Дэн Браун – Ибтидо (страница 19)
– Инсон мияси нима учун ишонади? – сўради Кирш.
Бош узра ҳосил бўлган мияда бир неча тугунчалар чақнаб, ингичка толалардан бошқа тугунчаларга электр сигналларни юбора бошлади.
– Бизнинг миямиз жонли компьютердир, – тушунтирди Кирш. – Унда кун давомида киритиладиган чалкаш маълумотлар оқимини тўғри тартибга солувчи операцион тизим бор. Чалкаш маълумотлар сиз бешта ҳиссиётингиз билан ҳис қиладиган ҳамма нарса, айтайлик, суҳбатлар, мусиқа оҳанги, полиция сиренаси ёки шоколад мазаси бўлиши мумкин. Тасаввур қилганингиздек, қабул қилинаётган маълумотлар оқими бир‐бирига ўхшамаган ҳамда тўхтовсиз бўлади. Миянгиз эса уларнинг ҳар бирини алоҳида ажратишга мажбур. Миянинг мана шу операцион тизими реалликни қандай қабул қилишимизни белгилайдиган қисм саналади. Бахтга қарши, миямизнинг операцион тизимини ким ёзган бўлса ҳам, унда юмор ҳисси кучли экан. Бошқача айтганда, энг аҳмоқона нарсаларга ҳам ишонишимиз бизнинг айбимиз эмас.
Мия ичидаги тугунчалар кўздан йўқолиб, таниш расмлар – астрологик хариталар, сув узра юраётган Исо Масиҳ, саентология асосчиси Л. Рон Ҳаббард, Миср худоси Осирис, ҳиндуизмнинг тўрт қўлли фил худоси – Ганеша ҳамда Биби Марямнинг ҳақиқий кўзёшлар оқаётган мармар ҳайкали чиқиб келди.
– Хуллас, дастурчи сифатида ўзимдан ўзим сўрайман: нимага бизнинг операцион тизимимиз бунақа сафсаталарни яратади? Саволнинг жавоби бошимиз ичида. Агар инсон миясини чуқур тадқиқ қилсак, у иккита асосга қурилганини кўрамиз.
Экранларда йирик‐йирик ибора пайдо бўлди:
– Кўриб турганингиз – миямизнинг асосий дастури, – Кирш изоҳ берди. – Шу дастурга биноан миямиз тартибсизликдан қочиб, ҳамма жойда тартиб яратишга уринади.
Шу пайт мусиқадан бехабар ёш бола клавишларни аямасдан босаётгандек, пианинонинг телба‐тескари овози янграб қулоқни қоматга келтирди. Лэнгдон ва бошқа томошабинларнинг бехосдан асаблари таранглашди.
– Пианино ноталарининг маъносиз данғиллашига тоқат қилиб бўлмайди, – қичқирди Эдмонд шовқин ичидан. – Лекин худди шу ноталарни аниқ тартибга келтирсак…
Асаббузар шовқин тиниб, унинг ўрнида Дебюссининг “Ой ёғдуси” сонатаси майин оҳангда янграй бошлади.
Ёқимли садо остида Лэнгдон мушакларининг бўшашганини ҳис қилди, залдаги асабийлик ҳам барҳам топди.
– Бизнинг миямиз роҳат олади, – гапини давом эттирди Кирш. – Юқоридаги ҳар иккала оҳанг бир хил ноталардан иборат ва бир хил мусиқа асбобида чалинган. Улар орасидаги ягона фарқ – тартиб. Дебюсси ноталарни тартибга солди ва инсонга завқ улашди. Девордаги қийшайиб турган рамкани тўғрилаганимизда ёки топишмоқнинг жавобини топганимизда ҳам худди шунақа роҳатланамиз. Тартибга мойиллигимиз ДНКмизга ўйиб ёзилган. Шундай экан, инсоният энг буюк ихтироси – компьютерни тартибсизликни тартибга солишда кўмаклашиш учун яратганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Испанчада компьютер бежиз орденадор деб аталмайди. Тўғридан‐тўғри таржима қилинганда орденадор – “тартибга солувчи” деган маънони англатади.
Экранда баҳайбат компьютер қаршисида ўтирган йигит сурати пайдо бўлди.
– Тасаввур қилинг, сиз бутун дунёдаги маълумотларга улана оладиган қудратли компьютерга эгасиз, унга истаган саволингизни беришингиз мумкин. Эҳтимоллар назариясига мувофиқ, охир‐оқибат сиз компьютердан ақлимизни таний бошлаганимиздан бери онгимизни эгаллаган иккита асосий саволни сўрайсиз.
Компьютер ёнидаги одам клавиатурани босди ва экранда ёзув ҳосил бўлди:
– Бошқача айтганда, сиз инсоният ибтидоси ҳамда тақдири тўғрисида, албатта, сўрайсиз. Ва бу саволларни берганингизда компьютернинг жавоби қуйидагича бўлади.
Мониторда янги ёзув кўринди:
– Жавоб етарлича ахборот бермаса ҳам, – деди Кирш, – муҳими, ҳақиқатни айтади.
Экранда инсон мияси намоён бўлди.
– Бироқ… Биз қаердан келганмиз, деган саволни монитордаги митти, жонли компьютердан сўрасангиз борми, бутунлай бошқа жавобга дуч келасиз.
Миядан ўнлаб диний тасвирлар оқими кўринди – Одам Атога жон бахш этаётган Худо; лойдан илк одамни ясаётган Прометей; танасининг турли қисмларидан одамларни яратаётган Брахма; булутларни ёриб, иккита одамни Ер юзига тушираётган Африка худоси, ёғочдан эркак ва аёлни бунёд этаётган Скандинав илоҳи…
– Ана энди, миямиздан сўрайлик: бизни олдинда нима кутмоқда?
Энди мия янада кўпроқ расмлар ишлаб чиқара бошлади. Улар орасида покиза жаннатлар, алангали дўзахлар, қадимги Мисрнинг Марҳумлар китобига битилган иероглифлар, юлдузлар туркумининг тошга ўйилган намуналари, юнонларнинг Елисей майдони, Каббалача “Гилгул Нешамот” тасвирлари, буддизм ва ҳиндуизмга тегишли реинкарнациянинг турли диаграммалари, теософларнинг “Абадий ёз мамлакати” ҳақидаги тасаввурлари бор эди.
– Инсон мияси, – Эдмонд изоҳлашга тушди, – бутунлай жавоб йўқлигидан кўра қандайдир жавоб борлигини маъқул кўради. Саволларимизга жавоб бериш учун маълумот етишмаслиги сабабли жавоб тополмаслик бизда чексиз ноқулайлик уйғотади. Натижада, етишмаган маълумотларни миямизнинг ўзи кашф қила бошлайди ва бизга ёлғондан бўлса ҳам, қандайдир тартибни яратиб беради. Мифология, диний эътиқодлару фалсафий қарашлар инсоният ибтидоси ва интиҳоси тўғрисидаги жумбоқларга жавоб бўлувчи тартиб иллюзияси тариқасида дунёга келади.
Бош узра диний тасвирлар пайдо бўлишда давом этаркан, Эдмонднинг товуши баландлаб борди:
– Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Мени ўзига жалб қилган борлиқнинг бу икки фундаментал жумбоғига жавоб топишни йиллар давомида орзу қилдим, – Эдмонднинг овози қайғули тус олди. – Афсуски, диний ақидалар сабаб миллиардлаб одамлар икки саволнинг жавобини яхши биламиз, деб ишонишади. Бунинг устига, ҳар бир дин бу саволларга турлича жавоб бераркан, бутун бошли маданиятлар Яратгувчи Зот ҳақидаги кимнинг ҳикояси ҳақиқатлиги устида тортишиб, жангга киришади.
Бош узра замбаракдан отилаётган ўқлар, бомбаларнинг портлаши каби диний урушларни акс эттирган қонли тасвирлар кўринди. Улар ортидан бахтсиз қочоқлар, етим қолган болалар ва тинч аҳолининг жасадлари намоён бўлди.
– Динлар пайдо бўлгач, инсонлар турли гуруҳларга бўлиниб кетди ва улар орасига туганмас адоват уруғи сепилди. Атеистлар, насронийлар, мусулмонлар, яҳудийлар, ҳиндуистлар – ҳаммамиз ўзгача эътиқод вакилига бошқача кўз билан қараймиз. Турли эътиқод вакилларини бирлаштириб турувчи ягона ўхшашлик эса ер юзида тинчлик ҳукм суриши учун ҳаракат қилишимиздир.
Урушнинг гумбурлаган суратлари ғойиб бўлиб, ўрнида милтираётган юлдузлар жой олган чексиз само ҳосил бўлди.
– Шунчаки тасаввур қилинг… Агар борлиқнинг иккала жумбоғига ечим топсак, нима бўлади… Жавобларнинг бехато исботига назар ташласаг‐у, қўлимизни чўзиб, уни қабул қилишдан бошқа чора тополмасак… Барча… бир бутунликда…
Қўлини қовуштирганча илтижо қилаётган роҳиб экранда пайдо бўлди.
– Илоҳий масалаларни ҳал қилиш диннинг юмуши ҳисобланган. Шунинг учун динларнинг куракда турмайдиган таълимотларига ҳам индамай кўз юмишга мажбур бўлганмиз.
Бош узра жамоа бўлиб кўзларини юмган кўйи ашула айтаётган, таъзим қилаётган, дуо ўқиётган диндорлар тасвиридан иборат коллаж ҳосил бўлди.
– Иймон, – деди Эдмонд, – маъносидан ҳам маълумки, ўзинг кўрмаган, ҳис қилмаган нарсаларга ҳеч қандай исбот талаб қилмасдан ишонишга даъват этади. Одамларнинг эътиқоди нега турлича бўлади? Чунки дунёда универсал ҳақиқатнинг ўзи йўқ, – Эдмонд бир зум тўхтади. – Аммо…
Шифтдаги расмлар бирлашиб, кўзларини катта‐катта очганча диққат билан микроскопга тикилиб турган талаба қизнинг суратини ҳосил қилди.
– Илм‐фан – диннинг бутунлай тескариси, – давом этди Кирш. – Фан ҳалигача номаълум ёки аниқланмаган ҳодисаларга моддий исбот топишга ҳаракат қилади. Фан хурофотларни ва тўқималарни рад этиб, далилларга таянади. Одамлар илм‐фан топган жавобларни деб ҳеч қачон бир‐бирига қарши бош кўтармайди. Саволларга илм‐фан таклиф қилган ечим ҳамиша универсал бўлиб, инсониятни гуруҳларга бўлиб ташламайди, балки атрофида бирлаштиради.
Экранда NASA, CERN ва бошқа илмий лабораториялар акс этди – турли миллат ва ирқ вакилларидан иборат олимлар жамоаси ҳозиргина топилган янги маълумотларни нишонлаб, хурсандчилик билан бир‐бирини қучоқларди.
– Дўстларим, – деди пичирлаб Эдмонд. – Ҳаётим давомида кўплаб башоратлар қилганман. Бу оқшом яна бир башоратни сизлар билан бўлишмоқчиман.
Эдмонд чуқур нафас олиб, қатъийлик билан деди:
– Динларнинг умри ниҳоясига етмоқда. Бундан бу ёғига илм‐фан асри оламга нур сочиб, зиё таратади.
Залга юракни сиқувчи сукунат чўкди.
– Бугун инсоният, – тантанали эълон қилди у, – илм‐фан томонга квант сакрашни амалга оширади.
Бу сўзларни эшитиб, Лэнгдондан совуқ тер чиқиб кетди. Қанақа сирли кашфиёт қилган бўлмасин, бир нарса аниқ эди: Эдмонд ҳозиргина дунё динларига қарши уруш эълон қилганди.
Ўн саккизинчи боб
ConspiracyNet.cоm
Уч миллионга яқинлашиб қолган одамлар томоша қилаётган жонли эфирда футуролог Эдмонд Кирш борлиқнинг икки фундаментал жумбоғига ечим бўлувчи илмий кашфиётини эълон қилиш арафасида.
Ҳарвард университети профессори Роберт Лэнгдон иштирокидаги видеодан сўнг Эдмонд Кирш диний эътиқодларни танқид остига олиб нутқ сўзларкан, галдаги башоратини тақдим этди:
Ҳозирча, таниқли атеист ўзини одатдагидан кўра босиқ тутиб, кескин мулоҳазалар билдирмаяпти. Жаноб Киршнинг динга қарши бошқа фикрларини билиш учун қуйидаги линкни босинг.