реклама
Бургер менюБургер меню

Джон Дэвид Манн – Латте омили (страница 4)

18

Зои “Елена қаҳваси”га киргач, буюртма берди. Навбатда туриб, икки ҳиссалик латтесини олди ва атмосферадан завқланганча қаҳвахона бўйлаб сайр қилди. Ғиштин девор, гумбазли шифт (у мавжуд эмасдек кўриниши учун қора рангга бўялганди), катта тўлиқ спектрли осма лампалар… деворлардаги улкан, моҳирона ёритилган фотосуратлар шундай тасаввур уйғотадики, қаҳвахона худди замонавий Бруклин санъат галереясига ўхшаб қолгандек. Мода, лекин эски мактабга хос мода.

Зои фотосуратлар қаторини кузатаркан, қаҳвахонани айланиб чиқди. Улардан баъ зилари кишини ўзига тортадиган манзаралар эди: қор билан қопланган тоғ чўққилари, авж тўлқинида суратга муҳрланган шиддатли дарёлар, кенг ўрмон йўллари. Зоининг ўйлашича, суратлардаги айрим жойларни журналдаги иши орқали танирди. Бу ерда Буюк Хитой девори ва Италиянинг Пьемонтидаги оилавий узумзорда ишлаётган ёш эркаклар, Перу ўрмонларидаги ранг-баранг тўтиқушлар галаси тасвирланган суратлар бор эди.

Барча фотосуратлар ҳайратланарли эди, лекин Зои туну кун ўйлаб юрган фотосурати олдига боргунига қадар юришда давом этди.

Бу ўша фотосурат эди. Худди ўша. Зои салкам икки метр нарида тўхтади ва унга тикилиб қолди.

Бу бир қарашда кучли таассурот қолдирадиган манзара эмас – ҳеч бўлмаганда, сиртдан шундай туюлмасди. Қирғоқ яқинида жойлашган қишлоқдаги тонг палласи. Ўнг томонда балиқчиларнинг кичик кемаси денгизга чиқишга тайёрланмоқда. Одамлар кичик бандаргоҳ бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юриб, қишлоқдаги юмушлари билан овора.

Нима уни ўзига бунчалик жалб этган экан?

У бир неча қадам яқинлашди ва бу ўнг бурчак остидаги миттигина босма ёзувни ўқиши учун кифоя бўлди. Эҳ, хуллас, суратга нарх қўйилганди: 1200 доллар.

Зоининг юраги уришдан тўхтаб қолди. Биргина сурат учун бу нарх қимматлик қилади, лекин… бу ўзгача сурат, шундай эмасми?! Бошқа томондан ўйлаб қаралса, 1200 доллар унчалик катта пул эмас. Квартира учун тўланадиган ойлик ижара тўловидан камроқ. Зои буни сотиб олишга қодир бўлиши керак эди. Аммо у охирги марта истаган буюмига бемалол сарфлаши учун қачон ўз ҳисобида шунча маблағ турганини эслай олмади.

Ҳа, мана энди аниқ эслади: ҳеч қачон бунақа бўлмасди.

У сурат қаерда олинганини билиш учун ўша белги томонга яна бир бор эгилиб қаради, лекин бошқа ҳеч нима ёзилмаганди. Аслида, қўштирноққа олинган биргина сўздан иборат сурат номи нархга қўшимча берилган ягона маълумот эди:

“Ҳа”. Бу денгиз бўйидаги қишлоқ фотосурати учун ғалати номдек туюлди. Нима дегани бу Ҳа? Бироқ, Зои суратга яна бир назар ташлагач, сурат номи ўзига ярашиб тургандек кўринди. Бу қаер бўлди экан? Грециядаги ороллардан бири бўлса керак.

“Сен қаердасан? – пичирлади у. – Родосдами? Санторинидами?”

Йўқ, у ерда эмасди.

“Крит оролидами ё?”

– Миконосда.

Овоз қулоғининг тагида эшитилганидан қиз сапчиб тушди ва қўлидаги қаҳвани тўкиб юборишига сал қолди.

– Кечирасиз, – узр сўради бир киши. – Ўзингизга билдирмай яқин келмоқчи эмасдим, бутун диққатингиз фотосуратда бўлгани учун сезмадингиз. Хўш, бу сурат эътиборингизни тортдими?

Зои бош ирғади.

– Жуда чиройли. Ёруғлиги ҳам ажойиб. Сурат ростдан ҳам “Ҳа” деб тургандек, – дея қўшиб қўйди Зои номига ишора қилиб.

Эркак сурат ёрлиғига қаради ва бош ирғади. Зои қўлини узатди:

– Мен Зоиман, Зои Дэниелс.

Эркак Зои билан қўл бериб кўришди. Унинг қўллари бамисоли рассомлар сурат чизадиган юпқа мато сингари қуруқ ва совуқ эди.

– Ҳенри Ҳайдн, – деди у, бу сўзни худди ўйин3 номи каби талаффуз қилиб. – У қадар машҳур бўлмасам ҳам, исмим таниқли бастакорнинг исмига ўхшайди.

– Ҳенри, – такрорлади Зои.

Уни энди таниди. Бу – ўша бариста.

– Ўйлаганингиздан кўра машҳурроқсиз.

Эркак “Йўғ-э?” дегандек бошини бир томонга эгди.

– Бошлиғим менга сиз ҳақингизда гапирганди, – тушунтирди Зои. – Айтишича, бу ерга келиб, сиз билан гаплашиб олишим керак экан.

– Шундайми? – деди эркак. – Нима ҳақида?

Зои жавоб бериш учун оғиз жуфтлади, лекин жим қолди ва кулимсиради.

– Биласизми, очиғи, ўзим ҳам билмайман.

Ҳенри жилмайиб суратга ишора қилди:

– Бу сурат кўп эътибор тортганини кўрмадим. Биласизми, аксарият одамларни кўпроқ драматик суратлар ўзига жалб этади. Тоғлар, даралар, шиддатли дарёлар ва шунга ўхшаш нарсалар.

Зои у нима ҳақида гапираётганини тушуниб турарди.

– Лекин айнан мана шу фотосурат… ниҳоятда жонли кўринади, – деди Зои.

Ҳенри бош ирғади ва:

– Шахсан менга ҳам бу сурат қолганларидан севимлироқ, – деди.

Зои атрофидаги барча нарсани кўриш учун турган жойида аста-секинлик билан гир айланиб, кейин яна Ҳенрига қаради.

– Менга ҳам шундай.

Ҳенри яна бошини бироз эгди:

– Айтганча, кўриб турганингиздек, у ҳали сотилмаган.

Зои кулиб юборди.

– Қанийди, сотиб ололсам! Қўрқаманки, бунга қурбим етмайди.

Ҳенри Зоининг қўлидаги латтега ишора қилди.

– Агар бу латтени сотиб олишга қурбингиз етган бўлса, – деди сўнг, кейин орқадаги деворга боши билан имо қилди: – унда мана бу фотосуратни сотиб олишга ҳам имконингиз бор.

– Кечирасиз, нима дедингиз? – сўради Зои.

У тўғри эшитдими ўзи? Лекин бундан ҳеч қандай маъно йўқ.

– Балки, ўйлаганингиздан кўра бойроқдирсиз, – дея қўшимча қилди Ҳенри.

Зои ҳайрон бўлганча жилмайиб қўйди. “Бу қандай ғалати гап бўлди?!” Аммо Зои ундаги ғайратни, некбинликни ёқтирди.

– Бу жуда ажойиб фикр, – жавоб берди Зои. – Лекин мен суратни шунчаки томоша қиляпман.

У суратга яқинроқ эгилиб, тафсилотларини кўздан кечира бошлади: тош ётқизилган тор кўчалар, оқланган уйлар, шоҳона мовий эшиклар ва деразалар.

– Бу сурат… Миконосда олинган деб ўйлайсизми?

Ҳенри ҳам суратга эгилди, кейин секин бош ирғади:

– Ҳа, шундай деб ўйлайман.

– У жуда гўзал…

Зои хўрсинди.

– Чиндан ҳам энг яхши кўрганим… – деди сўнг ўзига гапираётгандек оҳисталик билан, – мана шу ерда бўлиш, шу шўр томчилар нафасини ҳис этиш, чайкалар овозига қулоқ тутиш. Мана шу бутун манзарани ўз кўзларим билан кўриб, қулоқларим билан эшитсам…

У яна қаддини ростлаб, уялганидан жилмайди ва одатий овозда деди:

– Ҳар ҳолда, бу мутлақо имконсиз нарса.

– Мутлақо имконсиз, – такрорлади Ҳенри секингина, худди бу сўзларни мулоҳаза қилиб кўраётгандек. Кейин бошини ён томонга оғдирганча қизга қаради.

– Лекин бу бир саволга боғлиқ, шундай эмасми?

Зои нима деб жавоб қайтаришни билмасди.

– Демак, суратга олишни ёқтирасиз, – деди Ҳенри. – Айтинг-чи, “окулус” атамасини биласизми?

– Фултон маркази яқинидаги бекат шундай номланади. Аслида, мен ҳозир ўша ерга кетяпман, – деди Зои.

– Йўқ, йўқ, – деди Ҳенри. – Мен бино ҳақида гапираётганим йўқ. Фотографиядаги атамани назарда тутяпман.