реклама
Бургер менюБургер меню

Клаус Шваб – Тўртинчи саноат инқилоби (страница 1)

18

Клаус Шваб

Тўртинчи саноат инқилоби

СЎЗБОШИ

Биз ҳаяжонли туб технологик ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Илмий текшириш марказлари, стартаплар ва йирик ташкилотларда яратилаётган инқилобий, илмий ҳамда технологик ютуқларнинг суръати, кўлами мени мудом лол қолдириб келган. Кечаги куннинг “илмий фантастика”си бугуннинг маҳсулот ва хизматларида намоён бўлмоқдаки, илгари уларсиз қандай ҳаёт кечирганимизни ҳатто тасаввур қилиш қийин.

Технологиядаги бундай шитоб ўзгаришлар биз учун янги имкониятлар яратибгина қолмай, балки ҳаёт тарзимиз, иш-фаолиятимиз ва ўзаро муносабатларимизга ҳам таъсир этмоқда. Клаус Шваб ушбу долзарб ҳамда сермазмун китобида таъкидлаганидек, рақамли технологиялар материалшунослик ва биологиядаги ютуқлар билан туташди, натижада бутунлай янгича турмуш тарзлари шаклланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Технология ошкора ва кўз илғамас йўллар билан яна бир тушунчани – инсон бўлиш нимани англатишини ҳам ўзгартирмоқда.

Клаус Шваб – Жаҳон иқтисодий форуми ва унинг ҳар йили Давос (Швейцария) шаҳрида ўтадиган дунёга машҳур учрашувлари асосчиси ҳамда ижрочи раиси. Шу нуқтаи назардан у жаҳоннинг иқтисодиёт ва технология соҳасидаги илғор экспертлари, дунёдаги энг йирик компаниялар раҳбарларининг тажрибалари, қарашлари, ҳукуматлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг олдимизда турган муаммо ва имкониятлар борасидаги фикрларини умумлаштиришдек ноёб имкониятга эга шахс ҳамдир.

Клаус Шваб аввалги саноат инқилоблари жамиятда катта ўзгаришларга сабаб бўлгани, янги имкониятлар яратганини, лекин бугунги ўзгаришлар янги ғоя ва технологияларнинг дунё бўйлаб ўзига хос тарқалиш тезлиги билан ажралиб туришини таъкидлайди. Саноатнинг турли жабҳаларидаги компаниялар жадал ўзгариб бораётган технологиялардан ортда қолмаслик ва истеъмолчилар ишончини оқлаш учун ўз анъанавий бизнес амалиётларини қайта кўриб чиқиши даркор.

Келгуси бир неча ўн йил ичида тўртинчи саноат инқилобини ҳаракатга келтирувчи технологиялар жаҳон иқтисодиёти тузилишини, жамият, ҳатто инсон шахсиятини ҳам бутунлай ўзгартириб юборади. Бу чуқур ўзгаришлар диққатимизни биз цивилизация сифатида дуч келаётган улкан масъулиятга қаратади. Биз масаланинг ижобий ва салбий томонларини чуқур ўйлашни таъминлайдиган тизимларни ишлаб чиқишда, шунингдек, сайёрамиздаги барчага фойда келтирувчи, умумий қадриятлар ҳамда аниқ мақсадларга эга янги тизимларни яратишда танловлар қилишимиз, бу ишларга фуқаро, давлат ходими ҳамда тадбиркор сифатида ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Барча ҳолларда, айниқса, назорат қила олмай қолишимиз мумкин бўлган сунъий интеллект, ген муҳандислиги каби технологияларда, хавфни камайтирувчи ва инсониятнинг яшаш шароитини яхшилайдиган тизимларни яратишга алоҳида эътибор беришимиз лозим.

“Тўртинчи саноат инқилоби” биз яшаб турган дунёни шакллантираётган асосий йўналишларни тушунишга ёрдам берувчи муҳим китобдир. У инсониятга йўналтирилган, барчанинг имкониятларини кенгайтирадиган, гуллаб-яшнашини таъминлайдиган келажакни биргаликда яратишимиз учун айни пайтда юз бераётган тарихий жараёнларни таҳлил қилиш ва улар ҳақида мулоҳаза юритиш имконини беради. Аминманки, ушбу қизиқарли китобни ўқиш давомида келажакда асқатиши мумкин бўлган қимматли маълумотларни оласиз.

КИРИШ

Олдимизда турган хилма-хил ва қизиқарли муаммолар бисёр. Улар ичида энг жиддий ва муҳими – инсониятнинг ўзгаришига олиб келувчи янги технологик инқилобни тушуниш ва шакллантиришдир. Биз яшаш тарзимиз, иш-фаолиятимиз ва ўзаро муносабатларимизни тубдан ўзгартириб юборувчи инқилоб остонасида турибмиз. Мен ўлчами, кўлами ва мураккаблиги жиҳатидан “тўртинчи саноат инқилоби” деб номлаган ҳодиса инсоният бошидан кечирган ҳеч бир жараёнга ўхшамайди.

Биз ҳали бу инқилобнинг шиддати ва кўламини тўлалигича тушуниб eтмадик. Миллиардлаб одамларнинг мобил қурилмалар ёрдамида ўзаро боғланиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган маълумотларни қайта ишлаш қуввати, сақлаш ҳажми ва билимлардан фойдаланиши натижасида келиб чиқадиган чексиз имкониятлар ҳақида ўйлаб кўринг. Ёки сунъий интеллект (AI – Artificial Intelligence), робот технологиялари, буюмлар интернети (IoT – Internet of Things), ўзиюрар автомобиллар, уч ўлчамли (3D) принтлаш, нано ва биотехнологиялар, материалшунослик, қувватни захиралаш, квант компьютерлари ва бошқа кўплаб соҳаларда эришилган технологик ютуқларнинг ақл бовар қилмас кесишувини олайлик. Ушбу инновацияларнинг кўпи ҳали синов босқичида, аммо улар моддий, рақамли ҳамда биологик дунёлардаги технологиялар бирлашувида бир-бирини кучайтириши ва жадаллаштириши натижасида ривожланишнинг бурилиш нуқтасига шиддат билан яқинлашиб бормоқда.

Саноатнинг барча соҳаларида туб ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу ўзгаришлар янги бизнес моделлари юзага келиши, мавжуд етакчи компаниялар фаолиятига путур етиши1 ва ишлаб чиқариш, истеъмол, транспорт ҳамда eтказиб бериш тизимлари шаклининг ўзгариши билан тавсифланади. Ижтимоий жабҳада қандай ишлашимиз ва ўзаро мулоқотимиз, шунингдек, ўзимизни ифода этишимиз, ахборот олишимиз ва вақтичоғлик қилишимиз борасидаги фундаментал қарашларимиз ҳам бутунлай ўзгариб кетиш арафасида турибди. Шу сингари таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ҳамда бошқа тизимлар қатори давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳам ўз шаклини ўзгартирмоқда. Одамлар хулқ-атворини, ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш тизимларини ўзгартириш учун технологияларни янги усулларда қўллаш, шунингдек, ёндош таъсир каби яширин ха ражатлар яратиш ўрнига атроф-муҳитни асраш ва қайта тиклаш имкониятларини яратади.

Бу ўзгаришлар ҳажми, тезлиги ва кўлами жиҳатдан тарихий аҳамиятга эга.

Янги технологиялар ишлаб чиқилиши ва татбиқ қилиниши борасидаги ноаниқликлар туфайли саноат инқилоби натижасида келиб чиқадиган ўзгаришлар қандай намоён бўлишини тўла билмаймиз. Уларнинг мураккаблиги ва соҳалар бўйича ўзаро алоқадорлиги глобал жамиятнинг барча манфаатдор вакиллари – ҳукуматлар, бизнес, илм-фан ва фуқаролик жамияти ушбу янги трендларни тушуниш учун биргаликда ишлашга масъул эканини англатади.

Умумий мақсадлар ва қадриятларни ўзида мужассам этган келажакни барпо этишда англашнинг муштараклиги, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Технологиялар яшаш тарзимизни қандай ўзгартираётгани ва уларнинг келажак авлодларга таъсири, ҳаётимизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар жиҳатларини қандай қайта шакллантираётгани тўғрисида ҳар томонлама ва глобал миқёсдаги умумий қарашларга эга бўлмоғимиз керак.

Ўзгаришлар шу қадар чуқурки, инсоният тарихи нуқтаи назаридан қараганда ҳали ҳеч қачон бу қадар катта истиқбол ваъда қилувчи ва потенциал хавфли давр бўлмаган. Аммо қарор қабул қилувчи шахслар жуда кўп ҳолларда анъанавий, чизиқли (ва бузғунчи бўлмаган) фикрлаш билан чегараланиб қолгани ёки келажагимизни шакллантирувчи “бузғунчи” кучлар ва инновациялар ҳақида узоқни кўзлаб ўй лаш ўрнига эътиборни қисқа муддатли муаммоларга қаратаётганидан хавотирдаман.

Айрим олим ва мутахассислар мен ёритаётган ўзгаришларни шунчаки учинчи саноат инқилобининг бир қисми деб ҳисоблашидан хабардорман. Бироқ тўртинчи ва алоҳида инқилоб кечаётганига ишончимни орттирувчи уч сабаб бор:

Тезлик: Аввалги саноат инқилобларининг акси ўлароқ, ушбу инқилоб чизиқли тезлик ўрнига геометрик прогрессия бўйича кечмоқда. Бу кўп қиррали, ўзаро кучли боғланган дунёда яшаётганимиз ва янги технологиялар янада қудратли технологияларга сабаб бўлиши туфайлидир.

Кенглик ва чуқурлик: У рақамли инқилобга асосланиб, иқтисодиёт, бизнес, жамият ва шахсий қарашларда мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келувчи кўплаб технологияларни бирлаштиради. Бу нафақат “нима”ни ва “қандай қилиб” бажаришни, балки “ким” эканимизни ҳам ўзгартиради.

Тизимли таъсир: У компаниялар, саноат соҳалари, мамлакатлар ўртасида (мамлакатлар ичида ҳам) ва бутун жамият бўйлаб бутун бошли тизимлар ўзгаришини қамраб олади.

Китобни ёзиш давомида мен тўртинчи саноат инқилоби ҳақида умумий тушунча – унинг нима экани, қандай натижалар келтириши, бизга қандай таъсир қилиши, барчага фойдали бўлиши учун уни қандай қўллаш зарурлиги ҳақида маълумотлар беришни ният қилганман. Асар келажагимизга қизиқувчи, инқилобий ўзгаришлардан дунёни янада яхшилашда фойдаланишга аҳд қилган барча одамларга мўлжалланган.

Менда учта асосий мақсад бор:

• технологик инқилобнинг кенг қамровлилиги, тезкорлиги ва кўп қиррали таъсири ҳақида огоҳликни ошириш;

• технологик инқилоб ҳақида фикрлашга имкон берувчи, унинг асосий мазмуни ва эҳтимолий жавоб реакцияларимизни ўз ичига олувчи умумий тушунча ҳосил қилиш;

• технологик инқилоб билан боғлиқ масалалар бўйича давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги ҳамкорлик ва шерикликни рағбатлантириш учун платформа яратиш. Энг аввало, ушбу китобда технология ва жамият биргаликда қандай мавжуд бўлишини яққолроқ ёритиб бериш мақсад қилинган. Технология инсон назорат қила олмайдиган ташқи куч эмас. Биз “технологияни қабул қилиб, у билан яшаш” ёки “воз кечиб, усиз яшаш” каби икки танлов билан чегараланиб қолмаганмиз. Аксинча, ушбу сезиларли технологик ўзгаришларга ким эканимиз ва дунёга қандай назар билан қарашимиз ҳақида ўйлаб кўриш таклифи сифатида қаранг. Технологик инқилобдан қандай фойдаланиш ҳақида қанча кўп ўйласак, бу технологияларни ўзида мужассам этган ва уларни қўллаб-қувватлайдиган ижтимоий моделлар ва ўзимиз ҳақимизда шунча кўпроқ билиб оламиз, инқилобни дунёни янада яхшилайдиган тарзда шакллантириш имконига эга бўламиз.