Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 4)
– автоном ҳаракатланувчи транспорт воситалари;
– 3D принтлаш;
– ривожланган робот технологиялари;
– янги материаллар.
Ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автомобиллар бугунги кунда янгиликларнинг асосий қисмини эгаллаб турибди, аммо улардан ташқари автоном ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг бошқа кўринишлари: юк машиналари, дронлар, самолётлар ва кемалар ҳам бор. Сенсорлар ва сунъий интеллект каби технологиялар ривожланиб борар экан, бундай автоном машиналарнинг имкониятлари ҳам жадаллик билан кенгайиб бораверади. Арзон, тижорат мақсадларида ишлаб чиқарилган дрон ва шўнғий оладиган аппаратлардан турли мақсадларда кенг фойдаланиш бошланишига бир неча йил қолди, холос.
Дронлар атрофидаги нарсаларни сезиб, уларга жавоб қайтара бошлагач (тўқнашувнинг олдини олиш учун учиш йўналишини ўзгартириш каби), электр линияларини текшириш, уруш бўлаётган жойларга тиббий анжомлар eтказиш каби вазифаларни бажара олади. Қишлоқ хўжалигида эса дронлар – маълумотни таҳлил қилиш билан бирга қўлланганда – сув ва ўғитлардан аниқ ҳамда самарали фойдаланиш имконини беради.
Аддитив ишлаб чиқариш деб ҳам аталадиган 3D принтлаш моддий объектни рақамли уч ўлчамли расм ёки моделдан фойдаланиб, қаватма-қават яратишдан иборат. Ушбу усул токи зарурий шакл ҳосил бўлгунга қадар материалдан кераксиз қисмларни олиб ташлашга асосланган анъанавий субтрактив ишлаб чиқаришнинг аксидир. 3D принтлаш эса сочилувчан материалдан ва рақамли қолипдан фойдаланиб уч ўлчамли жисм ясайди.
Бу технологиядан йирик (шамол турбиналари) объeктлардан тортиб, то майдаларигача (тиббий имплантлар) турли-туман маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунда у автомобиль, ҳаво ва космик аппаратлар ҳамда тиббиёт соҳалари билан чекланган. Серияли равишда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлардан фарқли ўлароқ 3D принтланган маҳсулотларни мижоз талабига кўра осонлик билан ўзгартириш мумкин. Ҳажми, нархи ва тезлиги бўйича камчиликлар бартараф этилгани сари 3D принтлаш тобора кўпроқ соҳаларда татбиқ қилиниб, плата сингари интеграллашган электрон қисмлар, ҳатто одам ҳужайралари ва органларини ҳам ўз ичига ола бошлайди. Тадқиқотчилар аллақачон атроф-муҳитдаги иссиқлик ва намлик сингари ўзгаришларга мослаша оладиган маҳсулотларнинг янги 4D авлоди устида иш олиб бормоқда. Бундай технологияларни уст-бош ёки оёқ кийим ишлаб чиқаришда ёки одам танасига мослашиши зарур бўлган тиббий имплантларда қўллаш мумкин.
Яқин вақтларгача роботлардан фойдаланиш автомобиль саноати сингари ихтисослашган соҳалардаги қаттиқ назорат қилинадиган вазифалар билан чегараланганди. Бугунги кунга келиб эса роботлар координатали қишлоқ хўжалигидан тортиб беморлар парваришигача бўлган кўплаб соҳаларда турли мақсадларда ишлатилмоқда. Робот технологиясида рўй бераётган жадал ўзгаришлар туфайли тез орада одамлар ва роботларнинг ҳамкорликда ишлаши кундалик ҳолатга айланиб қолади. Бундан ташқари, технологик ютуқлар сабаб роботлар тобора мослашувчан ва ўзгарувчан бўлиб бормоқда. Уларнинг структуравий ва функционал дизайнига эса мураккаб биологик тузилмалар (биомимикрия деб аталувчи жараённинг давоми, бунда табиатнинг модель ва стратегияларидан техникада фойдаланилади) туртки бўлиб хизмат қилмоқда.
Сенсорлар такомиллашуви натижасида роботлар атрофдаги нарсаларни яхшироқ тушуниш ва жавоб қайтариш, уй юмушлари сингари турли вазифаларни бажариш имконига эга бўлмоқда. Роботлар алоҳида дастурлаштирилиши зарур бўлган олдинги даврлардан фарқли ўлароқ ҳозир улар интернет орқали узоқдаги маълумотдан фойдаланиб, бошқа роботлар тизимига улана олади. Роботларнинг кейинги авлоди пайдо бўлганида, эҳтимол, улар ўзларида одам билан машина ҳамкорлигига берилган эътиборни намоён қиладилар. Учинчи бобда одам ва робот ўртасидаги муносабатдан келиб чиқадиган маънавий ва психологик саволларни кўриб чиқамиз.
Эндиликда сотувда пайдо бўла бошлаган материалларнинг хусусиятларини яқин вақтларгача тасаввур ҳам қила олмасдик. Умуман олганда, улар eнгилроқ, кучлироқ, қайта ишлатса бўладиган ва мослашувчан. Айни пайтда ўз-ўзини тиклайдиган ёки тозалайдиган ақлли материаллар, ўзининг дастлабки шаклига қайта оладиган хотирали металлар, босимни энергияга айлантирадиган керамика ва кристаллар ҳамда бошқалардан фойдаланадиган соҳалар мавжуд.
Тўртинчи саноат инқилобидаги бошқа инновациялар сингари янги материаллар яратилиши бизни қай томонга eтаклашини олдиндан айтиш қийин. Графен сингари мураккаб наноматериални олайлик: у пўлатдан 200 баробар мустаҳкамроқ, соч толасидан миллион марта ингичкароқ ҳамда иссиқлик ва электр токини яхши ўтказади.6 Графен нарх бўйича рақобатбардош бўлгач (грамм ҳисобида у дунёдаги энг қиммат материаллардан бири бўлиб, унинг бир микрометр катталикдаги бўлаги 1000 АҚШ долларидан қимматроқ туради), ишлаб чиқариш ва инфратузилма саноатида катта бузилишларга сабаб бўлади.7 Бу, шунингдек, фақат айрим маҳсулотларгагина ихтисослашган мамлакатларга ҳам катта таъсир кўрсатади.
Бошқа янги материаллар олдимизда турган глобал хавфларни камайтиришда асосий ўринни эгаллаши мумкин. Масалан, термореактив пластиклар бўйича янги инновацияларни қайта ишлаш деярли имконсиз. Лекин улар мобил телефонлар, электрон платалардан тортиб, аэрокосмик саноатгача бўлган соҳаларда қўлланадиган материалларни қайта ишлаш имконини яратиши мумкин. Полигексагидотриазин (ПГТ) деб аталадиган қайта ишланувчи термореактив полимерлар янги авлодининг кашф қилиниши ўсиш ва ресурсларга бўлган эҳтиёжни бир-биридан ажратишга ёрдам берувчи, ўзини ўзи тиклаш қобилиятига эга бўлган циркуляр иқтисодиёт сари улкан қадам бўлди.8
2.1.2 Рақамли
Тўртинчи саноат инқилоби туфайли юзага келган ҳамда моддий ва рақамли маҳсулотлар ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи асосий омиллардан бири буюмлар интернети (IoT)дир. У баъзан “барча буюмлар интернети” деб ҳам аталади. Энг содда кўринишида у нарсалар (маҳсулотлар, хизматлар, жойлар ва ҳоказо) ва одамларнинг технологиялар ва турли платформалар воситасидаги алоқасидан иборат.
Моддий дунёни виртуал тизимлар билан боғлаш имконини берувчи сенсорлар ва бошқа воситалар ҳайратланарли тезликда ривожланмоқда. Кичикроқ, арзонроқ ва ақллироқ сенсорлар уйларга, кийимларга, аксессуарларга, шаҳарлар, транспорт ва қувват тизимларига ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига ўрнатилмоқда. Ҳозирги кунда смартфон, планшет ва компьютерлар сингари миллиардлаб қурилмалар интернетга уланган. Келгуси йилларда уларнинг сони сезиларли даражада ўсиб, бир неча миллиарддан триллионгача eтиши кутиляпти. Бу таъминот тизими бошқарувини тубдан ўзгартириш ҳамда восита ва ҳаракатларни энг майда деталларигача кузатиш, мувофиқлаштириш имконини беради. Натижада у ишлаб чиқариш ва инфратузилмадан то соғлиқни сақлашгача бўлган барча соҳаларда ўзгаришларга сабаб бўлади.
IoTнинг кенг тарқалган кўриниши – масофадан бошқаришни олайлик. Ҳар қандай пакет, қути ёки контейнерга сенсор, узаткич ёки радио частотали идентификатор (RFID) ёрлиғи ўрнатилиши мумкин. Натижада компания маҳсулоти қаeрда экани, таъминот тизими орқали қаeрга ҳаракатланаётгани, қандай натижалар кўрсатгани, қандай ишлатилаётгани ва ҳоказолар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлади. Шу сингари, мижозлар ўзлари кутаётган юк ёки ҳужжат қаeрда эканини доимий (ва реал вақт режимида) кўриб тура оладилар. Узун ва мураккаб таъминот занжири бошқаруви соҳасида фаолият юритувчи компаниялар учун бу катта ўзгаришга сабаб бўлади. Яқин келажакда бундай назорат тизимидан одамларнинг ҳаракатини кузатишда ҳам фойдаланилади.
Рақамли инқилоб якка шахслар ва ташкилотлар ўртасидаги муносабат ва ҳамкорлик усулларини ўзгартириб юборадиган бутунлай янгича ёндашувларни яратмоқда. Мисол учун, “умумий бухгалтерия китоби” дея таърифланадиган блокчейн хавфсиз протокол бўлиб, компьютерлар тармоғи пул ўтказмаларини ёзилиши ва тасдиқланишидан олдин кўриб чиқади. Блокчейн асосида ётган технология нотаниш (шу важдан бир-бирига ишониш учун ҳеч қандай асосга эга бўлмаган) одамларга холис марказий ваколат органи – кафил ёки марказий бухгалтерия китобисиз ҳамкорлик қилиш имконини беради. Қисқа қилиб айтганда, блокчейн умумий, дастурлаштириладиган, хавфсиз кодланган ва шу сабабли ҳеч бир томон назорат қила олмайдиган ҳамда ҳамма текшириши мумкин бўлган бухгалтерия китобидир.
Биткоин ҳозирги пайтда энг машҳур блокчейн маҳсулотидир. Аммо тез орада бу технология туфайли сон-саноқсиз бошқа маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқилади. Ҳозирда блокчейн технологиялари асосан биткоин сингари рақамли пул бирликлари билан олиб борилаётган пул ўтказмаларини ёзиб бориш учун ишлатилмоқда. Тез орада у туғилиш ва ўлим гувоҳномалари, мулкка эгалик ҳужжатлари, никоҳ гувоҳномалари, дипломлар, суғурта аризалари, тиббий муолажалар, сайловда берилган овозлар – қисқа қилиб айтганда, код билан ифодалаш мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни рўйхатга олиш учун ишлатилади. Айрим мамлакат ва ташкилотлар аллақачон блокчейн имкониятларини ўрганмоқда. Масалан, Гондурас ҳукумати ушбу технологиядан eрга эгалик ҳуқуқини аниқлашда, Мэн ороли ҳукумати эса компанияларни рўйхатга олишда фойдаланмоқда.
Кенгроқ миқёсда, технологиялар туфайли пайдо бўлган платформалар талабга асосланган иқтисодиёт (айримлар уни баҳам кўриладиган иқтисодиёт (shared economy) деб ҳам атайди) юзага келишига сабаб бўлди. Смартфонлар орқали фойдаланиш осон бўлган бундай платформалар одамлар, ресурс ва маълумотларни боғлаб, маҳсулот ва хизматлар истеъмол қилишнинг бутунлай янгича шаклларини яратмоқда. Улар тадбиркорлар ва оддий одамлар олдида турган бойлик яратиш йўлидаги тўсиқларни камайтириб, шахсий ҳамда профессионал муҳитни ўзгартирмоқда.