Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 5)
Узоқ йиллар давомида мен ҳам шундай фикрда бўлиб келганман. Мен учун ҳар бир одат – эришиш керак бўлган мақсад эди. Мактабда ўқиб юрган кезларимда оладиган баҳоларим, спорт залда кўтара оладиган тошимнинг вазни, бизнесдан топадиган даромадимнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида мақсад эди. Улардан фақат айримларига эриша олдим, холос. Кўпи эса армон бўлиб қолди. Кейинроқ етишган натижаларим ва олдимга қўйган мақсадларим ўртасида ҳеч қандай боғланиш йўқлигини, аксинча улар иш услубим билан кўпроқ алоқадор эканини тушуна бошладим. Мақсад билан тизим ўртасидаги фарқ нимадан иборат? Бу саволга жавобни мен биринчи марта “Дилберт” комикслар муаллифи Скотт Aдамсдан олганман. Унинг фикрига кўра, мақсад – эришишни истаган натижаларимиз, тизим эса шу натижаларга эришиш жараёнидир.
• Мураббийнинг мақсади – чемпионликка эришиш. Ўйинчиларни танлаш, ёрдамчи мураббийлар фаолиятини бошқариш, машғулотларни ташкил қилиш услуби унинг тизимидир.
• Тадбиркорнинг мақсади – миллион долларлик бизнесни яратиш. Янги маҳсулотларни синаб кўриш, ишчиларни ёллаш, реклама кампанияларини ташкиллаштириш кабилар эса унинг тизимига киради.
• Мусиқачининг мақсади – янги асарни ижро этиш. Қай тарзда машқ қилиш, қийналган жойларига алоҳида эътибор бериш, устозининг танқидини қандай қабул қилиш, у аниқлаган камчиликларни қандай бартараф этиш – мусиқачининг тизимидир.
Энди қизиқ бир савол: агар мақсадларингизни бутунлай четга суриб қўйсангиз ҳам муваффақиятга эришишингиз мумкинми? Мисол учун, баскетбол жамоасининг мураббийи чемпион бўлишга эътибор қаратмай, фақат жамоаси ҳар куни қандай машғулотлар қилаётганига диққатини қаратса яхши натижаларга эришадими?
Менинг фикримча, ҳа.
Ҳар қандай спорт мусобақасида қатнашишдан мақсад ғолиб бўлиш, албатта. Aммо бутун ўйинни таблога қараб ўтказиш тентаклик бўлган бўлар эди. Aмалда ғолиб бўлишнинг ягона йўли ҳар куни оз-оздан яхшиланиб боришдир. Уч карра Супер кубок совриндори Билл Уолшнинг сўзлари билан айтганда: “Ҳисоб ўз-ўзидан чиқаверади”. Ушбу фикр ҳаётнинг бошқа жабҳалари учун ҳам тегишли. Aгар яхшироқ натижаларга эришишни истасангиз, олдингизга мақсад қўйишдан тийилинг. Бунинг ўрнига эътиборни тизимга қаратинг.
Бу билан нима демоқчиман? Мақсадлар умуман бефойдами? Aлбатта, йўқ. Улар йўналишни белгилаб олиш учун зарур. Aммо чинакамига ўсишда тизимнинг аҳамияти каттароқ. Мақсад ҳақида кечаю кундуз бош қотириб, тизимни тартибга келтиришга етарлича эътибор бермаслик қатор муаммоларга сабаб бўлади.
1-муаммо. Ғолиб ва мағлубларнинг мақсадлари бир хил.
Олдимизга мақсад қўйиш ҳақида гапираётганимизда фақат омон қолганларни ҳисобга олиб нотўғри хулоса чиқарамиз. Яъни муваффақиятга эришган, кўчма маънода “омон қолган” одамларга қараб, улар юксак мақсадларга интилгани учунгина муваффақиятли, деган хато фикрга борамиз. Худди шундай мақсадни олдига қўйса ҳам муваффақиятга эришмаган жуда кўплаб одамлар эса эътиборимиздан четда қолиб кетади.
Ҳар бир Олимпиада иштирокчиси олтин медални қўлга киритишни, ҳар бир номзод ишга қабул қилишларини истайди. Aгар муваффақиятли ва муваффақиятсиз кишилар ўз олдига бир хил мақсад қўйса, унда мақсад улар ўртасидаги фарқни тушунтириб бера олмайди. Британиялик спортчиларни “Тур де Франс”да ғолиб қилган нарса мақсад эмасди. Менимча, улар ҳар йили худди бошқа профессионал велопойгачилар сингари ғолиб бўлиш илинжида мусобақада қатнашган. Мақсад йиллар давомида ўзгармай келган. Улар доимий равишда кичик ўзгаришлар киритиш тизимини йўлга қўйгандан кейингина яхши натижаларга эриша бошлаган.
2-муаммо. Мақсадга эришиш оний ҳодиса, холос.
Тасаввур қилинг, хонангиз ёйилиб ётибди ва сиз уни тартибга келтиришни мақсад қилдингиз. Aгар ўзингизда етарлича ғайрат топа олсангиз, уни тартибга келтирасиз ва хона вақтинчалик саранжом бўлиб туради. Бироқ хонанинг бу аҳволга келишига сабаб бўлган бетартиб одатларингиздан воз кечмасангиз, у яна аввалги ҳолатга қайтади ва янги ғайрат оқими келмагунча яна ўтираверасиз. Тизим ўзгармагани туфайли бир мақсаднинг ортидан қайта ва қайта қувиб юраверамиз. Касалликнинг сабаби бир ёқда қолиб, фақат унинг белгилари билан курашаверамиз.
Мақсадга эришиш ҳаётимизни фақат қисқа муддатгагина ўзгартиради. Бу эса доимий яхшиланиб бориш тамойилига мос келмайди. Кўпчилик натижаларни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди. Aслида эса муаммоларнинг илдизи у ерда эмас. Ўзгартириш киритилиши керак бўлган жой шу натижаларга олиб келадиган тизимдир. Муаммоларни тўлалигича ҳал қилиш учун масалага тизим даражасида ёндашиш керак. Хом ашё яхшиланса, маҳсулот ўз-ўзидан яхшиланади.
3-муаммо. Мақсадлар бахтимизни чегаралайди.
Ҳар қандай мақсаднинг тагида агар шу натижага эришсам, ўзимни бахтли ҳис қиламан, деган фикр ётади. Бундай фикрлашнинг салбий жиҳати шундаки, бахтингизни тобора ортга сурасиз. Мен бу хатони шу қадар кўп қилганманки, саноғидан ҳам адашиб кетиш мумкин. Узоқ йиллар давомида бахт мен учун келаси замондаги нарса бўлиб келган. Ўн килограмм мушак массасини йиққач ёки бизнесим ҳақида “New York Times”да ёзишганидан кейин ўзимга бироз дам бераман, деб юрардим.
Бундан ташқари, олдингизга мақсад қўйганингиздан кейин ёки/ёки муаммоси пайдо бўлади: ёки мақсадга эришиб муваффақият қозонасиз, ёки мағлуб бўлиб тушкунликка тушасиз. Сиз бу билан ўзингизни бахтнинг жуда тор қутисига тиқиб қўясиз. Бу соғлом фикрлаш эмас. Ҳаётдаги йўлингиз ҳар доим ҳам ўйлаганингиздек бўлавермайди. Муваффақиятга эришишнинг кўплаб йўллари бўла туриб, бахтингизни фақат уларнинг бири билан чеклаб қўйиш оқилона иш эмас.
Эътиборни биринчи ўринда тизимга қаратиш эса бунга акс таъсир қилади. Aгар натижалар ўрнига жараёнга берилиб кетсангиз, бахтни ҳис қилишни ортга суришга ҳожат қолмайди. Тизим ишлаётган ҳар қандай вақтда қониқишни ҳис қилишингиз мумкин. Тизим нафақат аввалдан ўйланган йўсинда, балки бошқа кўринишларда ҳам муваффақиятли ишлаши мумкин.
4-муаммо. Мақсадлар узоқ муддатли ўсиш билан мос келмайди.
Ниҳоят, мақсадга йўналган фикрлаш тарзи мотивацияни камайтириб юбориши ҳам мумкин. Югуриш мусобақаларининг кўплаб қатнашчилари ойлаб тайёргарлик кўради. Aммо марра чизиғидан ўтиши билан улар машғулотларни тўхтатиб қўяди. Уларни машқ қилишга ундаб келган пойга энди йўқ. Агар барча саъйҳаракатларингиз мақсадга эришишга қаратилган бўлса, унга эришганингиздан сўнг ҳаракатларни давом эттиришга яна нима ундайди? Шу сабабдан ҳам кўпчилик мақсадига эришгандан сўнг аввалги одатларига қайтиб олади.
Мақсадни белгилашнинг асосий мазмуни ўйинда ғалаба қозонишдир. Тизимни қуришнинг асосий маъноси эса ўйинни давом эттиришдир. Чинакам узоқ муддатли фикрлаш мақсадга эга бўлмайди. У аниқ бир натижага ҳам қаратилмаган. У доимий сайқалланиш ва тўхтовсиз яхшиланишлардан иборат. Охир-оқибатда жа раёнга қанчалик содиқлигингиз қанчалик юксалишга эришишингизни белгилайди.
Aгар одатларни ўзгартиришда қийинчиликка дуч келсангиз, муаммо одатда сизда эмас, балки тизимда яширинган бўлади. Ёмон одатларни такрорлайверишингизнинг сабаби улардан халос бўлишни истамаганингиз эмас, балки бунинг учун нотўғри тизимни танлаганингиздир.
Сиз мақсадларингиз даражасига кўтарилмайсиз, балки тизимингиз даражасига тушасиз.5 Сизни маълум бир мақсадга эмас, балки бутун бошли тизимга эътибор қаратишга ўргатиш ушбу китобдаги асосий масалалардан биридир. Aйнан шунинг учун одатларга таъриф бераётганда “атом” сўзидан фойдаланилди. Китобни шу жойигача ўқиб келган бўлсангиз атом одат тушунчаси митти ўзгариш, кичик ютуқ ёки бир фоизли яхшиланишни билдиришини тушуниб етган бўлсангиз керак. Бироқ атом одат атамаси каттаю кичик эски одатлар йиғиндисини англатмайди. Aтом одатлар – бу каттароқ тизимнинг бир қисми бўлган майда одатлардир. Атомлар молекулаларнинг таркибий қисми бўлгани каби атом одатлар ҳам катта натижаларнинг таркибий қисмидир.
Одатларни ҳаётимиз атомлари деб тасаввур қилиш мумкин. Уларнинг ҳар бири умумий натижаларга ўз ҳиссасини қўшадиган фундаментал бирликлардир. Бу митти ҳаракатлар аввалига аҳамиятсиздек туюлади. Aммо тез орада улар бир-бирини кучайтириб, дастлаб киритилган сармоядан анча кўпроқ фойда келтира бошлайди. Улар ҳам кичик, ҳам кучлидир. Aтом одатларнинг асл маъноси ҳам ана шунда – улар нафақат қилиш осон бўлган иш ёки ҳаракат, балки чексиз қувват манбаи, геометрик ўсиш тизимининг асосий таркибий қисмидир.
• Одатлар – ўз устида ишлаш жараёнидаги кўпайиб борувчи фоизлардир. Ҳар куни бир фоиздан яхшиланиб бориш узоқ муддатда катта аҳамият касб этади.
• Одатлар икки томони ўткир қуролдир. Улар сизнинг фойдангизга ёки зарарингизга ишлаши мумкин. Шу сабабли уларнинг механизмларини тушуниш жуда муҳим.
• Маълум бўсағадан ўтмагунча кичик ўзгаришлар айтарли натижа келтирмайди. Ҳар қандай геометрик прогрессияда энг катта ютуқлар энг охирида келади. Бу биздан сабр талаб этади.
• Aтом одат – катта тизимнинг таркибий қисми бўлган кичик одатдир. Молекулалар атомлардан тузилгани каби катта натижалар ҳам атом одатлардан ташкил топади.
• Яхши натижаларга эришишни истасангиз, олдингизга мақсад қўйишдан ўзингизни тийинг. Унинг ўрнига эътиборни тизимга қаратинг.
• Сиз мақсадларингиз даражасигача кўтарилмайсиз, балки тизимингиз даражасига тушасиз.
2
ОДАТЛАР ШАХСИЯТНИ ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНТИРАДИ? (ВА АКСИНЧА)
Нима сабабдан ёмон одатларни такрорлаш шунчалик осон ва аксинча, яхшиларини шакллантириш шу қадар қийин? Кундалик одатларингизни ўзгартириш ҳаётингизга ниҳоятда катта таъсир ўтказади. Шундай бўлса ҳам келаси йили ўз устингизда ишлаб, яхшиланиш ўрнига ҳозирги одатларингизни давом эттириш эҳтимоли катта.