Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 7)
• Йўналишни белгилашда қийналаман.
• Мен эрта турадиганлардан эмасман.
• Одамларнинг исмини эслаб қололмайман.
• Доим кеч қоламан.
• Янги технологияларни унчалик тушунмайман.
• Математикага иқтидорим йўқ.
… ва яна минглаб бошқа вариантлар.
Юқоридаги жумлаларни йиллар давомида ўзингизга ўзингиз такрорлайверсангиз маълум бир фикрлаш қолипига тушиб қоласиз ва уларни ҳақиқат сифатида қабул қила бошлайсиз. Вақт ўтгани сайин “Шахсиятимга тўғри келмайди”, деган баҳоналар билан у ёки бу ишни қилишга қаршилик кўрсата бошлайсиз. Ҳар бир инсонда ўзи ҳақидаги тасаввурларни муайян тарзда сақлаш ва шунга мос тарзда ҳаракат қилишга ички талаб мавжуд. Ички дунёнгиз билан номутаносиблик юзага келмаслиги учун у қўлидан келган барча ишни қилади.
Маълум фикр ёки ҳаракат шахсиятингиз билан қанчалик чамбарчас боғланган бўлса, уларни ўзгартириш шунчалик қийин бўлади. Гарчи нотўғри эканини билиб турсангиз ҳам, маданиятингизга хос қарашларга (гуруҳ шахсияти) ёки ўзингиз ҳақингиздаги фикрларга (индивидуал шахсият) содиқ қолишга уринасиз. Якка шахс, жамоа ёки бутун бир жамият даражасида бўлсин, яхши одатни шакллантириш олдидаги энг катта тўсиқ бу шахсият билан номутаносибликдир. Яхши одатлар мантиқан тўғри бўлиши мумкин, бироқ шахсиятингизга мос келмаса, уларга амал қилишда муваффақиятсизликка дуч келасиз.
Бир кун жуда банд бўлганингиз, ҳаддан ортиқ чарчаганингиз ёки юзлаб бошқа сабабларга кўра одатларни бажаришга қийналишингиз мумкин. Аммо узоқ муддат давомида уларни қилиш-қилмаслигингиз одатларнинг ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурларга мос келиш ёки келмаслигига бориб тақалади. Шу сабабдан шахсиятингизни сақлаб қолишга қаттиқ уриниш мақсадга мувофиқ эмас. Олдинга ҳаракатланиш учун ўзлигингизнинг айрим жиҳатларидан воз кечишингиз зарур. Ривожланишдан тўхтаб қолмаслик учун қарашларингизни вақти-вақти билан таҳлил қилиб туришингиз, шахсиятингизни кенгайтириб, янги даражаларга кўтарилишингиз зарур.
Шу тарзда фикрлашда давом этадиган бўлсангиз, олдингизда қатор саволлар пайдо бўлади: агар дунёқарашингиз ва фикрларингиз хулқ-атворингизга шунчалик катта таъсир кўрсатадиган бўлса, уларнинг ўзи қандай пайдо бўлади? Шахсият қандай шаклланади? Шахсиятнинг ўсишига кўмаклашадиган жиҳатларини қандай кучайтириб, халақит берадиганларини аста-секин сўндириш мумкин?
Шахсият одатларингиздан шаклланади. Сиз ҳозирги қарашларингиз билан туғилмагансиз. Ҳар бир фикр, шу жумладан, ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурлар ҳаёт давомида шаклланади ва ўзгаради.7
Янада аниқроқ қилиб айтганда, сиз шахсиятингизни одатларингиз орқали намоён қиласиз. Ҳар куни ўрнингизни йиғиштирганингизда тартибли инсон эканингизни, ҳар куни янги бир нарса ёзганингизда ижодкор инсон эканингизни, ҳар куни спорт билан шуғулланганингизда соғлиғига беэътибор бўлмаган одам эканингизни намоён қиласиз.
Бирон-бир одатни қанчалик кўп такрорласангиз, шахсиятингизнинг ушбу одат билан боғлиқ жиҳатини шунчалик кўп мустаҳкамлайсиз. Аслида, шахсият сўзи қадимги лотин тилида бўлиш маъносини билдирувчи “
Ўзингизни ким деб ўйлашингиздан қатъи назар, бундай фикрлашга далиллар мавжудлиги учунгина шундай фикрлайсиз. Йигирма йил давомида ҳар якшанба черковга қатнаган бўлсангиз, диндор эканингизни исботловчи далилга эгасиз. Aгар ҳар куни кечқурун бир соат вақтингизни биологияни ўрганишга сарфласангиз, тиришқоқ эканингизга далил бор. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар спорт билан шуғулланишингиз – соғлом турмуш тарзига амал қилишингизга далилдир. Шахсиятингизнинг бирон-бир жиҳатини исботловчи далиллар қанчалик кўп бўлса, ўзингиз ҳам унга шунчалик кўп ишонасиз.
Aвваллари ўзимни ёзувчи деб ҳисобламас эдим. Aгар мактаб ёки университетдаги ўқитувчиларимдан мен ҳақимда сўрасангиз, улар мени ўртамиёна ёзиш кўник маларига эга талаба сифатида эслашларига гувоҳ бўласиз. Ёзувчилик фаолиятимнинг дастлабки йилларида фақат душанба ва пайшанба кунлари биттадан янги мақола ёзар эдим, холос. Aммо улар менинг ёзувчи эканимни исботловчи далилга айланди ва ижодкорлик шахсиятимнинг бир қисмига айлана бошлади. Дастлаб ёзувчи эмас эдим. Эндиликда одатларим орқали ёзувчига айландим.
Шахсиятингизнинг шаклланиши фақатгина одатларга боғлиқ эмас, албатта. Aммо одатлар кўп такрорлангани туфайли энг муҳим омилга айланади. Бошингиздан ўтказган ҳар бир воқеа шахсиятингизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бироқ бир марта тўп тепиш билан ўзингизни футболчи ёки битта эскиз чизиб рассом деб ҳисобламайсиз. Бироқ юқоридаги ҳаракатлар такрорланиб, далиллар сони ортиб боргани сайин ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурлар ҳам ўзгара бошлайди. Вақт ўтган сайин бир марталик воқеанинг таъсири камаяди, одатларники эса ортиб боради. Бошқача қилиб айтганда одатлар сизнинг шахсиятингиз қандайлиги ҳақидаги энг кўп далил билан таъминлайди. Шу маънода янги одатларни яратиш жараёнини ўзлигингизни шакллантиришга тенглаштириш мумкин.
Бу узоқ вақт талаб қиладиган жараён. Янгича одам бўлишга қарор қилганимиздан сўнг бир зумда ўзгариб қолмаймиз. Ўзгаришлар кундан-кунга, бир одат ортида бошқаси ўзгариши тарзида юз беради.8 Шахсиятимизда доимий равишда митти эврилишлар рўй беради.
Ҳар бир одат “Балки, мен шундай одамдирман?” деган таклифни бераётганга ўхшайди. Битта китобни ўқиб тугатган бўлсангиз, балки, китобсевар одамдирсиз? Спорт залига борсангиз, балки спорт билан шуғулланишни ёқтирадиган инсондирсиз? Гитара чалишни машқ қилсангиз, балки, мусиқани севадиган шахсдирсиз?
Ҳар бир ҳаракатингиз қандай инсон бўлишингизга берилган овоздир. Aлоҳида воқеа ўз ҳолича қарашларингизни ўзгартира олмайди. Бироқ овозлар йиғилиб янги шахсиятингиз, ўзлигингизни тобора кўпроқ тасдиқлай бошлайди. Шу сабабдан сезиларли ўзгариш учун кескин бурилиш шарт эмас. Кичик одатлар ҳам шахсиятингизни сезиларли даражада ўзгартира олади. Ўзгариш сезиларли экан, демак, у катта ҳамдир. Aйнан шу ҳодиса кичик ўзгаришлар парадоксидир.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, одатлар шахсиятингизни ўзгартириш йўлидир. Ким эканингизни ўзгартиришнинг энг самарали усули нима қилаётганингизни ўзгартиришдир.
– Ҳар сафар парча ёзганингизда, ёзувчисиз;
– Ҳар сафар скрипка чалганингизда, чолғучисиз;
– Ҳар сафар спорт залда ишлашни бошлаганингизда, спортчисиз;
– Ҳар сафар қўл остингиздаги ишчиларни руҳлантирганингизда, етакчисиз.
Ҳар бир одат аниқ бир натижа келтиришдан ташқари яна бир муҳим нарса – ўзингизга бўлган ишончни ҳам ҳосил қилади. Қилаётган ишингизни уддалай олишингизга ишончингиз ортиб боради. Ижобий овозлар кўпайиб, далиллар бир-бирига уланади. Натижада ўзингиз ҳақингиздаги тасаввур ҳам ўзгара бошлайди.
Aлбатта, бунинг акси ҳам кузатилиши мумкин, ҳар сафар бирон-бир ёмон ишга қўл урганингизда ўзлигингиз ҳам ўша томонга битта овоз беради. Бахтингизга мукаммал бўлиш шарт эмас. Ҳар қандай сайловда иккала ном зодга ҳам овоз берилади. Ғолиб бўлиш учун эса бир овоздан сайланиш шарт эмас. Кўпроқ овозга эга бўлиш кифоя. Баъзан ёмон ёки самарасиз одатларга ҳам изн берсангиз бўлади. Фақат улар кўпайиб кетмаслигини назорат қилиб турсангиз бас.
Янги шахсият шаклланиши учун янги далиллар зарур. Aгар аввал қилиб юрган ишларингизни қилишда давом этадиган бўлсангиз, эски натижаларни олаверасиз. Ҳеч нарсага ўзгартириш киритмасангиз, ҳеч нарса ўзгармайди ҳам.
Юқоридагиларга асосланиб содда, икки босқичли жараённи тасаввур қилиш мумкин:
– Қандай турдаги одам бўлишни исташингизни аниқлаб оласиз;
– Шундай одам эканингизни ўзингизга кичик ютуқлар билан исботлаб борасиз.
Дастлаб ким бўлишни белгилаб олинг. Бу ҳар қандай даражага: якка шахс, кичик жамоа, жамият ёки миллат даражасига ҳам тегишли. Ким сифатида гавдаланишни хоҳлайсиз? Тамойилларингиз ва қадриятларингиз нималардан иборат? Ким бўлишни истайсиз?
Булар қийин саволлар. Кўпчилик ишни нимадан бошлашни билмайди, аммо қандай натижа хоҳлаётганини билади. Мисол учун, чиройли пресс чиқариш, камроқ асабийлашиш ёки маошини икки баробар ошириш. Шу ҳам етарли. Ишни шу ердан бошлаб, тескарисига кўриб чиқамиз ва бу натижага эришиш учун қандай тоифадаги инсон бўлишингизни келтириб чиқарамиз. Мен истаган натижаларга қандай одамлар эришади, деган саволни олдингизга ташласак бас. Қандай инсон ортиқча 20 килограмм вазндан қутула олади? Янги тилни ўрганадиган одам қандай бўлади? Янги стартапни ким муваффақиятга элта олади?
Мисол учун, “Ким китоб ёза олади?” деган саволга қатъий ва ишончли одам деб жавоб бериш мумкин. Энди эътиборни китоб ёзишдан (натижага йўналган) қатъий ва бошқалар ишонадиган инсон бўлишга (шахсиятга йўналган) қаратамиз.
Бу жараён қуйидаги каби қарашларга олиб келади:
• Мен талабаларига қўлидан келганча ёрдам берадиган ўқитувчиман;
• Мен ҳар бир беморга етарлича вақт ажратиб, уларга ғамхўрлик қиладиган шифокорман;
• Мен ўз ходимларини ҳимоя қиладиган менежерман.
Қандай одам бўлишингизни аниқлаб олганингиздан кейин ушбу янги шахсиятни кучайтириш учун кичик қадамлар ташлашингиз керак бўлади. Бир яқин дўстим ўзига “Соғлом ҳаёт тарзига амал қиладиган одам нима қилган бўлар эди?” деган саволни бериб 50 килограмм ортиқча вазндан халос бўлишга эришган. Кун давомида у қарор қабул қилаётганда шу саволни ўзига берган. Соғлом турмуш тарзига амал қиладиган одам пиёда юрармиди ёки таксига чиқармиди, бургер буюртма қилармиди ёки салат? У ўзини узоқ вақт давомида соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган одамдек тутса, ўзи ҳам шундай бўлиб қолишини тушуниб етган. У ҳақ бўлиб чиқди.