реклама
Бургер менюБургер меню

Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 2)

18

Тўртинчи саноат инқилобини инсон қадр-қимматига путур eтказадиган ва ўртага нифоқ солувчи эмас, балки имкониятлар яратадиган ва инсониятга йўналтирилган ҳолда шакллантириш фақатгина ягона манфаатдор томон ёки соҳа, бирор минтақа, саноат ёки маданият олдида турган вазифа эмас. Инқилобнинг глобал ҳамда туб табиати шуни англатадики, у барча мамлакатлар, иқтисодиётлар, соҳа ва одамларга таъсир қилади, уларнинг таъсирида ўзгаради. Шундай экан, эътибор ва кучимизни илмий, ижтимоий, сиёсий, миллий ва саноат соҳалари орасидаги ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлашга қаратишимиз жуда муҳим. Ўзаро алоқа ва ҳамкорлик дунёнинг барча бурчакларидаги одамлар ва гуруҳларга кечаётган ўзгаришларда қатнашиш ҳамда улардан фойда кўриш имконини берувчи ижобий, умумий ва умидбахш ҳикояларни яратиш учун зарур.

Китобда келтирилган маълумотларнинг катта қисми ҳамда менинг таҳлилларим Жаҳон иқтисодий форумининг амалдаги лойиҳа ва ташаббусларига асосланган, унинг йиғилишларида фойдаланилган, муҳокама қилинган, синаб кўрилган. Шундай экан, китоб Жаҳон иқтисодий форумининг келажакдаги ишларини режалаштириш учун ҳам дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, китобда тадбиркорлар, давлат раҳбарлари, фуқаролик жамияти вакиллари, технология соҳаси eтакчилари ҳамда ёшлар билан ўтказган суҳбатларимдан ҳам фойдаланганман. Шу маънода уни Форум иштирокчиларининг умумий қарашларини ифодаловчи кўп муаллифли китоб сифатида ҳам кўриш мумкин.

Китоб уч бобдан иборат. Биринчи бобда тўртинчи саноат инқилоби ҳақида умумий тушунча берилади. Иккинчи бобда ўзгаришларга сабаб бўлаётган асосий технологиялар келтирилади. Учинчи бобда эса инқилобнинг таъсири ва у келтириб чиқариши мумкин бўлган қийинчиликлар чуқурроқ кўриб чиқилади. Китоб улкан ўзгаришларга энг яхши усулда мослашиш, уларни шакллантириш ва ижобий жиҳатларидан қандай фойдаланиш бўйича аниқ фикр ва eчимлар таклиф қилиш билан якунланади.

1

ТЎРТИНЧИ САНОАТ ИНҚИЛОБИ

1.1 Тарихий назар

“Инқилоб” сўзи кескин ва туб ўзгаришларни англатади. Тарих давомида янги технологиялар ва янгича дунёқараш иқтисодий тизим ҳамда ижтимоий тузумдаги чуқур ўзгаришларга туртки берганда инқилоблар кузатилади. Ўлчов бирлиги сифатида тарихий жараёнларни оладиган бўлсак, бу ўзгаришларнинг тўла намоён бўлиши учун кўп йиллар кетиши мумкин.

Ҳаёт тарзимиздаги илк жиддий силжиш – термачиликдан деҳқончиликка ўтиш – ҳайвонларнинг хонакилаштирилиши натижаси ўлароқ бундан тахминан 10 000 йил аввал содир бўлган. Қишлоқ хўжалигидаги ушбу инқилоб ишлаб чиқариш, транспорт ва алоқа мақсадлари йўлида ҳайвонлар кучини одам кучи билан уйғунлаштирди. Бора-бора озиқ-овқат ишлаб чиқариш такомиллашиб, аҳоли сонининг ортиши ва йирикроқ манзилгоҳлар юзага келишига сабаб бўлди. Бу эса охир-оқибатда урбанизация ва шаҳарлар пайдо бўлишига олиб келди.

XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб қишлоқ хўжалиги инқилоби ортидан қатор саноат ин қилоблари рўй берди. Улар қўл кучининг механик кучга алмашуви билан кечиб, шу даражада ривожландики, айни пайтда, тўртинчи саноат инқилоби даврида, когнитив қобилиятнинг кучайиши инсон маҳсулдорлигини оширмоқда.

Биринчи саноат инқилоби тахминан 1760-йиллардан 1840-йилларгача давом этди. Темир йўллар қурилиши ва буғ машинаси кашф қилиниши туртки бўлган бу жараён механик ишлаб чиқаришни бошлаб берди. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида бошланган иккинчи саноат инқилоби электр қуввати ва йиғув линияси яратилиши билан оммавий ишлаб чиқариш имконини яратди. Учинчи саноат инқилоби 1960-йилларда бошланди. У яримўтказгичлар, марказий компьютер (1960-йиллар), шахсий компьютер (1970–1980-йиллар) ва интернет (1990-йиллар) ривожланиши билан авж олгани сабабли рақамли инқилоб ёки компьютер инқилоби деб ҳам аталади.

Дастлабки уч саноат инқилобини таърифлашда фойдаланилган тушунчалар ва илмий далилларни ҳисобга олган ҳолда бугун биз тўртинчи саноат инқилоби остонасида турганимизга аминман. У ХХI аср бошида юзага келган бўлиб, рақамли инқилобга таянади. У кенг тарқалган ва тезкор интернет, кичикроқ, арзонроқ ва кучлироқ сенсорлар, сунъий интеллект ҳамда машинавий таълим (Machine learning) билан таснифланади.

Асосида компьютер аппаратлари, дастурлари ва тизимлари бўлган рақамли технологиялар янгилик эмас, аммо учинчи саноат инқилоби билан бўлган оралиқда улар анча мураккаблашиб, интеграллашди, натижада жамиятлар ва жаҳон иқтисодиётини ўзгартирмоқда. Шу сабабга кўра Массачусетс технология институти (MIT) профессорлари Эрик Бринолфссон ва Эндрю Макафилар 2014 йилда шу ном остида чиққан китобида ушбу даврга “иккинчи машина даври”2 деб ном берган. Китобда дунё автоматлаштириш ҳамда “мисли кўрилмаган нарсалар” яратилиши ҳисобига рақамли технологияларнинг таъсири “тўлалигича” намоён бўладиган кескин бурилиш остонасида экани айтиб ўтилган.

Германияда “4-авлод саноати” борасида баҳслар кетмоқда. Ушбу атама 2011 йилги Ҳанновер кўргазмасида юзага келган бўлиб, юқорида келтирилган технологиялар қандай қилиб глобал қадриятлар занжири тузилишида инқилобга сабаб бўлишини ифодалайди. Тўртинчи саноат инқилоби “ақлли заводлар” қурилиши орқали ишлаб чиқаришнинг виртуал ва моддий усуллари бир-бири билан мослашувчан тарзда ишлашини таъминловчи дунё яратмоқда. Бу эса маҳсулотларни истеъмолчи талабига батамом мослаш ва янги бошқарув моделларини яратиш имконини беради.

Бироқ тўртинчи саноат инқилоби ақлли ва ўзаро боғланган машиналар ҳамда тизимлар билангина чекланиб қолмайди. Унинг кўлами анча кенгроқ. Унинг натижаси ўлароқ ген секвенциясини аниқлашдан нанотехнологияларгача, қайта тикланадиган энергия манбаларидан квант компьютерларигача, турли соҳаларда янги техник ютуқлар тўлқинлари рўй бермоқда. Ушбу технологиялар уйғунлашуви ва моддий, рақамли ҳамда биологик соҳалардаги ўзаро алоқаси тўртинчи саноат инқилобини аввалгиларидан тубдан ажратиб туради.

Мазкур инқилоб даврида пайдо бўлаётган технологиялар ва инновациялар дунёнинг айрим ҳудудларида ҳалигача давом этаётган аввалги инқилобларга қараганда тезроқ ва кенгроқ тарқалмоқда. Иккинчи саноат инқилобини дунёнинг 17 фоиз қисми ҳали тўлалигича ҳис қилгани йўқ, чунки 1.3 миллиард одам ҳалигача электр энергиясисиз ҳаёт кечирмоқда. Ушбу фикр учинчи саноат инқилобига ҳам тегишли: дунё аҳолисининг ярмидан ортиғи, асосан ривожланаётган давлатларда яшовчи 4 миллиард одам интернетдан фойдаланиш имконига эга эмас. Биринчи саноат инқилобининг ёрқин белгиси бўлган урчуқ Eвропадан ташқарида оммалашиши учун деярли 120 йил кетган. Ундан фарқли ўлароқ, интернет бир неча йилдаёқ бутун дунёга тарқалди.

Биринчи саноат инқилобидан олинган хулоса ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ: жамиятнинг технологик инновацияни қабул қилиш даражаси унинг тараққиётида ҳал қилувчи омилдир. Давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий сектор ўз зиммаларидаги вазифаларни бажариши зарур, аммо оддий фуқаролар ҳам технологияларнинг узоқ муддатли афзаллигини тушуниши жуда муҳим.

Тўртинчи саноат инқилоби кучи, таъсири ва тарихий аҳамияти билан аввалги инқилоблардан сира қолишмайди деб ишонч билан айта оламан. Бироқ фикримча, тўртинчи саноат инқилобининг барча имкониятларининг самарали ва тўлалигича намоён бўлишига халал бериши мумкин бўлган икки омил мавжуд.

Биринчидан, барча йўналишларда талаб этилаётган eтакчилик ва юз бераётган ўзгаришларни тушуниш даражаси иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий тизимларимизни тўртинчи саноат инқилобига мослаб қайта кўриб чиқиш учун зарур бўлган даражадан анча паст. Натижада миллий ва глобал миқёсда инновациянинг тарқалишини назорат қилиш ва етиши мумкин бўлган путурни камайтириш учун зарурий институционал қолип ёки eтарли эмас, ёки умуман йўқ.

Иккинчидан, турли хилдаги шахс ва жамоаларни руҳлантирувчи, олдимизда турган фундаментал ўзгаришларга жавобан оммавий қаршиликларнинг олдини олиш учун зарур бўлган, тўртинчи саноат инқилобининг эҳтимолий имкониятлари ва муаммолари ҳақида изчил, ижобий ва умум тан олинган қарашлар йиғиндиси ҳали мавжуд эмас.

1.2 Чуқур ва тизимли ўзгариш

Ушбу китоб технология ва рақамлаштириш барча соҳаларда инқилобга сабаб бўлади деган тахминга асосланган. Тез-тез ва ўринсиз ишлатиладиган “бу сафар бошқача бўлади” ибораси бу вазиятга мос тушади. Содда қилиб айтганда, йирик технологик инновациялар бутун дунё бўйлаб ўта муҳим ва муқаррар ўзгаришларга сабаб бўлиш арафасида турибди.

Ўзгаришлар ҳажми ва кўлами eтказиладиган путур ҳамда инновация нима сабабдан бу қадар долзарб қабул қилинаётганига ойдинлик киритади. Инновацияларнинг яратилиш ва тарқалиш тезлиги ҳар қачонгидан ҳам катта. Бугунги куннинг “бузғунчилари” (“Airbnb”, “Uber”, “Alibaba” каби ҳозирда машҳур номлар) бир неча йил илгари кўпчиликка маълум эмасди. Ҳозир кенг тарқалган “iPhone” илк бор 2007 йилда савдога чиқарилган. Шунга қарамай, 2015 йил охирига келиб Ер юзидаги смартфонлар сони 2 миллиардга eтди. 2010 йилда “Google” ўзининг биринчи батамом мустақил автомобилини тақдим этди. Йўлларда бундай автомобилларни учратиш яқин орада оддий ҳолга айланади.

Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо фақат тезликкина эътиборга молик эмас; иш кўлами билан боғлиқ даромад миқдори ҳам лол қолдирадиган даражада. Рақамлаштириш автоматлаштиришни англатади, бу эса ўз навбатида компанияларнинг иш кўлами ошгани сари даромад камаймаслигини (ёки ҳеч бўлмаганда, оз миқдорда камайишини) таъминлайди. Юқори даражаларда бу нимани англатишини кўз олдимизга келтириш учун 1990 йилдаги Детройтни (ўша вақтлардаги анъанавий йирик саноат маркази) 2014 йилдаги Кремний водийси билан солиштирайлик. 1990 йилда Детройтдаги учта энг катта компаниянинг бозор акциялари нархи 30 миллиард долларга, даромади 250 миллиард долларга тенг бўлиб, қўл остида 1.2 миллион одам ишлаган. 2014 йилда Кремний водийсидаги учта энг йирик компаниянинг бозор акциялари нархи сезиларли даражада юқори (1.09 триллион доллар), олаётган даромади эса деярли тенг миқдорда (247 миллиард доллар) бўлса-да, қўл остидаги ишчилари сони ўн баробар кам эди (137 000)3.