Рэй Дуглас Брэдбери – Фаренгейт бўйича 451º (страница 3)
– Бас қилинг, – деди Монтэг.
– Айтдим-қўйдим-да, – жавоб берди санитар.
– Тугатдингизми? – сўради Монтэг.
Улар машиналарини йиғиштирди.
– Ҳа, тугатдик.
Унинг жаҳли санитарларга умуман таъсир қилмади. Улар тамаки тутатишар, тутун бурунларига, кўзларига кирар, лекин улар на бурунларини тортар ва на кўзларини юмардилар.
– Сиздан эллик доллар.
– Биринчидан, нега унинг аҳволи яхши бўлади, деб айтмаяпсиз?
– Албатта, у отдай бўлиб кетади. Ундаги ҳамма ёмон нарсалар мана бу қутида. Энди унга зиён етказа олмайди. Айтганимдек, эски қонни сўриб олиб, янгисига алмаштирдик. Энди ҳаммаси яхши бўлади.
– Лекин сизлар врач эмассизлар-ку. Нега врач юборишмади?
– Врач? – санитар тамакисини лабининг у четидан бу четига олди. – Бир кунда бундай чақирувлардан тўққиз-ўнтасига борамиз. Кейинги йилларда бундай чақирувлар шунчалик кўпайдики, махсус машина яратишга тўғри келди. Тўғри, ундаги янгилик биргина оптик линза, холос. Қолганлари аввалдан маълум нарсалар. Бу ерда врачнинг кераги йўқ. Икки техник ярим соатда ҳамма ишни бажариб ташлайди. Энди эса кетишимиз керак, – шундай деб улар ташқарига йўл олдилар. – Ҳозиргина янги чақирув олдик. Бу ердан ўн кварталча нарида яна бир киши бир қути уйқу дори ичиб юборибди. Яна керак бўлиб қолсак, қўнғироқ қиларсиз. Унга тинчлик керак. Унга тетиклаштирувчи дори юбордик. Уйғонганда қорни жуда оч бўлади. Хайр.
Шундай деб, лабларига тамакини маҳкам қистирган, юзлари маънисиз, қарашлари илон каби совуқ одамлар хонани тарк этишди. Улар қўлида машина ва шлангларини, суюқ тушкунлик ҳамда номсиз яна бир қуйқани кўтариб олгандилар.
Монтэг стулга ҳорғин чўкди ва тўшакда ётган аёлга назар ташлади. Энди унинг юзи хотиржам, кўзлари юмуқ эди. Қўлларини чўзиб, нафасидаги илиқликни сезди.
– Милдред, – деди у яна.
“Биз жуда кўпмиз, – ўйларди у. – Биз бир неча миллиардмиз ва бу жуда кўп. Ҳеч ким бир-бири ни танимайди. Бегона одамлар келиб, устингдан ҳукмини ўтказади. Нотанишлар юрагингни суғуриб, сендан қон олади. Ё худо, бу одамлар ким эди? Уларни аввал умуман кўрмаганман”.
Орадан ярим соат ўтди.
Энди бу аёлнинг томирларида бегона қон оқарди ва бу қон уни янгилади. Унинг ёноқлари ва лабларига ранг кирди, энди уларнинг кўриниши чиройли ва осуда эди. Унда кимнингдир қони оқарди… Қани энди, унинг гўштини, миясини ва хотирасини ҳам худди қон алмаштиргандек алиштириб бўлса! Қани энди, унинг руҳини тозалашга бериш мумкин бўлса эди! У ерда руҳни қисмларга ажратиб, чўнтакларини ағдариб, тозалаб, парлаб, дазмоллаб, эрталаб олиб келсалар эди! Қанийди!
Монтэг ўрнидан турди ва бориб пардаларни кўтарди, деразаларни катта очиб, хонага тоза ҳаво киритди. Соат тунги икки эди. Наҳотки кўчада Кларисса Маклелланни учратганидан буён эндигина бир соат ўтган бўлса? Наҳотки оёғи кичкина биллур идишга тегиб кетганига эндигина бир соат бўлган бўлса? Атиги бир соат. Бироқ шу вақт ичида аввалги олам эриб, йўқ бўлиб, ўрнига янгиси ва рангсизи пайдо бўлди.
Ой нурига чўмган майсазор ортидан Монтэгга кулги овозлари эшитилди. Овоз Кларисса, унинг отаси ва онаси ҳамда амакиси яшайдиган уйдан эшитиларди. Улар шунчаки хотиржам ва самимий табассум қила олишар, уларнинг қувноқ кулгилари бошқа уйлар сукунат ва зулматга чўмган пайтда ёрқин нур сочган уйдан тараларди. Монтэг суҳбатлашаётган одамларнинг овозларини эшитарди. Улар бир нималарни сўзлашар, савол беришар, жавоб олишарди.
Монтэг ойнаванд эшикдан чиқиб, нима қилаётганини ўйламай, майсазорни кесиб ўтди. У овозлар келаётган уй олдидаги сояда тўхтади. Хаёлига эшикни тақиллатиб, “Мени ичкарига киритинг. Индамай ўтираман. Мен фақат нималар ҳақида суҳбатлашаётганингизни тингламоқчиман”, – деб шивирлаш фикри ҳам келди.
Бунинг ўрнига совуқдан титраб, юзидаги муз ниқоб билан шошилмай, дона-дона гапираётган одамнинг (қизнинг амакиси бўлса керак) гапларини тинглаб, ўрнидан қимир этмай тураверди.
– Умуман олганда, инсон ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган даврларда яшаяпмиз. Замонамизда инсон қоғоз сочиқдай гап – унга бурун қоқишади ва ғижимлаб улоқтиришади, бошқасини олишади, бурун қоқишади ва ғижимлаб улоқтиришади. Одамлар бошқа бировнинг қиёфасида юришади. Ахир ўйин дастури бўлмаса ёки исмларини билмасанг, қандай қилиб миллий жамоага мухлислик қилишинг мумкин? Хўш, қани айт-чи, улар қайси рангдаги футбол кийимида майдонга тушишади?
Монтэг уйига қайтди. У деразаларни очиқ қолдириб, Милдреднинг ёнига келди ва авайлаб устини ўраб қўйди. Кейин ўрнига чўзилди. Ой нури унинг ёноқлари, пешонасидаги чуқур ажинларида, ҳар бирида кумуш доира ҳосил қилиб, кўзларида акс этди.
Ёмғирнинг илк томчиси тушди. Кларисса. Яна томчи. Милдред. Учинчиси. Амакиси. Тўртинчиси. Бугунги ёнғин. Бир, Кларисса. Икки, Милдред. Уч, амаки. Тўрт, ёнғин. Бир, Милдред. Икки, Кларисса. Бир, икки, уч, тўрт, беш, Кларисса, Милдред, амаки, олов, уйқу дорилари, қоғоз сочиқ сингари одамлар, бурун қоқ, ғижимла, улоқтир, Кларисса, Милдред, амаки, олов, дорилар, бурун қоқ, ғижимла, улоқтир. Бир, икки, уч, бир, икки, уч. Ёмғир. Чақмоқ. Амакининг кулгиси. Момақалдироқ гумбурлайди. У билан бутун олам гумбурлаб, титрайди. Вулқон оғзидан аланга отилади. Ҳамма нарса гир айланади, шарқираб оққан дарё каби ҳар томонга отилиб, тўлқинланиб тонг томон ошиқади.
– Ортиқ ҳеч нарса билмайман, – деди Монтэг ва тили остига уйқу дори ташлади.
Эрталаб тўққизда Милдреднинг жойи бўш эди.
Монтэг ўрнидан сакраб турди. Юраги гупиллаб урарди. У ётоқхонадан югуриб чиқди ва ошхона эшиги олдида тўхтади.
Қовурилган нон бўлаклари кумушранг тостердан сакраб чиқиши билан уларни темир қўллар тутиб олди ва эритилган сариёғга ботирди.
Милдред тайёр бўлган нон бўлакларини ликопчасига солинишини томоша қиларди. Қулоқларига ғинғиллаб турган электрон арилар маҳкам тиқилган эди. У бирдан бошини кўтарди ва Монтэгни кўриб, унга бош ирғади.
– Аҳволинг яхшими? – сўради Монтэг.
Милдред ўн йил давомида “Чиғаноқ” радиоқулоқчинларидан фойдаланиб келгани учун оғизга қараб ўқишга уста бўлиб кетганди. У яна бош ирғади ва тостерга янги нон бўлакларини солди. Монтэг ўтирди.
– Нега бунчалик оч қолганимни ҳеч тушунолмаяпман, – деди хотини.
– Сен..?
– Шунчалик ҳам оч бўламанми?!
– Кеча тунда…
– Яхши ухлай олмадим. Энди ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман, – давом эттирди Милдред. – Тавба, ҳозир ҳамма нарсани еб қўяман. Шунчалик очманки…
– Кеча тунда… – деди у яна.
Милдред унинг лабларига бепарволик билан қараб турарди.
– Кеча тунда нима бўлди?
– Ҳеч нарса эсингда йўқми?
– Нима эсимда бўлиши керак? Кеча бирор базм уюштирганмидик? Худди ичкиликдан бошим тарс ёрилай деяпти. Худойим-эй, қорним бирам очки. Кимлар келди?
– Бир неча киши.
– Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим, – деди Милдред ва тостердан чиққан нондан тишлади. – Ошқозонимда оғриқ бор, лекин қорним ўлгудай оч. Худди ичимдаги ҳамма нарса чиқиб кетгандай. Кеча бирон аҳмоқлик қилмагандирман?
– Йўқ, – деди Монтэг секин.
Тостер унинг олдига ҳам сариёғга ботирилган нон ташлади. Монтэг миннатдорлик билан нонни қўлига олди.
– Сенинг кўринишинг ҳам унчалик яхшимас, – деди хотини.
Кечга яқин ёмғир ёғди ва бутун дунё кулранг тусга кирди. Монтэг уйнинг даҳлизида олов ичра турган тўқ сариқ самандар сурати туширилган нишонини тақаётган эди. У ҳаво янгилайдиган тизим панжарасига узоқ тикилди. Телевизорхонада сценарий ўқиётган хотини бошини кўтариб унга қаради.
– Вой, бу одам ўйлаяптими? – деди Милдред.
– Ҳа, – жавоб берди Монтэг. – Сен билан гаплашиб олмоқчи эдим, – деб бироз сукут сақлади. – Кеча кечқурун ҳамма уйқу дорини ичиб юборибсан.
– Наҳотки? Бундай қилишим мумкинмас, – ҳайрон бўлди хотини.
– Қутиси бўш ётибди.
– Бўлиши мумкин эмас!
– Балки, иккита ичиб, сўнг эсингдан чиқариб, кейин иккитасини ичиб, яна унутиб, яна иккита ичиб, сўнг эса шунча дори таъсирида бутунлай паришон бўлиб ҳамма дорини ичиб қўйгандирсан?
– Бўлмаган гап! Нега бундай аҳмоқлик қилишим керак?
– Билмадим, – деди Монтэг.
Афтидан, Милдред унинг тезроқ кетишини истаётгандек эди.
– Мен асло бундай қилмаган бўлардим. Икки дунёда ҳам.
– Майли, сен айтганча бўла қолсин, – деди Монтэг.
– Хоним айтганича, – деди Милдред ва яна сценарийсини ўқишга берилди.
– Бугун кундузги дастурда нима экан? – сўради Монтэг ҳорғин.
– Пьеса, – жавоб берди Милдред бошини кўтармай. – Ўн дақиқадан сўнг барча теле-деворларда бошланади. Ролимни эрталаб жўнатишибди. Мен ҳам ўз таклифимни уларга юбордим. Улар пьесани битта рол ташлаб ёзишади. Бу бутунлай янги ғоя. Ташлаб кетилган рол эса уй бекаси роли, яъни мен. Сценарийда ташлаб кетилган сатрларга келганда улар барча теледеворларда менга қарашади ва мен сўзларимни айтаман. Мана масалан, актёр менга қараб “Бу тўғрида нима дейсиз, Хелен?” деб сўрайди. Мен эса мана бу ерда, ўртада ўтирган бўламан, кўряпсанми ва… ва… – шундай деб бармоғи билан керакли сатрни қидирди. – Ва “Менимча, жуда яхши”, дейман. Пьеса давом этади ва яна охирида “Сиз бунга розимисиз, Хелен?” деб сўрайди. Мен эса “Албатта розиман”, дейман. Зўрми, Гай?
Монтэг даҳлизда унга термилганча турарди.
– Чиндан ҳам зўр, – деди Милдред.
– Пьеса нима ҳақида? – сўради Монтэг.
– Айтдим-ку, унда учта иштирокчи бор – Боб, Рут ва Хелен.