Рэй Дуглас Брэдбери – Фаренгейт бўйича 451º (страница 6)
– Нима?
– Одамлар ҳеч нима ҳақида суҳбатлашишмайди.
– Наҳотки?
– Мутлақо ҳеч нарса ҳақида гаплашишмайди. Оғизларидан номлар тушмайди – автомобиль маркалари, мода, сузиш ҳавзалари номлари. Шуларга фақат “Қандай зўр!” деб қўшиб қўйишади. Ҳаммалари бир хил гапни қайтаришаверади ва ҳеч ким бошқасидан фарқли гап айтмайди. Кафеларда эса латифа қутиларини қўйиб, ўша бир хил ҳазилларни эшитишаверади, мусиқий деворларни ёқиб, рангли нақшларнинг у ёқдан-бу ёққа ўтишини томоша қилишади. Лекин булар жонсиз! Музейлар-чи? Музейларда ҳеч бўлганмисиз? Ҳаммаси жонсиз. Ҳозир ҳаммаси шунақа. Амаким бир пайтлар ҳаммаси ўзгача бўлган, дейди. Унинг айтишича, қачонлардир суратлар бир нималарни сўзлаган ва ҳатто одамларни ҳам кўрсатган экан.
– Амаким у дейди, амаким бу дейди. Амакингиз ажойиб одам бўлса керак?
– Албатта ажойиб одам. Кетадиган вақтим бўлди. Хайр, мистер Монтэг.
– Кўришгунча.
– Кўришгунча…
Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти кун. Ўт ўчириш бўлими.
– Монтэг, устунда худди қушдек енгил учяпсиз.
Учинчи кун.
– Монтэг, орқа эшикдан кирибсиз. Нима, кўппак яна безовта қилдими?
– Йўқ, йўқ.
Тўртинчи кун.
– Монтэг, эшитдингизми? Бугун эрталаб билдим. Сиэтлда бир ўт ўчирувчи механик кўппакнинг ҳид билиш тизимини ўзининг кимёвий комплексига созлаб, уни қўйиб юборибди. Ўз жонига қасд қилишнинг антиқа йўлини топибдими?
Бешинчи, олтинчи, еттинчи кун.
Шундан сўнг Кларисса ғойиб бўлди. Монтэг аввалига бу кун бошқасидан нимаси билан фарқ қилишини англамади. Фақат атрофда Кларисса кўринмасди. Майсазор бўм-бўш, дарахтлар бўмбўш, кўча ҳам ҳувиллаб ётарди. Монтэг қизни соғинганини ва ҳатто уни излаётганини бошида англамади. Метро бекатига етганда эса унда безовталик бошланган эди. Нимадир содир бўлган, у кўниккан қандайдир тартиб бузилган эди. Тўғри, тартиб бир неча кунгина олдин ўрнатилганди, аммо… Монтэг ортга қайтмоқчи, уйдан метрогача бўлган йўлни қайта босиб ўтмоқчи бўлди. Шундай қилса, Клариссани албатта учратишига ва ҳаммаси ўз ўрнига қайтишига ишончи комил эди. Бироқ поезд келиб қолди ва режаларини чиппакка чиқарди.
Қарта шитирлаши, қўлларнинг ҳаракати, кўзларнинг пирпираши, ўт ўчириш бўлими навбатчилик қисмининг шифтига ўрнатилган гапирадиган соатнинг бир маромдаги овози “Тўртинчи ноябрь, пайшанба, соат тунги бирдан ўттиз беш дақиқа ўтди. …бирдан ўттиз олти дақиқа ўтди, …бирдан ўттиз етти дақиқа ўтди”. Барча товушлар кўзларини юмиб олган Монтэгга эшитилиб турарди. У юмуқ кўзлари билан ялтиллатиб тозаланган мис ва бронзани ҳам, нур сочиб турган лампаларни ҳам, стол устида ётган олтин ва кумуш тангаларнинг ярқирашини ҳам, ўт ўчириш бўлимидаги сукунатни ҳам ҳис қилиб турарди. Қаршисида – стол атрофида ўтирган одамлар қўлларидаги қартага термилишар, хўрсинишар ва кутишарди.
“…бирдан қирқ беш дақиқа ўтди”. Гапирадиган соат совуқ йилнинг яна ҳам совуқ тунига аза тутаётгандек эди.
– Нима бўлди сизга, Монтэг?
У кўзини очди.
Қаердандир радионинг хириллаган овози эшитиларди:
– Ҳар дақиқада уруш эълон қилиниши мумкин. Мамлакат ҳимояга тайёрланмоқда…
Бино бирдан зириллаб кетди. Ёришиб келаётган осмондан қирувчи самолётлар эскадрильяси учиб ўтди.
Монтэгнинг кўзлари пирпиради. Битти уни музей экспонати каби диққат билан кузатарди. У ҳозир ўрнидан кўтарилиб, Монтэгга яқинлашади, унга тегиб кўради ва унинг айбини фош қилади… Айбини? Унинг айби нима?
– Юриш навбати сизда.
Монтэг қаршисида ўтирган одамларга қаради. Уларнинг юзлари минглаб ҳақиқий ва юз минглаб тасаввурдаги ёнғинларда куйиб, ялтираган, касблари уларнинг ёноқларини нотабиий рангга киритган, кўзларини қизартирган эди. Улар трубкаларини тутатаётганда платина ўт олдиргичлари пуркаган оловга кўзларини қисмай ва пирпиратмай қарай олишарди. Тим қора соч ва қошлар, кўкимтир, соқол қиртишлаб олинганидан кулга булғанганга ўхшаш ёноқлар – буларнинг бари мерос касбларининг тамғаси эди. Монтэг бир сесканиб, оғзи очилиб, қотиб қолди. Хаёлига ғалати фикр келди. Сочи ва қоши тим қора бўлмаган, юзлари куйиб қизармаган, кўкимтир, соқоли қиртишлаб олинган ва шу билан бирга соқоли олинмаганига анча бўлган ўт ўчирувчини аввал ҳеч учратганмикин? Бу одамлар унинг ўзига икки томчи сувдек ўхшар эдилар. Наҳотки ўт ўчирувчилар сафларига одамларнинг нафақат қизиқиш ва иштиёқлари, балки ташқи кўринишларига қараб олишса? Уларнинг юзларида кул ва қурум тусидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Уларга доим тутаб турадиган трубкаларидан чиқиб турувчи куйинди ҳиди ҳамроҳ эди. Мана, капитан Битти тамаки тутуни ичра ўрнидан туриб, тамакининг янги қутисини очмоқда. Целлофан ўрамининг йиртилиши аланга овозини эслатарди.
Монтэг қўлларидаги маҳкам сиқилган қарталарга қаради.
– Хаёлим кетиб қолибди. Ўтган ҳафтадаги ёнғин ва биз китобларини ёқиб юборган одам ёдимга тушди. Уни нима қилишди?
– Уни жиннихонага юборишди. Ўзиям овозининг борича додлади.
– У жинни эмасди-ку.
Битти жим қарталарни сузди.
– Ҳукуматни ва бизни алдайман, деб ўйлаган одам жинни бўлади-да.
– Бу одамларнинг ҳолатини тасаввур қилишга уриниб кўрдим, – деди Монтэг. – Масалан, бизнинг уйлар ва китобларимизни ёндириб юборишса…
– Бизда китоб йўқ.
– Агар бўлганда, демоқчиман.
– Балки сизда бордир?
Битти унга секин қараб олди.
– Йўқ, менда китоб йўқ, – деди Монтэг ва машинкада ёзиб, деворга осиб қўйилган тақиқланган китоблар рўйхатига қаради. Бу китобларнинг номлари йиллар давомида унинг болтаси томонидан чопилиб, унинг шланги томонидан қуйилган керосин ёрдамида ёқиб келинарди. – Йўқ, – қайтарди у ва шу онда ёноғида салқин шабада сезди. У ўзини ўз уйида, салқин ҳаво чиқаётган ҳаво янгилаш панжараси қаршисида кўрди. Сўнг паркда, кекса одам ёнида кўрди. У ерда салқин шабада эсаётганди.
Монтэг аввалига иккиланди. Кейин сўрашга журъат этди:
– Ҳар доим шундай бўлганми? Бизнинг иш… Қадим замонда…
– Қадим замонда! – овозини кўтарди Битти. – Бу қандай гап бўлди?
“Аҳмоқ! – ўйлади Монтэг. – Нималар деяпман. Ўзимни фош қиляпман-ку!” Охирги ёнғинда қўлига эртак китоб тушиб қолганди ва биринчи сатрини ўқиганди.
– Айтмоқчиманки… – деди Монтэг, – Аввалги даврларда, уйлар ўт олмайдиган бўлишидан олдин… – шу пайт бирдан бу гапларни у ўзи айтмаётгандек, овози эса ўзиники эмасдек, ёшроқ овоз эшитилаётгандек туюлди. Хаёлида унинг ўрнига Кларисса Маклеллан гапираётган эди. – Ўт ўчирувчилар ўт ёқиш ўрнига ўт ўчириш билан шуғулланишганми?
– Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!
Стоунмен ва Блэк бирваракайига ёнларидан низом китобчаларини чиқариб Монтэгнинг олдига ташлашди. Бу китобда ўт ўчирувчилар қоидаларидан ташқари, Америка ўт ўчирувчи жамоалари тарихи ҳам қисқача баён этилган эди. Ҳозир эса китобчанинг Монтэгга яхши таниш бўлган саҳифалари очиқ турарди:
“1790 йилда инглиззабон адабиётларни ёндириб йўқ қилиш учун мустамлакаларда ташкил қилинган. Биринчи ўт ўчирувчи – Бенжамин Франклин.
1. Хатар сигнали бўлиши билан дарҳол ишга кириш.
2. Тезда ўт қўй.
3. Ҳаммасини ёқ.
4. Зудлик билан бўлимга хабар бер.
5. Янги хатар сигналларига доим тайёр тур”.
Ҳамма Монтэгга қараб турарди. У бўлса қимир этмади.
Бирдан хатар сигнали ишлаб кетди.
Навбатчилик қисми шифтидаги қўнғироқ икки юз бора бонг урди. Тўрт стул бир зумда бўшаб қолди. Қарталар полга қор каби ёғилди, мис устун бир титраб олди ва Монтэгнинг шериклари ғойиб бўлишди.
Монтэг жойидан жилмаган эди. Пастда тўқ сариқ махлуқ пишқириб уйғонди.
Монтэг ўрнидан кўтарилиб, худди уйқуда юргандек устундан сирғалиб пастга тушди.
Механик кўппак кўзларидан яшил ўт чақнаб, уйчасидан сакраб чиқди.
– Монтэг, бош кийимингизни унутибсиз!
Монтэг девордан бош кийимни юлиб олиб, ташқарига отилди ва машинанинг зинасига сакраб чиқди. Машина зудлик билан йўлга тушди. Тунги шамол сиренанинг шовқинини ва металлнинг қаттиқ гумбурлаган овозини ҳар томонга олиб кетарди.
Бу эски кварталларнинг бирида жойлашган, тўкилиб ётган уч қаватли уй эди. Уйнинг қурилганига камида юз йил бўлгандир. Ўз вақтида у ўт ўтказмайдиган юпқа материал билан қопланган ва, афтидан, айнан шу қоплама уйни буткул вайрон бўлишдан сақлаб тургандек эди.
– Етиб келдик!
Мотор бир кучаниб, ўчди. Битти, Стоунмен ҳамда Блэк ўт ўтказмайдиган ноқулай ва қўпол либосларда аллақачон уй томон югуриб кетишаётган эди. Монтэг ҳам уларнинг ортидан югурди.
Улар уйга бостириб киришди ва у ердаги кекса аёлни қўлга олишди. Бироқ аёл қочишга ҳам, яширинишга ҳам интилмасди. У қаршисидаги бўм-бўш деворга термилганча, бошидан зарба еган одамдек чайқалиб турарди. Унинг лаблари сассиз қимирлар, юзидаги ифодасидан худди бир нимани эслашга уринаётган, лекин эслай олмаётганга ўхшарди. Ниҳоят у эслади ва лаблари титраб, тилга кирди: