реклама
Бургер менюБургер меню

Робин Шарма – Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда! (страница 5)

18

Хўш, шунчалик муҳим дейилаётган “ўт олиш” соатида нималар қилишингиз лозим? Жавоб жуда оддий. Сиз ўзингизни такомиллаштириш билан машғул бўласиз: “Кайзен”. Таклиф қилинажак дастурда ҳаммаси ипидан-игнасигача аниқлаштириб қўйилганига қарамай, билиб олишингиз лозимки қуйида келтирилганларга ҳар куни – кундан-кунга кўпроқ вақт ажратишингизга тўғри келади.

Табиатан шахсият тараққиётига Сизга янги билим берувчи ва ҳаётингизнинг у ёки бу элементини яхшилашга хизмат қилувчи ҳар қандай фаолият замин бўла олади. Бундай шахсий тараққиёт ўз-ўзини янгилаш ва руҳий босимларни камайтиришни ўзида мужассамлаштиради. Бунинг учун кундалик бажаришингиз мумкин бўлган машғулотлар қаторига бирор-бир фойдали китоб, масалан. “Ижобий фикр қуввати”

ёки “Ўйла ва бой бўл” мутолаасини киритишимиз мумкин. Яна иш жойингизга автомобиль, автобус, боринг, ана, пиёда йўл олар экансиз, Сизга кўтаринкилик бағишловчи мусиқа тинглаш ҳам бебаҳо фойдали одат вазифасини бажара олади. Ёки бирор-бир янги адабиётни “газак” сифатида “ҳазм қилиб” юборишингиз ҳам ва ҳатто… Оддийгина қуёш чиқишига термилишингиз ҳам. Гап шундаки, юқоридагиларнинг ҳар қайси давомида Сиз ўз онгингиз “магистрали”ни ҳаётингизни яхшилаб юборишга хизмат қилувчи бемисл маълумот оқимига буриб қўйган бўласиз.

Кўпчилик одамлар ҳаётида мўъжизалар содир этишга қодир бўлган стратегия ва методларни ўрганиш, албатта, агар одамлар улар ҳақида билсалар, ҳам қизиқарли! Биз керак нарса бу фақатгина битта кучли ғоя, ғоя бўлгандаям ҳаётни яхшилик сари ўзгартириб юборишга қодир ғоядир.

Илғор бўлишни истайсизми – кўпроқ ўқинг. Мутолаага ҳар куни вақт ажратишни ўзингизнинг қатъий одатингизга айлантиринг. Тушликни ўтказиб юбориш фалокат эмас, аммо шахсият тараққиёти учун вақт тополмаслик ҳеч ҳам ярамайди.

Сиз танангиз учун жуда муҳим бўлган мукаммал саломатликни таъминлаш учун ҳар куни камида 30 дақиқа ажрата олишингиз лозим. Юқорида ҳам бир неча марта такрорлангани кундалик машғулотлар шахсий камолотга элтувчи энг самарали восита ҳисобланади. Агар кимдир Сизга узоқ умр кўриш, қўшимча қувват ва ҳаловат сирларини билишини айтса ва буни Сизга шунчаки – машаққатсиз таклиф қилса, ишонманг унга! Ахир сирнинг ҳаммаси ўзингизда-ку: кундалик машғулотлар ёрдамида ўз танангиз узоқ умр кўришга иштиёқ қандай кириб келаётганининг гувоҳи бўласиз ва Сизнинг ҳаётингиз жиддий суръатда ўзгара бошлайди.

Кундалик бир нечта машғулотлар ўзингизни янаям хотиржам ҳис қилишингизга, эътиборни жамлай олиш қобилиятингиз, самарадорлик даражангиз, ижодий салоҳиятларингизни ўстиришга ёрдам беради ва ички оламингизни яхшигина ривожлантиради. Машғулот дастури Сизга тақдим этган ўша қувватга эга бўлгач, орзуларингиз тарафга элтувчи қадамларни шахдам-шахдам ташлай оласиз. Сузинг, югуринг, карате билан шуғулланинг, сув устида чанғини ўзлаштиринг, сквош ўйнанг, велосипедда учинг, томорқачилик билан шуғулланинг, тоза ҳаводан нафас олинг, роликли доскачада сайр қилинг, аэробикадан завқ олинг, хуллас, нима қилсангиз ҳам оёққа шиппакни илиб олиб, бутун оқшом телевизорга тикилиб ўтиришдек зарарли одатдан халос бўлинг.

Дўстларингиз Сизга кўринишингиз ажойиб эканини ва ёшингиздан навқиронроқ кўринишингизни айтишса, нимани ҳис қиласиз? Ўзингизни қандай сезган бўлар эдингиз иш кунингиз якунланиб уйга қайтгач, бир муддат оилангиз бағрида бўлиб, болаларингиз билан ўйнагач, ҳовли бўйлаб енгил сайр ташкил этсангиз ёки Сизга ҳаётнинг улуғворлигини чин дилдан ҳис қилишингизда кўмак берувчи жисмоний машғулотларга бир неча соат ажратишни ният қилиб ертўлагами, омборхонагами йўл олсангиз? Менга ишонинг, жисмоний бардамлик руҳий тетикликдан устунроқ туради.

Тана ва онг тезюрар пойга автомобилига қиёс. Уни ўз вақтида совитиб, керакли тартибда мойлаб турилсагина, ўз имкониятларини тўлиқ намоён этади. Ҳордиқ олиш, тинчланиш тана учун жуда муҳим. Зеро, унингсиз танаси барбод бўла бошлайди ва тириклигини йўқота бошлайди. “Ҳиссиётлар оламида кезувчи ва шунга қарамай бундаги ҳар бир ҳиссиётни бир маромда қўллаб-қувватловчи руҳ фақатгина сокинликда ҳаловат топади”, дея нақл қилади қадимий ҳинд ҳикмати. Тана ва онг ўзаро узвий боғланган. Агар танангиз зўриқса, унда онгингиз ҳам зўриқиб, беҳаловат бўлиб қолади. Сиқилтирувчи ҳолатлар ижодий қобилиятларни ва ақлий фаолиятни жиддий сусайтириб юборади. Сиқилтирувчи ҳолат – босим остида эканингизда ўзингизнинг энг яхши томонларингизни намоён қилолмай қоласиз, ишга барча имкониятларингизни тўлиқ сафарбар этолмайсиз.

Яқинда дўконда тасодифан йиғлаётган боласини овутишга уринаётган аёлни кўриб қолдим. У тинмасдан: “Женифер, йиғлама! Женифер, бақирма! Женифер, тинчлан!” деб бир маромда қайтарарди. Мен уларнинг олдидан ўтиб кетарканман, аёлга сўз қотдим: “Маъзур тутинг, хоним, аммо қизингиз билан қай услубда мулоқот қилишингиз мени ғоят таъсирлантирди”. Аёл эса менга қараб, жилмайди: “Женифер – менинг ўзим”.

Ҳар биримизда юрагимизни сиқувчи ҳолатлар билан курашишнинг ўзимизгагина хос усуллари бор. Энг муҳими эса – шу усулнинг иш бериши ва биз уни, кунига ҳеч бўлмаганида 10 дақиқадан бўлса ҳам, қўллай олишимиз. Онгимизни тинчлантириш ва ҳордиқ олдириш учун ҳар куни вақт топа билишимиз жуда муҳим. Бу Сиз ҳаётингиз давомида қабул қилган қарорларингиз орасида энг асосий ва мақбулларидан бири бўлади. Зеро, бу қарор ҳаётингизнинг деярли барча жабҳаларида самарадорликнинг кескин ошишини таъминлайди. Ҳар кунлик тинчланиш, медитация ва руҳий ҳордиқ машғулотларига вақтим йўқ дейиш, биласизми, нимага ўхшайди? Автомобилда кетатуриб, ёқилғи шохобчасида тўхтаб, ёқилғи қуйдиришга вақтим йўқ, дейишга ўхшайди: эртами-кечми, бунга вақт тополмаганингизда афсусланасиз.

Шарқда кундалик тартибга айланган диққатни сукутга қаратиш соатлари кундалик ҳаётда овқатланишдек оддий ва доимий амалиётга айланиб улгурган – ҳамма бу ишлар билан кичик ёшидан шуғулланишни бошлайди. Хотиржамлик, ҳаловат, онг ва қатъият тиниқлигига фақатгина ҳар кунлик тинчланиш ва янгиланиш соатлари орқали эришилади. Ҳиндистон ва Хитойнинг чуқур нафас олишга доир кўҳна методикалари, танани кўрсатилгандек чўзиш машқлари ва йога амалиётлари, медитация, табиат билан алоқа ўрнатиш, ўз-ўзини массаж қилиш ва онг хотиржамлигини таъминлаш Сиз яқин кунларни ишлашни бошлайдиганингиз 30 кунлик “Суперҳаёт” дастурининг муҳим қисмини ташкил этади. Шу ўринда XVII аср файласуфи айтган ҳикматга баҳо беринг: “Хотиржам онг ҳаммасини даволайди”. Ўз онгингиз ва танангизни кундалик тартибда хотиржам торттиринг, янгича ҳаёт бошланг ва ўзингизнинг энг кучли имкониятларингизни юзага чиқаринг.

ИНСОН ОНГИ ТАБИАТИ: МИСЛИ ЙЎҚ ҚУДРАТ

Ҳали ич-ичингизда мудраб ётган улкан энергия захираларини уйғотиш ва ишга солиш учун инсон мияси қай тартибда ишлашини тушуниб олиш муҳим. Ҳаётда ҳамма муҳим қурилма, аслаҳа, аппаратлар уларни қандай ишлатишга доир махсус қўлланмага эга. Мактабда бизларни мураккаб математик масалаларни ечишга ўргатишади ва биз боришимиздан бормаслигимиз аниқроқ бўлган олис-олис мамлакатлар пойтахтларини ёд олдиришади. Ўзимиздаги, бизга берилган энг олий туҳфа бўлмиш онгимизни ўрганиш-чи? Шахсий камолот ва муваффақиятга элтувчи биринчи қадам миямизнинг қандай ишлаши ва уни қандай қилиб ишлата олишимиз тушуниб олишдир. Иккинчи қадам эса яна бир ҳақиқатни англаб олиш: бизнинг онгимиз ҳаётимизни мўъжизавий равишда ўзгартириб юборишга қодир, фақатгина унга имкон берилса бас. Ҳаётда Сизга ғов бўлиши мумкин бўлган ягона нарса бу ўзингизга ғов деб билганларингиздир. Қачонки Сиз турли хил ғовлар, тўсиқлар ҳақида ўйлашни бас қилиб орзу қилишда давом этар экансиз, ана ўшанда энг ажиб ҳодисалар содир бўла бошлайди ва “ўйин”га энг қудратли кучлар келиб қўшилади.

Ўз миянгизни ҳамма буюк донишмандлар ишлатганликлари каби самарали ишлатишни истасангиз, қуйида келтирилажак ақлий камолотнинг 10 олтин қоидасини ўрганиб чиқинг.

1. Муваффақиятингиз миқдорини Сизнинг шу сония, шу дақиқа ва шу куни қандай фикрлаётганингиз белгилайди. Фикрларингиз оламингизни шакллантиради: ақлий камолот ҳаётингиздаги камолотнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Бугунги фикрларингиз эртанги кунги орзуларингиз, аниқроғи, уларнинг рўёби учун қўйилаётган пойдевор ғиштлари демак.

2. Сизни ўраб турган ташқи оламингиз ички дунёнгизни акслантиради. Агар Сиз ўз ҳаётингизни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, унда бу ишни миянгизда айлантираётган фикрларингизни ўзгартиришдан бошлашингиз зарур бўлади.

3. Нимани фикр қилаётганингизга жавобгар – фақат Сизнинг ўзингиз. Янаям муҳимроқ нима бўлиши мумкин: Сиз ҳар куни онгингизни интизомга солиб, шуғуллантириб ўз фикрлаш тарзингизни буткул ўзгартиришингиз ва салбий ўйлар суриш одатини бас қилишингиз мумкин. Фикрлаш тарзи ҳам бир одат ҳисобланади. У ҳам ҳамма одатлар сингари ўзгартирилиши мумкин, албатта агар буни амалга оширишга қаратилган кучли истак бўлса ва тегишли чоралар сидқидилдан амалга оширилса бас.

4. Самарадор фикрлаш қобилияти бир кунда шаклланиб қолмайди. Жон куйдирса арзийдиган барча бошқа ишларда ҳам бўлгани сингари сиздан машаққатли меҳнат талаб қилинади. Аммо мана, кўрасиз, 30 кунлик кундалик, бутун диққат жалб қилинган амалиётни босиб ўтаркансиз, ўзингизнинг фикрлаш, ҳис қилиш ва амалга ошириш тарзингизда кечаётган ажойиб ўзгаришларга гувоҳ бўласиз.