Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 8)
Шахсиятга йўналган одатлар тушунчасидан китобнинг яна бир муҳим мавзуси бўлган қайта алоқа ҳалқаси учун кириш қисм сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Одатлар шахсиятни шакллантиради, шахсият эса одатларни. Бу икки ёқлама жараёндир. Барча одатларнинг шаклланиши қайта алоқа ҳалқасидир (Бу тушунча ҳақида кейинги бобда батафсил суҳбатлашамиз). Aммо бу жараённи натижалар эмас, балки қадриятларингиз, тамойилларингиз, бир сўз билан айтганда, шахсиятингиз бошқарадиган бўлса мақсадга мувофиқ бўлади. Эътибор доимо қандай натижаларга эришишга эмас, балки қандай инсон бўлишга қаратилмоғи лозим.
Шахсиятни ўзгартириш – одатларни ўзгартириш жараёнидаги йўлчи юлдуздир. Китобнинг кейинги қисмларида ўзингиз, оилангиз, жамоа ёки корхона, умуман олганда, исталган жойда яхши одатларни қандай яратиш бўйича босқичма-босқич кўрсатмалар берилган. Aммо асосий масала доимо ёдингизда туриши керак: “Сиз ўзингиз истаган инсонга айланиб боряпсизми?” Биринчи босқич нимани ёки қандай ўзгартириш эмас, балки ким бўлиши керак. Ким бўлишни хоҳлаётганингизни билишингиз керак. Бу ўта муҳим, акс ҳолда ўзгаришга бўлган уринишларингиз рулсиз қайиқда денгизга чиқишга ўхшаб қолади. Шу сабабдан ҳам китобни шу масаладан бошлашга қарор қилдим.
Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурларни ўзгартириш қўлингиздан келади. Шахсиятингиз тошга ўйиб ёзилмаган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам танлаш имконингиз бор. Исталган турдаги одам бўлишни танлаб, уни бугунданоқ янги одатлар билан мустаҳкамлашингиз мумкин. Aйнан шу масала китобнинг яширин мақсади ва одатлар нима сабабдан ўта муҳим эканлигини ёритиб беради.
Яхши одатларни ҳосил қилиш ҳаётингизни турлитуман лайфҳаклар билан тўлдириб ташлаш дегани эмас. Ҳар оқшом биттадан тиш тозалаш, ҳар куни эрталаб совуқ душ қабул қилиш ёки ҳар куни бир хил кийим кийиш сингари тавсиялар ҳам эмас. У кўп пул топиш, ортиқча вазндан қутулиш ёки стрессни камайтириш сингари муваффақиятнинг ташқи белгилари ҳам эмас. Одатлар буларнинг ҳаммасига эришиш имконини беради, аммо уларни ҳосил қилишдан мақсад бирон нимага эришиш эмас, балки янгича инсонга айланишдир.
Одатларнинг аҳамияти ҳам шунда, улар сизни сиз истаган инсонга айланишингизга ёрдам беради. Улар ўзингиз ҳақингиздаги асл тасаввурларингизни шакллантириш воситасидир. Том маънода сиз ва одатларингиз бир бутунсиз.
• Хулқ-атворнинг уч қатлами мавжуд: натижалар, жараёнлар ва шахсият.
• Одатларни ўзгартиришнинг энг самарали усули эътиборни эришмоқчи бўлган натижаларга эмас, балки ким бўлишни исташингизга қаратишдир.
• Шахсият одатларингиз асосида шаклланади. Ҳар бир қилган ҳаракатингиз қандай турдаги одам бўлишингизга берилган овоздир.
• Ўзингизнинг энг яхши “мен”ингизга айланиш учун қарашларингизни даврий равишда қайта кўриб чиқиш, шахсиятингизни кенгайтириш ва янгилаб туриш талаб этилади.
• Одатларни ҳосил қилишнинг асл моҳияти яхши натижаларга эришиш эмас (гарчи улар яхши натижаларга етишга ёрдам берса ҳам), балки ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурларингизни ўзгартиришдир.
3
ЯХШИ ОДАТЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ТЎРТТА ОДДИЙ БОСҚИЧИ
1898 йилда Эдвард Ли Торндейк исмли руҳшунос одатлар қандай шаклланиши ва хулқ-атворимизни бошқарувчи қонуниятлар ҳақидаги ҳозирги тасаввурларимизга асос бўлган тажриба ўтказди. Торндейк ҳайвонларнинг хулқатворига қизиқарди, уларни ўрганишни мушуклар устида ишлашдан бошлади.
У ҳар бир мушукни жумбоқлар қутиси деб аталадиган қурилманинг ичига солди. Қути шундай қурилган эдики, мушук “ипни тортиш, ричагни босиш ёки платформага чиқишдек оддий ҳаракатлар билан” қути туйнугидан чиқиб кетиши мумкин эди. Мисол учун, қутида ричаг бор. У босилганда қутининг ён деворида туйнук очилади. Шундан сўнг мушук қути ичидан сакраб чиқиб, овқат тўлдирилган идиш томон югуради.
Кўпчилик мушуклар қутига солинган вақтдан бошлаб ундан чиқишга уринарди. Улар тумшуғини бурчак-бурчакларга суқиб кўрар, тирқишларга панжасини тиқар ва нарсаларни тирнар эди. Бир неча дақиқали тадқиқотлардан кейин улар ўша сеҳрли ричагни босиб қўйиши ҳам мумкин эди. Натижада туйнук очилиб, мушуклар қутидан қочиб чиқарди.
Торндейк ҳар бир мушукнинг хулқ-атворини кўплаб синовларда кузатиб борди. Дастлаб ҳайвонлар қути ичи да бетартиб равишда ҳаракатланди. Aммо ричаг босилиб, туйнук очилгач, ўрганиш жараёни бошланди. Aста-секин ҳар бир мушук ричагни босиш билан қутидан халос бўлиш ва овқатга эришиш сингари мукофот ўртасида боғланиш мавжудлигини тушуна бошлади.
Йигирма ёки ўттизта уринишдан сўнг бу хатти-ҳаракатлар шу қадар автоматлашиб, одат тусига кирдики, мушук бир неча сония ичида ҳам қутидан қочиб чиқишга муваффақ бўлди. Мисол учун, Торндейк кузатувларида “12-рақамли мушук вазифани бажариш учун қуйидагича вақт сарфлади: 160 сония, 30 сония, 90 сония, 60, 15, 28, 20, 30, 22, 11, 15, 20, 12, 10, 14, 10, 8, 8, 5, 10, 8, 6, 6, 7”, деб ёзади.
Дастлабки учта синовда мушук ўртача 1,5 дақиқада қочиб чиқди. Сўнгги уч синовда эса бу вақт ўртача 6,3 сонияни ташкил қилди. Ҳар бир машқдан сўнг мушуклар камроқ хатоларга йўл қўйиб, уларнинг ҳаракатлари тезроқ ва автоматик бўлиб борди. Мушуклар хатоларни доимий такрорлаш ўрнига тўғридан-тўғри муаммонинг ечими сари борди.
Тажрибаларига асосланган ҳолда Торндейк ўрганиш жараёнини таърифлаш давомида “Ёқимли натижага олиб келадиган хатти-ҳаракатлар кўпроқ, ёқимсизларига сабаб бўладиган ҳаракатлар эса камроқ такрорланиш эҳтимолига эга”, деб ёзган эди. Унинг тажрибаси одатлар бизнинг ҳаётимизда қандай пайдо бўлишини муҳокама қилиш учун ажойиб асос бўла олади. Шунингдек, одат аслида нима, миямиз уларни шакллантиришга нима сабабдан уринади сингари фундаментал саволларга жавоб беради.
Одат – автоматик даражага етиш учун етарлича такрорланган хулқ-атвордир. Одатлар шаклланиши уриниш ва хатолар билан бошланади. Ҳар сафар ҳаётда янги нарсага дуч келганингизда миянгиз қарор қабул қилиши зарур. Бунга қандай жавоб қайтараман? Муаммо билан биринчи марта тўқнаш келганингизда уни қандай ҳал қилишни аниқ билмайсиз. Худди Торндейкнинг мушуклари сингари нималар иш бериши мумкинлигини билиш учун турли ечимларни синаб кўрамиз.
Ушбу даврда миянинг нейрологик фаоллиги жуда юқори бўлади. Вазиятни эҳтиёткорлик билан таҳлил қилиб, кейинги қадамларингиз борасида онгли равишда қарор қабул қиласиз. Катта миқдорда янги ахборотни қабул қилар экансиз, уни тушунишга ҳаракат қиласиз. Мия энг самарали ечимни қидириш билан банд бўлади.
Баъзида худди мушук ричагни босиб қўйгани сингари муаммонинг ечимини топиб оласиз. Хавотирланаётганингизда югуришга чиқиш сизни тинчлантиришини сезиб қоласиз. Кун бўйи қаттиқ ақлий меҳнатдан сўнг видеоўйинлар ўйнаганингизда яйраб дам олишингизни пайқайсиз. Муаммонинг ечимини қидираверасиз, қидираверасиз ва кутилмаганда мукофотга дуч келасиз.
Бундай мукофотни бехосдан топиб олганингиздан сўнг кейинги сафар стратегиянгизни ўзгартирасиз. Миянгиз дарҳол мукофотга дуч келишингиздан аввал бўлиб ўтган воқеаларни саралай бошлайди. Тўхтанг-чи, жуда ажойиб нарса бўлдими? Ундан олдин нима қилдим ўзи?
Инсоннинг ҳар бир ҳаракати ортида қайта алоқа ҳалқаси ётади: уриниб кўриш, омадсизликка учраш, хулоса чиқариш ва янги усулни синаб кўриш. Тажриба ортиб борган сари кераксиз ҳаракатлар камайиб боради, фойдали ҳаракатлар эса кучайиб боради. Бунинг натижасида одат шаклланади.
Бир турдаги муаммога қайта-қайта дуч келавергандан кейин мия уни ҳал этиш жараёнини автоматлаштиришга уринади. Одатлар шунчаки кундалик ҳаётда тўқнаш келадиган муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишга қаратилган автоматик ечимлар йиғиндисидир. Бихевиорист олим Жейсон Хреха ёзганидек, “Одатлар шунчаки атрофимизда тез-тез-такрорланиб турадиган муаммоларнинг ишончли ечимидир”.
Одат мустаҳкамланиб боргани сайин миянинг фаоллашиш даражаси пасаяди. Муваффақиятни англатувчи сигналларнигина қабул қилиб, бошқа ҳеч нарсага эътибор бермайдиган бўлиб қоласиз. Aввал бажарган ишларингизга яна тўқнаш келадиган бўлсангиз, бу сафар нималарга эътибор бериш керак эканини биласиз. Вазиятни ҳар тарафлама таҳлил қилишга ҳожат қолмайди. Миянгиз уриниб кўриш ва хато қилиш босқичини ташлаб кетади ва фойдаланишга қулай қоида ишлаб чиқади: “Aгар бундай бўлса, унда мана бундай қилиш керак”. Ушбу фикрий ёзувдан ўхшаш вазиятларда автоматик равишда фойдаланиш мумкин. Ўзингизни бироз асбийлашганингизни сезишингиз билан югуришга отланасиз. Ишдан келибоқ видео ўйин дастагига қўл чўзасиз. Ушбу қарорларни қабул қилиш жараёни энди автоматик кечади. Одат шаклланди.
Одат – тажриба тўпланган сари миямизда ҳосил бўладиган қисқа йўллардир. Бошқача қилиб айтганда, у аввал бажарган ишлар кетма-кетлиги борасидаги хотирамиздир. Маълум вазият аввалгиларига мос келди дегунча ушбу хотирага суяниб муаммони автоматик тарзда ечиш мумкин. Мия келажакда иш бериши мумкин бўлган усулларни эслаб қолади.
Одат шаклланиши жуда фойдали жараёндир. Чунки миямизнинг онгли равишда фикрлаш қуввати чегараланган. У бир вақтда фақат битта муаммога диққат қаратиши мумкин. Натижада миянгиз уни фақат ўта муҳим вазифаларга асраб қўяди. Имкон пайдо бўлиши биланоқ у вазифаларни автоматик бажариш учун миянинг онгости қисмларига ўтказишга ҳаракат қилади. Одат шаклланганда эса айнан шундай ҳодиса кузатилади. Одатлар миянинг онгли қисмига тушадиган юкни камайтиради, натижада мия бошқа муҳимроқ вазифаларни бажариш учун зарур бўлган қувватни тежайди.