Дэн Браун – Ибтидо (страница 20)
Ўн тўққизинчи боб
Адмирал Авила гумбазли театрдаги матоли деворни тутиб турган ҳавозалар олдидан жой топди. Агар бироз эгилиб турса, биров унинг соясини ҳам пайқамасди. У аудиториядаги минбарга яқин девордан бир неча сантиметр узоқда эди, холос.
Авила овоз чиқармай чўнтагига қўл солиб, тасбеҳ доналарини чиқарди.
Тасбеҳ доналарини пайпаслаб, у оғир металл хочни топди ва металл детектори ёнидаги соқчилар ҳеч шубҳаланмай, бу буюмни ичкарига ўтказишганидан ажабланди.
Адмирал Авила хоч ичига яширилган устара тиғидан фойдаланиб, мато‐деворни бир неча сантиметр қирқиб тешик очди ва эҳтиёткорлик билан бошқа дунёга – ёстиққа ёнбошлаганча самога тикилиб ётган юзлаб меҳмонларни бағрида жамлаган дарахтзор ўтлоққа кўз қирини ташлади.
Авила ўтлоққа қарама‐қарши тарафда, залнинг ўнг бурчагидаги Қироллик гвардиясининг икки қўриқчисини кўриб, мамнун бўлди. Соқчилар дарахт панасида турганча зални диққат билан кузатарди. Аудиториядаги хира ёруғликда улар Авилани кўриши даргумон. Кўрганларида эса кеч бўлади.
Соқчилар олдида музей директори Амбра Видалдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аёлнинг юз ифодасидан Киршнинг тақдимоти тобора унга ёқмаётгани сезиларди.
Топган жойидан кўнгли жойига тушган Авила тешикни ёпди ва қўлидаги хочга диққатини жамлади. Бир қарашда бу хоч бошқаларидан фарқ қилмасди. Лекин бундаги икки ёнбош қўлча асосий устунга магнит ёрдамида маҳкамланган бўлиб, исталган вақт уларни ажратиш мумкин эди.
Авила хочнинг битта қисмини ушлаб, куч билан босганди, у иккига бўлиниб, ёнбош қўлча ажралиб, ичидан кичкина нарса юмалаб тушди. Авила хочнинг иккинчи қўлини ҳам шундай қилиб узиб олди. Натижада, хоч қўлсиз қолиб, оғир занжирга осилган оддий тўртбурчак металл шаклига кирди.
Авила тасбеҳни қайта чўнтагига солиб қўйди: "
Авила қўлини ортига чўзиб, камари остини пайпаслади ва кўйлаги ичида олиб кирган ихчам буюмни суғуриб олди.
Коди Уилсон исмли америкалик йигитча “Қутқарувчи” – биринчи 3D принтерда полимер тўппончани ясаганига кўп йиллар ўтди. Ўшандан бери қуролсозлик анча ривожланди. Янги керамополимер тўппончалар узоқдан аниқ мўлжалга олиши муаммоли бўлса ҳам, улар бир хусусияти билан афзал эди – керамополимер қуролларни металл детекторларида аниқлаб бўлмасди.
Агар иш кўнгилдагидек кетса, ҳозирги турган ўрни жуда қулай.
Регент қандайдир йўллар билан бинонинг ички тузилиши ва тадбирнинг дастурини топибди. У Авилага вазифани қандай амалга оширишни тушунтириб берди. Тўғри, бераҳмлик бўлиши мумкин. Аммо Эдмонд Киршнинг шаккок гап‐сўзларини эшитиб, Авила бугунги гуноҳлари кечирилишига ишонч ҳосил қилди.
Аудиториянинг ўнг бурчагида турган Амбра Видал ичида бош кўтарган туғённи биров пайқаб қолишидан хавотирда эди.
Америкалик футуролог динларга нисбатан нафратини асло яширмаган бўлса ҳам, Амбра бугунги тадбир бунчалик бўлишини хаёлининг кўчасидан ўтказмаганди.
Тақдимотдан сўнг Амбра билан музей кенгаши аъзолари ўртасида жиддий муаммолар юзага келиши шубҳасиз. Лекин аёл ҳозир шахсий масала юзасидан кўпроқ хавотирга тушганди.
Бир неча ҳафта муқаддам Амбра тақдимотдаги иштироки тўғрисида нуфузли бир одамга гапириб берди. У одам мазмунидан бехабарлиги етмагандек, яна кимсан Эдмонд Киршдек радикал ташкиллаётган тадбирда қатнашмасликка ундади.
Айни дамда юлдуз тўла само остида ёлғиз тураркан, Амбра ўзидан сўради:
Алмунда черкови. Епископ Вальдеспино компьютер мониторидан кўз узмасдан қотиб ўтирарди. Қироллик саройидаги ҳамма, айниқса, валиаҳд Хулиан жонли эфирни томоша қилаётганига шубҳа йўқ эди.
Бугун Испаниядаги энг бообрў музейлардан бири америкалик радикал атеист билан ҳамкорлик қилиб, куфр ва насронийликни таҳқирловчи дастурни оммавий эфирга узатмоқда. Тақдимот Испаниянинг энг кўзга кўринган аёли, соҳибжамол Амбра Видал бошчилик қиладиган музейда ўтказилаётгани оловга мой қуйди. Ўтган ойдан бери испан нашрларининг бош саҳифаларидан жой эгаллаб, бутун мамлакат муҳаббатига сазовор бўлган сеньора Видал эришган шуҳратини хавф остига қўйиб, шаккок тақдимотга мезбон бўлиши кутилмаган зарба эди.
Мустақил католик мамлакатининг бўлғуси ҳукмдори бўлгани учунгина эмас, балки шахсий масала юзасидан ҳам Амбранинг бугунги ишларга аралашиб қолгани шаҳзодага жиддий таъсир ўтказарди. Гап шундаки, Амбра Видал қироллик оиласига бегона эмасди. Бир ойча муқаддам, халқ оммасига ошкор этилган қувончли янгилик туфайли мафтункор аёл омма эътирофига тушганди.
Бир ой аввал бўлғуси қирол Бильбао музейи директори Амбра Видал билан унаштирувини эълон қилган эди.
Йигирманчи боб
Роберт Лэнгдон воқеалар ривожидан ташвишга туша бошлади. Эдмонднинг тақдимоти барча динларни оммавий қоралаш тусини олаётганди. Наҳотки, Эдмонд ўзини залга тўпланган бир гуруҳ секуляр олимлар эмас, балки дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар кузатаётганини унутган бўлса?
Дастурдаги чиқиши Лэнгдонни ташвишга солди. Албатта, Ҳарвардда суратга олинган видеони кўрсатиб, Эдмонд, аввало, ўқитувчисига нисбатан чуқур ҳурматини намойиш этди. Аммо Лэнгдон ўтмишда ўзи истамаган ҳолда диний низоларнинг марказига тушиб қолган… у яна ўша ёқимсиз воқеалар қайтарилишини истамайди.
Ўтмишда нима бўлганидан қатъи назар, Кирш айни дамда динларга қарши уруш очди; аудио‐видео материаллар – унинг қуроли. Епископ Вальдеспинонинг Эдмондга юборилган овозли хабарига беписанд қарагани учун Лэнгдон энди ўзини койий бошлади.
– Тан оламан, – залда яна Эдмонднинг овози янграркан, экранда турли даврларда турли миллатлар томонидан яратилган диний рамзлардан иборат коллаж ҳосил бўлди, – кашфиётимни эълон қилишга иккиландим. Айниқса, унинг диндорларга кўрсатадиган таъсири мени ўйлантирди, – у сукутга толди. – Шунинг учун уч кун олдин табиатимга зид бўлган бир ишга қўл урдим. Диний қарашларга ҳурматимни кўрсатиш ҳамда эътиқод вакиллари янгилигимни қай йўсинда қабул қилишини баҳолаш мақсадида, энг кенг тарқалган уч дин – ислом, насронийлик ва яҳудийликнинг диний йўлбошчилари билан учрашиб, кашфиётимни уларга билдирдим.
Зал бўйлаб шивир‐шивир бошланди.
– Кутганимдек, раҳнамолар кўрсатган нарсамни чексиз ҳайрат, сўнгсиз хавотир ва ҳатто жаҳл билан кутиб олди. Менга нисбатан салбий муносабатига қарамай, бу инсонларга учрашув учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Исмларини сир сақлаган ҳолда, уларга мурожаат қилиб, тақдимотга халал беришмагани учун ташаккур билдираман, – Кирш яна сукутга толди. – Халал бера олишармиди ўзи, Худо билади.
Эдмонд усталик билан иш кўраётганига Лэнгдон қойил қолди. Диний йўлбошчилар билан кўришгани томошабинларга аслида Эдмондга хос бўлмаган бағрикенглик, ишонч ва холислик сифатларини кўрсатиб берарди. Монсерратдаги учрашув, Лэнгдоннинг фикрича, бўлғуси пиар юриш вазифасини ўтаганди.
– Тарихан, – давом этди Эдмонд, – диний ақидалар ҳамиша илмий тараққиётни бўғиб келган. Шунинг учун мен раҳнамолардан айтмоқчи бўлган гапимга босиқлик билан қарашини сўрайман. Илтимос, қонли зўравонликлар қайтарилишига йўл қўймайлик. Ўтмишдаги хатоларни такрорламайлик.
Шифтда саҳро бўйлаб оқаётган дарё соҳилидаги девор билан ўралган қадимий шаҳар тасвири кўринди.
Лэнгдон дарҳол архитектураси ноодатий қадимий Бағдод шаҳрини таниди.
– Саккизинчи асрда, – деди Кирш, – Бағдод шаҳри илм‐фан ўчоғи сифатида оламга кўрк очди. Унинг университет ва кутубхоналари эшиги барча динлар, фалсафа мактаблари ҳамда олимлар учун ланг очилди. Беш юз йил мобайнида шаҳар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган илмий янгиликлар, кашфиётларни дунёга ёйди. Бағдод дорилфунунларининг таъсири ҳамон сақланиб қолган.
Экранда яна юлдузлар кўринди. Бу сафар уларнинг ёнида Вега, Бетелгейзе, Ригел, Алжабр, Денеб, Ақраб, Киталфа исмлари битилган эди.
– Бу исмларнинг ҳаммаси арабчадан олинган, ҳозир осмондаги юлдузларнинг учдан икки қисми араб тилида аталади, сабаби, улар араб астрономлари томонидан кашф қилинган.
Само тоқи арабча номланган юлдузлар билан шу қадар тўлиб кетдики, ҳаммаси бирлашиб осмонни портлатиб юборадигандек эди.
– Албатта, агар юлдузларни санашни истасак…
Юлдузлар ёнидаги арабча исмлар ўрнини рим рақамлари эгаллади:
I, II, III, IV, V…
– Биз римча эмас, балки арабча рақамлардан фойдаланамиз, – Кирш сўзида давом этаркан, экрандаги рим сонлари ғойиб бўлиб, арабча рақамлар пайдо бўлди. 1, 2, 3, 4, 5…
– Юқоридаги исломий кашфиётлар барчага бирдек таниш эканига шубҳам йўқ. Яна биз ҳанузгача арабча номларни кенг қўллашимизни ҳам таъкидлаш жоиз.