реклама
Бургер менюБургер меню

Келли Макгонигал – Ирода кучи (страница 2)

18

Умид қиламанки, китобни ўқиб чиққанингиздан сўнг сиз ўзингизнинг номукаммал, лекин бутунлай инсонийликка хос хатти-ҳаракатларингизни тушунасиз. Ирода кучи ҳақидаги фан ҳар биримиз у ёки бу тарзда васвасалар, қарамлик, бепарволик ва нофаоллик билан курашаётганимизни кўрсатади.

Бу заиф томонларнинг барчаси бизни шахсий муваффақиятсизликка дучор қилмайди – бу умуминсоний ҳодисалар, бизнинг инсоний моҳиятимизнинг бир қисмидир. Aгар менинг китобим сизга "ирода курашида" ёлғиз эмаслигингизни кўришга ёрдам берса, мен хурсанд бўламан. Лекин мен ишлар олдинга силжишини ва бу китобдаги стратегиялар сизга ҳаётингизни чинакам ва доимий равишда ўзгартириш имкониятини беришини кўришни жуда истардим.

УШБУ КИТОБДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШ КЕРАК

Ирода кучининг тадқиқотчисига айланинг

Мен тадқиқотчи сифатида изланганман ва биринчи бўлиб ўзлаштирганим: назариялар – яхши, лекин фактлар – энг яхши эканлигини англаганимдир. Шунинг учун мен сиздан китобга тажриба сифатида қарашингизни сўрайман. Ўз-ўзини назорат қилишнинг илмий ёндашуви лаборатория билан чекланмайди. Сиз ўзингизни табиий тажрибангиз мавзусига айлантиришингиз мумкин ва бу керак. Китобни ўқиётганда, менинг сўзларимни оддий деб қабул қилманг. Мен ўз фикрларим юзасидан баҳслашаман, лекин уларни амалда текширишингизни сўрайман. Тадқиқ қилинг, сизга нима мос келишини ва сизга нима ёрдам беришини билиб олинг.

Ҳар бир бобда сиз иродали тадқиқотчи бўлишга ёрдам берадиган икки турлик вазифаларни топасиз. Биринчиси "Микроскоп остида" деб номланади. Булар ҳозир ҳаётингизда нима содир бўлаётгани ҳақидаги саволлар. Бирор нарсани ўзгартиришдан олдин, уни кўришингиз керак. Мисол учун, мен сиздан қачон васвасага берилиш эҳтимоли кўпроқ эканлигини, очлик сизнинг сарф-харажатингизга қандай таъсир қилишини қайд этишингизни сўрайман. Мен сиздан ирода кучингиз синовдан ўтганда ўзингизга нима деяётганингизга, шу жумладан ишни кейинга қолдирганингизда ва ўз ирода кучингиздаги муваффақият ва муваффақиятсизликларни қандай баҳолаётганингизга эътибор беришингизни сўрайман. Мен ҳатто сиздан дала тадқиқотини ўтказишингизни сўрайман, масалан, сизни ўз ўзини назорат қилишингизни заифлаштириш учун сотувчилар дўкон интерьеридан қандай фойдаланиши каби. Ҳар бу каби ҳолатларда, қизиқувчан кузатувчи нуқтаи назари билан ёндашинг, масалан, микроскопга қараган олим, қизиқарли ва фойдали нарсаларни кашф этишга умид қилади. Ҳар бир заифлик учун ич этингизни еманг ёки замонавий дунё васвасаларидан шикоят қилмнг (биринчи муносабат ортиқча, лекин иккинчисини амалга ошириш учун мен ғамхўрлик қиламан).

Шунингдек, сиз ҳар бир бобда "Тажрибалар" ни ҳам учратасиз. Булар илмий тадқиқот ёки назариялардан қабул қилинган ўз-ўзини назорат қилишни яхшилаш учун амалий стратегиялардир. Улар сизга ҳаёт синовларида ирода кучини мустаҳкамлашда ёрдам беради. Мен сизга барча усуллар ҳақида очиқ фикрда бўлишингизни қатъий тавсия қиламан, гарчи баъзи ҳолатлар сизга зид туюлса ҳам (бунақаларидан ҳали кўп бўлади). Улар менинг курсимда талабалар томонидан синовдан ўтказилди ва ҳар бир стратегия ҳамма учун бирдек ишламаса ҳам, уларнинг барчаси энг юқори мақтовга лойиқдир. Назарий жиҳатдан яхши туюлган, аммо амалда муваффақиятсизликка учраганлар ҳақида нима дейиш мумкин? Сиз уларни бу ердан топа олмайсиз.

Ушбу тажрибалар бир ерда силжимай туриб қолишни тўхтатиш ва эски муаммоларга янги ечимлар топишнинг ажойиб усулидир. Мен сизга турли стратегияларни синаб кўриб, ўзингиз учун энг мос келадиганини кўришингизни тавсия қиламан. Булар имтиҳонлар эмас, тажрибалар бўлгани учун, ҳатто фан таклиф қилган нарсанинг тескарисини синаб кўришга қарор қилсангиз ҳам, сиз ҳеч нарса юткизмайсиз (охир-оқибат, буни исташга скептиклар керак). Ушбу усулларни дўстларингиз, оилангиз, ҳамкасбларингиз билан баҳам кўринг, уларга нима кўпроқ таъсир кўрсатаётганини ўрганинг. Бу ҳамиша тарбиявий аҳамиятга эга ва сиз ўз маҳоратингизни ошириш учун кузатишларингиздан, тажрибаларингиздан фойдаланишингиз мумкин.

Ирода кучингизни синаш

Ушбу китобдан мукаммал даражада фойда олиш учун барча ғояларингизни синаб кўришда ирода кучининг битта синовини танлашингизни маслаҳат бераман. Ҳар бир инсоннинг ўзига хос заиф томонлари бор. Улардан баъзилари универсалдир, масалан, бизда ширинликлар ва ёғларга бўлган биологик иштиёқ бор ва биз фақат маҳаллий конфет дўконини вайрон қилмаслик учун ўзимизни тийишимиз керак. Aммо кўп иродавий синовлар ноёбдир. Бир одамни ўзига жалб қиладиган нарса бошқа бирини ўзидан узоқлаштириши мумкин. Бир одамни ҳаяжонлантирадиган нарса бошқасига зерикарли туюлиши мумкин. Ва кимдир сиз ҳали қилишга қунт ҳам қилмаган имконияти учун мамнуният билан тўлов тўлашга рози.

Бироқ, қандай қийинчиликлар бўлишидан қатъи назар, улар ҳаммамизга бир хил таъсир қилади. Сигарет чекувчи сигаретни орзу қилганидек ёки пул совуришни ёқтирувчи ҳамёнини бўшатишга шай тургани каби, сиз шоколадга чанқоқсиз. Биров муддати ўтган тўловни тўламагани учун ўзини оқлаганидек, бошқаси эса кечалари дарс килиш учун китоблар билан қўшимча ўтирмагани каби, сиз ўзингизни машқ қилишга мажбурлашдан қочасиз.

Эҳтимол, сиз ҳамиша қочган нарса (келинг, бу синовни "Мен қиламан" деб атаймиз) ёки қутулмоқчи бўлган одатингиз ("Мен қилмайман" куч синови) ирода кучингизнинг синовидир. Шунингдек, сиз кўпроқ куч ва эътибор бермоқчи бўлган муҳим ҳаётий мақсадни ("Мен хоҳлайман" кучини синаб кўриш), масалан, саломатлик, стрессни енгиш, яхши ота-она бўлиш, касбий фаолиятда муваффақиятга эришиш кабиларни танлашингиз мумкин.

Бепарволик, васвасалар, қизиққонлик ва беғамлик шундай универсал синовларки, бу китобдаги маслаҳатлар ҳар қандай мақсадга тўғри келади. Ўқишни тугатганда, ўз заиф томонларингизни яхшироқ тушуниб, ўзингизни назорат қилишнинг янги стратегиялари билан қуроллантирган бўласиз.

Шошмасдан ҳаракат қилинг

Ушбу китоб 10 ҳафталик таълим курсини ўз ичига олади.

У 10 та бобга бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бири битта асосий ғояни, унинг ортидаги фанни ва уни мақсадларингизга қандай қўллаш мумкинлигини тавсифлайди. Ғоялар ва стратегиялар ўзаро боғлиқ ва ҳар бир бобнинг вазифалари сизни кейинги бобга тайёрлайди.

Дам олиш кунларида бутун китобни ўқиб чиқишингиз мумкин бўлса-да, мен стратегияларни амалга оширишда шошмасдан ҳаракат қилишни таклиф қиламан. Менинг дарсларимда талабалар бутун бир ҳафта давомида ҳар бир ғоя уларнинг ҳаётида қандай акс-садо беришини кузатадилар. Ҳар ҳафта улар ўз-ўзини назорат қилишнинг янги усулини синаб кўришади ва охирида қайси бири уларга кўпроқ ёрдам бергани ҳақида хабар беришади. Мен сизга ҳам худди шундай йўл тутишни маслаҳат бераман, айниқса, агар сиз китобдан маълум мақсадда, масалан, вазн йўқотиш ёки харажатларни назорат қилиш учун фойдаланмоқчи бўлсангиз, барча машқларни синаб кўриш ва мулоҳаза юритиш учун ўзингизга вақт беринг. Ҳар бир бобдан муаммоингизга энг мос келадиган стратегияни танланг ва бирданига 10 та янги усулни синаб кўрманг.

Ҳаётингизда бирор нарсани ўзгартириш ёки бирор мақсадга эришмоқчи бўлганингизда, китобнинг 10 ҳафталик тузилмасидан исталган вақтда фойдаланишингиз мумкин. Баъзи талабаларим курсни бир неча марта ўташди, ҳар сафар янги тест танлашди. Лекин агар сиз аввал китобни тўлиқ ўқишга қарор қилсангиз, ундан завқланинг ва йўлда мулоҳаза ва машқларни давом эттиришга уринманг. Ўқиш давомида сизга энг қизиқ туюлган синов турини танланг ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр бўлгач, машқларни бажаришга қайтинг.

Қани бошладик

Мана сизга биринчи топшириқ: ирода кучи илмига саёҳат қилиш учун битта синов турини танланг. Ва мен сизни биринчи бобда кутаман: ирода кучи қандай пайдо бўлганини билиш ва ундан қандай фойда олишни тушуниш учун олдинги дарсларга қайтамиз.

Микроскоп остида: ирода кучингизни синаш учун танланг

Aгар сиз ҳали буни амалга оширмаган бўлсангиз, энди китобдаги ғоялар ва стратегияларни қўллайдиган ирода кучи тестини танлаш вақти келди.

Қуйидаги саволлар уни аниқлашга ёрдам беради:

– "Мен қиламан" куч синови. Сизни дунёдаги ҳамма нарсадан кўра кўпроқ қилишни хоҳлаётган ёки ҳозирча тўхтатиб турсангиз ҳаётингизни анча осонлаштирадиган нарса борми?

– "Мен қилмайман" куч синови. Сизнинг энг ёмон одатингиз борми? Соғлиғингизга зарар етказиб, бахтингиз ёки муваффақиятингизга халақит берганлиги учун нимадан халос бўлишни ёки нимани камроқ қилишни хоҳлайсиз ?

– "Мен хоҳлайман" кучининг синови. Сиз бор кучингизни бағишламоқчи бўлган энг муҳим ва узоқ муддатли мақсадингиз нима? Қайси "истак" сизни йўлдан оздириши ва бу мақсаддан чалғитиши мумкин?

“МЕН ҚИЛАМАН”, “МЕН ҚИЛМАЙМАН”, “МЕН ХОҲЛАЙМАН”: ИРОДА КУЧИ НИМА ВА У НИМА УЧУН МУҲИМ

Ирода кучи нимага муҳтожлиги ҳақида ўйлаганда, хаёлингизга энг аввало қандай фикр келади? Кўпчилигимиз учун ирода кучининг классик синови бу – васвасадир, хоҳ у ширинлик бўлсин, хоҳ сигарет ёки бир кеча-кундузлик кўнгилҳушлик бўлсин. Одамларнинг “Мен иродасизман” дейиши, бу одатда “Оғзим, ошқозоним, юрагим ёки… (тана аъзойим ўрнига) “ҳа” демоқчи бўлиб турса, мени “йўқ” дейишим қийин” деган маънони билдиради. Уни "Мен қилмайман" кучи деб номланг.

Aммо йўқ дейиш қобилияти – ироданинг фақат битта таркибий қисмидир. Охир оқибат, "шунчаки йўқ дегин" – бутун дунё сусткаш ва ялқовларининг энг севимли учта сўзидир. Баъзан "ҳа" деб айтиш муҳимроқдир – акс ҳолда эртага (ёки абутунлай) қолдирилган барча нарсани қандай амалга ошириш мумкин? Ишончсизлик, майда ташвишлар ёки чексиз реалити-шоулар оқими сизни ишонтиришга ҳаракат қилса ҳам, ирода кучи бугунги юмушни бугунги вазифалар рўйхатига киритишга ёрдам беради. Ҳатто қалбингизнинг бир қисми буни хоҳламаса ҳам, қилишингиз керак бўлган нарсани қилиш қобилиятини, биз "Мен қиламан" деб атаймиз.