Дэн Браун – Ибтидо (страница 21)
Экран юзини тенгламалар қуршовидаги АЛГEБРА жумласи кесиб ўтди. Сўнг АЛГОРИТМ сўзи кўплаб формулаларни эргаштириб пайдо бўлди. Кейин Ер горизонтларини ифодаловчи диаграмма билан АЗИМУТ атамаси кўринди. Худди шу тарзда НОДИР, ЗEНИТ, АЛКИМЁ, КИМЁ, КОД, ЭЛИКСИР, АЛКОГОЛЬ, НОЛЬ, ИШҚОР сингари атамалар намоён бўла бошлади.
Бош узра оқиб ўтаётган арабча жумлалар Лэнгдонга жуда яхши таниш эди. Бахтга қарши, ТВ ва нашрлардаги янгиликлар туфайли кўплаб америкаликлар Бағдодни оддийгина, чанг босган, қолоқ, уруш қирон солган шаҳар сифатида тасаввур қилиб, бир вақтлар у инсоният илм‐фан ва маданияти маркази бўлганидан бехабарлигича ўтади.
– Ўн биринчи аср охиригача, – давом этди Эдмонд, – ер юзидаги энг буюк илмий тадқиқотлар ҳамда кашфиётлар Бағдодда қилинаётганди. Кейин бир кечада ҳаммаси бирдан ўзгарди. Ҳамид ал‐Ғаззолий исмли ажойиб олим – ҳозир уни тарихдаги энг донгдор мусулмон деб ҳисоблашади – Афлотун ва Арастунинг мантиқ илмини муҳокама қилиб, математикани “Иблис фалсафаси” дея эълон қилувчи бир қанча илмий матн ёзади. Шу билан, одамларда илм‐фанга шубҳа уйғонади, диний билимларни эгаллаш мажбурий қилинади, охир‐оқибат мусулмонларнинг илм‐фандаги ривожланиши жарликка юз тутади.
Экрандаги илмий атамалар емирилиб, Исломий муқаддас ёзувлар ҳосил бўлди.
– Илмий тадқиқотлар ўрнини диний битикларни ўрганиш эгаллади. Ўшандан бери ислом илм‐фани оёққа туришга ҳаракат қилмоқда, – Эдмонд тин олди. – Умуман олганда, насроний илм дунёси ҳам бу масалада мақтана олмайди.
Шифтда донгдор астрономлар – Николай Коперник, Галилео Галилей ва Жордано Бруно тасвири намоён бўлди.
– Черковнинг тарих гувоҳ бўлган кўплаб бетакрор ақл эгалари устидан юритган чеклов, қамоқ ва қатл сиёсати инсониятни ривожланишдан салкам бир асрга ортда қолдирди. Яхшиямки, бугун илм‐фаннинг фойдасини яхшироқ англаганимиз туфайли черков ўз ҳужумларини сезиларли камайтирди… – Кирш уҳ тортди. – Ёки ундай эмасми?
Осмонда кўк глобус ичидаги хочга ўралиб турган илон тасвири туширилган логотип пайдо бўлди. Унинг остида қуйидаги жумлалар бор эди:
– Яқинда, айни шу ерда, Испанияда, Католик тиббиёт ассоциациялари дунё федерацияси ген инженериясига қарши уруш эълон қилди. Уларнинг даъво қилишича, фаннинг қалби йўқ, шу сабабли у черков томонидан тақиқланиши даркор эмиш.
Глобус логотипи думалоқ – зарраларни тезлаштиргич чизмаси ҳосил бўлди.
– Мана бу Техас суперўтказувчан суперколлайдерининг сурати. У олам яратилишининг илк лаҳзаларини ҳам тадқиқ этишга қодир жаҳондаги энг катта тезлаштиргич бўлиши кўзда тутилган эди. Буни қарангки, суперколлайдерни Американинг Библия белбоғи ўртасига ўрнатишибди.
Сурат Техас саҳроси бўйлаб чўзилган узук шаклидаги баҳайбат бетон қурилишга айланди. Унинг қурилиши битган ярим қисми чанг билан қопланган бўлиб, қурилиш охирига етказилмаганидан дарак берарди.
– Америка суперколлайдери борлиқни яхшироқ тушунишга имкон бериши мумкин эди, бироқ лойиҳа сарф‐харажатнинг кўпайгани ва сиёсий босимлар туфайли ёпилди.
Экранда видео пайдо бўлди – ёш телеевангелист “Худонинг зарраси” деб номланган бестселлер китобни чангаллаганча қичқирмоқда:
– Мен айтган низолар, – Эдмонднинг овози эшитилди яна, – диний хурофотлар илм‐фан йўлига ғов бўлганини кўрсатади. Лекин бу дин сабабли чиқаётган урушлар олдида хамир учидан патир, холос.
Шифтни бугунги жамиятнинг даҳшатли тасвирларидан иборат коллаж қоплади – генетик лабораториялар олдидаги намойишлар, Трансгуманизм конференциясида ўзига ўт қўйган роҳиб, қўлларини мушт қилганча “Ибтидо” китобини ушлаб олган евангелистлар, Дарвин‐балиқни еб қўяётган Исо‐балиқ тасвири, ҳужайра тадқиқотлари, гомосексуализм, абортга қарши осилган нафрат ифодаланган постерлар, ўз ўрнида, уларга жавобан ёзилган норози баннерлар…
Қоронғиликда ётаркан, Лэнгдоннинг юраги титраб кетди. Сўнг унинг остидаги майсалар ҳам титрашга тушди. Титроқ кучайиб боргач, Лэнгдон ер ҳақиқатдан ҳам қимирлаётганини сезди. Лэнгдоннинг танаси ернинг қимирлаши натижасида силкина бошлади ва бутун зални шовуллаган овоз тутди.
Профессор овозни таниди: тоғдан тушаётган дарё шарқираб оқади. Товуш ҳозир майсазор остидаги карнайлардан таралмоқда. Лэнгдоннинг юзи ва танаси узра совуқ ҳамда нам туман кўтарилди. У ўзини тезоқар дарё ўртасида ётгандек ҳис қилди.
– Эшитяпсизми? – сўради Кирш баланд овозда. – Илм дарёси ўз қирғоқларидан тошмоқда.
Дарё шовқини янада баландлаб, Лэнгдоннинг ёноқларига сув томчилари урилди.
– Инсон оловни кашф этгандан буён, – хитоб қилди Эдмонд шовқин ичида, – бу дарё куч тўпламоқда. Ҳар бир кашфиётимиз янги кашфиётларни яратишимиз учун воситадир. Ҳар бир кашфиётимиз бу дарёга бир томчи бўлиб қўшилади. Бугунги янгилик томчи эмас, шиддаткор селдек дарёни ўзанидан тоширади. Унинг кучини ортиқ тўхтатиб бўлмайди.
Зал ҳануз титраётган эди.
– Биз қаердан келганмиз?! – қичқирди Эдмонд. – Олдинда бизни нима кутмоқда?! Бу жумбоқларнинг жавобини топиш инсоният тақдирига битилган! Минглаб йиллар давомида ечимга олиб борувчи тадқиқот усулларимиз юксак даражада ривожланиб келди!
Галерея ичида қаттиқ шамол эса бошлади, дарёнинг шовуллаши қулоқни кар қиладиган даражага етди.
– Эътибор қилинг, инсон оловни кашф қилгандан бошлаб, ғилдиракни ихтиро қилишигача миллион йил вақт ўтди. Ғилдиракдан босма қоғозгача бўлган вақт атиги бир неча минг йилни ташкил этди. Орадан бир неча юз йил ўтгач, телескоп бунёд бўлди. Кейинги асрларда, жуда қисқа вақт оралиғида, буғ машинасидан бензинда юрувчи автомобилларга, ундан ракеталар яратишга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг ДНКмизда ўзгариш қилишга қандайдир йигирма йил керак бўлди, холос. Бизнинг замонамизда ҳар ой илмий янгилик қилинади, – қичқиришда давом этди Кирш. – Яна бироз муддат ўтгач, бугунги энг тезкор суперкомпьютер кўзимизга алмисоқдан қолган ҳисоблаш машинаси бўлиб кўринади; энг замонавий жарроҳлик усуллари ёввойилик туюлади ва илғор энергия манбалари аждодларимиз фойдаланган шамдек таассурот уйғотади.
Шовуллаган сув ҳамда Эдмонднинг овози қоронғиликда акс‐садо берарди.
– Илк юнон олимлари қадимги маданиятни ўрганиши учун бир неча аср ортга қарашига тўғри келган. Биз эса бир авлод ортга қарасак бас, бугун биз фойдаланаётган технологиялардан мосуво бўлган “қадимги”ларни кўрамиз. Инсоният тараққиёти жадвали зич тақсимланган: “қадимий” ва “замонавий” атамаларини ажратиб турувчи бўшлиқ нолга тенглашмоқда. Шуни инобатга олиб, сизларга ваъда бераман: инсоният юксалишининг кейинги бир неча йили ҳайратланарли ва ақл бовар қилмайдиган ҳодисаларга бой бўлади.
Кутилмаганда қулоқни қоматга келтирувчи шовқин тиниб, залга осойишталик чўкди.
Осмон яна юлдузларга тўлди. Чигирткалар чириллаб, майин шабада эса бошлади.
Залдаги меҳмонлар бир овоздан енгил нафас олди.
Жимликни Эдмонднинг шивирлаган овози бузди:
– Дўстларим, – юмшоқ оҳангда деди у. – Бу ерга кашфиётимдан баҳраманд бўлиш учун йиғилгансиз. Бироз куттириб қўйганим учун узр сўраган ҳолда, каминага сўзлаш учун имконият берганингиздан мамнунлигимни изҳор этаман. Келинг, энди эскирган фикрлаш тарзимизни ахлат қутига улоқтирайлик. Кашфиётнинг қувончини баҳам кўриш муддати етди.
Эдмонд гапини якунларкан, ҳар томондан кўтарилган енгил туман атрофни қоплаб олди, бош устидаги чироқлар ёрқин нур тарата бошлади ва экранда томошабинлар акси намоён бўлди.
Тўсатдан ишга тушган прожектор ёғдуси зал охирига йўналди. Йиғилганлар орқага ўгирилиб мезбоннинг кўриниш беришини ҳаяжон ичра кута бошлади. Аммо бир неча сониядан сўнг прожектор зал бошига кўчди.
Унга қўшилиб томошабинлар ҳам нигоҳини шу томонга қаратди.
Залнинг бошида, прожекторнинг ярақлаган нурлари остида жилмайганча Эдмонд Кирш турарди. У қўлларини минбар четига суяган, нигоҳлари хотиржам, саҳнада осмондан тушгандек пайдо бўлганди.
– Хайрли оқшом, дўстлар! – деди буюк шоумен сокин овозда.
Атрофни қоплаган туман секин тарқала бошлади.
Саноқли сониялар ичида одамлар баравар ўрнидан туриб, мезбонни олқишларга кўмиб ташлади. Лэнгдон хурсандчилигини яширолмай, уларга қўшилди.
Куфрона бўлишига қарамай, бугунги тақдимот ҳақиқий шоуга айланганди – қизиқарли, яхлит ва кутилмаган – худди эгасига ўхшаб. Жаҳоннинг ўсиб бораётган кенг фикрловчи аҳолиси нима сабабдан Эдмондга юқори баҳо бериши сабаби Лэнгдонга энди тушунарли бўлди.
Ўйлаганини дангал гапириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Эдмондга тасанно айтиш керак бу борада.
Юқоридаги экранда Эдмонднинг чеҳраси намоён бўлгач, Лэнгдон шогирди профессионал макияж ёрдамида аввалгидан тузукроқ кўринаётганини пайқади. Шундай бўлса-да, Лэнгдон унинг толиққанини сезди.
Олқишлар давом этаркан, Лэнгдон кўкрак чўнтагидаги титроқни базўр ҳис қилди. Одатига кўра, телефонига қўл югуртирди, лекин унинг ўчирилганини эслади. Вибрация чўнтагидаги бошқа ускуна – суякка ўрнатиладиган қулоқчиндан тараларди. Афтидан, Уинстон алоқага чиққан чоғи.
Лэнгдон қулоқчинни олиб, бошига ўрнатди. Унинг ёстиқчаси жағ суягига тегиши биланоқ, Лэнгдоннинг мияси ичида овоз янгради:
– …фессор Лэнгдон? Шу ердамисиз? Телефонлар ишламаяпти. Мен алоқага чиқа оладиган ягона одам сизсиз. Профессор Лэнгдон?