Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 8)
Иловаларга асосланган иқтисодиёт касбларнинг янги экотизимига мисол бўла олади. У 2008 йилда “Apple” компанияси асосчиси Стив Жобс ташқи дастурчиларга “iPhone” учун иловалар ишлаб чиқишга рухсат бергандан кейингина бошланган. 2015 йилга келиб иловалар глобал миқёсда олаётган даромад 100 миллиард АҚШ долларидан ортиб, юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида мавжуд бўлган кино саноатини ортда қолдирди.
Техно-оптимистлар “тарихни экстраполяция қилар эканмиз, нима учун бу сафар бошқача бўлиши керак?” деган саволни беришади. Улар технология вайронкор кучга эга бўлиши мумкинлигини тан олган ҳолда барибир маҳсулдорлик ва бойликнинг ўсиши, маҳсулот, хизматларга бўлган талабнинг ортиши ҳамда уларни қондириш учун янги турдаги иш ўринлари пайдо бўлишига ишонадилар. Ғоянинг асосий мазмуни қуйидагича: Инсоннинг талаб ва эҳтиёжлари чексиз, шундай экан, уларни қондириш жараёни ҳам чегара билмаслиги керак. Нормал турғунлик ва вақти-вақти билан кузатиладиган таназзулларни ҳисобга олмаганда, ҳар доим ва ҳамма учун иш топилади.
Ушбу ғояни қўллаб-қувватловчи қандай далиллар бор ва улар олдинда нималар кутаётгани ҳақида қандай маълумот беради? Дастлабки белгилар яқин келажакда кўплаб соҳа ва касб турларида иш ўринларини инновациялар эгаллашидан дарак бермоқда.
Турли касблар, айниқса, такрорланувчи механик иш ёки аниқликни талаб қилувчи қўл меҳнати аллақачон автоматлаштириб бўлинган. Компьютерларнинг ҳисоблаш қуввати геометрик прогрессия бўйича ортиб бораркан, яна қатор касблар ҳам уларнинг ортидан автоматлаштирилади. Ҳуқуқшунослар, молиявий таҳлилчилар, шифокорлар, журналистлар, ҳисобчилар, суғурта агентлари ва кутубхоначилар сингари хилма-хил касблар кутганимиздан илгарироқ қисман ёки тўлиқ автоматлаштирилади.
Шу пайтгача тўпланган далиллар тўртинчи саноат инқилоби турли соҳаларда аввалгиларидан кўра камроқ иш ўрнини яратаётганини кўрсатмоқда. Технология ва бандлик бўйича Оксфорд Мартин дастури берган маълумотларга кўра, АҚШ ишчиларининг атиги 0.5 фоизи XXI асрда пайдо бўлган соҳаларда ишламоқда. Бу эса 1980-йилларда яратилган тахминан 8 фоиз ва 1990-йилларда яратилган 4.5 фоиз иш ўринларига нисбатан анча паст. Буни технология ва ишсизлик ўртасидаги қизиқ алоқадорликни ёритиб берувчи АҚШда йиғилган энг сўнгги иқтисодий маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Бундан кўринадики, ахборот ва бошқа “бузғунчи” технологиялар соҳасидаги инновациялар маҳсулдорликни ишлаб чиқариш жараёни кўпроқ ишчи кучи талаб қиладиган янги маҳсулот яратиш йўли билан эмас, балки мавжуд ишчиларни алмаштириш йўли билан оширади.
Оксфорд Мартин мактабининг икки тадқиқотчиси – иқтисодчи Карл Бенедикт Фрей ва машинавий таълим бўйича мутахассис Майкл Осборн технологиянинг ишсизликка таъсирини ўрганиш мақсадида 702 хил касбни автоматлашиш эҳтимоли асосида баҳолаб чиқди – автоматлашиш эҳтимоли энг кам (ҳеч қандай эҳтимоллик йўқлигини англатувчи “0”) касбдан тортиб, бундай эҳтимоллик энг юқори бўлганларигача (маълум касб компьютернинг бирор тури билан алмаштирилишини англатувчи “1”).24 2-жадвалда автоматлаштирилиш эҳтимоли энг юқори ва энг паст бўлган айрим касблар келтирилган.
Тадқиқот хулосасига кўра, АҚШдаги иш ўринларининг 47 фоизи хавф остида бўлиб, яқин ўнйигирма йил ичида автоматлаштирилиши мумкин. Бу эса иш ўринлари йўқолиши аввалги саноат инқилобларига қараганда сезиларли даражада тезроқ кечиши ва кўпроқ соҳаларни қамраб олишини кўрсатади. Бундан ташқари, меҳнат бозорида қутбланишга мойиллик кўпроқ. Юқори ҳақ тўланувчи ақлий меҳнат, яратувчанлик талаб қилинадиган ва кам ҳақ тўланувчи, қўл меҳнати талаб қилинадиган соҳаларда иш ўринлари кўпаяди, ўртача ҳақ тўланадиган, бир хил ва такрорланувчи касбларда эса улар сезиларли даражада камаяди.
2-жадвал. Автоматлаштиришга энг кўп ва энг кам мойил бўлган касбларга мисоллар
Манба: Карл Бенедикт Фрей ва Майкл Осборн, Оксфорд университети, 2013.
Шуниси эътиборга моликки, ушбу ўзгаришлар фақат алгоритмлар, роботлар ва бошқа воситалар имкониятлари кенгайиши туфайлигина юзага келаётгани йўқ. Майкл Осборннинг фикрича, автоматлаштиришга компанияларнинг сўнгги йилларда иш ўринларини аутсорсинг ва офшор қилиш ёки уларни “рақамли иш”га айлантириш учун (“Amazon” компаниясининг “Mechanical Turk” ёки “Mturk” хизмати орқали интернет бозоридаги мустақил ва малакасиз одамлардан фойдаланиш – краудсорсинг каби) соддалаштириш ҳамда аниқлаштиришга уринишлари асосий сабаб бўлмоқда. Ишнинг бундай соддалаштирилиши алгоритмлар одамларнинг ўрнини боса олишини билдиради. Чунки аниқ белгиланган муайян вазифалар ишлаб чиқилиши назоратни осонлаштиради ва иш бўйича сифатлироқ маълумот тўплаш имконини беради. Бу эса вазифани бажара олувчи алгоритмлар яратишни осонлаштиради.
Автоматлаштириш ва ишчи кучини алмаштириш ҳақида фикр юритарканмиз, технологиянинг бандлик ҳамда иш келажагига таъсирига бир ёқлама қарамаслигимиз керак. Фрей ва Осборнлар кўрсатганидек, тўртинчи саноат инқилоби бутун дунё бўйлаб меҳнат бозори ва иш ўринларига катта таъсир ўтказади. Аммо бу инсон ва машинадан бирини танлашдек мушкул дилеммага дуч келамиз, дегани эмас. Ҳозирги ўзгаришларга сабаб бўлган рақамли, моддий ҳамда биологик технологиялар уйғунлашуви кўп ҳолларда инсоннинг меҳнат ва идрок қобилиятини кучайтиради. Натижада раҳбарлар кадрларни тобора ақлли ва бир-бирига боғлиқ бўлиб бораётган ускуналар билан бирга ҳамда ёнмаён ишлашга тайёрлашга, янги таълим моделларини яратишга мажбур бўлади.
Яқин келажакда ижтимоий ва ижодий кўникмалар, хусусан, ноаниқлик шароитида қарор қабул қилиш ҳамда янги ғоялар ўйлаб топиш кўникмалари талаб қилинадиган касблар автоматлаштирилиш эҳтимоли кам соҳалар бўлади.
Бироқ бу узоқ давом этмаслиги мумкин. Энг ижодий касблардан бири – ёзувчилик ва автоматик ҳикоя яратиш технологиясини олайлик. Мураккаб алгоритмлар ҳар қандай китобхонга мос услубда ҳикоя ярата олади. Ҳикоя мазмуни инсон қалами маҳсулига шу қадар ўхшайдики, “New York Times” газетаси ўтказган сўровномада бир-бирига ўхшаш икки хил матн берилганида иштирокчилар улардан қайси бирини одам, қайси бирини робот ёзганини ажрата олмаган. Бу технология жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Шу боис автоматик ҳикоя яратиш технологиясига ихтисослашган “Narrative science” асосчиларидан бири Кристиан Ҳаммонд 2020 йил ўрталарига бориб янгиликларнинг 90 фоизи алгоритмлар томонидан ёзилишини башорат қилган. Бу алгоритмларнинг асосий қисми одам иштирокисиз ишлайди (мазкур алгоритм лойиҳасидаги иштирокидан ташқари, албатта).25
Бундай тез ривожланаётган меҳнат муҳитида бандликдаги келгуси ўзгаришлар ҳамда талаб қилиниши мумкин бўлган билим ва кўникмаларни олдиндан кўра билиш барча манфаатдор томонлар учун муҳим аҳамият касб этади. Келажакдаги ўзгаришлар саноат соҳаси ва жуғрофий жойлашувга боғлиқ. Шу сабабли тўртинчи саноат инқилобининг ҳар бир соҳа ва мамлакатга хос таъсирини тушуниш муҳим.
Форумнинг “Келажак касблари” ҳисоботини тузишда саноатнинг 10 та асосий соҳаси ва иқтисодиёти ривожланган 15 та давлатдаги энг йирик иш берувчи компанияларнинг кадрлар бўйича мутахассисларидан маълумотлар тўпладик. Улардан бандлик, иш ўринлари ва малака борасида 2020 йилгача қандай ўзгаришлар кутилаётганини сўрадик. 1-расмда келтирилганидек, сўровнома қатнашчиларининг ишончи комилки, 2020 йилга бориб мураккаб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий ва тизимли кўникмалар жисмоний лаёқат ҳамда маълум соҳа учун зарур бўладиган маҳоратга нисбатан анча кўп талаб қилинади. Ҳисоботга кўра, келгуси беш йил муҳим ўтиш даври бўлади: умумий бандлик даражаси нисбатан турғун қолса-да, соҳалар ва касблар кесимида иш ўринлари ҳамда кўникмалар таркиби сезиларли ўзгаради. Кўп касбларда маош ва иш-ҳаёт мувозанати бироз яхшиланса ҳам, сўровнома ўтказилган соҳаларнинг ярмида иш билан таъминланганлик даражаси ёмонлашуви кутилмоқда. Ўзгаришлар аёллар ва эркакларга турлича таъсир кўрсатади, бу ҳолат гендер тенгсизликни янада кучайтириб юбориши мумкин. (Гендер тафовутлар ва тўртинчи саноат инқилоби ҳақидаги А матнга қаранг.)
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.