Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 6)
Илмий ва бизнес доираларда муҳим фундаментал тадқиқотлар ва инновацион техник мослашувларни рағбатлантириш учун ҳукуматлар улкан тадқиқотларга кўпроқ маблағ ажратиши зарур. Бундан ташқари, барчага фойда келтириш учун давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик билим ҳамда инсон капиталини кўпайтиришга қаратилган бўлиши лозим.
2.2 Бурилиш нуқталари
Юқоридаги мегатрендлар умумий маънода анча мавҳум туюлади. Шунга қарамай, улар ғоятда фойдали янги маҳсулот ва ишланмаларга сабаб бўлмоқда.
Жаҳон иқтисодий форуми 2015 йил сентябрь ойида чоп этган ҳисоботда келажакдаги рақамли ва ўта боғланган дунёни ҳосил қилувчи 21 та бурилиш нуқтаси – маълум технологик ўзгаришларни кенг омма қабул қиладиган вақт – келтирилган.15 Уларнинг барчаси келаси 10 йил ичида бўлиб ўтиши кутилмоқда ва тўртинчи саноат инқилоби сабаб бўлган чуқур ўзгаришларни яққол акс эттиришга хизмат қилади. Бурилиш нуқталари Жаҳон иқтисодий форумининг “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгашида ўтказилган сўровнома асосида тузилган. Ушбу сўровномада ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги 800 дан ортиқ ижрочи ҳамда экспертлар қатнашган.
1-жадвалда сўровнома иштирокларининг неча фоизи маълум бурилиш нуқтаси 2025 йилга бориб содир бўлишини кутаётгани келтирилган.16 Иловада ҳар бир бурилиш нуқтасининг ижобий ва салбий таъсири кенгроқ ёритилган. Шунингдек, дастлабки сўровнома таркибида бўлмаган икки бурилиш нуқтаси – лойиҳаланган мавжудотлар ва нейротехнологиялар ҳам келтирилган, аммо улар 1-жадвалда берилмаган.
1-жадвал: 2025 йилга бориб содир бўлиши кутилаётган бурилиш нуқталари фоиз ҳисобида
Манба: Deep Shift – Technology Tipping Points and Societal Impact, “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгаши, Жаҳон иқтисодий форуми, 2015 йил, сентябрь
Ушбу бурилиш нуқталари олдинда қандай туб ўзгаришлар кутаётганини ва тизимли табиати туфайли бир неча бор кучайган таъсирга қандай тайёрланиш ва жавоб қайтаришни тушунишда муҳим аҳамият касб этади. Кейинги бобда келтирилганидек, ушбу ўтиш босқичида тўғри йўлни йўқотмаслик учун содир бўлаётган ва бўладиган ўзгаришлардан ҳамда уларнинг жаҳон ҳамжамиятининг барча босқичларига таъсиридан огоҳ бўлишимиз даркор.
3
ТАЪСИР
Намоён бўлаётган технологик инқилоб кўлами ва қамрови шу қадар улкан иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ўзгаришларга сабаб бўладики, уларни кўз олдимизга келтириш деярли имконсиз. Шундай бўлса-да, бу бобда тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодиёт, бизнес, ҳукумат ва мамлакатлар, жамият ҳамда алоҳида шахсларга эҳтимолий таъсири кўрсатиб берилади, таҳлил қилинади.
Ушбу соҳаларнинг барчасида энг катта таъсир асосан бир куч натижасида пайдо бўлади. Бу куч имкониятларни кенгайтиришдан иборат бўлиб, ҳукуматларнинг ўз фуқаролари, компаниялар ўз ишчилари, акциядорлари ҳамда мижозлари, буюк давлатларнинг кичик мамлакатлар билан муносабатида намоён бўлади. Мавжуд сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий моделларда тўртинчи саноат инқилоби келтириб чиқарган бузилиш натижасида ваколатлари кенгайган иштирокчилар тақсимланган кучлар тизимининг бир қисми эканликларини, муваффақиятга эришиш учун кўпроқ ҳамкорлик талаб этилишини тушуниб eтишади.
3.1 Иқтисодиёт
Тўртинчи саноат инқилоби жаҳон иқтисодиётига мисли кўрилмаган даражада катта ва кўп тарафлама таъсир ўтказадики, бир таъсирни бошқасидан айри ҳолда ўрганиш жуда қийин кечади. Дарҳақиқат, хаёлга келиши мумкин бўлган барча макроиқтисодий кўрсаткичлар: ЯИМ, сармоя киритиш, истеъмол, бандлик, савдо, инфляция ва бошқалар ўзгармасдан қолмайди. Мен энг муҳим икки жиҳатга – иқтисодий ўсиш (унинг асосий узоқ муддатли омили бўлмиш маҳсулдорлик орқали) ва бандликка эътиборимни қаратишга қарор қилдим.
3.1.1 Иқтисодий ўсиш
Тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодий ўсишга таъсири борасида иқтисодчилар фикри иккига ажралади. Бир томондан, технологик пессимистлар фикрига кўра, рақамли инқилоб асосий таъсирини кўрсатиб бўлди ва маҳсулдорликни ортиқ ошира олмайди. Бошқа тарафдан эса, технологик оптимистларнинг таъкидлашича, технология ва инновациялар ҳали ҳал қилувчи нуқтага eтганича йўқ ва улар тез орада маҳсулдорлик ҳамда иқтисодий ўсишда янги тўлқинга сабаб бўлади.
Гарчи ҳар икки тараф фикрини ҳам тан олсамда, амалиётга суянувчи оптимистлигимча қоламан. Технологиянинг дефляцион таъсири (гарчи уни “ижобий дефляция” деб таърифлаш мумкин бўлса ҳам) унинг қайта тақсимлаш таъсири натижасида ишчи кучидан кўра сармоя устунлик қилиши ва на тижада маош (ўз навбатида истеъмол ҳам) камайишидан яхши хабардорман. Бундан ташқари, тўртинчи саноат инқилоби одамларга маҳсулот ва хизматлардан кўпроқ ва арзонроқ фойдаланиш имконини беришини, натижада истеъмол турғунроқ ҳамда ишончлироқ бўлишини тушуниб турибман.
Тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодий ўсишга эҳтимолий таъсирини замонавий иқтисодий йўналишлар ҳамда ўсишга таъсир қилувчи бошқа омиллар билан бирга кўриб чиқиш жуда муҳим. 2008 йилда, иқтисодий ва молиявий инқироз юз беришидан бир неча йил олдин, жаҳон иқтисодиёти йилига ўртача 5 фоиздан ўсаётганди. Агар ушбу тезлик сақланиб қолганда, глобал ЯИМ ҳажми ҳар 14-15 йилда икки баробар ортган ва миллиардлаб одамлар қашшоқликдан чиққан бўларди.
Буюк турғунликдан кейиноқ жаҳон иқтисодиёти ўзининг аввалги юқори суръатларига қайтади, деган фикр кенг тарқалганди. Аммо бундай ҳолат юз бермади. Глобал иқтисодиёт урушдан кейинги йиллардан ҳам пастроқ – йиллик ўсиш тезлиги ўртача 3-3.5 фоиз билан чегараланиб қолгандай туюлмоқда.
Айрим иқтисодчилар “юз йиллик инқироз” рўй бериши мумкинлигини тахмин қилиб, “дунёвий турғунлик” ҳақида гапирмоқда. Ушбу атамани Катта депрессия даврида Алвин Ганзен ўйлаб топган бўлиб, яқин йилларда иқтисодчилар: Ларри Саммерс ва Паул Кругманлар уни қайта муомалага киритди. “Дунёвий турғунлик” талабнинг ҳатто нолга яқин кредит фоизлари билан ҳам ўзгартириб бўлмайдиган даражада камайиб кетиши ҳолатини тасвирлайди. Гарчи бу ғоя иқтисодчилар орасида мунозарага сабаб бўлса-да, муҳим хулосалар чиқаришга имкон беради. Агар фикр тўғри бўлса, глобал ЯИМ ўсиш тезлиги янада камайиши мумкин. Глобал ЯИМ ҳажмининг йиллик ўсиши 2 фоизгача тушиб кетди деб тасаввур қилайлик, бу эса унинг ҳажми икки баробар ортиши учун 36 йил керак бўлади демакдир.
Глобал ўсиш секинлашувини сармоянинг нотўғри тақсимланиши, қарздорлик ортиши ва демографик ўзгаришлар каби қатор сабаблар билан тушунтириш мумкин. Улар ичидан технологик тараққиёт билан боғлиқ иккитасини: аҳоли ёшининг ортиб бориши ва маҳсулдорликни кўриб чиқамиз.
Жаҳоннинг айни пайтдаги 7.2 миллиард аҳолиси 2030 йилга бориб 8 миллиардга, 2050 йилгача эса 9 миллиардга eтиши башорат қилинмоқда. Бу умумий талабнинг ортишига олиб келиши керак. Аммо муҳим аҳамият касб этувчи яна бир демографик ўзгариш – кексайиш ҳам бор. Кенг тарқалган қарашларга кўра, кекса ёшдаги аҳолининг ортиб бориши асосан Ғарбдаги бой давлатларга хос. Аммо бу фикр у қадар тўғри эмас. Туғилиш кўрсаткичларининг аҳоли сонини турғун тутиб турувчи даражадан камайиши нафақат бундай ҳолат дастлаб бошланган Eвропада, балки Жанубий Америка ва Кариб денгизи ҳавзаси, Осиёнинг катта қисми, шу жумладан, Хитой ва жанубий Ҳиндистон, ҳаттоки Ливан, Марокаш, Эрон сингари Яқин Шарқ ҳамда шимолий Африканинг айрим мамлакатларида ҳам кузатилмоқда.
Агар нафақага чиқиш ёши кескин оширилиб, жамиятнинг ёши катта вакиллари ҳам ишчи кучи сифатида ҳисса қўшишда давом этмаса (иқтисодиётга ижобий таъсир қилувчи зарурат), кекса ёшдаги аҳолининг ортиши катта иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлади. Чунки ғамхўрликка муҳтож кексалар сони ортиб боргани сари меҳнатга лаёқатли аҳоли камайиб боради. Кексалар сони ортиб, ёшлар сони камайгани сари уй, уй жиҳозлари, автомобиль ва бошқа шу каби катта харажат талаб қилувчи маҳсулотларни харид қилиш, бунга қўшимча равишда тадбиркорлик соҳасида таваккал қилувчи одамлар ҳам камаяди. Бунинг сабаби қариётган ишчилар қўлидаги маблағдан янги корхоналар яратишдан кўра яхшироқ шароитда нафақага чиқиш учун фойдаланишни афзал кўришидадир. Бу ҳолат одамлар нафақага чиқиб, омонатларини қайтариб олганда омонат ва сармоя ҳажми камайишини бироз мувозанатлаштиради.
Мазкур одатлар ва моделлар ёши катталар сони ортиб бораётган жамиятлар мослашгани сари ўзгариши мумкин. Бироқ технологик инқилоб маҳсулдорликнинг жадал ўсишига сабаб бўлмаса, кексалар сони ортиб бораётган дунёда ўсишнинг секинлашиши умумий қоида сифатида қолаверади. Технологик инқилобнинг маҳсулдорликка таъсирини содда қилиб “қаттиқ ишлаш эмас, балки ақл билан ишлаш” деб таърифлаш мумкин.
Тўртинчи саноат инқилоби бизга узоқроқ, соғломроқ ва фаолроқ яшаш имконини беради. Ривож ланган давлатларда ҳозирда туғилаётган болаларнинг чорак қисмидан кўпи 100 йил умр кўриши кутилаётган жамиятда яшар эканмиз, меҳнат ёшидаги аҳоли, нафақа ва шахсий ҳаётни режалаштириш сингари тушунчаларни қайта кўриб чиқишимиз зарур.17 Кўп давлатларда юқоридаги мавзуларни муҳокама қилишда юзага келаётган қийинчиликлар кутилаётган ўзгаришларни олдиндан кўриш ва уларга тайёрланиш борасида қанчалик оқсаётганимизнинг яна бир исботидир.
Технологик ютуқлар ва инновацияга ажратилган сармоялар миқдори геометрик прогрессия бўйича ортишига қарамай, сўнгги бир неча ўн йил ичида дунё бўйлаб маҳсулдорлик (меҳнат унумдорлиги ёки умумий омил унумдорлиги [TFP] олинишидан қатъи назар) жуда секин ўсди.18 Маҳсулдорликнинг мантиққа мос келмас сўнгги тимсоли – технологик инновациялар унинг даражасини оширмайди деган фикр – иқтисодиётнинг Буюк турғунликдан ҳам олдин пайдо бўлган очилмаган тилсимидир. Унга ҳалигача қониқарли изоҳ топилгани йўқ.