реклама
Бургер менюБургер меню

Робин Шарма – Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда! (страница 3)

18

Ўтмишда орттирилган барча аччиқ тажриба – мағлубият ёки омадсизликлар – Сизнинг ичингиздаги ўша потенциалга ҳеч қандай боғлиқ эмас. Улар Сизга беролган нарса фақатгина – тажриба, бундан ташқари билим ва куч – бундай тажрибаларсиз орттириб бўлмас билим ва куч. Оғриқ мураббий демак. Бугун ва бугундан бошлаб ўз ҳаётингизнинг барча масъулиятини, барча юки устидан жавобгарликни тўла-тўкис ўз зиммангизга олинг. Сизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Агар иқтисодий тарафлама қийналаётган бўлсангиз, Сизга маблағ етишмаётган бўлса, ҳаётингизни тубдан ўзгартиришга қаратилган қарорлар қабул қилинг ва орзуларингиз рўёбини таъминловчи аниқ йўналтирилган тадбирларни амалга оширинг. Ёки агар мукаммал соғлиқ ва кўпроқ энергияга эҳтиёж сезсангиз, у ҳолда ич-ичингиздан отилиб чиқувчи ва Сизни янаям ҳаётийроқ, жўшқинроқ бўлишингизга хизмат қилувчи қарорлар қабул қилинг. Агар Сизга атрофингиздагилар билан гўзал, бенуқсон муносабатлар ўрнатиш зарур бўлса, унда ўзингизни шундай муносабатлар ўрнатишга қодир одамга айланишга мажбур қилинг.

Сизга бир нечта саволлар беришимга ижозат берсангиз. Уларга жавоб бериш ҳам, ижозатингиз билан, бироз вақтингизни олади (вақтини аямаганлар, мевасини кўради).

Савол:

1. Ҳаётда ҳаётингиз устидан ғолиб инсон бўлишни истайсизми?

2. Янаям кўпроқ ақлий, фикрий кучга эга бўлишни хоҳлайсизми?

3. Бенуқсон саломатлик истайсизми?

4. Кўпроқ ҳаётий энергия, яшашга иштиёқ эгаси бўлишни-чи?

5. Ҳаётингизга кўпроқ завқ, қувонч қўшишни истармидингиз?

6. Орзуларингизни рўёбга чиқаришни хоҳлармидингиз?

7. Ҳаётингизда кўпроқ хотиржамлик, ҳаловат бўлишини истайсизми?

8. Ҳаётингиз саргузаштларга бой бўлишини-чи, хоҳлармидингиз?

9. Кучли характер – феъл-атвор эгаси бўлишга-чи, нима дейсиз?

10. Узоқ умр кўришни истайсизми?

11. Мукаммалликни, бенуқсонликни излаяпсизми?

Агар берилган саволларнинг биттасига бўлсин “Ҳа!” деб жавоб берган бўлсангиз, у ҳолда Сизга таклиф этилаётган бу дастур фаровон ҳаётга эришишингизда Сизга бебаҳо кўмакчи бўлиши шубҳасиз. “Суперҳаёт” дастури ўзида жисмоний камолотга элтувчи замонамизнинг энг сўнгги, энг янги усуллари ва ақлий камолоту феъл-атвор шакллантирилувига йўналтирилган қадимги Шарқ соғлом турмуш тарзи стратегияларини ўзида мужассамлаштиради.

Ўзингизни шахсий камолот ва ҳаётий муваффақиятлар ишғолига бағишлар экансиз, ўзингиз ҳам бунинг қанчалар осон ва шу билан бирга завқ берар жараён эканлигига амин бўласиз. Майда муваффақиятлар катта ғалабаларга элтади. Ўзингизни олдингидан кўра яшашга иштиёқмандроқ ва ҳаётий қувватга бойроқ ҳис эта бошлашингиз билан эришаётган ютуқларингиз, муваффақиятларингизга ҳам барака кириб келганини сезасиз. Ахир, ўзини аъло сезмагунча, аъло ишларга қодир бўлиш мумкин эканми? Ана шунинг билан омадли ҳаётнинг иккинчи ўта муҳим принципи келиб чиқади: “Биз ўсиб бораётганлигимиз ва ҳаётга у ёки бу йўл билан ҳисса қўшаётганимизни ҳис қилиш билан бахтлимиз!” Яшашдан асосий мақсад бошқаларга керак бўлиш ва ҳар биримиз ич-ичимиздан биздан “фойдали” мерос қоладиган умрни яшаб ўтишни орзу қиламиз. Ўзингизни миянгиз, танангиз ва руҳиятингиз тубидан уларнинг ақл бовар қилмас имкониятларини “кавлаб топиш”га бағишлар экансиз, ўз-ўзидан ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасида унинг ҳар бир дақиқасини мўъжизага айлантириб юборишга қодир қудратни уйғотганингизни, уни “ўйин”га қўшганингизни сезмай ҳам қоласиз. Ўзингизни ўстираётганингиз, камолга етказаётганингизни сезганингиз сари эса Сиздаги ишонч ва иштиёқ ўз мевасини бера бошлайди. Ана ўшанда Сиздаги бор энергия ва муҳаббат ёрқин рангларда гул солиб юборади. Ҳаётий энергия соҳилларига сиғмаётган денгиздек қирғоқларга ўзини ура бошлаганда эса Сизда бирин-кетин ҳаётингизни фаровон этувчи бир-биридан ажойиб имкониятлар туғила бошлайди. Ҳиндистоннинг, менга қолса, энг буюк файласуфи бўлмиш Патанжали юқоридагиларни энг чиройли йўл билан нақл қилганди: “Сизни қандайдир буюк мақсад ёки ғайриоддий гўё илҳомлантиришни бошлаганида, онгингиз сарҳадларни ёриб ўтади, тафаккурингиз барча жабҳалар бўйлаб кенгаяди, Сиз бўлса мутлақо янги, ажойиб, беқиёс оламга тушиб қоласиз. Мудроқ кучлар, жиҳату қобилиятлар жонланиб кетади ва ўзингизни олдинлари фақат орзу қила олган ҳолатингиздан-да буюкроқ ҳис эта бошлайсиз”.

Ушбу китобнинг келгуси бўлимлари ва ҳаётни фаровонлаштиришга қаратилган 30 кунлик “Суперҳаёт” дастури ҳаётингизнинг муҳим ҳисобланувчи ҳар бир жабҳасида ўзининг бемисл натижаларини намоён қилади. Энди ўзингиз севган машғулотларга вақтингиз етмайдигандек туюлмай қўяди. Ўзлаштиражак қобилиятларингизни қўллаш орқали Сизни ўраб турган муҳитни шу қадар ўз измингизга солиб ўзгартира оласизки, пировардида ўзингиз ҳақиқатда муҳим деб ҳисоблаган нарсаларга етасиз, эришасиз. Энди ўзингизни куз шамоли дарахтдан юлиб олиб, вақт ва ҳаёт устидан ҳеч қандай назоратсиз аҳволида учириб бораётган япроқдек ҳис қилмайсиз. Сизга таклиф қилинажак самарали ва содда методларни амалга татбиқ этиб фаолиятингизда шу қадар самарадорликни таъминлайсизки, имкониятларингиз ҳатто Сизни ҳам лол қолдиради. Ахир Сизда ҳам худди уларда бўлганидек энг асосий “зиравор” бор. Агар Сиз орзу қилаётган муваффақиятларга бошқалар эришган, эришаётган бўлсалар, демак, улар шунчаки баъзи нарсаларни бир оз бошқачароқ бажармоқдалар. Балким, улар ўз мияларини жиндек кучлироқ, самаралироқ “юргизмоқдалар” ёки ўз вақтларини тўғрироқ, тартиблироқ тақсимламоқдалар. Шу холос! Ёки бўлмаса, улар мавжуд маълумотлардан, билимлардан унумлироқ фойдаланмоқдалар ёки ҳаётларини кучлироқ интизом устига қурганлар ва ўз қоидаларига қатъий амал қилишда собитқадамлар. Узоқ муддатли ва мустаҳкам омадга эришиш воситаларини ўз ҳаётингизга татбиқ этишни бошлаш билан Сиз ўз мақсадларингизга элтувчи йўлни кўра бошлайсиз. Ўз-ўзини такомиллаштириш аҳамиятини ва ҳаёт Сизга ҳар сонияда тақдим этиб, тўхтамаётгани буюк имкониятларни ўзингиз учун қайта кашф этасиз. Ҳар бир куннинг мўъжиза эканини, ҳаётнинг эса ҳар йўлагидан юриб кўрмаслик гуноҳ бўлган бир ажиб йўл эканини тушуниб етасиз. Бу йўл эса ўз навбатида тиканзор ҳам, чаманзор ҳам бўлиши мумкин – ҳаммаси Сизга боғлиқ. Инглиз шоири Уильям Вордсворт айтганидек: “Бизни тўлдириб турган ҳаммаси ҳамдга лойиқ”.

ДАСТУР ЁРДАМИДА ЎСИШ ВА ЧИНАКАМ ҲАЁТНИ АЛАНГА ОЛДИРИШ

“Суперҳаёт” дастури Сиз учун одат тусига кирар экан, муваффақият ва қувончга элтувчи йўлда ҳеч қандай ғовларга дуч келмайсиз. “Сабр – эркакнинг муҳим жиҳати”, деб ёзган эди Квай Ку Су.

Дастур Сизга тақдим этажак фавқулодда муваффақиятларга эришиш учун қуйида келтирилажак бандларга қатъий риоя қилиш талаб қилинади.

Дастурни кунлик тартибда бажаринг. Шу 30 кун давомида Сизга таклиф қилинажак методларнинг муваффақиятлилик даражасини баҳолашни кейинроққа қолдиринг. “Суперҳаёт” дастури ўз-ўзини такомиллаштиришга оид Ғарб ва кўпчилик учун ҳалигача сирли бўлиб қолаётган Шарқ фалсафасидан сараланган энг самарали ғояларни ўзида уйғунлаштиради. Бунда Сиз танишадиганингиз кўпгина ақлий ва жисмоний тараққиёт воситалари Шарқ донишмандлари томонидан 5 000 йилдан буён ишлатилиб келинмоқда. Қаришни секинлатувчи, танамиздаги янги қувват манбаларини очувчи ва фикрлаш тиниқлигига эриштирувчи баъзи машғулотлар эса улуғ Ҳимолай тоғларида яшовчи йогаларнинг одатларини чуқур ўрганиш натижаси ўлароқ ишлаб чиқилган. Бу методлар Сиз учун бир қарашда ғайриоддийдек туюлиши мумкин, аммо уларни ўзингизда синаб кўришлик билан бемисл фойдаларини бутун танангиз билан ҳис этасиз. Шахсий самарадорликни оширишга қаратилган бошқа машқлар эса чунончи иш кунини режалаштириш ва бошқалар билан муносабатлар қуриш сингари, ғарблик ўқувчиларга таниш туюлса, ажаб эмас. Биринчи кунданоқ ижобий натижаларни пайқамасангиз, руҳингизни туширманг. Тадқиқотларга таянилса, амалиётларга куч сарфлаш бошлангач, ҳаётингиздаги ўзгаришлар сезиларли тус олгунигача 21 кундан кам бўлмаган муддат талаб қилинади. Таклиф қилинган дастурни кунлик тартибда бажариб борар экансиз, ўзингизни яхшироқ сезишни, яхшироқ ишлашни ва яхшироқ ютуқларга эришишни бошлайсиз. Ҳаётингизга унча катта бўлмаган, аммо кунлик ўзгаришларни бир маромда ва узлуксиз аснода олиб кириш билан ўзингиздаги шавқ, иштиёқни оширасиз ва бунинг ижобий натижаларини яққол кўрасиз. Майда муваффақиятлар катта ғалабаларга элтади.

Китоб сўнгида келтирилажак 30 кунлик дастурда белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилинмаган бир кунни, биттагина кунни ўтказиб юборинг-а, тамом… Сизда юксалиш кузатилмайди. Ҳаётингиздан биргина куннинг шахсий натижалар, ютуқларсиз сирпаниб чиқиб кетишига йўл қўйиб берсангиз (майли-да, унда эришилиши мумкин бўлган ютуқлар қанчалик камтарона бўлмасин) ҳаётингизни яхшилаш сари чиққан сафарингизда ачинарли миқдорда ортга тисарилишга маҳкумсиз. Шундай экан, бу инқилобий дастурдан бир кунни ҳам ўтказиб юбормасликка тиришинг – унинг принципларини кунлик тартибда ўзлаштириб, татбиқ қилиб бориш, шубҳасиз, буюк муваффақиятларнинг калити ҳамда мия, тана ва руҳият чиниқувида муҳим воситадир. Бу қатъий интизомдан мақсад барча “самарадорлиги паст” бўлган ёки бошқача айтганда, баракасиз ўтказилган кунларни бир-бир “босиб ўтиш”, камайтириш ва йўқ қилишдир. Тез орада улар анча камайиб қоладилар, қолганлари орасидаги баракали кунлар эса кўпайиб кетишади. Бу натижалар қатъият маҳсулига хос.