларини ҳам кўра бошлайсиз.