реклама
Бургер менюБургер меню

Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 7)

18

АҚШни олайлик, у eрда маҳсулдорлик 1947 йилдан 1983 йилгача ўртача 2.8 фоизга, 2000–2007 йиллар да 2.6 фоизга, 2007 йилдан 2014 йилгача эса атиги 1.3 фоизга ўсди.19 Пасайишнинг асосий қисми технология ва инновация туфайли пайдо бўладиган самарадорлик билан боғлиқ TFPнинг паст кўрсаткичларига бориб тақалади. АҚШ Меҳнат статистика бюроси берган маълумотларга кўра, 2007 йилдан 2014 йилгача TFPнинг ўсиши 0.5 фоизни ташкил этган, бу 1995–2007 йиллардаги 1.4 фоизлик ўсишдан анча паст.20 Маҳсулдорлик кўрсаткичларидаги бундай пасайиш кредит фоизлари деярли беш йил давомида ноль фоиз атрофида муаллақ сақланиб қолган бир пайтда АҚШнинг энг йирик 50 та компанияси бир триллиондан ортиқ маблағ тўплаганини ҳисобга олганда, айниқса, хавотирли21.

Маҳсулдорлик узоқ муддатли ўсиш ва юқори ҳаёт стандартларини белгиловчи энг муҳим омилдир. Шундай экан, тўртинчи саноат инқилоби даврида унинг ўсиши кузатилмаса, ҳар иккисининг пасайишига гувоҳ бўламиз. Бироқ маҳсулдорликнинг пасайиб боришидан далолат берувчи маълумотларни технология ва инновациядаги геометрик прогрессия бўйича ўсишдан кутилаётган юқори унумдорлик билан қандай боғлаш мумкин?

Асосий аргумент киритилган ва чиқарилган ресурслар, шу қаторда, унумдорликни ўлчаш муаммосига қаратилган. Тўртинчи саноат инқилоби натижасида яратилган инновацион товар ва хизматлар жуда юқори сифат ва функционалликка эга. Аммо уларни бозорга eтказиб бериш усуллари биз баҳолашга ўрганган анъанавий усуллардан тубдан фарқ қилади. Кўплаб янги маҳсулот ва хизматларнинг рақобатчилари йўқ, қўшимча харажатлар ҳажми нолга тенг ёки рақобатга бой бозор тузилмаларидан рақамли платформалар орқали фойдаланади. Буларнинг барчаси нархни туширади. Бундай шароитда анъанавий статистик усулларимиз қийматдаги ҳақиқий ўсишни кўрсата олмаслиги мумкин, чунки умумий савдо ва юқорироқ даромадлар истеъмол ҳажми ортганини ҳали акс эттирмаган бўлади.

“Google”нинг бош иқтисодчиси Хэл Вариан талабга асосланган иқтисодиёт қудрати орқали мобил илова ёрдамида такси чақириш ёки автомобилни ижарага олишдаги самарадорлик каби кўплаб мисолларни келтиради. Самарадорликни ва шу билан бир қаторда маҳсулдорликни оширадиган кўплаб бошқа хизматлар мавжуд. Аммо улар асосан бепул бўлгани сабабли уйда ва ишда катта фойда келтиради. Натижада маълум хизматдан олинадиган фойда ҳамда миллий статистикада ўлчанган иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари орасида тафовут келиб чиқа ди. Шунингдек, бу иқтисодий кўрсаткичларда келтирилганидан кўра самаралироқ ишлаб чиқараётганимиз ва истеъмол қилаётганимизни англатади.22

Яна бир фикрга кўра, учинчи саноат инқилоби таъсирида пайдо бўлган маҳсулдорлик, катта эҳтимол билан ўз кучини йўқотмоқда. Тўртинчи саноат инқилоби асосида вужудга келаётган янги технологиялар тўлқини туфайли маҳсулдорликда содир бўлиши кутилаётган кескин ўсиш эса ҳали олдинда.

Дарҳақиқат, амалиётга суянувчи оптимист сифатида тўртинчи саноат инқилоби дунёга кўрсатадиган ижобий таъсирни сезиш остонасида турганимизга аминман. Бундай оптимистик қарашларим қуйидаги уч сабабга асосланган.

Биринчидан, тўртинчи саноат инқилоби бутун дунёдаги шахслар ва жамиятларни ўзаро боғлаб, имкониятларини кенгайтиради. Шунинг ҳисобига у мавжуд маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни ошириш орқали жаҳон иқтисодиётида икки миллиард одамнинг шу пайтгача қондирилмаган эҳтиёжларини интеграциялаш имконини беради.

Иккинчидан, тўртинчи саноат инқилоби юзага келадиган ножўя ташқи таъсирларни бартараф этиш ва шу жараёнда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш имкониятимизни кенгайтиради. Мисол сифатида энг йирик ножўя ташқи таъсирлардан бири бўлган карбонат ангидрид ажралишини олайлик. Яқин вақтларгача яшил технологияларга сармоя киритиш фақат ҳукуматлар катта моддий ёрдам берганидагина эътиборни тортарди. Бу ҳол тобора камайиб бормоқда. Қайта тикланадиган энергия, ёнилғи самарадорлиги ҳамда энергияни захиралаш соҳаларидаги технологик ютуқлар нафақат уларга сармоя киритишдан келадиган фойдани ошириб, ЯИМ ўсишига олиб келади, балки замонамизнинг йирик глобал муаммоси бўлган иқлим ўзгаришига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Учинчидан, кейинги бўлимларда келтирилганидек, мен билан мулоқотда бўлган бизнес, ҳукумат ва фуқаролик жамияти раҳбарларининг барчаси рақамли технологиялар тақдим этаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланиш учун ўз ташкилотларини ўзгартиришда қийинчиликка дуч келаётганини айтишган. Биз ҳали ҳам тўртинчи саноат инқилобининг бошланиш нуқтасида турибмиз. Ундан тўлалигича фойдаланиш учун бутунлай янги иқтисодий ҳамда ташкилий тузилмалар зарур бўлади.

Дарҳақиқат, тўртинчи саноат инқилоби иқтисодиётидаги рақобат қоидалари, наздимда, аввалги даврлардагидан фарқ қилади. Рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун компаниялар ва мамлакатлар инновациянинг барча кўринишларида илғор бўлишлари лозим. Бу эса харажатларни камайтириш стратегияси маҳсулот ҳамда хизматлар eтказишнинг янги усулларига қараганда камроқ самара бери шини англатади. Айни пайтда ўз ўрнига эга компанияларнинг бошқа соҳа ва мамлакатларда пайдо бўлган “бузғунчилар” ҳамда инноваторлар таъсирида катта босим остига тушиб қолганига гувоҳ бўляпмиз. Юқоридаги жумла эътиборни мувофиқ экотизимлар яратишга қаратиш кераклигини тушуниб eтмаган давлатларга ҳам тегишлидир.

Хулоса қилиб айтганда, структуравий (қарздорликнинг ортиши ва кекса ёшдаги аҳолиси ортиб бораётган жамиятлар) ҳамда тизимли (платформали ҳамда талабга асосланган иқтисодиётнинг кириб келиши, тобора камайиб бораётган қўшимча харажатларга суяниш ва ҳоказо) омиллар йиғиндиси иқтисодиёт борасидаги тушунчаларимизни ўзгартириб, дарсликларни қайта ёзишга мажбур қилишига ишонаман. Тўртинчи саноат инқилоби иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва биз дуч келаётган айрим глобал қийинчиликларни eнгиш имконига эга. Бироқ у сабаб бўлиши мумкин бўлган салбий таъсирлар, айниқса, тенгсизлик, бандлик ва меҳнат бозорига ўтказиладиган таъсирни назардан қочирмаслигимиз, шунга мос равишда иш тутишимиз зарур.

3.1.2 Бандлик

Технологиянинг иқтисодий ўсишга кўрсатадиган ижобий таъсирига қарамай, эътиборни қисқа муддатга бўлса ҳам, унинг меҳнат бозорига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсирига қаратишимиз даркор. Технологиянинг иш ўринларига таъсири билан боғлиқ хавотирлар янгилик эмас. 1931 йилда иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс “ишчи кучини иқ тисод қилишнинг ишчи кучидан фойдаланишнинг янги усулларини топишимиздан ўзиб кетиши” натижасида юзага келган технологик ишсизликдан огоҳлантирган.23 Унинг хавотирлари ноўрин бўлиб чиқди. Бироқ бу сафар улар тўғри бўлса-чи? Сўнгги йилларда компьютерлар турли касб эгалари, айниқса, ҳисобчи, кассир ва телефон операторларининг ишини бажараётгани борасидаги далиллар туфайли мунозаралар яна жонланди.

Янги технологик инқилоб нима сабабдан аввалгиларига қараганда кўпроқ чалкашликларга сабаб бўлиши китобнинг кириш қисмида айтиб ўтилган. Ушбу сабаб тезлик (барча ўзгаришлар ҳар қачонгидан ҳам тезроқ содир бўлмоқда), кенг кўлам ва туб ўзгаришлар (бир вақтнинг ўзида кўплаб туб ўзгаришлар юз бермоқда), бутун тизимларнинг батамом реформасида ўз аксини топади.

Ҳаракатга келтирувчи кучларга назар солар эканмиз, бир нарса аниқ: янги технологиялар барча соҳа ва касбларда иш табиатини тубдан ўзгартириб юборади. Автоматлаштириш ишчи кучи ўрнини қай даражада эгаллаши эса ноаниқ. Бу ўзгаришлар қанча вақт давом этади ва қай даражада узоққа боради?

Буни тушуниш учун дастлаб технология бандликка кўрсатаётган икки ёқлама таъсир ҳақида тушунча ҳосил қилишимиз зарур. Биринчидан, технология келтириб чиқарган бузилишлар ва автоматлаштиришда ишчи кучини сармоя билан алмаштириш вайронкор таъсир этади. Натижада иш чилар ишсиз қолади ёки ўз кўникмаларини бошқа соҳада сарфлашга мажбур бўлади. Иккинчидан, технологиянинг вайронкор таъсири билан бир қаторда капитализация эффекти ҳам кузатилиб, янги маҳсулот ва хизматларга бўлган талаб ҳам ортадики, пировардида янги иш ўринлари, бизнес ташкилотлар, ҳатто бутун бошли саноат соҳалари пайдо бўлади.

Инсон сифатида биз ажойиб мослашувчанлик ва ихтирочилик қобилиятига эгамиз. Аммо масаланинг муҳим жиҳати капитализация эффекти вайронкор таъсирдан қачон ва қай даражада ўзиб кетиши ҳамда ишчи кучини автоматлаштириш қандай тезликда кечишидадир.

Янги пайдо бўлаётган технологиялар меҳнат бозорига қандай таъсир қилиши мумкинлиги борасида икки хил қараш бор. Айримлар ҳаммаси яхшилик билан тугашига – технологиялар туфайли иш жойидан айрилган одамлар бошқа иш топишига, технология фаровонликнинг янги асрини бошлаб беришига ишонади. Бошқаларнинг наздида, бу ижтимоий ва сиёсий қиёматга сабаб бўлади. Тарих эса натижа мана шу икки зид қараш ўртасида ётишини кўрсатади. Кўпроқ ижобий натижа олиш ва ўтиш даврида қийналиб қолганларга ёрдам бериш учун нима қилиш керак? Муаммо шунда.

Технологик инновация доимо бирор соҳада иш ўринларини йўқ қилиб юборса, бошқа соҳа ёки жойда янгиларининг пайдо бўлишига туртки берган. Мисол тариқасида қишлоқ хўжалигини олайлик. ХIХ аср бошида АҚШ аҳолисининг 90 фоизи қиш лоқ хўжалиги билан банд бўлган, бироқ ҳозир бу кўрсаткич 2 фоизга ҳам бормайди. Соҳадаги ишчилар сонининг бундай кескин камайиб кетиши нисбатан силлиқ, кам миқдордаги ижтимоий йўқотиш ёки эндемик ишсизлик билан кечди.