реклама
Бургер менюБургер меню

Джон Дэвид Манн – Латте омили (страница 2)

18

Ғалати, деб ўйлади Зои. Ғалати ва антиқа хавотирли.

У қараб турганида, экрандаги тасвир узра улкан ҳарфлар айланиб ёзув пайдо қилди:

Бир неча сониядан кейин тасвир ғойиб бўлди ва унинг ўрнига янги эълонлар намойиш этила бошлади. Зои эса йўлида давом этди.

У йўлак охиригача бориб, эскалаторга чиқди ва икки қават юқорига кўтарилиб, қуёш нурларидан чароғон шиша залга кириб келди. Қиз ташқарига чиқиб, Ғарбий кўча томон бурилди. Қуёш унинг кўзларига ва у ишлайдиган бинога тушиб турарди. Жаҳон савдо маркази ғарбий яримшардаги энг баланд бино ҳисобланади. Зоининг кундалик саёҳати мана шу ерда якун топади. У шу жойда тўхташни ва бошини орқага ташлаганча кўкка бўй чўзган улкан миноранинг чўққисини кўришга уриниб, юқорига қарашни ёқтирарди.

Бироқ бугун унинг фикру зикри бошқа жойда эди.

Қаерга кетаётганингизни билмасангиз, борадиган манзилингизни ёқтирмаслигингиз эҳтимоли катта.

Бу қандайдир реклама эди. Суғурта ёки автомобиль компанияси рекламасими ёки саёҳат иловасими, у аниқ эслай олмади. Жессиканинг бу реклама шиорига алоқаси йўқмикин? Тасвир нимани реклама қилганидан қатъи назар, қизнинг назарида бу Жессиканинг аккаунтларидан биридек туюлди. Аммо мана шу тонгда у қандайдир айнан Зоига қаратилган шахсий хабарга ўхшарди. Бу нарса унинг ичэтини кемирди.

Худди хаёлидан чиқара олмаган анави фотосурат сингари.

Тўсатдан Зои чап қўлида латте борлигини эслади ва ундан бир қултум ҳўплади. Қаҳва аллақачон совиб қолган экан.

Одатда Зои бу пайтга келиб, кўчани кесиб ўтади ва бинога кириб, лифтда ўзининг офиси жойлашган ўттиз учинчи қаватга чиқади. Бугун у доимги йўлидан чалғиди. Ғарбий кўчани кесиб ўтгач, кескин ўнгга бурилиб Жаҳон савдо марказидан узоқлашди ва юзасида бинолар аксланаётган улкан квадрат шаклидаги иккита ҳовуз фаввора томон юрди. Бу фавворалар айнан Эгизак миноралар жойлашган майдонда қурилган ва сон-саноқсиз номлар қатор қилиб ўйиб ёзилган қора мармар девор билан ўралганди.

9/11 ёдгорлиги.

Зои шимолий ҳовуз ёнида тўхтади ва мавжланаётган сувга қаради. Мармар юзасини пайпаслаб, биринчи ўнта исмни ўқиди. Исмлар шу қадар кўп эди. 2001 йилнинг ўша машъум сентябрь ойида бу ерда минглаб одамлар ҳалок бўлганди. У пайтлар Зои ҳали мактабда ўқирди. У бир квартал нарида осмонўпар бинолар орасидан кўриниб турган “Окулус” биносининг қовурғасимон қанотларига қаради.

Нега бугун ҳамма нарса унинг кўзига бошқача кўриняпти?

Қаерга кетаётганингизни билмасангиз, борадиган манзилингизни ёқтирмаслигингиз эҳтимоли катта.

Аслида, Зои қаерга кетяпти? У қаерда бўлишни кутганди?

У аввал бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрганми?

Шу атрофда юрган одам бир сонияга тўхтаб, билагидаги соатига қаради ва шошилганча йўлида давом этди. Зои жойидан қўзғалди. У ишига кечикаётганди.

Жаҳон савдо марказидаги офис томон юрмоқчи бўлди, лекин яна нимадир уни турган жойида ушлаб қолди. Бунинг ўрнига қиз қўлида совуқ латтени тутганча яқин атрофдаги бетон скамейка ёнига бориб, унга ўтирди. Атрофида сайёҳлар, йўловчилар ва маҳаллий аҳоли оқими ўтиб борарди. Зои ўзига ўзи секингина деди:

“Ҳаётимни нималар қиляпман ўзи?”

2-БОБ

ФОТОСУРАТ

Зои ҳар душанба кунларида бўлгани каби ўттиз учинчи қаватдаги лифтдан чиқиши биланоқ иш жойига етиб келди. Келаётган жума журналнинг баҳорги сонини чиқариш учун белгиланган охирги муддат эди. Шунинг учун ҳам бутун офис жонини жабборга бериб ишлаётганди. Мақолалар оқими, таржимаи ҳоллар, фотосуратларга ёзиладиган қайдлар – Эквадордаги маунтинбайкинг1, Болқондаги вино татиб кўриш маросимлари, таниқли саёҳатчиларнинг исмлари ёзилган фоторепортажлар – Зоидан эътибор талаб қиларди. Буларнинг барини бир шаклга солиб, ажи-бужи ёзувларини сайқаллаб, мукаммал ёрқин насрга айлантириш унинг вазифаси ҳисобланарди.

Зои офислари Жаҳон савдо марказида жойлашган йирик нашриёт уйида ишларди. Бу жойни Озодлик минораси деб ҳам аташади. Бироқ Зоига бироз истеҳзоли туюларди: у қизғин иш жараёнини қанчалик яхши кўрмасин, офис деворлари ичида ўтказилган вақтни эркинлик вақти дея олмасди. Зои ўз мавқеидан миннатдор, лекин иши жуда кўп меҳнат талаб этар ва ҳолдан тойдирар, иш ҳақи эса ўқувчилар тасаввур қилгани каби ҳайратланарли эмасди.

Бу ҳақда айтишнинг ўзи кулгили: мана, дунёга машҳур сайёҳлик журналининг бош муҳаррири ёрдамчиси, йигирма етти ёшли Зои ҳеч қачон Қўшма Штатлардан ташқарида ёки Миссисипининг ғарбида ҳам бўлмаган. Унда ҳатто саёҳат паспорти ҳам йўқ эди.

Ҳеч қачон саёҳат қилмаган саёҳат журнали муҳаррири.

Зои ноутбукини очди, корпоратив тармоққа кирди ва ишга киришди. Унинг бармоқлари клавиатура узра югуриб кетди.

Зои ишидаги тартибсизликдан завқланарди. Кишини ақлдан оздирадиган муддатлар, сўнгги дақиқалардаги таҳрирлар, дурустгинадан то ўртамиёнагача ёзилган матн бўлагини олиб, қандайдир “яхшироқ бир нима”га айлантириш топшириғи. Зои юрагида пайдо бўлган ноаниқ ғашликни нари қувиб, клавиатура томон эгилди ва ишга шўнғиди.

– Ҳали очқамадикми?

Зои ўриндиғида қаддини ростлаб, кескин қайрилмаслик учун бўйнини айлантирди. Соат дарров бир бўлдимикан? У овоз келаётган томонга ўгирилди ва иш жойини бошқалардан ажратиб турган ярим тўсиқ олдида раҳбари турганини кўрди.

– Ҳатто виртуал саёҳатчилар ҳам баъзида нимадир еб туриши керак, – дея қўшимча қилди бошлиғи.

Барбара журналнинг аксарият ходимлари каби замонавий ёки мода ортидан қувадиган одам эмасди. Баъзан Зоининг назарида Барбара кичик шаҳарчадан келган, янги – Қуйи Манҳэттеннинг энг замонавий муҳитига тўлиқ мослаша олмаган меҳмондек туюларди (бошқача айтганда, Жессиканинг акси эди). Лекин Барбара ниҳоятда ақлли, табиий эмпатия ва ўткир сезги соҳиби бўлиб, бир қарашдаёқ ичингизда нима кечаётганини ҳис эта оларди. Зоининг фикрича, мана шу фазилатлари Барбарани ажойиб бош муҳаррирга айлантирган.

Зои олти йил олдин, компанияга биринчи бор келганида, уни ишга ёллаган одам ҳам шу Барбара эди. Иккаласи дарҳол тил топишиб кетишди. Барбаранинг ўзига хос катта умидлари ва жиддий мезонлари бор. Шу маънода уни қаттиққўл раҳбар дейиш мумкин, лекин одамларга босим ўтказмасди. Аксинча, Барбаранинг ходимларни ўзига тортадиган салобати бор эди. Яъни бу муносабатга сабаб ундан қўрқиш эмас, балки унинг кўнглини қолдирмасликка уриниш эди.

Зои ҳам ҳеч қачон бошлиғининг ҳафсаласини пир қилмаган. У тинимсиз ишлайдиган ва ўз ишини қойиллатиб бажарадиган муҳаррир эди.

– Ҳа, очқадим, – деди Зои. У ноутбукини вақтинча ўчириб, тушлик қилиш учун юқорига чиқиш мақсадида Барбаранинг ортидан лифт томон эргашди.

Компания ошхонаси ойналари марказий Манҳэттен ва Гудзон томонга қараган, шунингдек, бу ердан Озодлик ҳайкалини ҳам кўриш мумкин эди. Очиқ майдони ва оддий безаги билан бу қаҳвахона Манҳэттендаги ҳар қандай юқори даражали тамаддихонадан қолишмасди. Яна исталган вақтда таниқли одамларни кўриб қолиши мумкин, Зои бу ерда ишлай бошлаган илк пайтиданоқ бунга кўникишига тўғри келганди.

Барбара ўзи билан олиб келган ялтироқ тушлик қутисини эҳтиёткорлик билан очди, Зои бу пайтда пештахта ёнига бориб, киноа2, Маркона бодомлари қўшилган товуқли салат ва барра кўкатни танлади. Cалатни тановул қила бошлаганида Зои ҳозир ўзи устида ишлаётган мақола ҳақида гапирмоқчи бўлди, лекин у енгил-елпи гап сотишни уддалай олмасди ва бир-икки жумладан кейин жимиб қолди.

Орага бироз сукунат чўкди, бу вақтда Барбара сэндвичини ейиш билан андармон бўлди, кейин Зоига қаради.

– Хўш… – ниҳоят деди у. – Бугун ўзингизда эмасга ўхшайсиз. Ҳаммаси жойидами?

Мана, Барбаранинг зийраклиги шунда эди. Зои эрталабдан миясини чулғаб олган ғалати кайфиятни хаёлидан чиқариб юборишга урин ди, лекин бошлиғи барибир буни пайқаганди. Зои оҳиста хўрсиниб қўйди. Лекин гапни нимадан бошлашни билмасди, чунки ўзи ҳам нималигини яхши тушунмаётганди.

– Гапларим ғалати туюлиши мумкин, – сўз бошлади Зои.

Барбара сэндвичидан яна бир тишларкан, “давом этаверинг” дегандек бош ирғади.

– Эрталаб, поезд томон кетаётганимда, ҳар доим Уильямсбургдаги қаҳвахонага тўхтаб оламан.

Зои қаҳвахона қаерда жойлашганини тасвирларкан, Барбара тағин бош ирғаб қўйди.

– “Елена қаҳваси” деган жой.

– У ерни биласизми?

Барбара қўлидаги сэндвичи оша Зоига қараркан, деди:

– Ҳа, давом этинг-чи?

– Яхши, – давом этди Зои. – Шундай қилиб, орқа деворга рамкага солинган фотосурат илинган. Айтмоқчиманки, у ерда рамкали суратлар жуда кўп, бу жой суратларга тўла, лекин айнан шуниси бошқача.

Бу фотосуратни Зои латте ва нонушта учун кекс тайёр бўлишини кутиб турадиган олдиндаги буюртмалар қаторидан ҳам кўрса бўларди. “Елена қаҳваси”даги тамадди таомлари ҳар доим янги тайёрланган, қаҳва жуда мазали бўлар, деворлардаги суратлар эса ҳайратланарли эди.

Зои суратни тасвирлаб бериб, жим қолди ва салатини ейишда давом этди.

– Кейин-чи? – сўради бироздан сўнг Барбара.

– Билмасам, – жавоб берди Зои. – Ўша сурат ҳақида ўйлаб тургандим. Шу холос. Негалигини тушунтиролмайман.

Зои тирикчилик учун жумлаларни моҳирона чиройли териш билан шуғулланарди, аммо айни дамда бу ишни қойиллата олмаётганди.

– Ва бу сурат сизники бўлишини хоҳлаяпсиз.

Зои хўрсинди. Албатта, хоҳлайди-да.

Бу жуда оддий манзара эди: саҳар пайти, соҳилдаги кичкина қишлоқ, қуёшнинг илк нурлари бамисоли марварид каби каҳработилла рангда порлаб шуъла таратади. Олд планда эса қайиқни денгизга чиқиш учун тайёрлаётган балиқчилар жамоаси. Қуёш чиқа бошлагач нур қизғиш рангга киради ва гўё суюқликка айлангандек тасаввур уйғотади, балиқчилар буни Олтин соат деб аташади.