Пауло Коэльо – Алиф (страница 5)
– Биласизми, мен анчадан бери бир нарсани орзу қилардим. Буни амалга оширишга икки марта уриндим, аммо ҳеч нарса чиқмади. Агар ёрдам беришга рози бўлсангиз, Россияга борардим.
– Қанақа орзу экан?
– Поездда бутун Россиядан юриб ўтиб Тинч океани соҳилларигача етиб бориш. Йўлдаги шаҳарларда тўхтаб дастхат-сессияларни ўтказишимиз мумкин бўларди. Бу билан Москвагача етиб боришга имкони йўқ китобхонларни хурсанд қилган бўлардик.
Қувончдан ноширнинг кўзлари чақнайди. У ҳозиргина тўққизта вақт чизиғи ўтган улкан мамлакатда китобларни оммалаштириш қийинчиликлари тўғрисида гапирган эди.
– Қандай романтик орзу! Худди хитой бамбуки руҳида, – кулади Моника. – Ва амалга ошиши қийин. Сенга яхши маълумки, мен ҳамроҳлик қила олмайман. Мен уйда, ўғлимнинг ёнида бўлишим керак.
Ноширим завққа тўлган. Оқшом давомидаги бешинчи қаҳвани буюраркан, у барча ташвишни бўйнига олишига, менинг Россиядаги агентим ҳамма ишни саранжомлашига, Мониканинг ташвишланишига ҳожат йўқлигига ва ҳаммаси зўр бўлишига ишонтиришга уринади.
Шундай қилиб, учрашувларни ташкиллаштиришга масъул бўлганларни ҳам хурсанд қилиб, ҳам бошларига иш орттириб, кундалигимни икки ойлик дарбадарлик билан тўлдирдим. Агентим ва содиқ дугонамнинг завқли, эҳтиромли нигоҳини сезаман. Ўша пайтда устозим айтган ва мен тушунмаган бўлсам-да, ниҳоят масъулиятни зиммамга олганимни ёнимда бўлмаса ҳам билиб турганини ҳис қиламан. Кўча совуқ бўлганига қарамай меҳмонхонага пиёда қайтаман. Энди ортга йўл йўқлигини тушуниб, ҳаяжон ва қувонч ҳис қиламан.
Ўзим шуни истагандим. Ғалабага ишонсанг, ғолиб чиқасан. Чунки ғалаба ҳам сенга ишонади. Инсон ҳаёти озгина телбаликларсиз тўлиқ бўлмасди. Ж. айтганидек, мен ўз оламимни топишим керак. Дунёда нима содир бўлаётганини билсам, қалбимда нима содир бўлаётганини тушунаман.
Меҳмонхонада рафиқам менга бир неча бор қўнғироқ қилгани ва имкон бўлиши билан унга боғланишимни сўраганини хабар қилишади. Кўнглимда хавотир уйғонади: мен сафардалигимда у камдан-кам қўнғироқ қиларди. Тезда унинг рақамини тераман. Чақирувлар орасидаги вақт мангуликдек туюлиб кетади.
Ниҳоят у жавоб беради.
– Вероника жиддий автоҳалокатга учрабди, лекин хавотир олма, ҳозир анча яхши, – дейди ҳаяжон билан.
Вероника билан гаплашмоқчилигимни айтаман. Бироқ рафиқам бунинг иложи йўқлигини, у ҳали касалхонадалигини айтади.
– Башоратчи эсингдами? – сўрайди у.
Албатта, эсимда. Ахир у менга ҳам башорат айтганди. Суҳбатни якунлашим билан Мониканинг рақамини териб, рўйхатида Туркия бор-йўқлигини сўрайман.
– Кимларнинг таклифини қабул қилганинг ҳам эсингда йўқми?
Ҳа, эсимда йўқ. Бу саёҳатларни белгилаётганда мен ғалати эйфория[2] ҳолатида эдим.
– Зиммангдаги мажбуриятларинг ҳали ёдингда деб умид қиламан. Хоҳласанг, ҳаммасини ўнглашга ҳали вақт бор.
Унга ўйлаганларимни жон деб амалга оширишимни, бироқ ҳозир гап бунда эмаслигини тушунтираман. Башоратчи ва унинг Вероника борасидаги башоратлари ҳақида гапиришга энди жуда кеч. Моникадан рўйхатимизда Туркия бор-йўқлигини қайта сўрайман.
– Йўқ, – жавоб беради Моника. – Туркиялик ноширлар бошқа меҳмонхонада тўхташган. Акс ҳолда…
Мириқиб куламиз.
Энди бемалол ухласам бўлаверади.
МУСОФИР УЧУН ЧИРОҚ
Деярли икки ойлик саёҳатлар ортда қолди. Менга ҳаёт қувончи қайтди. Лекин тунлари уйғонганимда ўз-ўзимдан: “Уйга қайтганимда ҳам шу қувончни ҳис этармиканман?” деб сўрайвераман. Хитой бамбукини ўстириш учун тўғри чора кўряпманми? Ҳозиргача еттита мамлакатда бўлиб улгурдим. У ерда китобхонларим билан учрашдим. Бундан ўзимдаги тушкунликни бироз унутиб, қалбим қувончга тўлди. Аммо нимадир ҳали ўз оламимни забт этмаганимни билдириб турибди. Бу саёҳатларим аввалгиларидан унчалик ҳам фарқ қилмайди.
Олдинда фақат Россия сафари турибди. Кейин-чи? Зиммамга янги мажбуриятларни олиб, ҳаракатни давом эттиришим керакми ёки бироз тин олиб, олинган натижаларни таҳлил қилишга уриниб кўришим керакми?
Ҳозирча менда жавоб йўқ. Билганим бир нарса: йўлчи юлдузга интилиб яшалмаган умр – бекор ўтказилган умр. Мен билан бундай бўлишига йўл қўя олмайман. Зарур бўлса, саёҳатларимни йил охиригача давом эттиришга ҳам тайёрман.
Ҳозир Тунисда, шу номдаги мамлакат пойтахтидаман. Китобхонлар билан учрашув ҳадемай бошланади. Худога шукурки, зал тўлибди. Икки маҳаллий зиёли мени йиғилганларга таништириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Улардан бири кириш сўзининг матнини кўрсатди. Нутқ қисқагина, ошиб борса икки дақиқалик. Бошқасининг китобларим тўғрисидаги нутқи анчагина экан – камида ярим соатлик.
Координатор узун нутқ эгасига учрашув бир соатга ҳам бормаслигини, унинг нутқини тўлиқ ўқиш учун вақт етмаслигини хушмуомалалик билан тушунтиради. Нутқ муаллифига осон бўлмаганини тушуниб, унга ачинаман. Аммо координатор ҳақ: мен ўз китобхонларим билан бевосита мулоқот қилиш учун бу ердаман. Қисқа баҳсдан сўнг муаллиф тадбиримизда иштирок этмаслигини маълум қилиб кетиб қолди.
Учрашув бошланди. Саломлар ва ташаккурлардан кейин йиғилганларга бу ерга бирор нарсани тушунтириш учун келмаганимни ва учрашувимизни монолог эмас, балки жонли мулоқот тарзида олиб бормоқчилигимни айтдим.
Бир аёл китобларимда ёзган белгилар ҳақида сўрайди. Улар қанақа бўлади? Унга ҳар бир шахс учун алоҳида белгилар борлигини, умримиз давомида оғир синовлардан ўтиб, хатолар қилиб, Яратган бизни ўзи белгилаган йўлга йўналтираётганини англаб етганимизча белгиларни ажратишни, танишни ўрганиб боришимизни тушунтираман. Яна бир китобхоннинг тахминича, мени Тунисга ҳам белгилар олиб келган. Тафсилотларга тўхталиб ўтирмай, шундайлигини тан ола қоламан.
Суҳбат давом этади, вақт ўтиб боради ва хотима ясаш фурсати етади. Мен таваккалига олти юз иштирокчи орасидан ўрта ёшлардаги мўйловли одамни танлайман ва сўнгги саволни беришни сўрайман.
– Менинг саволим йўқ, – дейди у. – Мен фақат бир ном айтмоқчиман.
У айтган ном – Барбазан-Деба. Бу ҳозир мендан минглаб чақирим олисдаги ибодатхона. Бу ерга содир бўлган мўъжизага шукрона сифатида санамча эҳсон қилгандим ва айнан шу ерда сафарга жўнаш олдидан Яратгандан мадад сўрагандим.
Унга нима жавоб қилишни билмайман. Саҳнада мен билан ўтирганлардан бири ўша пайтдаги ҳолатимни шундай тасвирлаганди:
Эҳтимол, белгилар ҳақида савол берган аёлга бу ҳам қаерда бўлишим керак бўлса, керакли вақтда ва керакли жойдалигимни билдирувчи белги эканини ҳамда мени бу ерга келишга нима ундаганини ўзим ҳам тушунмай қолганимни айтишим керакмиди.
Шундай бўлса-да, тахминимча, бунга ҳожат йўқ эди. Шундоқ ҳам ҳаммасини тушуниб олгандир.
Рафиқам билан қўл ушлашиб Тунис бозорларини кезиб юрибмиз. Бу ер бир даврлар қудратли Рим империясига таҳдид солган Карфаген харобаларидан бор-йўғи ўн беш чақирим нарида жойлашган. Биз буюк Карфаген қўмондони Ганнибал ҳақида гаплашамиз. Рим ва Карфагенни бир неча юз чақирим сувлик ажратиб тургани учун римликлар жангни денгизда бўлишини кутмоқда эдилар. Аммо Ганнибал улкан қўшини билан чўлни кесиб ўтиб, Гибралтар бўғозидан, Испания ва Галлиядан ҳамда жанговар филлари билан Альп тоғларидан ошиб ўтиб римликларга шимолдан ҳужум қилди ва тарихдаги энг шонли ғалабалардан бирига эришди.
Ганнибал йўлига ғов бўлганларнинг барчасини ер тишлатди. Бироқ кутилмаганда, ҳеч кимга маълум бўлмаган сабабга кўра Римга бир қадам қолганда тўхтаб қолди ва шу билан Мангу шаҳарни забт этиш унга насиб этмади. Айнан шу қатъиятсизлик туфайли йиллар ўтиб Карфаген римликлар томонидан ер юзидан супуриб ташланди.
– Ганнибал тўхтади ва ютқазди, – мулоҳаза қиламан овоз чиқариб. – Демак, қийинчиликларга қарамай фақат олға интилиш керак. Тинимсиз сафарларга кўникиб боряпман.
Рафиқам ўз-ўзимга гапираётганимни тушунади ва ўзини эшитмагандай тутади. Маҳаллий қаҳвахонада бизни Самил, мен китобхонлар билан учрашувдан сўнг таваккалига танлаб, зиёфатга таклиф қилганларимдан бири, кутиб ўтирибди. Бизга одатда ҳамма сайёҳларга кўрсатиладиган обидаларни эмас, балки шаҳарнинг ҳақиқий ҳаётини кўрсатишини сўрайман.