Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 3)
Бир хил миқдордаги катта даромадга бундан 10 ёки 15 йил аввалги пайтларга нисбатан бир неча баробар камроқ ишчи билан эришишни рақамли бизнесда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш қиймати деярли нолга тенг экани билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, рақамли аср имкониятлари туфайли кўплаб янги компаниялар асосан “информацион маҳсулотлар” ишлаб чиқаради. Натижада уларни сақлаш, ташиш ва кўпайтиришга деярли ҳеч қандай маблағ сарфланмайди. Айрим “бузғунчи” технологик компанияларнинг ривожланиши учун унчалик катта сармоя керак эмас. Масалан, “Instagram” ёки “WhatsApp” каби компанияларга асос солиш учун кўп маблағ сарфланмаган, бу эса ўз навбатида тўртинчи саноат инқилобида сармоя ва кенг кўламли ишлаб чиқаришнинг аҳамияти ўзгарганидан далолат беради. Умуман олганда, иш кўлами ортгани сари даромаднинг ҳам шу даражада ортиши бутун тизимлар бўйлаб ўзгаришлар ҳажми ва таъсирини янада рағбатлантиради.
Тўртинчи саноат инқилоби аввалгиларидан тезлиги, кўламидан ташқари кўп сонли ва хилма-хил соҳалар ҳамда кашфиётларни уйғунлаштира олиши билан ҳам ажралиб туради. Турли технологияларнинг ўзаро бирлашувидан ҳосил бўладиган реал инновациялар ортиқ илмий фантас тика эмас. Мисол учун, бугунги кунда рақамли ишлаб чиқариш технологиялари биологик дунё билан мулоқотга кириша олади. Айрим дизайнерлар аллақачон компьютерли дизайн, аддитив ишлаб чиқариш, материал муҳандислиги ва синтетик биология ютуқларини мужассамлаштириб, микроорганизмлар, танамиз, истеъмол қилаётган маҳсулотларимиз ва ҳатто яшаб турган биномиз ўртасидаги алоқаларни ўз ичига олган тизимлар яратишга муваффақ бўлишган. Шу йўл билан улар доимо ўзгариб, атроф-муҳитга мослаша оладиган (ўсимлик ва ҳайвонот оламининг белгилари) жисмлар яратишга (ва ҳатто “ўстиришга”) эришмоқдалар.4
Бринолфссон ва Макафилар “Иккинчи машина даври” китобида компьютерлар шу қадар ривожланиб кетганки, бир неча йилдан сўнг улар қандай мақсадларда ишлатилишини олдиндан айтиб бериш деярли имконсиз, деган фикрни илгари сурганлар. Ўзиюрар автомобиллардан дронларгача, виртуал ёрдамчилардан таржимон дастурларгача бўлган соҳаларда сунъий интеллект (AI) ҳаётимизга кириб келди ва уни ўзгартирмоқда. Сунъий интеллект компьютерлар ҳисоблаш қувватининг геометрик прогрессия бўйлаб ўсиши ва улкан маълумотлар базасига таянган ҳолда янги дориларни кашф қилувчи дастурлар ёки маданий қизиқишларимизни олдиндан айтиб берувчи алгоритмлар каби ҳайратомуз ютуқ ларга эришди. Ушбу алгоритмларнинг кўпи биз рақамли дунёда қолдирадиган “нон ушоғи” каби изларимиз ёрдамида янги маълумотларни ўрганади. Бу эса “ақлли” робот ва компьютерларга дастлабки тамойиллар асосида янги муаммоларни ҳал қилиш учун ўзини қайта дастурлаш имконини берувчи янги турдаги “машинавий таълим” ва автоматик кашфиётларга сабаб бўлади.
“Apple” компаниясининг “Siri” иловаси AI соҳасининг шиддат билан ривожланаётган йўналишларидан бири бўлган “ақлли” ёрдамчилар борасида эришилган ютуқларнинг бир қиррасини намойиш қилади. Икки йил олдин ақлли шахсий ёрдамчилар эндигина пайдо бўлаётганди. Айни пайтда эса овозни таниб олиш ва сунъий интеллект шу қадар жадаллик билан ривожланмоқдаки, тез орада компьютерлар билан гаплашиш одатий ҳолга айланади. Айрим технологлар ноаниқ ҳисоблаш деб атайдиган, роботлашган шахсий ёрдамчилар эса доимо фойдаланувчи хоҳишини ёзиб олиб, унга мувофиқ иш кўрадиган технологияларга асос солинади. Қурилмаларимиз шахсий экотизимимизнинг ажралмас қисмига айланиб, айтганларимизга қулоқ соладиган, эҳтиёжларимизни олдиндан биладиган ва керак бўлганда, ҳатто сўрамасак ҳам, ёрдам бера оладиган бўлади.
Тўртинчи саноат инқилоби тенг миқдордаги улкан имкониятлар ва катта муаммоларни келтириб чиқаради. Улар орасида энг эътиборга молиги ижтимоий тенгсизликнинг кучайишидир. Ўсиб бораётган тенг сизлик туфайли келиб чиққан муаммолар миқдорини ўлчаш қийин, чунки кўпчилигимиз ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилармиз. Шундай экан, инновация ва кескин бузилишлар яшаш стандартларимиз ҳамда шароитимизга ҳам салбий, ҳам ижобий таъсир қилади.
Бир қарашда истеъмолчилар энг кўп манфаат кўраётгандек туюлади. Тўртинчи саноат инқилоби янги маҳсулот ва хизматлар пайдо бўлишига сабаб бўлдики, улар бизга деярли ҳеч қандай харажатларсиз истеъмолчи сифатида самарадорлигимизни оширишга имкон беради. Такси чақириш, самолётга чипта олиш, маҳсулот сотиб олиш, тўлов қилиш, мусиқа эшитиш ёки фильм томоша қилиш – буларнинг барчасини эндиликда масофадан бажариш мумкин. Маҳсулот ва хизмат истеъмол қилувчилар учун технологиянинг ижобий таъсири ҳар қандай шубҳадан холи. Интернет, смартфонлар ва минглаб иловалар ҳаётимизни осонроқ ва умуман олганда маҳсулдорроқ қилмоқда. Китоб ўқиш, интернетга кириш ва алоқа учун ишлатиладиган планшет сингари оддий қурилма ҳам бундан 30 йил аввалги 5 000 та шахсий компьютернинг ҳисоблаш қувватига эга. Шу билан бир қаторда, маълумот сақлаш учун кетадиган харажатлар нолга тенглашиб бормоқда (ҳозирда 1 Гб маълумотни сақлаш йилига ўртача 0.03 долларга тушса, бундан 20 йил аввал худди шундай маълумот учун 10 000 доллар зарур бўлган).
Тўртинчи саноат инқилоби келтириб чиқарган муаммолар асосан масаланинг таъминот томони, яъни иш ва ишлаб чиқариш соҳасида учрайди. Сўнгги бир неча йил ичида ривожланган давлат ларнинг катта қисмида, шунингдек, Хитой каби тез ривожланаётган мамлакатларда ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)даги ишчилар улуши кескин камайгани кузатилди. Камайишнинг ярми инновация жараёни туфайли инвестицион маҳсулотларнинг нисбий нархи пасайиши билан боғлиқ5 (натижада компаниялар ишчи кучини сармоя билан алмаштиришга мажбур бўлмоқда).
Натижада, тўртинчи саноат инқилобидан энг кўп манфаат кўраётганлар интеллектуал ёки реал сармоя эгалари – инноваторлар, инвесторлар ва акциядорлардир. Бу эса ўз меҳнатига таянадиган ҳамда сармояга эга кишилар бойлиги ўртасидаги фарқнинг катталашувига сабаб бўлмоқда. Юзага келган ҳолат жуда кўплаб ишчиларнинг ўз касбларидан кўнгли қолишига, топаётган реал даромадлари умрлари давомида ўсиши ва фарзандларининг улардан яхшироқ яшашига шубҳа билан қарашига сабаб бўлмоқда.
Тенгсизликнинг кучайиши ва адолатсизлик ҳақидаги хавотирлар шунчалик катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкинки, учинчи бобнинг алоҳида бир қисмини шу мавзу учун ажратганман. “Платформа эффекти” деб аталадиган ҳолат ҳам бойлик ва манфаатлар кам сонли одамлар гуруҳида тўпланиб боришини кучайтирмоқда. Бунда рақамли тизимга асосланган ташкилотлар хилма-хил маҳсулот ва хизматларнинг сотувчи ҳамда харидорларини бирбири билан боғлайдиган тармоқлар қурмоқдалар, бу орқали кўлам ортгани сари даромад ҳам ортиб бормоқда.
“Платформа эффекти” ўз соҳаларида устунлик қилувчи оз сонли, аммо жуда қудратли платформаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Кўпчилик, айниқса, истеъмолчилар бундан манфаатдор: юқори сифат, қулайроқ хизмат ва арзонроқ нарх. Аммо ижтимоий муаммолар ҳам кам эмас. Бойлик ва қудрат оз сонли одамлар қўлида тўпланиб қолишининг олдини олиш учун рақамли платформаларнинг, (шу жумладан, саноат платформаларининг) ижобий ва салбий жиҳатларини мувозанатлаштириш, ошкоралик ҳамда жамоавий инновация учун имконият яратишимиз зарур.
Ҳатто глобализация жараёнини бироз ортга қайтариш мумкин бўлганда ҳам, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тизимдаги ушбу туб ўзгаришларни тўхтатиш жуда машаққатли бўлади. Барча соҳаларда бериладиган савол энди ҳеч бир истисносиз “Бузилиш менга ҳам таъсир ўтказадими?” эмас, балки “Бузилиш қандай кўринишда юз беради, у менга ва ташкилотимга қандай таъсир қилади?” шаклида бўлади.
Соҳадаги бузилишнинг реаллиги ва унинг таъсиридан қочиб қутулишнинг имкони йўқлиги қўлимиздан ҳеч нарса келмаслигини англатмайди. Тўртинчи саноат инқилоби барча учун имкониятлар яратиши ҳамда уни амалга ошириш йўлида сиёсий қарорлар қабул қилиш учун умум тан олинган қадриятларни яратиш барчамизнинг бурчимиздир.
2
ҲАРАКАТГА КЕЛТИРУВЧИ КУЧЛАР
Сон-саноқсиз ташкилотлар тўртинчи саноат инқилобини ҳаракатга келтириши мумкин бўлган турли технологиялар рўйхатини тузиб чиққан. Илм-фандаги муҳим кашфиётлар ва улар натижасида яратиладиган янги технологияларнинг чек-чегараси йўқ. Улар ўзларини кўплаб жабҳаларда ва жойларда намоён қилади. Мен танлаган, кўзда тутилиши зарур бўлган асосий технологиялар тўплами Жаҳон иқтисодий форуми ҳамда унинг глобал кун тартиби бўйича бир қанча кенгашлари ўтказган тадқиқотларга асосланган.
2.1 Мегатрендлар
Янги кашфиётлар ва технологиялар муҳим бир умумийликка эга: уларнинг барчаси рақамлаштириш ва ахборот технологияларининг кенг қамровли кучига таянади. Қуйида тасвирланган инновацияларнинг барчаси рақамли технологиялар туфайли келиб чиққан ва ривожланган. Мисол учун, ген секвенциясини аниқлаш маълумотлар таҳлили ҳамда ҳисоблаш қуввати соҳаларида эришилган ютуқларсиз амалга ошмаган бўларди. Шу сингари ривожланган робот технологиялари ўз навбатида ҳисоблаш қувватига асосланувчи сунъий интеллектсиз мавжуд бўлмасди.
Тўртинчи саноат инқилобини ҳаракатга келтирувчи мегатрендлар ва технологиялар хилма-хиллигини очиб бериш учун уларни уч гуруҳга бўлдим: моддий, рақамли ва биологик. Уларнинг учаласи ўзаро чамбарчас боғлиқ ва бир соҳада эришилган ютуқ бошқаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
2.1.1 Моддий
Технологик мегатрендларнинг тўрт хил моддий кўриниши мавжуд. Уларни тасаввур қилиш жуда осон, чунки уларни сезги аъзолари билан ҳис этиш мумкин: