реклама
Бургер менюБургер меню

Джон Дэвид Манн – Латте омили (страница 3)

18

Зои учун манзарада сеҳрли нимадир бордек эди. Кўринмас қувватга тўла, доимо ипак ипга осилиб турган сукунат лаҳзаси.

Фотосурат жуда катта форматда чоп этилган: эни тахминан бир метрдан ошиқроқ, бўйи эса бир метрга яқин. Шундай бўлса-да, Зои суратни батафсил кўрмаган, чунки у ҳеч қачон расмнинг олдига бориш ва уни чинакамига кўздан кечириш учун етарли вақт ажратмаганди. Ҳар куни эрталаб у одатда квартирадан бироз кечикиб чиқар ва икки ҳиссалик латте ҳамда кекс олиш учун қаҳвахонага елдек учарди. Шундан сўнг уни Манҳэттенга олиб борадиган “L” поездига ўз вақтида етиб олиш учун бекатга шошарди. Зои қаҳвахонада буюртмасига пул тўлаётганида, атрофга бир қараб олишга зўрға улгурарди. Шундай бўлса-да, мана шу қисқа назар ташлагандаёқ суратдаги нимадир қизнинг эътиборини тортарди. Ўша куни эрталаб у мана шу жиҳат нималигини англаш учун ярим дақиқа узоқроқ туриб қолди ва суратга бир-икки қадам яқинлашди. Албатта, бу оний лаҳза эди, аммо мана шу лаҳзанинг ўзиёқ тасвир унинг хотирасига жонли муҳрланиб қолиши учун кифоя бўлди.

Зои расмни хонасининг айнан қаерига осиб қўйиши мумкинлигини аниқ билади. Хона жуда кўп вазифани бажарар, нафақат яшайдиган, балки тушлик қиладиган, компьютерда ўтириб ишлайдиган жойи ҳам айни шу ер эди. Зои торгина квартирада битта шерик билан яшайди ва у ерда томоша қилишга арзирли кўп нарса йўқ. Қуёшли улкан океан соҳили манзараси бу хонани тубдан ўзгартириб юборган бўларди.

– Гап суратни сотиб олишни хоҳлаётганимда эмас, албатта. Бу шунчаки…

Шунчаки нима? Фотосурат Зоида тушунтириш у ёқда турсин, тасвирлаб ҳам бера олмайдиган ҳис-туйғуларни уйғотганди.

– Билмасам, – деди Зои ва ўйларини тарқатиб юбормоқчи бўлгандек бош чайқади. – Сурат сотувга қўйилганми ёки йўқми, ҳатто буни ҳам билмайман. Нима бўлганда ҳам, ҳатто сотувга қўйилгандаям…

Зои гапида давом этаркан, Барбара у билан баравар бир хил оҳангда шу сўзларни қайтарди:

– Уни сотиб олишга қурбим етмайди.

Агар Зоининг ҳаётини қўшиқ деб тасаввур қилсак, бу сўзлар унинг нақароти эди. Қолган сўзлар ҳам илҳомлантирувчи, ҳам саргузаштли, ҳам мулоҳазаларга бой: “Мен таҳсилни давом эттиришни, Американинг жануби-ғарбий қисмига саёҳатга боришни, Европа бўйлаб саёҳат қилишни, ёзиш ва йога билан шуғулланишим мумкин бўлган ҳақиқий ётоқхонаси бор квартирада яшашни истаган бўлардим”. Лекин улар доим фақат битта нақарот билан тугайди: “Аммо бунга қурбим етмайди”.

Ростдан ҳам Зоининг бунга қурби етмасди. Бруклиндаги ҳаёт Манҳэттендагидек қиммат эмас, лекин барибир бу ерда яшаш ҳам анчага тушарди. Бунинг устига, ичига ғишт тўлдирилган 45 килограммлик тўрва каби бўйнида талабалик кредитлари ҳам бор эди. Яхшики, шаҳарда яшайди, машинага эҳтиёжи йўқ, агар машинаси бўлганида ҳам, шу кунгача мусодара қилиб юборишган бўларди. Машина?! Эҳе! Зоининг ишлари қандай кетаётганини ҳисобга олсак, катта эҳтимол билан ёзгача унинг велосипедини ҳам қайтариб олишлари мумкин.

Зои сўз ва жумлалар билан яхши келишар ва ундаги визуал дид ҳам анча яхши эди. Рақамлар-чи? Йўқ, у рақамлар билан келиша олмайди. У ҳисоб-китобда нўноқ эди, ҳар доим шундай бўлган. Зои, онаси таъкидлаганидек, ўзининг бюджетини тартибга солишга ҳаракат қилди – “бюджет” Зои учун, эҳтимол, инглиз тилидаги энг ёқимсиз сўз бўлса керак. Бу уриниш, албатта, тўлиқ муваффақиятсизлик билан якунланди. Зои ишда вазифаларини жуда аниқ тузар ва натижа ҳам зўр бўларди, лекин шахсий пулига келганда, у умуман интизомсиз эди. Ҳаммаси айнан шундай бўлган. Мана, март ойи келди, Зои эса ҳамон ўтган Исо мавлудида оиласи ва дўстларига совға сотиб олиш учун олган кредитларини тўлаш билан овора. Агар у ҳисоб-китобларни кўздан кечиришга озгина вақт ажратса, балки, Мавлуддан олдинги тўланмаган кредит тўловлари ҳам чиқиб қолиши мумкин. Қарзлар, қарзлар ва яна қарзлар…

Ҳа, Зои ишини яхши кўради ва вазифасини зўр уддалайди; лекин тан олиш керак, аслида, у учма-уч кун кечираётганди. Ҳатто учма-уч дейиш ҳам мушкул – бу кўпроқ вақти-вақти билан хонада бир-бирини зўрға кўришга ўхшарди. Зои ўзини “Маошдан маошгача илиниб яшаяпман” деган афишадаги болага қиёслаётганини ўйлади.

Ўзи бу сурат қанча тураркин – 500 долларми? 800 ёки 1000 долларми? Умуман олганда, у сотувга қўйилган бўлсаям, шубҳасиз, бир дунё пул турса керак, ваҳоланки, Зоида қайсидир истагини қондириш учун сарфлашларини кутиб ётган бунча бекорчи пул йўқ эди.

Барбаранинг овози Зоининг хаёлларини тарқатиб юборди:

– Сиз Ҳенри билан гаплашиб олишингиз керак.

– Ҳенри?

– Эрталаблари сиз борадиган қаҳвахонада қаҳва тайёрлаб берадиган ёши каттароқ эркак бор-ку. Ўша – Ҳенри.

Барбара айнан ким ҳақида гапираётганини тушуниб олиш учун Зоига бир лаҳза керак бўлди.

– Қаҳвахонадагини айтяпсизми? У ердаги баристани танийсизми?!

Барбара бўшаган тушлик қутисини ёпиб, ўрнидан турди.

– Уни кўп йиллардан бери биламан. Сиз бориб, у билан гаплашишингиз керак. Ҳенри айрим нарсаларни кўради… – Барбара орада бироз сукут сақлади. – У нарсаларга бошқача кўз билан қарайди.

– Бариста билан гаплаш, дейсизми? – тағин сўради Зои. – Унга нима дейман?

Барбара Зоига ҳаммасидан хабардор-у, аммо сир бой бермагандек расмий нигоҳ билан қаради.

– Шунчаки у билан гаплашинг. Унга суратга олишни ёқтиришингизни айтинг. Нима деб жавоб беришига қаранг.

Зои қовоғини солди.

– Менга ишонинг, – деди Барбара, – у топқир одам.

– Хўш, у менга айнан қандай ёрдам беради? Ютуқли лотерея чиптасини танлашда кўмаклашадими?

Барбара елка қисди.

– Эҳтимол, бунга ёрдам бера олмас. Лекин ўзингиз айтдингиз, бу суратни сотиб олишга қурбингиз етмайди ва бу сизни ташвишлантиряпти. Тўғри айтдимми?

Зои жим қолди. Албатта, Барбара ҳақ. Ахир у – Барбара.

– Хўш, унда, – деди Барбара, – бу борада нимадир қилинг. Ҳенри билан гаплашинг.

Иш столига қайтаркан, Зои ўзини бироз айбдор ҳис қилди. Барбарага аслида нега безовталанаётганини айтмаганди. Уни нафақат фотосурат, балки бошқа нарса ҳам ташвишга солаётганди.

Янги иш.

Икки ҳафта олдин Зои билан коллежда ўқиган пайти қўшни бўлган Жессика гаплашганларида унга шаҳар марказидаги ўзи ишлаётган медиа агентлигида бўш иш ўрни очилганини айтганди.

– Сен меҳнаткашсан, Зои, – деганди Жессика. – Ақллисан, ёзиш услубинг ажойиб ва одамлар ҳам сени ёқтиради. Сен бу лавозим учун мукаммал номзод бўлардинг.

Ўтган ҳафта Зои агентликнинг шаҳар марказидаги офисига ими-жимида суҳбатга бориб келди. Ўша куни кечқурун Жессика қўнғироқ қилди ва суҳбатдан сўнг Зоини ёқтириб қолишгани ҳақида эшитганини айтди:

– Саноқсиз номзодлар келди, Зои, лекин сен энг яхшиси экансан.

Ва, албатта, ўтган жумада агентликдан қўнғироқ қилишди ва у расман энг биринчи номзод сифатида танланганини айтишди. Агар Зои хоҳласа, бу ишга нашриётдагидан кўпроқ маоши учун ҳам кирса бўларди. Бу эса ишда стресс даражаси янада юқорироқ ва жадвали тиғизроқ (Зои бундан хавотир олмасди) бўлишини англатарди. Бироқ агентлик таклиф этаётган маош унинг ҳаётини чиндан ўзгартириб юбориши мумкин эди.

Дам олиш куни Зои онасига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда яна гаплашди. Ишини ўзгартириш яхши фикр эканига онасининг ишончи комил эмасди.

– Эҳ, Зои, – деди у қизига, – борига хурсанд бўлсанг-чи! Қолаверса, болажоним, пул кишини бахтли қила олмайди.

Пул одамни бахтли қилмайди. Зои бу сўзларни болалигида неча марта эшитган?

Суҳбатга отаси ҳам қўшилди, одатда бундай бўлмасди.

– Яхшилаб ўйлаб кўр, қизим, – деди у.

Зои эса бу сўзлар қандай маъно англатишини тушунди: “Мен дарҳол бу иш таклифини қабул қил, демоқчи эмасман… Лекин… эҳтимол, бу таклифни қабул қилишинг керакдир”.

Отаси бош пудратчи бўлиб ишлаган пайтида яхшигина пул топарди. Соғлиғи ёмонлашгач, қурилиш таъминоти компаниясининг кичикроқ конторасига ўтди. Бу ишда маоши камроқ, Зоининг тахминича, отасига у анча зерикарли ҳам эди. Лекин улар амаллашаётганди. Дарвоқе, онасининг овози кейинги пайтда одатдагидан анча ҳорғин эшитилди. “Берганига шукур қил!” Ота-онасини бахтсиз деб бўлмасди, бунга Зоининг ишончи комил эди, аммо уларни чиндан ҳам бахтли дея тасвирлай олармиди?

Зоининг ўзини-чи?

У ўша куни эрталаб “Окулус”да кўрган ғалати тасвир – соҳилдаги чўл ўртасида ташлаб кетилган қайиқни эслади.

Қаерга кетаётганингизни билмасангиз…

Агентликдагилар Зоига ҳозирги ишидан кетиш ҳақидаги қарорини ўйлаб кўриш ва ўз таклифларини расман қабул қилиш учун бир ҳафта вақт берди. Демак, агар Зои ҳақиқатан уларда ишлашни хоҳласа, жумагача аниқ жавоб айтиши керак. Шундан кейин Жессика билан ишдан кейинги анъанавий жума учрашувида буни нишонлаш имконияти бўлади.

Зои кўраётган ягона муқобил вариант – ҳозирги маоши учун машаққат чекишда давом этиш ва лавозими кўтарилишига умид қилиш эди. Бу вақт ичида эса қўшимча пул ишлаш учун ёзишга ёки таҳрирга иш олиб, кечқурун ва дам олиш кунлари янада тиғизроқ ишлаши (у одатда ҳозирги ишидаги вазифаларини уйига ҳам кўтариб келарди), қўшимча юкламалар қаторига уларни ҳам киритишга ҳаракат қилиши керак. Бу фикр уни, албатта, хурсанд қилмагани аниқ.

Аммо унинг бошқа танлови борми?

3-БОБ

СИЗ ЎЙЛАГАНИНГИЗДАН КЎРА БОЙРОҚСИЗ

Барбара “нимадир қилинг” деб маслаҳат берганди. Эртаси куни эрталаб Зои нимадир қилди. У ишга тайёрланиб, уйдан ўн беш дақиқа олдинроқ чиқиб кетди. Барбара бариста билан гаплашиб олишни тайинлаганди, аммо Зои бунда ҳеч қандай маъно кўрмади. Лекин ҳеч бўлмаганда қаҳвахонада озгина вақт ўтказиб, фотосуратни яқиндан кузатиши мумкин бўларди.