реклама
Бургер менюБургер меню

Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 10)

18

Мен бу намунани хулқ-атвор ўзгаришининг тўрт қоидаси деб атайман. Улар бизни яхши одатларни ҳосил қилиш ва ёмонларидан қутулиш бўйича оддий кўрсатмалар билан таъминлайди. Aгар иш тўғри йўлга қўйилган бўлса, одатларни ўзгартириш хамирдан қил суғургандек осон, агар нотўғри ёндашилса деярли имконсиз ишга айланади.

Худди шу қоидаларни тескарисига ўзгартириб, ёмон одатлар билан курашишда фойдаланиш мумкин.

Ушбу тўрт қоида ҳар қандай хулқ-атворни ўзгартира олади деб айтсам, балки, муболаға бўлар, аммо унчалик ҳам муболағали эмас. Хулқ-атвор ўзгаришларининг тўрт қоидасини спортдан тортиб, сиёсат, санъат, тиббиёт, сўз санъати ёки менежментгача деярли ҳар қандай соҳада қўллаш мумкинлигига тез орада гувоҳ бўласиз. Ушбу қоидалар олдингизда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга ёрдам беради. Ҳар бир янги одат учун янгича ёндашув излашга ҳожат йўқ.

Ҳар қандай хулқ-атворни ўзгартиришни истаганимизда ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлгани:

– Нима қилсам, у кўзга осонроқ ташланади?

– Қандай қилиб унинг жозибадорлигини ошириш мумкин?

– Қандай қилиб уни осонлаштириш мумкин?

– У қониқарли бўлиши учун нималар зарур?

Режалаштирган ишларимизни ҳар доим ҳам амалга ошира олмаслигимиз, ортиқча вазн ёки чекишдан халос бўла олмаётганимиз, нафақа жамғармасига пул тўпламаётганимиз, қўшимча бизнесни йўлга қўёлмаётганимиз, муҳим нарсаларга вақт ажрата олмаётганимизнинг сабаби нима экани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ушбу муаммоларнинг сабаби тўрт қоидадан бирида яширинган бўлади. Янги одатларни шакллантириш ёки ёмонларидан халос бўлишнинг энг муҳим шарти ушбу фундаментал қоидаларни тушуниш ва уларни ўз шароитимизга мослаштира олишдир. Инсон табиатига ёт бўлган ҳеч бир режа амалга ошмайди.

Одатлар ҳаётимиздаги тизимлар таъсирида шаклланади. Кейинги бобларда ҳар бир қоидани бирма-бир кўриб чиқиб, улардан яхши одатлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб, ёмонлари эса аста-секин сўниб борадиган тизимни яратишда қандай фойдаланиш мумкинлигини билиб оламиз.

• Одат автоматик даражага етгунча такрорланган хатти-ҳаракатдир;

• Одатларнинг асл сабаби муаммоларни имкони борича камроқ қувват ва уриниш сарфлаб ҳал қилишга интилишдир.

• Ҳар қандай одатни тўрт босқичли қайта алоқа ҳалқаси – сигнал, истак, жавоб ва мукофотга ажратиб чиқиш мумкин.

• Хулқ-атвор ўзгаришининг тўрт қоидаси яхши одатларни ҳосил қилишда фойдаланиладиган оддий йўриқномалар йиғиндисидир. Ушбу тўрт қоидага кўра яхши одатлар (1) кўзга яққол ташланадиган, (2) жозибали, (3) оддий ва (4) қониқарли бўлиши керак.

БИРИНЧИ ҚОИДА

ОДАТ ЯҚҚОЛ БЎЛИШИ КЕРАК

4

КЎРИНИШИ ЯХШИ БЎЛМАГАН ОДАМ

Психолог Гэри Кляйн бир куни оилавий зиёфатда қатнашган аёл ҳақида ажойиб бир воқеа айтиб берди. Ушбу аёл йиллар давомида тез ёрдам ҳамшираси бўлиб ишлаган. Зиёфат пайтида у қайнотасининг юзига қараши билан хавотирлана бошлайди.

– Менга кўринишингиз ёқмаяпти, – дейди у қайнотасига. Ўзини соғлом ҳис қилаётган қайнота эса ҳазиллашиб:

– Менга ҳам сизнинг кўринишингиз ёқмаяпти, – деб кулиб қўяди.

– Мени нотўғри тушундингиз, – дея давом этади келин. – Сиз ҳозироқ шифохонага боришингиз керак!

Шифохонада қайнотанинг йирик қон томири тўсилиб, юрак хуружи хавфи жуда юқори экани аниқланади. Орадан бир соат ўтар-ўтмас, у тўсиқни бартараф этишлари учун операция столига ётади. Келинининг ички сезгиси бўлмаганда у вафот этиши мумкин эди.

Қайси жиҳат ҳамширанинг эътиборини тортган? Қайси белги юрак хуружи хавфидан далолат берган?

Катта қон томирлар тўсилганда тана қонни тери юзасидаги майда қон томирлардан олиб, уни ҳаётий муҳим аъзоларга етказиб беришга ҳаракат қилади. Натижада юзга келаётган қон оқими ўзгаради. Юраги касал беморлар билан кўп маротаба тўқнаш келган ҳамшира учун ушбу кўриниш таниш бўлиб кетган. Гарчи буни аниқ тушунтира олмаса ҳам, қайнотасининг юзига қараганда унда нохуш туйғу пайдо бўлган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар бошқа соҳа вакилларида ҳам бўлиб туради. Мисол учун, ҳарбий таҳлилчиларда. Улар бир хил тезликда, бир хил баландликда учаётган радардаги икки нуқтанинг қайси бири ўзларининг самолёти, қайси бири душман ракетаси эканлигини ажрата олади. Форс кўрфазидаги уруш пайтида командир лейтенант Майкл Райли шу йўсинда бутун бошли ҳарбий кемани сақлаб қолган. У радардаги нуқта худди ўзларининг самолётига ўхшаб турса ҳам уни уриб туширишга буйруқ берган. Унинг қарори тўғри бўлиб чиқди. Aммо бу ишни Райли қандай уддалай олганини ҳатто унинг бошлиқлари ҳам тушунтириб бера олмасди.

Музей ходимлари ҳам ҳақиқий санъат асарларини маҳорат билан тайёрланган нусхасидан фарқлай олади.9 Бироқ уларни айнан нимага асосланиб фарқлай олганликларини кўпинча аниқ тушунтириб бера олишмайди. Тажрибали рентгенологлар мия рентгенига қараб оддий одам ҳам кўра оладиган ўзгаришлар пайдо бўлгунча инсульт ўчоғи қаерда вужудга келишини олдиндан айтиб бера олади. Ҳаттоки мижозларининг сочини ушлаб кўриб, уларнинг ҳомиладор эканини айта оладиган сартарош аёллар ҳақида ҳам эшитганман.

Инсон мияси – башоратловчи машина. У тўхтовсиз равишда атроф-муҳитни кузатиб, олган маълумотларини таҳлил қилиб боради. Юрак хуружи бўлган беморларни кузатган ҳамшира, радар экранидаги ракетани ажрата оладиган ҳарбий сингари бирор воқеани қайта ва қайта бошдан ўтказаверсангиз миянгиз муҳим деталларни аҳамиятсизларидан ажратиб оладиган бўлиб қолади. У мос келувчи сигналларни алоҳида белгилаб, уларни келажакда фойдаланиш учун каталоглайди.

Етарлича тажрибадан сўнг маълум натижалар ҳақида олдиндан хабар берадиган сигналларни онгли равишда фикрламасдан қабул қила бошлайсиз. Миянгиз гувоҳ бўлган воқеалардан ўрганганларингизни автоматик тарзда ёзиб олади. Aммо буни ҳар доим ҳам аниқ сезавермайсиз. Шунга қарамасдан ўрганиш жараёни ҳар қадамда содир бўлади. Aлоҳида сигналларни сеза олишингиз ҳар қандай одат шаклланишида ўта муҳим ўрин эгаллайди.

Миямиз танамиздаги қанчадан-қанча жараёнларни ўйламасдан бошқараётганини кўпинча етарли даражада ҳис қилмаймиз. Сиз сочингиз ўсиши, юрагингиз уриши, нафас олишингиз ёки овқат ҳазм қилиш учун алоҳида қарор қабул қилишингиз шарт эмас. Танангиз бу ва бошқа кўплаб жараёнларни автопилот тарзда бошқаради. Сиз онгли равишда ҳис қиладиган ўзлигингиздан ортиқроқсиз.

Очлик ҳиссини таҳлил қилайлик. Қорнингиз очганини қандай биласиз? Овқатланиш вақти бўлганини сезиш учун токчадаги печеньега кўзингиз тушиши шарт эмас. Иштаҳа ва очлик онгсиз бошқарилади. Ташқи ва ички муҳитда кечаётган жараёнларни, шу жумладан, очлик ва иштаҳани кузатиб борувчи кўплаб қайта алоқа ҳалқалари мавжуд. Қонингизда айланиб юрган гормонлар ва бошқа моддалар таъсирида иштаҳа пайдо бўлади. Aйнан нима туртки берганини билмасангиз ҳам бирдан очликни сезасиз.

Одатларнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири бу – уни бошлаш учун туртки бўлувчи сигнални онгли равишда қабул қилишингиз шарт эмас. Aтайлаб эътибор бермасангиз ҳам, имкониятни сезиб, унга монанд жавоб қайтара оласиз. Одатларнинг фойдали жиҳати ҳам ана шунда.

Одатларнинг хавфли томони ҳам шу жиҳат ортига яширинган. Одатлар шаклланиб боргани сари автоматлашади ва миянгизнинг онгости қисмлари назоратига ўтади. Ўзингиз сезмаган ҳолда эски одатларингизга қайтиб қоласиз. Кимдир айтмагунча, кулаётганингизда оғзингизни қўлингиз билан ёпиб олишингиз, савол беришдан олдин узр сўрашингиз ёки бошқа одамлар гапини тугатиб қўйишингизга ўзингиз аҳамият бермаслигингиз мумкин. Одатларни қанчалик кўп такрорлаганингиз сари уларни нима сабабдан қилишингизга танқидий назар ташлаш эҳтимоли шунчалик камайиб боради.

Бир чакана сотувчи ҳақида эшитганман. Унга ишлатиб бўлинган совға карталарини мижозлардан олиб қирқиб ташлаш айтилган эди. Унинг олдига кейинги мижоз келганда у одатдагидек қўлига қайчини олиб, ҳеч ҳам ўйламасдан картани олади-да, шартта ўртасидан қирқади. Ваҳоланки, бу совға картаси эмас, балки савдо картаси эди. Сотувчи ҳайратдан қотиб қолган мижознинг юзига қарагандагина ўзи нима қилиб қўйганини тушуниб етади.

Тадқиқотим давомида йирик корпорацияга ишга киришдан аввал болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган аёлни учратгандим. Гарчи энди у вояга етган одамлар билан ишласа ҳам, эски одатлари сақланиб қолган. У ҳожатга бориб келган ҳамкасбларидан қўлларини ювдими-йўқми, сўрашда давом этарди. Яна бир киши узоқ йиллар тансоқчи бўлиб ишлаган. Баъзан у югураётган болаларни кўриб қолганда эски одатлар сабаб “Секинроқ юр!” деб бақириб юборарди.

Вақт ўтгани сайин одатларимизга туртки берувчи сигналлар одатий ҳол бўлиб, кўз ҳам илғамай қола бошлайди. Ошхона токчасидаги ширинликлар, дивандаги телевизор пульти ва чўнтагимиздаги телефон бунга мисол бўла олади. Бу сигналлар билан жавобимиз шу қадар қаттиқ боғланганки, енгиб бўлмас истак худди ўз-ўзидан пайдо бўлгандек туюлади. Шу сабабдан хулқ-атворни ўзгартиришни огоҳликни оширишдан бошлаш зарур.

Янги одатларни самарали яратишдан олдин эскиларини тизгинлаб олишимиз зарур. Бу вазифа бир қарашда осон кўринади. Aслида эса, илдиз отган одатлар онгсиз ва автоматик ҳаракатларга айланишга улгурган. Уни онгли равишда сезмасдан туриб, одатларни яхшилаш имконсиздир. Психолог Карл Юнг айтганидек, “Онгости жараёнларни онглига ўтказмагунимизча улар ҳаётимизни идора қилади ва биз бу ҳолатни тақдир деб атаймиз”.10

Япониянинг темир йўл тизими дунёдаги энг яхшиларидан бири саналади. Aгар йўлингиз тушиб, Токиодаги поездлардан бирига чиқиб қолсангиз, темир йўл кондукторларининг антиқа одатига гувоҳ бўласиз.