реклама
Бургер менюБургер меню

Робин Шарма – Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда! (страница 7)

18

Қадимий ҳикматни эсланг-а: агар Сизда керакли билимлар бўлса, ҳаётда ҳамма нарсага эриша оласиз. Билимлар Сизни исталган мақсадга эришишда асқатувчи воситалар билан таъминлайди. Билимлар Сизга шундай жавоблар тақдим қиладики, уларни тўғри тушуниб, тўғри татбиқ қила олган тақдирдагина ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаровонликка эриша оласиз. Агар Сиз уч йилда миллионер бўлишни истасангиз, токи ҳаракат қилишни бошламагунингизча бу ҳақда қанча илтижо қилишингиз ёки неча соатлаб орзу қилишингизнинг аҳамияти йўқ. Аммо агар Сиз олдингизга аниқ мақсад қўйсангиз (масалан, уч йил ичида уч миллион жамғариш), режа ишлаб чиқсангиз (масалан, янги бир ноёб маҳсулот ўйлаб топиш) ва шундан кейин бу бизнес борасидаги бошқа билимларни излашга киришсангиз бўлади. Шундай қилиб муваффақиятга эришиш учун бор диққатингизни қаратса арзийдиган ғояга ҳам, ишончга ҳам эга бўласиз.

Олдингизга қандай мақсад қўйманг, унга элтувчи йўл оддий: унга оид барча тафсилотларни яхшилаб ўрганиб чиқинг ва бу билимларингизни ақл билан қўлланг. Муваффақиятнинг энг асосий принципини ўзингиз учун ҳақиқат деб қабул қилиб олинг: сизда ҳамма имконият бор ва ҳамма нарса, уни бошқа биров уддалабдими, демак, Сизнинг ҳам қўлингиздан келади. Шунчаки, улар билган нарсаларни ўзлаштириб олиш ва улардагидек натижаларга эриша билиш лозим, холос. Бу метод “муваффақиятнинг аксланиши” номи билан машҳур. Ўз олдингизга қўйган мақсадга – бу у хоҳ бутун бошли мамлакатни бошқариш бўлсин, хоҳ бирор новвойхонани – аллақачон эришган одамнинг мутлақ кўзгудаги аксига айланишингиз шарт. Бундан ташқари, ўзингизда унинг физиологиясини (юришлари, гапиришлари, овқатланишлари) ва психологиясини (ўйлашлари, таъсир олишлари) ҳам акслантиришингиз лозим. Улар ўқиётган китобларни ўқинг, улардагидек таомнома ташкил қилинг ва уларнинг фалсафалари, ҳаётий стратегияларини ўзлаштиринг.

Юқоридагиларнинг барчасини амалга ошириш билан Сиз худди улар эришган натижалар, ютуқларга эришиш қисматини манглайингизга битиб оласиз. Битта муштарийлик чиптаси тайёрлаш орқали исталган кишига эшиклари очиладиган бу билимлар галактикасининг тадқиқотчисига айланинг. Керакли билимлар ва рисоладаги мураббий ёрдамида исталган хорижий тилни ўрганиш ёки исталган концепцияни ўзлаштиришга қодирсиз. Ўзингизга ҳар куни янги бир киши билан гаплашиш ва унинг билимларини ўрганишни вазифа қилиб олинг. Савол кетидан саволлар ўйланг. Диққатингиз остига олган мақсадга оид бўлган янги китобларни ўқинг, аудиоматериалларни тингланг. Билим бу – куч! Тез орада Сиз ўзингизда сусаймас ишонч ва тўхтатиб бўлмас шижоатни шакллантирасиз.

Худди, капалак ҳам мовий осмон остида қувнаб парвоз қила олиши учун энг аввало ўз ғумбагидан халос бўлиши лозим бўлганидек, Сиздан ҳам камолот ва гўзал орзулар рўёбига элтишга қўймаётган чекловлар “ғумбаги”дан халос бўлиш учун фаол ва астойдил ҳаракатлар талаб қилинади. Ва энди Сизнинг ҳозирда қанчалик тўкин эканингиз қай даражада бахтли эканингиз ва қанчалик бой эканингиз муҳим эмас, зеро, бундан буёғига Сизга улардан анчайин аълороқлари мунтазир. Билл Гейтс, “Microsoft” компанияси асосчиси, миллиардер бўлганида ўттиз ёшдан эндигина ошган эди. Жон Фицжералд Кеннеди эса ҳали қирққа кириб-кирмай Америка Қўшма Штатлари Президенти бўлди. Сизда ҳам улардаги сингари барча қобилиятлар мавжуд, шубҳасиз, фақат улар ўз имкониятларини – потенциалини бор бўйича намоён қилиб улгурганлар. Ҳаётингиздан шедевр ясаш учун етарли даражада ўқимишли, билимли, етук, бой ёки бахтли эмаслигингиз ҳақида “бонг урувчи” зарарли хулосаларни миянгиздан чиқариб ташланг. Ҳозироқ, шу дақиқада келгуси ҳаётингизни белгиловчи қатъий қарорга келинг ва ўзингизни намоён қилишингизга тўсқинлик қилувчи барча фикр, хулосаларни четга суриб қўйинг. Ушбу дастурнинг мағзи ҳисобланмиш онг ва тана чиниқтирилувига ҳозирланинг. Ўз онгингиз чегараларининг кескин кенгайишига ва руҳиятингизда содир бўлажак такрорий “алангаланиш”га тайёр бўлинг. Сиз аллақачон муносиб бўлиб улгурган муваффақиятлар истиқболига шайланинг.

ИНТИЗОМ ВА ҚАТЪИЯТ КУЧИ – КАМОЛОТ ДАРВОЗАСИНИНГ ОЛТИН КАЛИТЛАРИ

Ўз-ўзини такомиллаштириш ва тўкин ҳаётга эришиш бахтининг энг асосий омилларидан иккитаси интизом ва қатъият кучи ҳисобланади. Уларга эга бўлиш билан Сиз буюк ҳаёт томон илк одимларни ташлашингиз мумкин бўлади. Бу айнан муваффақиятни кафолатлайдиган сифатлардир. Интизом ва ақлий матонатга эга бўлсангиз, ҳамиша, ҳамма жойда энг охиригача бориш учун ўзингизда куч топа оласиз. Сизда феъл-атвор мустаҳкамлиги шаклланади. Бу эса “Кайзен” принципларини амалда татбиқ эта олишингизга ва ўз имкониятларингизни барча мақсадларингизга эриштира оладиган даражада намоён қила билишингизга замин яратади. Айнан интизом Сизнинг феъл-атворингизга куч беради. Ва бу куч ёрдамида Сиз телевизор ва бошқа бемаъни вақт ўлдириш эрмакларидан сақланиб, қимматли дақиқаларингизни ҳаётингизда чинакам ўзгаришлар қилишга қодир ишларга сарфлашга қодир бўласиз. Интизом ва қатъият кучи шарофати билан ҳақиқатда муҳим ҳисобланган нарсалар ҳеч қачон Сиз учун ҳеч бир қимматга эга эмаслари “шафқатига қараб қолмайди”.

Ҳафтада 198 соат бор. Интизом ва қатъият мана шу соатларнинг самарали ўтиши кафолатидир. Ҳаётингизда ҳамма нарса мувозанатга солинади: жисмоний ўсиш, онг чиниқуви, феъл-атвор мустаҳкамланиши, профессионал тайёргарлик, оммавий фаолият, кўнгилхушлик ва саргузаштлар ҳам энг соф кўринишида ва ҳаммаси Сизнинг камолотингизга хизмат қилади. Роттердамлик Эразм айтган экан: “Михни мих билан чиқариш самарали бўлганидек, одатни ҳам бошқа бир одат орқали тарк қилган афзал”. Ҳақиқатан, интизомнинг юраги ҳам айнан одат ҳисобланади. Ҳар қандай соҳада ҳам муваффақиятга фикрлари жиловланган ақл ва доимий меҳнат эвазига эришилади. Ҳаётимизга интизом қўшажак кучсиз бир дона ҳам орзуни рўёбга чиқариб бўлмайди. Қатъият кучисиз эса беқарорлик, танбаллик ва бекорчилик деб аталмиш иблислар қурбонига айланасиз.

Интизом ва қатъият кучи Сизни ҳаётий фаровонлик энг олий чўққиларига олиб чиқади. Қачонки ўша руҳий мушаклар доимий шуғуллантириш натижасида чиниқиб, одатларга айланар экан, бунинг меваси ўлароқ ақлни шошириб қўювчи натижалар кўзга кўрина бошлайди ва уддаланиши энг оғирдек туюлган вазифалар ҳам оддий ва осон бўлиб қолади. Интизом ўз онгини назорат қилиш ва бўлар-бўлмас тўполонларни четга сурган ҳолда ижобий фикрлашдек ўта муҳим одатларни шакллантиришда Сизга асқатади.

Интизомсиз ёки ҳеч бўлмаганда ўзингизда интизомни ўстиришга бўлган кучли иштиёқсиз ўз онгингиз қўлида қул бўлишга маҳкумсиз. Феъл-атвор мустаҳкамлиги ва ақл бардамлигидан ташқари Сизда яна фойдали фикрлар захираси ҳам қурий бошлайди. Сиздаги қатъият кучи мадорсизланиб, ўзингизнинг олий мақсадларингиздан чалғий бошлайсиз. Қатъият кучисиз Сиз ҳаддан зиёд кўп ейсиз, ҳаддан ортиқ хавотирланасиз ва ҳаддан ташқари кўп ухлайсиз. Қатъият кучи нима эканини амалда кўрмоқчи бўлсангиз, Ганди, Вашингтон, Тереза она, Ҳелен Келлер ва Брюс Ли ҳаёти ҳақидаги асарларни мутолаа қилиб кўринг, шунда кўп нарсага тушуниб етасиз.

Шахсий тараққиётни таъминлаш мақсадида инсон ўз олдига қўйиши мумкин бўлган энг муҳим марралардан бири ҳам айнан шахсий интизомни шакллантириш вазифасидир. Х.П. Лиддон айтганди: “Бизнинг у ёки бу ишни қандай важдан бажаришимизга қараб бизнинг ҳозирда ким эканлигимизни билса бўлади. Бизнинг ким эканимиз эса барча ўтган йиллардаги шахсий интизомимиз мевасидир”. Раймон де Сен-Лоран ўзининг “Қатъият кучи” номли китобида ёзади: “Кучли характерга эга инсон бу – ўз олдига аниқ, асосланган мақсад қўйиб, то унга эришмагунича ҳаракатдан тўхтамайдиган инсондир”. Ўз қатъият кучингиз, ўз хоҳишингизни бошқаришни ўзлаштириб олсангиз, ҳеч қандай орзу Сизга эришиб бўлмасдек туюлмай қўяди. Бошқа ҳеч ким Сизни муваффақиятингизга олиб борадиган йўлдан чиқариб юборишга ёки мақсадларингизни амалга оширишга бўлган ҳаракатларингизга халал беришга қодир бўлмай қолади. Қуйида қатъият кучига оид бир нечта билиб олиш жуда муҳим бўлган жиҳатлар санаб ўтилади:

а) Ғолиблар ҳамиша интизомлидирлар! Ҳаётда катта муваффақиятларга эришган одам шубҳасиз, кучли интизом ва қатъият кучига эга бўлган одамдир. Бу сифатларни ишга солиб Сизни ўраб турган муҳитни бутунлай янгилаб юбориш мумкин. Ва яна, шуни ҳам тушуниб олиш лозимки, бу сифатларга Сиз аллақачон эгасиз, фақат улар ҳали ҳам ич-ичингизда мудроқда бўлсалар, эҳтимол;

б) Ўз қатъият кучингизни ишга солинг! Қандай қилиб интизом/қатъият кучини чиниқтира олиш сири жуда оддий: улардан давомли фойдаланиш лозим, акс ҳолда улардан ажралиб қолиш хавфи бор. Табиат ўз қоидаларига амал қилишга келганда жуда ўжар. Хотирангиз янада ўткир бўлишини истасангиз, уни чиниқтиришга тўғри келади. Худди шу тартибни ўз тасаввурларингизга нисбатан ҳам қўллаш зарур. Ўзингизни қанчалик кучли инсон сифатида кўришни истасангиз, шундай тасаввур қилинг. Бу ҳам интизом ва қатъият кучи мушакларининг чиниқишида ёрдам беради. Мақсад – уларни доимий равишда ишга солиб, меъёр даражасида зўриқтириб туриш. Ана ўшанда улар Сизга ҳеч тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган тартибда “миннатдорчилик билдирадилар”;

c) Ўзингизга катта-катта умидлар боғланг ва олдингизга буюк мақсадлар қўйинг! Сиз ҳатто ўзингизга ҳам заиф, кучсиз, пассив, бўшанг одамдай туюлсангиз, шуни билиб қўйинг, ичингизда – қаерингиздадир қаттиқ сиқиб қўйилган қаъият кучи пружинаси бор. У бўшатилса ва қўллай билинса, ундан беадад қувват, энергия олиш шубҳасиз;