Дэн Браун – Ибтидо (страница 22)
– Эшитаман, Уинстон? – жавоб берди Лэнгдон қарсаклар шовқини ичра.
– Хайрият! – оҳ тортди Уинстон. – Мени диққат билан тингланг. Жиддий муаммо чиқди!
Йигирма биринчи боб
Катта ареналарда чексиз ғалаба онлари нашидасини сурган инсон сифатида Эдмонд Кирш ўз муваффақиятларидан ҳамиша рағбат оларди, лекин аҳён‐аҳёнда чинакамига хурсандчиликни ҳис қиларди. Айни лаҳзада минбарда турганча мухлислар эътирофини қабул қиларкан, Эдмонд дунёни ўзгартириш арафасида эканлигини билиб, чин қалбдан масрур эди.
– Марҳамат, жойингизга ўтиринг, дўстлар, – ишора қилди у. – Энг қизиғи ҳали олдинда.
Туман буткул йўқолгунча Эдмонд миллионлаб томошабинлар қаршисида ўзининг жонли тасвирини акс эттириб турган юқоридаги экранга қарашдан зўрға тийилди.
Эдмонд чап томонда турган Амбра Видалга миннатдорлик билдириш учун ўгирилди. Аёл бир неча ой мобайнида тиним билмасдан бу томошани ташкиллашда катта кўмак кўрсатганди. Ажабланарлиси, Амбранинг эътибори Эдмондда эмасди, у хавотир билан оломон ичига тикиларди.
Залнинг марказида баланд бўйли, башанг кийинган эркак меҳмонлар тўдасини ёриб ўтиб, қўлларини силкиганча Амбра томон келаётганди.
Яқинлашаётган Лэнгдонни кўриши биланоқ бир четда турган Қироллик гвардияси қўриқчилари сергак тортиб, профессорнинг йўлини тўсишга ошиқди.
У минбарга ўгирилиб, Эдмондга қаради,
Худди шу лаҳза гумбаз ичидан қарсиллаган товуш эшитилди ва Эдмонднинг боши ортга қалқиб кетди. Эдмонднинг пешонасида пайдо бўлган қизил тешикчага кўзи тушган Амбра даҳшатга тушди. Киршнинг кўзлари оҳиста юмилди, аммо қўллари минбарни маҳкам ушлаганча бутун гавдаси тош қотди. Сўнг бироз гандираклаб, юзида тушунарсиз ифода ҳосил бўлди ва қулаётган дарахтдек танаси бир ёнга эгилиб, гурсиллаб полга қулади. Унинг пешонасидан сизиб чиқаётган қон бутун юзини алвон рангга бўяганди.
Нималар содир бўлаётганини англашга улгурмасиданоқ, соқчилардан бири Амбрани полга эгиб, ҳимоя қилди.
Вақт бир лаҳзага тўхтаб қолди.
Сўнг… Сўнг қиёмат бошланди.
Прожектор ёғдуси остидаги Эдмонднинг қонли жасадини кўрган меҳмонлар оқими қий‐чув қилганча ўз жонидан хавотирда залнинг чиқиш эшигига қараб қоча бошлади.
Тўс‐тўполон марказида қолиб кетган Роберт Лэнгдон шокка тушиб, жойида тош қотиб қолгандек эди. Бироз нарида унинг қадрдон дўсти, севимли шогирди ёнбошига буралганча томошабинларга юзланиб ётибди, пешонасидаги ўқ тешган жойдан ҳамон қон оқмоқда. Энг ёмони, Эдмонднинг жонсиз чеҳраси телевидение камералари нигоҳида бутун оламга намойиш этилмоқда.
Лэнгдон худди туш кўраётгандек беихтиёр югуриб бориб камералар линзасини юқорига қаратиб, дўстининг жасадини онлайн томошабинлар нигоҳидан пана қилди. Кейин ўгирилиб, минбарга чопаётган одамлар тўдасига, ерда ётган қадрдонининг жонсиз танасига қараб, ниҳоят, тушунди: Эдмонд энди йўқ эди.
Эдмонднинг жасади яқинида қўриқчи эҳтиёткорлик билан Амбра Видалнинг танасини ҳимоялаб турарди. Лэнгдон аёл томонга шошди, аммо соқчи тезроқ ҳаракат қилди – катта‐катта уч қадам ташлаб Лэнгдонга отилди.
Соқчининг бақувват елкаси тўғри келиб Лэнгдоннинг кўкрагига урилгач, профессорнинг нафаси ичига тушиб кетди ва танасини қаттиқ оғриқ қуршаб олди. У кутилмаган зарбадан орқасига гандираклаб, майсазорга гурсиллаб қулади. Ҳатто нафас олишга улгурмасидан, кучли қўллар Лэнгдонни ерга қарата ётқизиб, чап қўлини ортига қайирди, бошининг орқасини маҳкам ушлаб, чап ёноғини ўтлоққа ишқаганча ҳаракатлантирмай қўйди.
– Сен ҳаммасини олдиндан билгансан! – қичқирди соқчи. – Бу ишда сенинг қўлинг бор!
Қироллик гвардияси агенти Рафа Диас тарқоқ меҳмонлар орасидан ёриб ўтганча иложи борича тезроқ тўппонча ёлқинини кўрган жойга етиб олишга интиларди.
Диаснинг синчков нигоҳи меҳмонлардан бири ўқ отилмасидан бурун қотиллик ҳақида огоҳлантирмоқчидек минбарга шошилганини илғаганди.
Айни дамда Диаснинг битта вазифаси бор.
Қотилни қўлга олиш.
Тўппонча ёлқини чақнаган жойга етиб келгач, у мато девордаги тешикни топди, қўлини киргазиб бор кучи билан матони полга қадар йиртиб юборди ва ҳавозалар қалашиб ётган гумбаз ичига қадам ташлади.
Агент чап тарафдаги фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган чиқиш эшигига ошиқаётган оппоқ ҳарбий кийимдаги баланд бўйли погонли эркакни пайқаб қолди. Бир неча сония ичида эркак эшикдан чиқиб кўздан йўқолди.
Диас гумбаз остидаги электрон жиҳозлар оралаб, эркакнинг ортидан чопди ва чиқиш эшигидан чиқиб, бетон зинага дуч келди. У пиллапояларга назар солганда погонли эркак икки қават пастда шошиб кетаётганига гувоҳ бўлди. Диас ўйлаб ўтирмай, бешта пиллапояни биттада босиб, унинг ортидан қувлашга тушди. Қаердадир, пастда эшикнинг шарақлаб очилиб ёпилгани эшитилди.
Қотил бинодан ташқарига чиқди.
Биринчи қаватга етиб келиб, Диас қўш табақали чиқиш эшигига отилди. Аммо юқоридагисидан фарқли равишда, бу эшик ланг очилиш ўрнига бир неча сантиметр силжиди, холос. Диаснинг пўлат эшикка урилган елкасида кучли оғриқ уйғонди.
У қалтираганча ўзини ўнглаб, яна бир марта эшикка ёпишди.
Бу сафар эшик яна бироз очилиб, муаммонинг илдизи кўринди.
Жуда ғалати. Эшикнинг ташқи тутқичлари бир‐бирига қандайдир сим билан боғлаб ташланганди. Сим дегани, аслида, ҳар бир испан католигидаги одамда топиладиган мунчоқ доналари эканини билгач, Диаснинг таажжуби ортди.
Диас бор кучи билан эшикни яна итарди, аммо тасбеҳ узилмади. Ҳам тасбеҳнинг ўзидан, ҳам унинг узилмаслик хусусиятидан ажабланган соқчи энсиз тирқишдан яхшилаб қаради.
–
Жимлик.
Эшикдаги тирқишдан кўз ташлаб, Диас баланд деворлар ва бўм‐бўш хизматчилар хиёбонини кўрди. Ҳалқани олиш учун кимдир келишини кутиб ўтиришга вақт йўқ. Бошқа чора тополмаган қўриқчи, камзули тагидаги тўппончасини олди. Қуролни чиқариб, эшик тирқишида кўриниб турган тасбеҳга тўғрилади.
Диаснинг кўз ўнгида ярми юлинган хоч биланглаб осилиб турарди.
Тепки босилди.
Тўппонча овози бетон деворларда жаранглади ва эшик ланг очилди. Тасбеҳ узилди ва доналари шитирлаб йўлакка сочиларкан, Диас бўм‐бўш хиёбонга югуриб чиқиб, атрофга аланглади.
Оқ кийимли қотил ғойиб бўлганди.
Адмирал Луи Авила хизматчилар хиёбонидан юз метрча нарида, музейдан чиқиб кетаётган қора “Reno”нинг орқа ўриндиғида бамайлихотир ўтирарди.
Тасбеҳ доналарини улашда ишлатилган полимер толали сим мустаҳкамлиги таъқибчиларни керагича ушлаб турганди.
Авиланинг машинаси Нервион дарёсининг шимоли‐ғарбига томон елиб бораркан, Абандоибарра ҳалқа йўлидаги зувиллаб қатнаётган машиналар орасида кўздан ғойиб бўлди. Авила ниҳоят чуқур нафас чиқарди.
Унинг бугунги миссияси силлиқ ўтди.
Адмирал хаёлан бир вақтлар Бильбаодаги қонли жангда янграган эски қўшиқ – Ориаменди мадҳиясининг қувноқ оҳангларини тингларди.
Бу жанговар мадҳияни аллақачон унутишган… Аммо уруш энди бошланди.
Йигирма иккинчи боб
Мадриддаги “Palacio Real” Европадаги энг катта ва ҳашаматли қироллик саройи ҳисобланади. Ўн тўққизинчи асрда Мавр қасри ўрнида барпо этилган сарой икки хил – классик ва барокко услубининг энг мафтункор жиҳатларини жамлаган. Қироллик қасри Армериа майдонида жойлашган бўлиб, унинг жимжимадор устунлардан иборат уч қаватли фасади майдон бўйлаб чўзилган. Қаср ичкариси тўрт юз эллик минг квадрат метрни эгаллаб, турли ҳажмдаги 3418 дона хонадан ташкил топган. Ички қисмдаги салонлар, заллар, ётоқхоналар ҳамда коридорлар бебаҳо диний санъат намуналари, жумладан, Веласкес, Гойя ва Рубенсга тегишли дурдона асарлар билан безатилган.
Авлодлар оша бу қаср испан қироллари ва қироличаларининг хос қароргоҳи саналган бўлса‐да, ҳозир сиёсий масалаларни ҳал қилувчи даргоҳга айланган. Қироллик аъзолари эса шаҳар ташқарисидаги осуда гўша – “Palacio de la Sarsuela”да истиқомат қилади.
Лекин сўнгги ойларда Мадриддаги қироллик қасри қирқ икки яшар шаҳзода Хулиан, яъни Испаниянинг бўлғуси қиролининг доимий яшаш жойига айланди. Яқинлашаётган тож кийдириш маросими олдидан Хулиан “халқнинг кўз ўнгида” бўлмоғи зарурлигини таъкидлаб, мураббийлар уни саройга кўчиб ўтишга кўндирганди.
Шаҳзода Хулианнинг отаси, ҳозирги қирол, бир неча ойдан бери сурункали тузалмас дард туфайли тўшакка михланиб қолганди. Қиролнинг ақлий салоҳияти пасая бошлагач, сарой аста‐секинлик билан ҳокимият алмашинувига ҳозирлик кўриб, отаси вафотидан сўнг шаҳзодани тахтга ўтказишга тайёрлана бошлади. Ҳокимият ўзгариши аниқ бўлиб турган паллада испанлар нигоҳини валиаҳд Хулианга қаратди. Барчанинг ўйида бир савол бор эди: