Робин Шарма – Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда! (страница 2)
Инсон онги чексиз потенциалга эга бўлиб, кўпчилик одамларда, негадир, эҳтиёж сезилмасдан ҳам қолиб кетади. Айтишларича, ҳатто энг буюк олиму файласуфлар ҳам мияларининг бор-йўғи 25 фоизидангина фойдаланган эканлар. Унда қолган 75 фоиз қисмда нима содир бўлади? Улуғ Ҳимолай тоғларида яшовчи ҳинд йогалари ўз онгларини шу даражада машқ қилдириб ўрганганларки, улар ҳатто ўзларидаги назорат қилиб бўлмас жараёнлар – юрак уриши, ҳазм қилиш, асаб тизими фаолиятини ҳам бошқара олишга қодирлар. Бу Шарқ донишмандлари, мана, беш минг йилдан зиёд вақт мобайнида онг ости “қудуғи”ни қазиб келмоқдалар ва бугунга келиб уни назорат қилиш санъатини илм-фан даражасида ўзлаштириб улгурганлар. Турли медитация амалиётлари ва нафас олишни назорат қилиш усуллари орқали йогалар ақл бовар қилмас оғриқларга тоқат қилиш, узоқ муддатлаб егулик ёки уйқу нималигини билмай яшай олиш кўникмаларига эга бўлдилар. Кўряпсизми, ҳар биримизда қандай улуғ қудрат яширин?! Дилбандлари автомобиль остида қолганини кўрган оналарнинг асабий талваса исканжасида ўша машинани қўлларида кўтарганликларига гувоҳ бўлинган. Етмишни қоралаб қўйган отахонларнинг марафонларда чопаётганлари, тоғ чўққиларини забт этаётганликларини эшитиб турамиз.
Инсон онги ва ғайрати, агар тўғри йўлга қўйилса ва комиллик даражасигача олиб чиқилса, мўъжизалар яратишга қодир. Шунга қарамай, кўп ҳолатларда инсоний онг парваришлаб ўстирилмаган, татбиқ этиб ўрганилмаган, янаям ачинарлиси, эҳтиёжи сезилмаган ҳолича қолиб кетмоқда. Одатда, ҳар куни инсон тахминан ўртача 60 000 тагача фикр ўйлар экан. Ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси шундаки, ўша фикрларнинг 95 фоизини ҳозиргина ўйлаган фикрларимизнинг такрорий мулоҳазаси ташкил қилар экан. Агар шу сингари “қолипли фикрлаш” чегаралари ёриб ўтилса, ақлга сиғмас миқдордаги ақлий қувват – энергияни “озод қилишимиз” ва чек-чегарасиз фикрлашни одат қилиб олишимиз мумкин бўлади. Ўзингизни одатий – “қобиқли” фикрлаш сарқитларидан соқит қилинг. Барча тўкин-сочинликда яшовчи одамлар аллақачон шу ҳақиқатни англаб етганлар: бизнинг олам бу бизнинг ўй-хаёлларимиз, фикрларимиз инъикоси – маҳсулидир ва шунинг учун бир дона бўлсин ёмон фикр, ёмон ўй суриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мўъжизаларга тўла ҳаёт сари ташланган илк қадамнинг моҳияти бу бизнинг ташқи оламимиз аслида ички оламимиздан бошланажак эканлигини англаб етиш, ҳар бир фикр эса бизни гўзал мақсадларимиз, орзуларимизга элтишга қаратилган бўлиши лозимлигини тушунишдан иборатдир. Ўй-фикрларимиз афсунларга қодир ва биз истаган нарсани бўлдириш хусусиятига эга. Бугунги фикрларимиз эртанги орзуларимиз рўёби демак.
Маҳатма Ганди қотмадан келган, озғингина, аммо қатъиятли инсон, фақатгина сокин қаршилик кўрсатиш эвазига юз миллионлаб ватандошларини оёққа турғизишга ва қудратли бир империяни парчалашга эришди. Ваҳоланки, у бунинг барчасини Жанубий Африкада орттирилган озгинагина ҳуқуқий малакага эга оддий адвокат сифатида бошлаган эди. Айнан ўша оғриқ – адолатсизликлар етказган маънавий жароҳат оғриғи унда атрофидаги оламни тубдан яхшилашга қаратилган қатъий мақсадни, олий истакни алангалатди. Ва Ганди, ҳамма буюк инсонларда бўлгани сингари, ўз устида ишлашни бошлади. У онгу шуурини бойитишга ва ўз ҳаёт йўлини чексиз қатъият билан безашга киришди. У фаолиятининг энг аввалги босқичлариданоқ ҳаётидан музаффар шахслар тушуниши лозим бўлган ҳақиқатни англаган эди: ташқи муваффақиятлар ҳамиша ички муваффақиятлардан улгу олади. Қилаётган ишининг эзгу эканлигига бўлган қатъий ишонч билангина қуролланган бу камтарингина, оқ матога ёпинган киши улуғ мамлакатини мустақилликка олиб чиқа олди.
Арнольд Шварценеггер биринчи марта машғулот залига қадам қўйганида жуда ёш эди. Бунинг устига, унинг оёқлари озғин, кўкраклари суякларига ёпишган, кураклари туртиб чиққан аҳволда бўлиб, буни унинг молиявий имкониятлари ҳамиша фавқулодда камтарона бўлган муҳитда улғайгани билан изоҳласа бўларди. Ҳолбуки, Арнольднинг ички имкониятлари ҳамиша баланд бўлган. Тез орада илк машғулотлар чоғидаёқ атлетлардан бирига ўзининг беш йилда “Мистер Борлиқ” (бодибилдинг бўйича энг олий мусобақа ғолибига бериладиган унвон.
Шунинг учун ҳам ҳозирда Сиз учун биринчи рақамли вазифа бўлиб турган нарса бу чегарасиз фикрлашни одат тусига айлантиришдир. Онг ҳам мушакларга ўхшайди: агар қувватсизланиб қолса, унинг кучини машғулотлар ёрдамида ошириш мумкин. Агар Сиз ҳамиша нимадандир ташвишда, беҳаловат бўлсангиз ёки ўтмишингиз кишанлари билан яшашга маҳкум бўлсангиз, у ҳолда бу иллатлардан халос бўлиш сирларини китоб сўнгида келтирилган 30 кунлик дастур давомида ўзлаштириб олишингиз мумкин. Ҳозир шунчаки ёдингизда тутинг: ҳар сония, ҳар дақиқа, ҳар соату ҳар суткада миянгизни банд қилиб турган ҳар бир фикрга жавобгар бу фақат ўзингиз. Ва агар Сизга у ёки бу фикр ёқмаса, ундан фориғ бўлиш учун барча куч ва имкониятлар мавжуд. “Суперфикр” – Сиз эришажак, эга бўлажак, ҳис қилажак ва Сиз завқ олажак нарсалар ҳақидагина чек-чегарасиз фикрлашнинг қатъий одатга айлантирилган кўриниши бўлиб, босқичма-босқич ва қатъият билан бажарилувчи онг машқлари кетидан ўзлаштирилади. Ижобий фикрлаш салоҳияти бу шунчаки бир одат. Аммо агар онг боғингиз ёввойи ўтлар билан тўлиб-тошган бўлса, бу одатнинг бу боғда “кўкариши” осон кечмайди. Яхшики, ижобий дунёқарашни бошқа ҳар қандай одат сингари ундириб-ўстирса бўлади. Одатни шакллантириш арқон тўқишга ўхшайди: ҳар куни унга янги тола қўшилиб бораверади, арқон эса кундан кунга мустаҳкамланаверади ва бора-бора узиб бўлмас даражада мустаҳкам бўлиб қолади. Мана шу узиб бўлмас, бузиб бўлмас даража Сиз ушбу дастур ёрдамида эришадиган натижангиздир. Эмерсон ёзганидек: “Ортимизда қолган ва олдимизда турган ҳамма нарса ичимиздагига солиштирганда ҳеч бир қийматга эга эмас”.
Келинг, энди Сизни ўтмишда сиқиб қўйган ва фаровон ҳаётга эришиш йўлидаги имкониятларингизни чегаралаган ўша машъум қоидалар ва қолипланган фикрларни бир варақ қоғозга ёзиб чиқамиз. Ҳаётда унча-мунча натижаларга эришган одамларнинг ҳар бири ўзининг нозик жиҳатларини яхши билган ва уларга алмаштирилишга муҳтож арқон толаси, занжир ҳалқаси сифатида қараган. Қайси иқрорларингиз омадга, бахт, севги, камолотга эришишингизга халал берар эди, эслаб кўринг-а! Одатда, қандай хаёллар фикрий ҳаловат топишингизга, керакли алоқалар ўрнатишингиз, борингки, Сиз мутлақо муносиб бўлган бенуқсон саломатлик гаштини суришингизга тўсқинлик қилар эди? Уларни қоғозга туширинг ва миянгиздан чиқариб ташлашга қаратилган қатъий қарорлар қабул қилинг. Бошланишига бу жуда оғир юмушдек туюлиши мумкин. Сизда ҳатто ҳаммасини бас қилиш истаги туғилса ҳам ажаб эмас. Аммо ишонинг, жиндеккина матонат кўрсатиб, яхши маънода қайсарлик қилиб ҳаммасининг уддасидан чиқа бошлаганингизни ҳам билмай қоласиз.
Имкониятларингизни бўғиб турган зарарли ўйларни “фош қилиб”, уларни хаёлан миянгиздан қувганингиздан сўнг, ана энди уларнинг ўрнини уларга қарама-қарши бошқа фикрлар билан тўлдириш лозимлигини унутманг. Фикр бўлгандаям Сизни туганмас қувват – энергия билан тўйинтирадиган, орзуларингизни рўёбга чиқаришга туртки бўладиган ва Сизни умид, муҳаббат билан таъминлаб турувчи фикрлар бўлсин. Агар ўша лаҳзада миянгизнинг каттакон, рангли экранларида намойиши бўлаётган фикр номақбул, нохуш бўлса, уни зудлик билан яхшисига алмаштиринг, бошқача айтганда, тезда “бошқа каналга олинг”. Мана кўрасиз, вақт ўтган сайин нохуш фикрлар камайиб боради. Зеро, улуғ табиат қоидаси шунга далолат қиладики, ижобий ҳамиша салбийни сиқиб чиқара олади. Ўз миянгизда ўзингизни қандай бахтли кўришни истасангиз, шундай тасаввур қилиб кўринг. Ҳаётда эришмоқчи бўлган ҳамма нарсангиз кўрсатилган “орзулар рўйхати”ни тузиб чиқинг. Албатта, бир қарашда бунақанги “аҳмоқона” ва бесамар иш вақт сарфлашга ҳам арзимасдек туюлиши мумкин, айниқса, бугунги кунда, ҳозирги ҳолатда. Аммо мана шундай хаёлий манзаралар, тасаввурларга бўлган ишончда бемисл қудрат яширин.
“СУПЕРҲАЁТ” ВАЪДА ҚИЛАДИ
“Суперҳаёт” онг, тана ва руҳиятни қайта тарбиялашга оид тугалланган, бугунданоқ бошлаб юборса бўладиган дастурни ўзида жамлаган. Сизга бутун борлиғингизнинг чинакам ҳукмдори бўлиш учун ажойиб имконият яратиб берилмоқда. Ҳаётингизни ҳамиша орзу қилганингиз каби чаманзор қилиб юборишингиз мумкин. Сиздан фақат қарор қабул қилиш қоляпти, холос. Агар Сиз чиндан ҳам мана шундай сеҳрли мавжудликни ҳис этмоқчи, унда яшаб кўрмоқчи бўлсангиз, у ҳолда бундай ҳаётга олиб кирувчи “олтин калит” – мана бу ҳақиқатни англаб етишингиз керак: “Ҳар қайси омаднинг, муваффақиятнинг муаллифи бу, ҳамиша ва ҳар қачон, Сизнинг онгингиздир”. Тўғри фикрлашни ўрганиб, онгингиз устидан ҳукмронлик қилишни ўзлаштирасиз. Онг устидан ҳукмронлик эса Сизга ўз ҳаётингиз устидан ҳокимият тақдим этади. Ҳаётингиз тизгини ҳам сизда бўлгач, ўз-ўзидан, тақдир ҳам Сизга, фақат Сизга бўйсунади.