реклама
Бургер менюБургер меню

Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 9)

18

Одатлар жуда самарали бўлишига қарамасдан одамлар уларнинг қанчалик фойдали эканига ҳали ҳам шубҳа билан қарайди. Инсонлар орасида қуйидаги қарши фикрлар тарқалган: “Одатлар туфайли ҳаётим зерикарли бўлиб қолмайдими?”, “Мен ўзим истамаган ҳаёт тарзида қотиб қолишни истамайман”, “Ҳаётимизни олдиндан айтиб бериш мумкин бўладиган бўлса, унинг жозибаси йўқолиб кетмайдими?” каби. Хавотирланишга ўрин йўқ, менимча. Бундай саволлар олдингизда фақат иккита йўл бор деган сохта тасаввур уйғотади. Яъни маълум бир одатни шакллантириш ёки эркин яшашдан фақатгина биттасини танлаш мумкин деб ўйлашга мажбур қилади. Aслида эса уларнинг иккаласи бир-бирини тўлдиради.

Одатлар эркинликни чекламайди, аксинча унинг учун шароит яратади. Ўз одатларини назорат қила олмайдиган инсон энг кам эркинликка эга бўлади. Яхши молиявий одатларсиз бир маошдан бошқасигача етиб олиш қийин кечади. Соғлом турмуш тарзисиз ўзингизни доимо камқувват ҳис қиласиз. Ўқиб-ўрганишингизни тартибга келтира олмасангиз, билим борасида бошқалардан ортда қолиб кетаётгандек туюласиз. Aгар ҳар сафар оддий вазифаларни бажариш учун қарор қилишга мажбур бўлсангиз – “Спорт билан қачон шуғулланишим керак?” “Қачон китоб ёзишим керак?” ёки “Солиқларни қачон тўлашим керак?” каби – ўзингизни эркин ҳис қилишга вақт кам қолади. Ҳаёт тарзингизнинг базавий жиҳатлари таъминлангандагина онгингизда эркин фикрлаш ва ижод учун жой қолади.

Одатларни бир тизимга солиб, кундалик ҳаётингиз таъминлангандан кейин янги мавзулар билан танишиш, янгича муаммоларни ҳал қилиш учун миянгиз озод бўлади. Ҳозирда одатларни шакллантиришга куч сарфлаш келажакда ўзингиз ёқтирган иш билан кўпроқ шуғулланиш имконини беради.

Одатни шакллантириш жараёнини тўрт босқичга бўлиш мумкин: сигнал, истак, жавоб ва мукофот. Уни бундай фундаментал қисмларга бўлиш бизга одат аслида нима экани, у қандай механизмларга эга экани ва уни қандай қилиб яхшилаш мумкинлигини тушунишга ёрдам беради.

5-расм. Барча одатлар тўрт босқичдан бир хил кетмакетликда ўтади: сигнал, истак, жавоб ва мукофот.

Мазкур тўртта босқич ҳар қандай одатнинг асосидир. Мия ҳам ҳар сафар ушбу босқичлардан ўтади.

Энг аввало, сигнал қабул қилинади. У маълум бир ҳаракатни бошлашингиз учун мияга туртки беради. Мукофот яқин атрофда эканини билдиради. Қадимда аждодларимиз емиш, сув ёки жинсий алоқа сингари бирламчи мукофотларни кўрсатувчи сигналларга аҳамият берган. Биз эса ҳозирги кунда вақтимизнинг асосий қисмини пул, шон-шуҳрат, ҳокимият, мартаба, мақтов ёки тан олиниш, севги ёки дўстлик, ўзидан қониқиш ҳисси сингари иккиламчи мукофотларни кўрсатувчи сигналларни қидиришга сарфлаймиз (Aлбатта, юқоридагиларнинг барчаси хулқ-атворимизнинг асоси бўлган тирик қолиш ва зурриёт қолдириш истагининг амалга ошиш эҳтимолини оширади).

Миянгиз тўхтовсиз равишда ички ва ташқи муҳитдан мукофотларга ишора қилувчи сигналларни таҳлил қилади. Сигнал мукофот яқинлигини англатгани учун ҳам сизда истак уйғонади.

Истак – одат шаклланишининг иккинчи босқичи. У ҳар қандай хулқ-атвор ортидаги ҳаракатлантирувчи кучдир. Мана шу кучсиз ёки хоҳиш-истаксиз – ўзгариш истагисиз – ҳаракат қилишдан ҳеч қандай маъно йўқ. Биз истаётган нарса одатнинг ўзи эмас, балки ундан кейин келадиган ўзгаришдир. Тамаки хумори тутганда сигаретани чекиш жараёнининг ўзини эмас, балки ундан кейин келадиган енгиллик ҳиссини истайсиз. Тишларингизни шунчаки тозалаш учун эмас, балки ундан кейин пайдо бўладиган софлик ҳисси учун ювасиз. Телевизорни кўришни эмас, балки вақтингизни чоғ ўтказишни хоҳлайсиз. Ҳар бир истак ортида ички ҳолатингизни ўзгартиришга бўлган хоҳиш ётади. Ушбу муҳим жиҳатни кейинроқ батафсил кўриб чиқамиз.

Ҳар бир инсоннинг хоҳиш-истаклари бошқаларникидан фарқ қилади. Назарий жиҳатдан олиб қараганда ҳар қандай маълумот истак пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Aмалда эса бир инсонда истак уйғотган сигнал иккинчи бир инсонга таъсир қилмаслиги мумкин. Қиморбоз учун ўйин машиналарининг овози енгиб бўлмас даражада кучли истакни пайдо қилади. Бундай ўйинларни кам ўйнайдиган одам учун казинодаги ҳамма товушлар оддий шовқиндек туюлади, холос. Сигналлар талқин қилинмагунча ҳеч қандай маънога эга эмас. Қабул қилувчининг ўй-фикрлари ва ҳиссиётлари сигнални истакка айлантиради.

Учинчи босқич бу жавоб ҳаракатидир. Жавоб сиз амалга оширадиган одат бўлиб, у фикр ёки ҳаракат кўринишида бўлиши мумкин. Жавобнинг юзага келиш ёки келмаслиги мотивациянгиз даражаси ва ҳаракатни амалга ошириш олдида қандай тўсиқлар борлигига боғлиқ. Aгар бирон-бир ҳаракат сиз ўйлагандан кўра кўпроқ жисмоний ёки ақлий қувват талаб қиладиган бўлса уни бажармай қўя қоласиз. Жавоб, бундан ташқари, сизнинг қобилиятларингизга ҳам боғлиқ. Табиийки, одатни фақат қўлингиздан келгандагина амалга ошира оласиз. Aгар баскетбол тўпини саватчага туширишни истасангиз-у, бўйингиз паст бўлса, демак, омадингиз унчалик чопмабди.

Ва ниҳоят, жавоб сизни мукофотга олиб келади. У ҳар қандай одатнинг сўнгги мақсадидир. Сигнал мукофот ҳақида маълумот беради, истак – мукофотга эришишни хоҳлаш, жавоб эса мукофотларни қўлга киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар. Биз иккита сабабга кўра мукофотнинг ортидан қувамиз. Биринчиси, улар бизни қониқтиради, иккинчиси эса улар бизга сабоқ беради.

Мукофотнинг биринчи вазифаси истакларингизни қондиришдир. Мукофотлар ўз ҳолича ҳам фойдали, албатта. Егулик омон қолишингиз учун зарур қувватни беради, лавозим кўтарилиши даромад ва обрўйингизни оширади, бақувват ва чиройли танага эга бўлиш соғлиғингизни мустаҳкамлайди ва ўзга жинс вакиллари кўзига яхшироқ кўрсатади. Aммо биринчи навбатда мукофот овқатланиш, юқори мартаба ёки мақтовга бўлган талабни қондиради. Вақтинчалик бўлса ҳам мамнунлик ҳиссини пайдо қилади ва истакдан фориғ қилади.

Иккинчидан, мукофотлар қандай хатти-ҳаракатларни ёдда сақлаш кераклигини ўргатади. Мия мукофотларни аниқловчи қурилмадир. Кундалик ҳаётда миянгиз қайси хатти-ҳаракатлар талаб ва истакларингизни қондира олишини доимий равишда кузатиб боради. Қувонч ва кўнгилсизлик қайта алоқа механизмининг бир қисми бўлиб, фойдали ҳаракатларни бефойдаларидан ажратиб олишга хизмат қилади. Мукофотлар қайта алоқа ҳалқасини охирига етказади ва одат циклини якунлайди.

Aгар хулқ-атворнинг юқорида санаб ўтилган босқичларидан бирортаси етарли даражада бўлмаса, у одатга айлана олмайди. Сигнал бўлмаса одат бошланмайди, истак кам бўлса ҳаракат қилиш учун мотивация етарли бўлмайди, ҳаракатнинг ўзи мураккаб бўлса уни бажариш қўлингиздан келмайди, агар мукофот бўлмаса, ҳаракатни келажакда такрорлашдан маъно йўқ. Дастлабки уч босқич бажарилмаса, хатти-ҳаракат юзага келмайди. Тўртови амалга ошмаса, ҳаракат такрорланмайди.

Одат ҳалқаси

6-расм. Одатнинг тўрт босқичини қайта алоқа ҳалқаси деб тасвирлаш мумкин. То тирик экансиз, у доимий равишда такрорланиб туради. Ушбу “одат ҳалқаси” атроф-муҳитни тўхтовсиз кузатади, нималар содир бўлишини аввалдан кўра олишга ҳаракат қилади, турли усулларни синаб кўриб, уларнинг натижаларидан ўрганади.

Хулоса қилиб айтганда сигнал истакни уйғотади, истак бизни жавоб қайтаришга ундайди, жавоб эса мукофотга элтади. Мукофот истакни қондириб, охир-оқибат сигнал билан боғлиқлик ҳосил қилади. Биргаликда ушбу тўртала босқич нейрологик қайта алоқа ҳалқасини ҳосил қилади – сигнал, истак, жавоб, мукофот; сигнал, истак, жавоб, мукофот – бу алалоқибат автоматик одат шаклланишига имкон беради. Бу цикл одат ҳалқаси номи билан маълум.

Ушбу тўрт босқич баъзи-баъзида содир бўладиган жараён эмас, балки ҳаётингизнинг ҳар бир сониясида фаол ишлаб турадиган чексиз қайта алоқа ҳалқасидир. Мия атроф-муҳитни тўхтовсиз кузатади, нималар содир бўлишини аввалдан кўришга ҳаракат қилади, турли усулларни синаб кўриб, уларнинг натижаларидан ўрганади. Бутун бошли жараён кўз юмиб очгунча содир бўлади. Ўзингиз англамаган тарзда ундан қайта ва қайта фойдаланаверасиз.

Тўрт босқични икки фазага ажратиш мумкин: муаммо фазаси ва ечим фазаси. Муаммо фазаси сигнал ва истакни ўз ичига олиб, бунда нимадир ўзгариши зарурлигини ҳис қиласиз. Ечим фазаси таркибига жавоб ва мукофот киради ва бунда фаол ҳаракат қилиб, ўзингиз истаган ўзгаришга эришасиз.

Барча ҳаракатлар ортида муаммони ҳал қилишга бўлган талаб ётади. Баъзан муаммо қандайдир яхши нарса эътиборингизга тушгани ва уни қўлга киритиш истаги бўлади. Баъзан эса муаммо бу – қандайдир оғриқ ҳис қилишингиз ва ундан халос бўлишни хоҳлашингиздир. Ҳар икки ҳолда ҳам одатнинг асл мақсади бу сиз дуч келадиган муаммоларга ечим топишдир.

Қуйида бир нечта ҳаётий мисоллар келтирилган.

Тасаввур қилинг, қоронғи хонага кириб, чироқни ёқдингиз. Бу ишни шу қадар кўп бажарганингиз учун уни ҳозир ўйламасдан қиласиз. Кўз очиб юмгунча тўртала босқичдан ўтиб улгурасиз. Чироқни ёқиш кераклигини ўйлаб ўтирмай амалга оширасиз.

Вояга етганимизда ҳаётимизни бошқараётган одатларни камдан-кам ҳолларда пайқаймиз. Ҳар куни пойабзални бир оёқдан кия бошлашимиз, тостерни ишлатгач, уни электрдан узиб қўйишимиз, ишдан келгач уй кийимларимизни кийиб олишимиз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Йиллаб давом этган онгли ҳаракатлардан сўнг биз ушбу фикрлаш ва ҳаракат тарзини автоматик бажарамиз.

Китобнинг кейинги қисмларида сигнал, истак, жавоб ва мукофот ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида мавжуд эканига қайта ва қайта гувоҳ бўламиз. Бироқ бундан аввал ушбу босқичларни яхши одатларни яратадиган ва ёмонларидан халос бўлишга ёрдам берадиган амалий намуна кўринишига келтириб олишимиз зарур.