реклама
Бургер менюБургер меню

Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 5)

18

“Uber” бизнес модели бундай технологик платформаларнинг вайронкор кучини яққол намоён этади. Бундай платформали компаниялар сони тезлик билан кўпайиб, кир ювишдан то бозор қилишгача, уй ишларидан то машина қўйиш майдончаларигача, уйида тунаб қолишдан тортиб, то узоқ масофага бирга боришгача бўлган хизматларни таклиф қилмоқда. Уларнинг бир умумий томони бор: талаб ва таклиф ўртасида жуда қулай (ва арзон) алоқа ўрнатиш, истеъмолчини турли маҳсулотлар билан таъминлаш, икки томонлама муносабатга киришиш ва ўз фикрини билдириш имконини бериш орқали ушбу платформалар мижозлар ишончини қозонмоқда. Бу эса илгари eтарлича қўлланмаган, ўзларини таъминотчи деб билмаган одамларга тегишли воситалардан самарали фойдаланиш имконини беради. (Масалан, автомобилдаги бўш ўриндиқ, уйдаги бўш ётоқхона, сотувчи ҳамда ишлаб чиқарувчи ўртасидаги тижорат муносабатлари ёки eтказиб бериш, уйни таъмирлаш ёхуд ташкилий ишлар каби юмушларни бажариш учун вақт ва имконият.)

Талабга асосланган иқтисодиёт муҳим саволни ўртага ташлайди: нимага эга бўлиш муҳимроқ – платформагами ёки у таклиф қилаётган ресурсларгами? Оммавий ахборот воситалари бўйича мутахассис Том Гудвин “TechCrunch” онлайн журналининг 2015 йил март сонидаги мақоласида ёзганидек: “Дунёнинг энг йирик такси компанияси бўлган “Uber”нинг битта ҳам автомобили йўқ. Энг йирик медиа компанияси “Facebook” ҳеч қандай контент яратмайди. Дунёнинг энг қиммат чакана савдо платформаси “Alibaba” ҳеч қандай инвентарга эгалик қилмайди. Ва ниҳоят, дунёнинг энг йирик уй-жой таъминотчиси “Airbnb” кўчмас мулкка эга эмас”.9

Рақамли платформалар одамлар ёки ташкилотлар биргаликда бирор воситадан фойдаланганда ёхуд хизмат кўрсатганда юзага келадиган қўшимча харажат ҳамда тушунмовчиликларни кескин камайтирди. Ҳар бир олди-сотди эндиликда жуда кичик қисмларга бўлиниши ва ундан барча томонлар манфаат кўриши мумкин. Бундан ташқари, рақамли платформалардан фойдаланилганда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш харажатлари деярли нолга тенг бўлади. Бу ўз навбатида бизнес ва жамиятга катта таъсир ўтказади, буни китобнинг учинчи бобида батафсил кўриб чиқамиз.

2.1.3 Биологик

Биология, қисман генетика соҳасидаги инновацияларни таърифлашга тил ожиз. Сўнгги йилларда ген секвенциясини аниқлаш жараёнини арзонлаштириш ҳамда соддалаштириш, кейинроқ эса генларни фаоллаштириш ва таҳрирлаш борасида катта ютуқларга эришилди. “Инсон геноми” лойиҳасини амалга ошириш учун 10 йил ва 2.7 миллиард доллар талаб этилган бўлса, эндиликда геном секвенциясини аниқлашни бир неча соат ичида минг доллардан камроқ маблағ эвазига бажариш мумкин.10 Компьютерларнинг ҳисоблаш қуввати кучайгани сабабли олимлар геннинг маълум бир комбинацияси қандай хусусият ёки касаллик келтириб чиқаришини синов ва хатолар орқали эмас, балки шунчаки компьютерда синаб кўриш орқали ўрганмоқда.

Кейинги босқич эса синтетик биологиядир. У бизга организмлар ДНКсини ёзиш йўли билан уларни маълум талабларга мослаштириш имконини беради. Юзага келувчи жиддий ахлоқий саволларни четга суриб турадиган бўлсак, бу ютуқлар нафақат тиббиётда, балки қишлоқ хўжалиги ва биоёқилғи ишлаб чиқаришда ҳам бевосита катта бурилиш ясаши мумкинлигини кўрамиз.

Юрак касалликларидан то саратонгача бўлган ва eчимини кутаётган муаммолар негизида генетик омиллар ётади. Шу сабабли алоҳида генетик тузилишимизни самарали ва қулай нархларда аниқлаш усуллари қўлланиши (ген секвенциясини аниқловчи қурилмалардан оддий текширувларда ҳам фойдаланиш) индивидуаллашган ва самарали соғлиқни сақлаш тизимида инқилобга сабаб бўлади. Ўсманинг генетик тузилишидан хабардор бўлган шифокорлар беморни даволашда тўғри қарор қабул қилишга муваффақ бўладилар.

Гарчи генетик маркерлар билан касаллик ўртасидаги боғланиш бўйича билимларимиз айни пайтда eтарли бўлмаса-да, маълумотлар миқдорининг ортиб бориши ўта аниқ тиббиётнинг ривожланишига, мўлжалланган даво муолажалари ишлаб чиқилиши ва даво самарадорлиги ортишига олиб келади. IBM компаниясининг “Wаtson” суперкомпьютер тизими бир неча дақиқадаёқ юзлаб касаллик ва муолажа тарихи, сканер текширувлари, генетик ахборотни (деярли) тўлиқ ва замонавий тиббий маълумотларга солиштириб, бемор учун индивидуал муолажа усулини тавсия этишга ёрдам беради.11

Биологик маълумотларни таҳрирлаш имкониятини ҳар қандай ҳужайра турига татбиқ қилиш мумкин. Бу нафақат генетик жиҳатдан ўзгартирилган ўсимлик ва ҳайвонларни яратиш, балки вояга eтган организм, шу жумладан, одамнинг ҳам ҳужайраларини ўзгартиришга имкон беради. Мазкур усул ўзининг аниқлиги, самараси ва соддалиги би лан 1980-йилларда қўлланган ген муҳандислиги усулларидан фарқ қилади. Илм-фан шу қадар тез ривожланмоқдаки, бугунги кунда унинг олдида турган тўсиқлар техник эмас, балки қонуний, меъёрий ва ахлоқий табиатга эга. Бу технологиялар қўлланиши мумкин бўлган соҳалар сонининг чек-чегараси йўқ. Ҳайвонларни арзонроқ озиқланадиган ёки маҳаллий иқлимга мос қилиб ўзгартириш, кескин ҳарорат ўзгаришлари ёки қурғоқчиликка чидамли ўсимлик навларини яратиш айрим мисоллар, холос.

Ген муҳандислиги бўйича тадқиқотлар давом этар экан (масалан, ген таҳрирлаш ва ген терапиясидаги CRISPR/Cas9 услуби ишлаб чиқилгани), генни танлаш ва eтказишдаги муаммолар ечимини топиб боради. Бу эса ахлоқий нуқтаи назардан олдимизга жиддий ва долзарб саволни қўяди: ген таҳрирлаш тиббий тадқиқот ва даволашда қай даражада инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлади? Умуман олганда, ўсимлик ва ҳайвонлар дори моддалари ёки даволашнинг бошқа воситаларини ишлаб чиқариш учун генетик жиҳатдан ўзгартирилиши мумкин. Гемофилия12 касаллигига чалинган беморлар учун таркибида қонни ивитувчи моддалари бўлган сут берувчи ўзгартирилган сигирлар яратилишига оз вақт қолди. Тадқиқотчилар аллақачон одамга кўчириб ўтказса бўладиган органларни яратишга мўлжалланган чўчқа геноми устида иш олиб бормоқда. (Бундай кўчириб ўтказиш ксенотрансплантация деб аталиб, одам иммунитетининг ёт органга қарши курашиши ва ҳайвонлардан касаллик юқтириб олиш хавфи бўлгани сабабли яқин вақтларгача ҳам ақлга сиғмасди.)

Турли технологиялар бир-бирини тўлдириб, ривожлантириши мумкинлиги ҳақида аввал айтиб ўтган фикримизга мисол сифатида биологик принтлашни келтириш мумкин. Бунда 3D ишлаб чиқариш технологияси ген муҳандислиги билан биргаликда тўқималарни алмаштириш ва қайта тиклаш мақсадида тирик тўқималар яратади. Ушбу усулдан ҳозирги пайтда тери, суяк, юрак ва томир тўқимаси олишда фойдаланишга эришилди. Ва ниҳоят, принтланган жигар тўқимаси қаватларини трансплантат ҳосил қилишда ҳам қўллаш мумкин.

Фаоллик даражамиз ва қоннинг биокимёвий таркиби, уларнинг жисмоний, руҳий саломатлигимиз, уй ҳамда иш-фаолиятимиздаги маҳсулдорлигимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ўрганиш мақсадида кузатувчи қурилмалар, уларни ўрнатиш усуллари устида иш олиб боряпмиз. Бундан ташқари, инсон мияси айнан қандай ишлаши борасидаги билимларимиз салмоғи ортиб, нейротехнология йўналишида катта ютуқларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ҳолатни сўнгги йилларда энг кўп пул ажратилган тадқиқотларнинг иккитаси нейробиологияга бағишлангани билан изоҳлаш мумкин.

Айнан биология соҳасида ижтимоий нормалар ва мувофиқ меъёрий ҳужжатлар яратиш борасида энг жиддий муаммолар юзага келмоқда. Инсон бўлиш нимани англатиши, ўз танамиз ва саломатлигимизга оид қандай маълумотларни бошқалар билан баҳам кўришимиз мумкинлиги, келажак авлодлар ирсиятини ўзгартиришда қандай ҳуқуқ ва масъулиятларимиз борлиги борасидаги янгидан-янги саволларга тўқнаш келяпмиз.

Ген таҳрирлаш мавзусига қайтадиган бўлсак, тирик одам эмбриони геномида турли ўзгаришларни амалга ошириш анча осонлашганини ҳисобга олиб, маълум хусусиятларга эга бўлган ёки айрим касалликларга чидамли махсус яратилган болалар дунёга келиши яқинлигини тахмин қилишимиз мумкин. Бундай имкониятлар юзага келтирадиган ижобий ва салбий тарафлар ҳақида мунозаралар кечаётганини эса таъкидлашга ҳожат йўқ. Хусусан, 2015 йил декабрида АҚШ Миллий фанлар академияси ва Тиббиёт академияси, Хитой Фанлар академияси ва Буюк Британия Қироллик жамияти вакиллари одам генини таҳрирлашга бағишланган саммитда йиғилдилар. Муҳокамаларга қарамасдан, биз ҳали энг сўнгги ген технологиялари ва уларнинг натижалари билан тўқнаш келишга тайёр эмасмиз. Улар сабаб бўлувчи ижтимоий, тиббий, ахлоқий ҳамда психологик саволлар анчагина салмоқли ва уларга жавоб топилиши ёки ҳеч бўлмаганда, яхшилаб кўриб чиқилиши даркор.

Инновация мураккаб ижтимоий жараён бўлиб, у ўзўзидан содир бўлади деб ўйлаш хато. Шу сабабли гарчи бу бўлимда дунёни ўзгартиришга қодир бўлган қатор технологик ютуқлар ҳақида сўз борса-да, бундай кашфиётлар давом этиши ва иложи борича яхшироқ натижаларга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришимиз жуда муҳим.

Академик муассасалар истиқболли ғоялар устида ишлаш учун энг қулай жойлар саналади. Би роқ янги маълумотларга кўра, бугунги кунда олий ўқув муассасаларидаги карьера истиқболи ва молиялаштириш тизими дадил ҳамда инноватив дастурларга нисбатан босқичма-босқич, анъанавий тадқиқотларни устун кўради. 13

Илм-фанда консерватив тадқиқотларни камайтиришнинг бир йўли тижоратга йўналган тадқиқотларни рағбатлантиришдир. Аммо бу ёндашув ҳам ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаради. 2015 йилда “Uber Technologies Inc.” компанияси Карнеги Меллон университетидан робот технологияси соҳасидаги қирққа яқин илмий тадқиқотчилар ва олимларни ёллади. Лабораториядаги инсон капиталининг катта қисмини ташкил этган ходимлар сонининг кўплиги унинг илмий-текшириш имкониятларига таъсир қилди ва АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан тузилган шартнома шартларини бажаришда қийинчиликларга учради.14