Пауло Коэльо – Алиф (страница 7)
Менинг ишларимга бефарқ эмаслиги учун қизга миннатдорчилик билдираман ва жуда бандлигимни, аммо эртага китоб дўконида ўтказиладиган дастхат-сессияга келса, китобларимдан бирига дастхат қўйиб беришдан хурсанд бўлишимни айтаман.
– Мен бунинг учун келганим йўқ. Бутун Россияни кезиб чиқмоқчилигингизни биламан ва мени ўзингизга ҳамроҳ қилиб олишингизни сўрамоқчи эдим. Сизнинг биринчи китобингизни ўқиганимда мен овозни эшитдим. У айтдики, сиз мен учун муқаддас олов ёқдингиз ва куни келиб мен ҳам сизга шуни қайтаришим керак бўлади. Мен тунлари тинмай шу ҳақда ўйладим ва сизни излаб топиш учун Бразилияга учмоқчи эдим. Сизга ёрдам кераклигини биламан, шунинг учун ҳам бу ердаман.
Ҳамроҳларим кулишади. Мен хушмуомалалик билан эртагача хайрлашаман. Ношир мени кутишаётганини тушунтиради ва бу мен учун айни муддао бўлади.
– Менинг исмим Ҳилол, – дейди қиз кетишдан олдин.
Ўн дақиқадан сўнг хонада ёлғиз қоламан. Меҳмонхонага киришда олдимга келган ғалати қиз ҳақида унутиб юбордим. Унинг исми ҳам эсимда йўқ ва яна кўрсам таниб олишим ҳам маҳол. Барибир юрагим безовта: унинг кўзларида муҳаббат ва ўлимни кўрдим.
Кийимлардан халос бўлиб, душ остига тураман. Мана менинг энг ёқтирган удумларимдан бири. Бошимни ортга ташлаб, мени ҳамма нарсадан ажратиб, бошқа оламга олиб кираётган сувнинг бир маромдаги овозига қулоқ тутаман. Оркестрдаги ҳар бир асбоб овозини ажратиб оладиган дирижёр каби мен ҳам аста сўзларга айланаётган алоҳида овозларни фарқлайман. Уларнинг маъносини тушунмайман, аммо биламан: бу тил мавжуд.
Чарчоқ, ҳадик ва уйидан шунча узоққа келиб қолган одамнинг ташвиш ҳислари аста чекина бошлайди. Саёҳатим ўз хосилини беришига кун сайин ишончим ортмоқда. Ж. ҳақ эди: бир жойда қотиб қолиш – оғу. Душ терини тозалайди, овқат танани озиқлантиради, узоқ ёлғиз саёҳатлар эса руҳни қувватлайди.
Энди ҳаётимда ўзгаришлар бошланмоқда: шошилмай, асталик билан бўлса-да ҳаётим ўзгармоқда. Овқат устида дўстлар билан суҳбатдан баҳра оламан, сайр вақтида ҳозирим тўғрисида ўйларга чўмаман. Тушаётган сув эса беҳуда хаёлларни олиб кетади. Агар белгиларнинг асл маъноси билан қабул қилишни ўргансак, шунақа арзимасдек кўринган нарсалар ҳам бизни Яратганга яқинлаштиришга қодир аслида.
Ж. менга одатий ҳаёт тарзидан воз кечиб, ўз оламимни излашга киришиш вақти келганлигини айтганда довдираган ва ўзимни тушкун ҳис қилгандим. Чунки шубҳа-гумонларимга тайёр жавоб ёки қарор деймизми, хуллас, мени тинчлантирадиган, руҳий ҳаловатга эришишимга ёрдам берадиган бир нималар керак эди. Сафарга отланганлар ўз оламлари ўрнига шунчаки янги чорловлар, чексиз умидлару кутилмаган ўзгаришларни топишган, холос. Ёки ундан ҳам ёмони, ҳеч нимага эришишмаган.
Нима бўлганда ҳам, ҳар нарсага тайёр бўлиш керак. Шунинг учун лозим бўлган қарорни қабул қиламан: бу саёҳатда ҳеч нарсага эриша олмасам ҳам, изланишда давом этаман. Чунки Лондондаги меҳмонхонада тушундим: илдизларим етарлича ўсган бўлса-да, англаб олиш жуда мураккаб, ундан шифо топиш эса ундан ҳам қийин бўлган бир нималар руҳимни аста ўлдирмоқда.
Кундалик ташвишлар.
Кундалик юмуш ва такрорлаш бошқа-бошқа нарсалардир. Ҳар қандай ишда мукаммалликка эришиш учун машқ қилиш, бажариш усулингиз нафас олишдек табиий чиқмагунча такрорлаш ва такрорлаш керак бўлади. Буни мен болалигимдаёқ, оиламиз билан ёзни ўтказган Бразилиянинг кичик бир шаҳарчасида билиб олганман. Қўшни уйда яшаган темирчининг иши менда ҳаммадан кўпроқ таассурот қолдирганди. Унинг оғир болға билан қизиган темир парчасига уришини ва атрофга сачраган учқунларни соатлаб кузатардим. Бир сафар темирчи мендан сўради:
– Мени доим бир ишни такрорлайверади, деб ўйлаётгандирсан, шундайми?
– Ҳа.
– Аслида эса бундай эмас. Ҳар бир зарбани бир хил куч билан берилмайди. Бир марта бор кучинг билан урсанг, кейингисида сал тегиб қўясан. Лекин буни ўрганиш учун узоқ йиллар бир хил ишни такрорлайверишга тўғри келган. Кейинчалик қилаётган ишимни ўйлашнинг ҳам ҳожати қолмади, қўлим ўрганиб кетди.
Бу сўзлар хотирамга муҳрланиб қолган.
РУҲЛАР БЎЛИНИШИ
Китобхонларимнинг ҳар бирига диққат билан қарайман ва келганлари учун миннатдорчилик билдириб қўл чўзаман. Ёлғиз саёҳат қилаётган бўлсам-да, қалбим ёлғиз эмас: қалбимни тушунган китобхонларимнинг барчаси унга ошно. Москвада ҳам, Лондонда ҳам, Тунис, Киев, Сантьяго-де-Компостелада ва ўтган бир ярим ойда ташриф буюрган бирорта шаҳарда ўзимни бегона ҳис қилмайман.
Орқада қизғин баҳс эшитилади. Мен ишимдан чалғимасликка уринаман. Аммо баҳс кескинлаша боради. Ўгирилиб, ноширимдан нима бўлаётганини сўрайман.
– Кечаги қиз. Уни ўзимиз билан олиб кетишимизни талаб қиляпти.
Кечаги қизни эслай олмай баҳслашаётганлардан тинчланишларини сўрайман.
Кимдир ёнимга келиб ўтиради, қўриқчи ҳам етиб келади ва яна баҳс бошланиб кетади. Китобларга дастхат қўйишдан тўхтаб, ёнимга ўгириламан.
Ёнимда мен кўзларида муҳаббат ва ўлимни кўрган қиз ўтирарди. Унга биринчи бор разм соламан: сочлари тим қора, кўриниши йигирма икки – йигирма тўққизлар орасида (ёшни аниқлашга жуда нўноқман), эгнида эса бироз уринган тери куртка, жинси шим, оёғига эса кеда кийган эди.
– Унинг рюкзагини текширдик, – дейди қўриқчи. – Хавфсирайдиган ҳеч нарса йўқ. Лекин у бу ерда қолиши мумкин эмас.
Қиз индамай табассум қилади. Навбатдаги китобхон дастхат олиш учун бу можаронинг тугашини сабр билан кутиб турибди.
– Мени эсладингизми? Мен Ҳилолман. Мен муқаддас олов ёққани келдим.
– Албатта, дарров танидим, – деб ёлғон гапираман. Навбатда турганлар сабрсизлана бошлашгани сезилади. Дастхат кутиб турган китобхон эса қизга русчада бир нималар дейди. Унинг гапини тушунмасам ҳам, оҳангидан кескин тарзда нимадир деганини тушунаман.
Португалларда шундай мақол бор: “Даволаб бўлмаса, чидалади”. Тортишишнинг мавриди эмас, нимадир қилиш керак. Қиздан бошқаларга халақит бермаслик учун мени четроқда кутиб туришни сўрайман. У айтганимни итоат билан бажаради.
Бир дақиқа ҳам ўтмасдан у ҳақида унутиб, бутун диққатимни тадбирга қаратаман. Эшитган раҳматларимга жавобан мен ҳам миннатдорчилик билдираман. Кейинги тўрт соат гўё бахтли бир лаҳзадек ўтиб кетади. Ҳар соатда чекиб олиш учун танаффус қиламан, аммо умуман чарчоқни сезмайман. Одатда дастхат-сессияларни қувватга тўлдирилган батарейкалардек куч-ғайратга тўлган ҳолда тугатаман.
Якунда йиғилганлардан тадбир ташкилотчиларини қарсаклар билан олқишлашни сўрайман. Навбатдаги учрашувга жўнаш вақти келди. Шу вақтгача бирор марта ҳам эсимга тушмаган қиз яна олдимга келади.
– Сизга бир нарса кўрсатишим керак.
– Бунинг умуман иложи йўқ, – дейман мен. – Мени кечки овқатга кутишяпти.
– Йўқ, иложи бор, – жавоб беради қиз қайсарлик билан. – Менинг исмим Ҳилол. Кеча меҳмонхона эшигида сизни мен кутиб тургандим. Буни шу ернинг ўзида, сиз отлангунингизча кўрсатишим мумкин.
Унга жавоб қайтаришга улгурмасимдан, қутидан скрипкасини олиб чала бошлайди.
Тарқалишни бошлаган китобхонлар кутилмаганда бошланган концертни тинглаш учун қайта бошлашади. Ҳилол кўзларини юмиб олиб, гўё бу дунёни унутгандек чаларди. Камонча скрипка торларига деярли тегмасдан бориб келаркан, ундан мен ҳеч қачон эшитмаган куй таралиб, мен ва бошқаларга унда албатта тингланиши керак бўлган бир нималар борлигидан дарак берарди. Қиз гоҳ қотиб қолар, гоҳида эса жазавага тушгандай скрипка билан рақсга тушарди; бироқ асосан унинг қўллари ҳаракат қиларди.
Ҳар бир нота бизда хотираларни уйғотади. Бутун куй эса рад этилишдан чўчимай ўзга қалбга интилаётган ошиқ қалб ҳақида ажиб ҳикоя айтарди. Ҳилол куй чалар экан, кўплаб вазиятларда ҳаётимга ҳеч қандай алоқаси йўқдек туюлган одамлар менга ёрдам қўлини чўзганларини эслайман.
Куй якунланади. Аммо ҳеч ким қарсак чалмайди. Зал сукутга чўмади.
– Раҳмат, – дейман мен.
– Мен юрагимнинг бир парчасини ўртоқлашдим, холос. Аммо бу вазифамни бажаришим учун етарли эмас. Мени ўзингиз билан ола кетасизми?
Ростини айганда, ҳаддан зиёд тиришқоқ одамларга дуч келганда тезроқ жуфтакни ростлашга ҳаракат қиламан ёки аста енгила бошлайман. Одамга унинг орзуси амалга ошмаслигини айта олмайман. Моника Каталониядаги қаҳвахонада кўрсатган иродани ҳаммада ҳам учратавермайсан. Агар кимнидир танлаган йўлидан қайтаришга уринсам ва бунга ўзимни ҳам ишонтира олсам, ҳаётим мукаммал бўлмасди.
Ўша куни мен иккинчи йўлни танладим: Бразилиянинг Россиядаги элчисига қўнғироқ қилиб, кечки овқатга яна бир одамни таклиф қилишим учун изн сўрайман.
– Мен учун мухлисларингиз ҳам худди сиз каби қадрли меҳмон, – жавоб беради элчи.
Бразилия элчихонасидаги зиёфат – ўта расмий тадбир бўлса-да, элчи меҳмонларни ўз уйларидагидек ҳис қилишлари учун ҳамма чораларни кўрганди. Ҳилолнинг кўйлагини дидсизликнинг ўзгинаси деб бемалол айтиш мумкин. Жуда ёрқин, беўхшов ва ажи-бужи бўлган кўйлак бошқа меҳмонларнинг расмий либослари орасида биринчи бўлиб кўзга ташланади. Хизматчилар чақирилмаган меҳмонга хўжайинлари ёнидан бўлак жой топа олишмади.
Таклиф қилинганлар дастурхон атофига тўпланишар экан, менинг рус тадбиркор дўстим аперитив вақтида россиялик агентим эри билан телефонда уришиб қолганини хабар қилади ва у билан муаммо туғилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантиради.
– Нима учун?
– Менимча, гап унинг эри бошқарадиган клубга бормоқчи бўлганинг ва кейин фикрингдан қайтганинг устида боряпти.