реклама
Бургер менюБургер меню

Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 6)

18

Ҳатто чин дилдан истаб, унда-бунда мотивацияга тўлиб кетганингизда ҳам, яхши одатларни бир-икки кундан узоқроқ давом эттириш қийин бўлади. Спорт билан шуғулланиш, медитация, кундалик тутиш, ўз қўли билан овқат пишириш каби одатлар дастлаб осондек кўринса ҳам тез орада оғир юмушдек туюла бошлайди.

Бироқ одатлар, айниқса ёмонлари, илдиз отиб улгургандан кейин доимий ҳамроҳингизга айланади. Барча уринишларингизга қарамасдан носоғлом овқатланиш, ортиқча телевизор томоша қилиш, ишларингизни ортга суриш ва чекиш сингари салбий одатлардан қутулишнинг иложи йўқдек гўё.

Одатларни ўзгартириш икки сабабга кўра қийин кечади: биринчидан, нотўғри нарсаларни ўзгартирмоқчи бўласиз, иккинчидан, одатларни нотўғри усулда ўзгартиришга уринасиз. Ушбу бобда биринчи хатолик ҳақида сўз боради. Иккинчисига эса кейинги бобларда жавоб бераман.

Шундай қилиб, бизнинг биринчи хатомиз нотўғри нарсаларни ўзгартирмоқчи бўлганимизда. Буни яхшироқ тушуниш учун хулқ-атворимиз уч қатламдан иборатлиги ва ўзгариш ушбу қатламларнинг бирида кузатилиши мумкинлигини билишимиз зарур. Ушбу қатламларни пиёзнинг қаватларига ўхшатиш мумкин.

Хулқ-атворнинг уч қатлами

3-расм. Хулқ-атвордаги ўзгаришнинг уч қатлами мавжуд. Натижаларни ўзгартириш, жараённи ўзгартириш ва шахсиятни ўзгартириш.

Биринчи қатламни натижаларни ўзгартириш ташкил қилади. Бу даража натижангизни ўзгартиришга қаратилган, масалан, ортиқча вазндан халос бўлиш, китоб ёзиш ёки чемпион бўлиш. Сиз олдингизга қўядиган кўплаб мақсадлар айнан шу қатламга тегишли.

Иккинчи қатлам бу жараённи ўзгартириш. Бу даража одатлар ва тизимни ўзгартиришга қаратилган. Масалан, спорт залидаги машғулотлар кетма-кетлигини жорий қилиш, маҳсулдорликни ошириш учун иш столини тартибга келтириш, медитация билан шуғулланиш. Сиз шакллантирадиган одатларнинг кўпи мазкур даражага тегишли.

Учинчи ва энг чуқур қатлам шахсиятдир. Бу даража қарашларингизни ўзгартириш билан боғлиқ. Масалан, дунёқарашингиз, ўзингизга берадиган баҳонгиз, ўзингиз ва ўзгалар ҳақидаги фикрингиз. Биз ишонган жуда кўп нарсалар, тахминлар, эътиқод ва нохолис мойилликлар шу даражага тегишли.

Натижалар – хатти-ҳаракатларингиз маҳсули, жараён – ишни қандай ташкил қилганингиз, шахсият эса сизнинг қарашларингиздир. Бир фоизли яхшиланишлар сингари барқарор одатларни шакллантириш зарур бўлганда бир қатлам бошқасидан “яхшироқ” ёки “ёмонроқ” деб айтиш қийин. Уларнинг ҳар бири ўз ҳолича фойдали. Ҳақиқий масала ўзгаришлар қайси томонга йўналганлигидадир.

Кўпчилик одатларни эришмоқчи бўлган мақсадларига асосланган ҳолда ўзгартиради. Бу натижага йўналган одатларнинг шаклланишига олиб келади. Aксинча, шахсиятга йўналган одатларда эътибор қандай инсон бўлишни исташимизга қаратилган.

Натижага йўналган одатлар

Шахсиятга йўналган одатлар

4-расм. Натижага йўналган одатларда эътибор эришмоқчи бўлган мақсадларингизга, шахсиятга йўналган одатлар эса ким бўлмоқчилигингизга қаратилган.

Чекишни ташлашга ҳаракат қилаётган икки кишини тасаввур қилинг. Тамаки таклиф этилганда улардан бири: “Йўқ, раҳмат, мен чекишни ташламоқчи бўлиб юрибман”, деб жавоб беради. Жавоб мақтовга лойиқ, аммо бу одам гарчи одатларини ўзгартиришга уринаётган бўлса ҳам, ўзини ҳали ҳам кашанда деб ҳисоблайди. У қарашларини ўзгартирмаган ҳолда хулқ-атворига ўзгартириш киритмоқчи.

Иккинчи одам эса юқоридаги таклифга: “Йўқ, раҳмат. Мен чекмайман”, деб жавоб қайтаради. Иккала жавоб ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас, аммо иккинчи инсоннинг гапида шахсият ўзгаргани билиниб туради. Тамаки чекиш қачонлардир ушбу одам шахсиятининг бир қисми бўлган, аммо ортиқ бундай эмас. Энди у ўзини кашанда деб ҳисобламайди.

Кўпчилик ўз одатларини яхшилашга уринаётган пайтда шахсиятини ўзгартириши кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Улар шунчаки “Озғин бўлишни истайман” (натижа) ёки “Шу парҳезга амал қилсам озаман” (жараён), деб ўйлайди. Улар мақсад ҳамда унга етиш йўлини аниқ белгилаб олади, аммо шу ҳаракатлар ортида турган қарашларни унутиб қўяди. Улар ўзлари ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмайди. Эски шахсияти янги режаларни барбод қилиши мумкинлигини тушунмайди.

Ҳар қандай хатти-ҳаракат ортида ғоялар тизими ётади. Демократия тизими шахс эркинлиги, кўпчиликнинг бошқаруви ва ижтимоий тенглик сингари ғояларга асосланган. Диктаторлик тизими эса бутунлай ўзгача, яъни абсолют ҳокимият ва тўлиқ бўйсуниш сингари ғоялар тизимига таянади. Демократик жамият одамларни сайловда қатнашишга жалб қилишда ишлатадиган усуллар диктаторлик тизимида иш бермайди. Чунки улар тизим ўзлигига мос келмайди. Ушбу ғоявий тизимда (диктаторлик) овоз беришга ўрин йўқ.

Aлоҳида шахслар, ташкилотлар ёки жамоаларга яқиндан назар ташлаганимизда ҳам ушбу қонуниятга гувоҳ бўламиз. Ҳар қандай тизим ортида фикрлар, ғоялар ва қарашлар тўплами ётади. Ҳар бир одат ортида шахсият яширинган.

Шахсиятга мос келмайдиган хулқ-атвор узоқ вақт давом этмайди. Бадавлатроқ бўлишни исташингиз мумкин, аммо шахсиятингиз ишлаб чиқарувчидан кўра кўпроқ истеъмолчиникига ўхшаса, даромад қилишдан кўра кўпроқ пул сарфлашга мойилроқ бўласиз. Саломатлигингиз мустаҳкам бўлишини хоҳлаётган бўлсангиз ҳам юксак натижаларга нисбатан қулайликни устун кўрадиган бўлсак, машғулотларга қатнашдан кўра дам олиш томонга кўпроқ оғасиз. Эски одатларингизга сабаб бўлган қарашларни ўзгартирмасдан туриб хулқ-атворингизни ўзгартириш қийин кечади. Янги мақсад ва янги режалар пайдо бўлаверади, аммо ким эканингиз ўзгармай қолади.

Боулдерлик (Колорадо штатидаги шаҳар) тадбиркор Брайан Кларк ҳақидаги ҳикоя бунга яққол мисол бўла олади. “Эсимни таниганимдан бери тирноқларимни тишлардим, – дейди Кларк. – Бу ёшлик пайтларимда асабийлашганимда такрорланадиган одат ўлароқ бошланиб, кейинроқ ўзимга оро беришдаги ёқимсиз маросимга айланиб қолди. Кунларнинг бирида тирноқларим бир қадар ўсмагунча уларни ўз ҳолига қўйишга қарор қилдим. Фақат иродамга таяниб, бу ишни амалга ошира олдим”.

Сўнг Кларк кутилмаган йўл тутди.

“Мен хотинимдан биринчи маротаба маникюрлаш хизматига навбатга ёздириб қўйишини сўрадим”, – дейди у. – Aгар тирноқларимни яхши сақлаш учун пул сарфласам, уларни ортиқ тишламасман деб ўйладим. Ғоя иш берди. Фақатгина молиявий сабабларга кўра эмас. Маникюрдан кейин тирноқларим умримда биринчи маротаба чиройли кўрина бошлади. Маникюрчининг сўзларига кўра тирноқларим соғлом ва чиройли эди. Уларни ғажиш одатимни ҳисобга олмаса, албатта. Бирдан ўз тирноқларимдан фахрлана бошладим. Гарчи бунга интилмаган бўлсам ҳам, айнан шу ҳолат ҳал қилувчи рол ўйнади. Ўшандан бери тирноғимни бирор марта ҳам ғажимадим. Бундай фикр ҳатто хаёлимдан ҳам ўтмади. Чунки уларга етарлича эътибор бераётганимдан фахрланардим”.

Одат шахсиятнинг бир қисмига айланиши бу ички мотивациянинг энг олий шаклидир. Қандайдир тоифа инсонга айланишни хоҳлайдиган одам бўлиш қаёқда-ю, шундай тоифадаги одам бўлиш қаёқда.

Шахсиятингизнинг қайси бир жиҳатидан фахрлансангиз, шу жиҳат билан боғлиқ одатларни такрорлашга кўпроқ мотивацияга эга бўласиз. Aгар сочингиздан ғурурлансангиз, уни парвариш қилиш билан боғлиқ турли-туман нарсаларга одатланасиз. Aгар елка мушакларингизни кўз-кўз қилишни ёқтирсангиз, тош кўтариш машғулотларини ҳеч қачон қолдирмайсиз. Aгар ўз қўлларингиз билан тўқиган шарфларингиз ўзингизга манзур бўлса, соатлаб тўқиб ўтиришингиз мумкин. Фахр туйғуси аралашгандан кейин одатларингизни ҳимоя қилиш учун тиш-тирноғингиз билан қуролланасиз.

Хулқ-атворни ўзгартиришнинг асл усули ўзликни ўзгартиришдир. Бирор нарсадан мотивация олиб қандайдир одатни бошлашингиз мумкин, бироқ ушбу одат шахсиятингизнинг бир бўлагига айланганидагина уларга содиқ қоласиз. Ҳар қандай одам ўзини бир-икки марта спорт залига ташриф буюриш ёки соғлом овқатланишга мажбурлаши мумкин. Бироқ токи хулқ-атвор ортидаги қарашлар ўзгармас экан, бошланган ишни узоқ вақт давом эттириш қийин кечади. Токи ўзлигингизга сингиб кетмас экан, барча ўзгаришлар вақтинчалик бўлади.

• Мақсад китоб ўқиш эмас, балки китобсеварга айланиш.

• Мақсад марафонда қатнашиш эмас, балки яхши югурадиган спортчига айланиш.

• Мақсад бирон-бир мусиқа асбобини ўрганиш эмас, балки мусиқачи бўлишдир.

Хулқ-атворингиз, одатда, ўзлигингизни акс эттиради. Нималар қилаётганингиз онгли ёки онгсиз равишда ўзингизни қандай инсон деб ҳисоблашингизнинг кўрсаткичидир.6 Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўзлигининг бир қисмига қаттиқ ишонса, у катта эҳтимол билан шу қарашга мос равишда иш тутади. Масалан, ўзини “овоз берувчи” деб ҳисоблайдиган одамлар шунчаки “овоз беришим керак” дейдиганларга нисбатан сайловларда кўпроқ қатнашади. Худди шунга ўхшаб, жисмоний машқлар қилиш онгига сингиб кетган инсон ўзини машғулотларга мажбурлаши шарт эмас. Тўғри йўл тутиш қийин эмас. Aхир одатлар ва шахсият бир-бирига тўлиқ мос келгандан кейин албатта, хулқ-атворни ўзгартиришга ортиқ уринмайсиз. Шунчаки ўзингизни қандай инсон сифатида кўришингиздан келиб чиқиб ҳаракат қиласиз.

Одатларни шакллантиришнинг барча жиҳатлари сингари бу ҳам икки томони ўткир қиличдир. Сиз учун ишлаётганда шахсиятни ўзгартириш – ўз устида ишлашда энг кучли воситага айланиши мумкин. Сизга қарши ишлаётганда эса худди қарғишдек таъсир қилади. Қандайдир ўзликни қабул қилганингиздан сўнг ундан осонликча ўзгаришларга мойиллигингизни оширишда фойдаланиш мумкин. Кўплаб одамлар умрини шахсияти билан боғлиқ нормаларга кўр-кўрона амал қилиб ғафлатда ўтказади.