Джон Дэвид Манн – Латте омили (страница 1)
Дэвид Бах, Жон Дэвид Манн
Латте омили. Бадавлат бўлмай бой яшаш сири
ДЭВИД БАХ ВА УНИНГ “ЛАТТЕ ОМИЛИ” КИТОБИГА ЭЪТИРОФЛАР
“Латте омили” – ажойиб асар. Дэвид Бахнинг стратегиялари 30 ёшимда миллионер бўлишимга ёрдам берди. Бу китобни ўқинг, амалда қўлланг, кейин уни ўзингиз таниган барчага улашинг. У ҳаётингизни ўзгартиришга қодир.
Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Дэвид Бах пул, сармоя, жамғарма, бойлик тўплаш ҳақидаги оддий, аммо таъсирли таълимоти билан одамлар ҳаётини ўзгартириб келмоқда. Буни биламан, чунки Опра Уинфри шоусининг “Латте омили” тамойиллари ҳақида суҳбатлашилган сонини эфирга узатгандим ва Дэвид Бах ўн миллионлаб одамлар ҳаётини ўзгартирганига гувоҳ бўлгандим. Биз шунчаки “Латте омили”ни муҳокама қилибгина қолмай, бу тамойилларни ҳаётимизда ҳам синаб кўрдик!”
“Латте омили” – орзуларингизни ҳозироқ рўёбга чиқаришга илҳомлантирувчи самимий саёҳат. Бах ва Маннинг ажойиб ҳикоячилик маҳорати асарни замонамиз ҳаётини ўзгартирувчи китобга айлантирган.
Дэвид Бах умид ва илҳом ҳақидаги номалари билан бутун дунё аудиториясини ҳаракатга келтиради. “Латте омили” қалбингизга аланга ёқиб, кайфиятингизни кўтаради. Китоб эътиборингизга, мушоҳада қилишингизга ва ундаги тавсияларга қулоқ тутишингизга арзийди.
Дэвид Бах шахсий молия бўйича дунёдаги энг яхши мутахассиси ва бунинг сабабини “Латте омили”да кўришимиз мумкин. Дэвид Бах сизга молиявий эркинликка эришиш ҳақида таълим беришни ҳаммадан яхшироқ билади. Аммо энг муҳими, ушбу китобдаги гўзал ҳикоя шу қадар реал, шу қадар қалбга яқинки, бойлик яратиш ва чиндан бадавлат яшашни бошлаш учун ҳақиқатан ҳам мана шу оддий қадамларни ташлагингиз келади. Менга ундаги ҳар бир саҳифа ёқди.
Дэвидни ўн йилдан ортиқ вақтдан бери биламан. Унинг абадиятга дахлдор тамойиллари сизни бой-бадавлат яшашдан кўра мазмунли ва сахий ҳаёт кечиришга илҳомлантиради.
Дэвид Бахнинг китоблари 7 миллион нусхада сотилганининг сабаби бор: китобдаги ғоялар ҳаётда ҳам иш беради. Бу ажойиб ҳикоя сизни энг муносиб ҳаёт кечириш учун ҳаракат қилишга ундайди. Сармоя киритиш ва орзуларингизни рўёбга чиқариш учун чиндан бой бўлишингиз шарт эмас.
Ҳал қилувчи китоб! Бу кучли ҳикоя ҳаётингизни ўзгартиради. Келиб чиқиши ва касбидан қатъи назар, исталган одам асардан ўз орзуларини рўёбга чиқаришда, келажагини қуришда фойдалана олади.
Дэвид Бахнинг маслаҳатлари ниҳоятда беқиёс. Муаллиф мураккаб масалаларни олиб, уларни соддалаштиради – бу молиявий эркинликка эришиш учун том маънода учта қадамдан иборат йўлдир. Унга эришишни уддалайсиз!
“Латте омили” пул ва бахт ҳақидаги фикрларингизни бутунлай ўзгартиради. Йилига етмиштадан юзтагача китоб ўқийман ва улар орасидан айнан шу китоб мени ҳайратга солди. У фикрлаш тарзингизни остин-устун қилиб, ҳаётингизга ўн баробар куч бағишлайди!
Ушбу китобни ҳар бир америкалик аёл ўқиши керак. Дэвид Бах – аёлларнинг молиявий эркинлигини таъминлаш йўлида энг яхши курашчи. “Латте омили” эндиликда молиявий хавфсизлигингиз ва ўзингизга муносиб эркинликка эришишингизда қўлланма бўлади.
Дарҳол классикага айланган “Латте омили” китоби ҳар қандай ёшдаги молия ҳақида ўйлашни ёқтирмайдиган, шунинг учун ҳам камбағал ва бахтсиз одам учун мукаммал совғадир. Бир соат вақтингизни ушбу китобни ўқишга бағишланг ва натижасини бутун умрингиз давомида кўрасиз!
Бах ва Манн ёзган “Латте омили” сизга ўзингиз энг кўп қадрлайдиган нарсаларни яхшироқ аниқлашни ўргатади, натижада мақсадларингизга мос ҳаёт кечириш учун пул сарфлашингиз, тежашингиз ва сармоя киритишингиз мумкин бўлади.
Бу китобни Америка ва бутун дунё талабалари ўқиши керак. Дэвиднинг маслаҳатлари кучли, чунки уларга амал қилиш жуда осон. Келтирилган ҳикоя ҳам самимий, ҳам илҳом бағишлайди.
Дэвид Бах мураккаб молия оламини ҳамма учун тушунарли изоҳлашдек моҳир қобилияти ва одамлар ҳаётига чин дилдан қайғуриши билан мени ҳайратда қолдиришдан тўхтамайди. “Латте омили” – замонлар оша эскирмайдиган асар.
Таниқли молиявий эксперт Дэвид Бах “Латте омили” китобида тасвирлаган усули билан ўн миллионлаб одамларни илҳомлантиради. Сиз шунчаки китобни ўқиб чиқишингиз ва уни ўзингиз учун қадрли инсонлар билан ба ҳам кўришингиз керак. Китобни ўқир экансиз, бир соатдан камроқ вақт ичидаёқ молиявий улғайишни ўрганасиз.
Ажаблантирувчи лаҳзаларга тўла қизиқарли ҳикоя. “Латте омили” сизни ҳайратда қолдиради ва қувонтиради, бу китоб молия ҳақидаги шахсий қарашларингизни ўзгартириб юборишга қодир.
Баx ва Манн ўзликни кашф қилиш ҳақидаги жозибали ҳикоя ичида шахсий молия асослари ва молиявий мустақиллик бўйича маҳорат дарсини таклиф этади. “Латте омили” – қимматбаҳо топилма!
Бах ва Манн инсон ҳаётининг асосий сири ва буюк ҳақиқатини тасвирлашда ақл бовар қилмайдиган яхши бир ишни бажаришди: чинакам бой ҳаёт – муаллифлар айтганидек, ҳар бир одам исталган шароитда эриша олади ган “чексиз ва чинакам қувонч”га тўла ҳаётдир. Ўқишингизни қатъий тавсия этамиз!
Бу китобни СEВАМАН! Қувончга тўла бир соат ичида сиз бир нечта оддий, кичик қадамлар молиявий келажагингизда катта ўзгаришларга олиб келишини ўрганасиз. “Латте омили” ҳали бутун дунё бўйлаб шов-шувга айланади!
Янги минг йиллик авлоди учун ажойиб китоб ва кичик ўзгаришлар молиявий келажагингизга катта таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги фойдали эслатма.
Донишмандлик ва самимият билан содда услубда ёзилган, киши ҳаётини ўзгартириб юборувчи бу мўъжаз китоб туфайли Дэвид Бах миллионлаб инсонлар қалбидан жой олди. Ўқинг, ҳозироқ ҳаракатни бошланг (бу ўйлаганингиздан кўра осонроқ) ва ҳақиқий молиявий эркинлик қўлингизда бўлади!
Ажойиб, мароқли, кишини илҳомлантирувчи китоб! Ҳикояга шунчалик маҳлиё бўлиб қоласизки, ўз соҳасининг чинакам устасидан ҳаётингизни ўзгартирувчи сабоқ олаётганингиз ҳам ёдингиздан кўтарилади.
“Латте омили” китоби бир соатга қолмай пулингиз ва ҳаётингиз назоратини қўлга олишингизга ёрдам бериши мумкин. Бизнесда эндигина фаолият бошлаяпсизми ёки анча йиллик ходиммисиз, қарзларингиздан қутулмоқчимисиз ёки шунчаки орзу қилган ҳаётингизда яшашни хоҳлайсизми, булардан қатъи назар, “Латте омили” ҳар қандай ҳолатда ҳам молиявий фаровонлик, эркинлик ва ҳимояга эришишингизда ёрдам беради.
Тахминан ўттиз ёшимда “Латте омили” китобини кашф этганимдан ва “аввало ўзингизга пул тўланг” стратегиясига амал қила бошлаганимдан бери рафиқам иккимиз молиявий томондан улкан ўзгаришларга эришдик. Энди биз миллионерлармиз, рафиқам ишламасдан, уйда болаларимизга тарбия бериш имконига эга бўлди, мен эса корпоративдаги ёқимсиз ишимни ташлаб, ўзим ёқтирган бизнес билан шуғуллана бошладим.
Дэвид Бахнинг шахсий молияга ёндашуви бутун бир авлодни илҳомлантиради. Ижодкорлар ҳамжамиятида бой яшаш кўпчилик учун имконсиздек туюлиши мумкин, аммо Дэвиднинг ҳеч қандай ортиқча қадам ёки режаларсиз оддий усули бизнинг ҳозирдан фаровон яшаш ва бир вақтнинг ўзида бой келажакка тайёргарлик кўриш қобилиятимизни мувозанатлаштиради.
ТАШАККУРНОМА
Ўзининг инсон ҳаётини ўзгартирувчи шоусида “Латте омили”ни баҳам кўриш ва ўн миллионлаб одамларни қамраб олиш имконини тақдим этгани учун раҳмат.
“Дэвид, сиз бу китобни ёзишингиз керак!” деган сўзларингиз ниҳоят мени “Латте омили”ни ёзишга ундади.
Ўн йил давомида шу китобни ёзмоқчилигим ҳақидаги гапларимни эшитдингиз ва ҳеч қачон буни амалга оширишимга шубҳа қилмадингиз.
1-БОБ
“ОКУЛУС” БЕКАТИ
Душанба куни эрталаб Зои ҳар кунгидек “L” поездига ўтирганча ишга кетаркан, икки ҳиссалик латтесидан бир қултум ҳўплаб, фотосурат ҳақида ўйлай бошлади.
Аввал ғарбга, кейин жанубга, Бруклиндан Қуйи Манҳэттендаги сўнгги бекатга боргунча кетадиган қирқ дақиқа мобайнида Зои фақат фотосурат ҳақида ўйлади. Ва минглаб йўловчилар билан бирга поезддан тушиш учун эшик олдида турганида ҳам унинг хаёли ўша суратда эди.
Бу фотосуратда нима тасвирланганди ўзи?
Метро вагонининг эшиклари очилди ва Зои уммондан бир томчи каби оломон орасида ғойиб бўлди. Одамлар оқими уни Қуйи Манҳэттендаги деярли барча метро линиялари бирлашадиган Фултон марказига олиб борарди. Одамлар тўлқини уни кулранг йўлак бўйлаб етаклаб Жаҳон савдо маркази остидаги кенг очиқ майдонга олиб чиқди. Зои одамларнинг улкан оқимидан ажралиб, шу ерда тўхтади. Кейин ғорсимон шифтга қаради. У оқ пўлатдан ясалган улкан қуш – 11 сентябрь фожиалари кулидан кўкда пайдо бўлган қақнус қовурғаларига ўхшарди.
Зои яна юра бошларкан, бу жойнинг қанчалик улканлигини ҳис этди. Деярли икки юз метрли йўлга итальянларнинг тоза оқ мармари ётқизилган. У худди улкан соборда юрганга ўхшарди.
“Окулус” бекати. Дунёдаги энг машҳур ёдгорликлар ва сайёҳлик масканларидан бирининг кириш эшиги. Зои бу ердан ҳар куни икки марта – ишга кетаётганда ва уйга қайтаётганда ўтади, аммо ҳеч қачон бу жойга синчиклаб тикилиш учун тўхтамаган.
Зои ғарбий вестибюлнинг оқ мармар билан қопланган ўтиш йўлагига кирди. Чап томонда тахминан футбол майдонига тенг улкан LED дисплей жойлашган. У одатда хаёли эскалаторга етиб боришда бўлгани учун доимий ўзгариб турувчи реклама ва ижтимоий эълонларга эътибор бермасди. Аммо бугун катта экранда чайқалиб турган тасвир Зоини яна бир бор тўхташга мажбур этди.
Суратда у сира хаёлидан чиқара олмайдиган ўша фотосуратдаги сингари қайиқ, балиқчилар жамоаси ҳамда тўрлар тасвирланганди. Фақат қайиқ унда кўрганидек қирғоқ ёнидаги сувда тебранмас, чўлнинг қоқ ўртасида қолиб кетган.