Рэй Дуглас Брэдбери – Фаренгейт бўйича 451º (страница 4)
– Ҳа-я.
– Бу чиндан ҳам жуда қизиқ. Агар тўртинчи теле-деворни ҳам ўрнатганимизда яна ҳам қизиқроқ бўларди. Нима деб ўйлайсан, қуруқ девор ўрнига яна битта теле-девор ўрнатиш учун қанча вақт пул йиғишимиз керак бўлади? Атиги икки минг доллар туради, холос.
– Бу бир йиллик маошимнинг учдан бири.
– Бор-йўғи икки минг доллар, – деди Милдред қайсарлик билан. – Мен билан ҳам ҳисоблашиб турсанг яхши бўларди. Тўртинчи теле-деворни ҳам ўрнатсак, бу хона фақат бизники эмас, балки бир қанча ажойиб ва қизиқарли одамларнинг ҳам хонаси бўларди. Айрим кераксиз матоҳларни сотиб олмай турсак ҳам бўлаверади.
– Шундоқ ҳам учинчи теле-деворни ўрнатганимиздан бери кўп нарсадан воз кечганмиз. Уни ўрнатганимизга эндигина икки ой бўлди, эсингдами?
– Икки ой бўлди? – ҳайрон бўлиб сўради Милдред. – Майли, азизим, яхши бор.
– Хайр, – деди Монтэг ва эшик томон юрди. Бирдан тўхтади ва ўгирилиб сўради: – Пьесанинг якуни қанақа? Яхшилик билан тугайдими?
– Ҳали охиригача ўқимадим.
У қайтиб келиб сценарийнинг сўнгги саҳифасига кўз югуртирди ва хотинига қайтиб бериб, ёмғирдан ҳўл бўлган кўчага чиқди.
Ёмғир камайишни бошлаган, йўлак ўртасида эса қиз осмонга қараб, юзини томчиларга тутиб, сайр қиларди.
– Салом, – деди у Монтэгни кўриши билан табассум қилиб.
– Энди нима қиляпсиз? – сўради Монтэг саломлашгач.
– Мен телбаман-ку ахир. Ёмғир жуда ажойиб, унда сайр қилишни ёқтираман.
– Менга эса ёқмаган бўларди.
– Синаб кўрганингизда ёққан бўлармиди?!
– Ҳеч синаб кўрмаган эканман.
– Ёмғирнинг таъми ҳам ёқимли, – деди қиз лабларини ялаб.
– Қилар ишингиз ҳамма нарсани бир марта бўлса ҳам татиб кўришми?
– Айрим нарсаларни эса икки марта, – деди қиз қўлида тутиб турган нарсага қараб.
– Нима у?
– Бу йилги сўнгги момақаймоқ бўлса керак. Кеч кузда уни учратаман деб ҳеч ўйламагандим. Буни иякка суртиш ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Мана қаранг.
Қиз шундай деб кулганча момақаймоқни иягига аста суртди.
– Нима учун? – сўради Монтэг.
– Агар изи қолган бўлса, демак мен севиб қолганман. Хўш?
Монтэг ноилож қизнинг иягига қаради.
– Айта қолсангиз-чи!
– Сариқ из қолибди.
– Ажойиб! Энди сизни синаб кўрамиз.
– Менда ҳеч нарса чиқмайди.
– Кўрамиз, – деди қиз ва қўлидаги гул билан у томон интилди. Монтэг беихтиёр ортга тисарилди. – Тек туринг, – деди у кулиб.
Қиз унинг иягига тикилиб, қовоғини уйди.
– Хўш? – сўради Монтэг қиз момақаймоқни унинг иягига суртгач.
– Қандай уят, – деди қиз. – Сиз ҳеч кимни севмас экансиз.
– Йўқ, севаман.
– Буни кўрсатмади-ку.
– Мен севаман. Қаттиқ севаман, – деди Монтэг ва хаёлида кимнингдир қиёфасини гавдалантиришга ҳаракат қилди. Бироқ ҳеч кимнинг қиёфаси келмади. – Жуда ҳам севаман.
– О, бундай қараманг, илтимос!
– Ҳаммаси манави момақаймоғингизни деб, – деди Монтэг. – Ўзингизга суртганингизда ҳамма ранги тугаб қолган, шунинг учун менда из қолдирмади.
– Албатта, шунақа бўлса керак. Сизни яна хафа қилиб қўйдим. Буни истамагандим, ишонинг, – деди қиз Монтэгнинг тирсагидан тутиб.
– Йўқ-йўқ, – деди у шошиб. – Ҳечқиси йўқ.
– Кетишим керак. Мени кечирганингизни айтинг. Мендан жаҳлингиз чиқиб юришини истамайман.
– Йўқ, жаҳлим чиқмади. Фақат бироз хафаман.
– Психиатримнинг ёнига кетяпман. Мени боришга мажбур қилишади. Унга айтадиган ҳар турли гапларни ўйлаб топаман. Мен ҳақимда нима ўйлашини билмадим-у, унинг айтишича, мен пиёзга ўхшармишман. Қаватма-қават тозалаши керак эмиш.
– Мен ҳам сизга психиатр керак, деб ўйлашга мойилман, – деди Монтэг.
– Ёлғон. Бундай деб ўйламайсиз.
– Тўғри, бундай деб ўйламайман, – деди у чуқур хўрсиниб.
– Психиатр нега ўрмон кезишимни, қушларни томоша қилишимни ва капалаклар тутишимни билишни истайди. Бирор куни тутган капалакларимни сизга кўрсатаман.
– Яхши.
– Улар мени ҳамма вақт нима билан банд эканим ҳақида сўрашгани-сўрашган. Мен ўтириб хаёл суришимни айтаман. Бироқ нима ҳақида хаёл суришимни айтмайман. Бир бош қотиришсин. Баъзан эса уларга мана бундай қилиб, – қиз осмонга қаради, – ёмғир томчилари оғзимга киришини яхши кўришимни айтаман. Уларнинг таъми винога ўхшайди. Сиз ҳеч тотиб кўрганмисиз?
– Йўқ, мен…
– Мени кечирдингиз-а?
– Ҳа, – деди Монтэг ва бир зум ўйланиб қолди. – Ҳа, кечирдим. Худо билади нега. Сиз қандайдир ғалатисиз. Одам сиздан хафа бўлса ҳам, кечириши жуда осон. Ёшингизни ўн етти деганмидингиз?
– Келаси ой ўн еттига тўламан.
– Қизиқ. Ғалати. Хотинимнинг ёши ўттизда. Лекин баъзида сиз ундан анча катта туюласиз. Нега бундайлигини тушуна олмайман.
– Сиз ҳам ҳамма каби эмассиз, мистер Монтэг. Баъзан ҳатто ўт ўчирувчи эканингизни ҳам унутиб қўяман. Яна бир бор жаҳлингизни чиқарсам, майлими?
– Майли.
– Ҳаммаси қандай бошланган? У ерга қандай тушиб қолгансиз? Нима учун айнан шу касбни танлагансиз? Сиз бошқа ўт ўчирувчиларга ўхшамайсиз. Мен айримларини кўрганман ва биламан. Гапираётганимда менга қараб турасиз. Кеча ой ҳақида гапирганимда осмонга қарадингиз. Бошқалар эса ҳеч қачон бундай қилмаган бўлишарди. Қулоқ солиб ўтирмай ўгирилиб, кетиб қолишарди. Ёки дўқ қилган бўлишарди. Ҳеч кимнинг биров учун вақти йўқ. Сиз эса менга яхши муносабатда бўлган кам сонли одамлардансиз. Шунинг учун сизнинг ўт ўчирувчи эканингиз менга ғалати туюляпти. Сизга бу умуман мос эмас.
Монтэг ўзини тенг иккига бўлингандек сезди. Бир қисми оташдек қайноқ, иккинчи ярми эса муз каби совуқ, меҳрибон ва бешафқат, титраётган ва титрамаётган иккала “мен”ининг бири иккинчисини бўғиб, йўқ қилишга интиларди.
– Кетадиган вақтингиз бўлди, – деди у Клариссага.
Қиз уни ёмғирда қолдириб югуриб кетди. Монтэг бир муддат қимир этмай турди.
Кейин секин бир неча қадам ташлади ва бошини кўтариб юзини ёмғирга тутди. Бир зумга оғзини очди…
Механик кўппак ухлаб ётар, шу билан бирга уйғоқ эди. Ўт ўчириш бўлими коридори охиридаги паст овоз чиқариб енгил тебраниб турувчи, хира ёритилган уйчасида яшарди ва бир пайтда ўлиб ётарди. Тунги осмоннинг хира нури катта тўртбурчак деразадан тушиб, механик жонзотнинг мис, бронза ва пўлат қисмларида ўйнарди. Ёруғлик ёқут ойналарда акс этиб, бу ғалати махлуқнинг бурун тешикларидаги ингичка нейлон толаларда жилоланиб, милтилларди. Унинг резина қопланган саккизта оёғи бор эди.
Монтэг қаватлар орасидаги туйнук ўртасига ўрнатилган бронза устундан пастга сирғалиб тушди ва уйқудаги шаҳарни томоша қилиш учун ташқарига чиқди. Булутлар тарқаган, осмон тиниқ эди. У тамаки тутатиб, коридорга қайтиб кирди ва кўппакнинг уйчасига мўралади. Кўппак гуллардан нектар йиғиб уяга қайтган улкан асаларини эслатарди. Фақат у нектар ўрнига ҳушни йўқотиб, талвасага солувчи заҳарга тўла эди. Танаси ана шундай оғуга тўйинтирилган кўппак заҳар кучини уйқу билан енгмоқчи бўлгандай ухлаб ётарди.
– Салом, – шивирлади Монтэг ҳам ўлик, ҳам тирик кўппакка ҳар доимгидек ачиниш билан қараб.
Ўт ўчирувчилар тунлари зерикишганда – одатда деярли ҳар тунда зерикишарди – механик кўппакнинг ҳид билиш тизимини керакли ҳидга созлаб қўйиб, ертўлага чўктириб, йўқ қилиш керак бўлган жўжа, каламуш, баъзан мушуклар олдига қўйиб юборардилар ва қайси бирини биринчи бўлиб тутиши устидан гаров боғлаб, кўнгилхушлик қилишарди. Ўйин бир неча сонияда якунига етарди. Кўппак бир неча метргина қоча олган жўжа, каламуш ёки мушукни бир зумда тутиб олар, сўнг тумшуғидан чиққан пўлат игна орқали ўлжасига морфий ва прокаин юборарди. Кейин ўлган жонивор чиқинди ёқиладиган печга ташланар ва ўйин яна бошланарди.