реклама
Бургер менюБургер меню

Дэн Браун – Ибтидо (страница 18)

18

Бу ғирт сюрреализм”, деган фикрга келди Лэнгдон ўзини ўзи томоша қиларкан.

– Масалан, қадимги юнонлар океан ва денгизлардаги сув сатҳининг кўтарилиб‐пасайишини Посейдон кайфиятининг ўзгаришига боғлиқ, деб ҳисоблашган, – шифтдаги экранда Лэнгдоннинг тасвири кўздан йўқолди, аммо овози маъруза ўқишда давом этди.

Бутун зални титратиб, экранда шиддат билан мавжланаётган океан пайдо бўлди. Бир‐бирига урилаётган тўлқинлар бироздан кейин қор босган, изғирин кимсасиз тундрага эврилди. Майсазор бўйлаб қаердандир совуқ шамол эсиб, этни жунжиктирди.

– Қишнинг келиши эса, – кадр ортида давом этди Лэнгдоннинг овози, – маъбуда Персефонанинг марҳумлар салтанатига асир олингани учун Ернинг мавсумий кўзёш тўкиши билан изоҳланган.

Ўтлоқдаги ҳаво қайта илиди. Экрандаги музлаган тундра ўрнида тоғ қад кўтариб, юқорига қараб ўса бошлади. Унинг чўққисидан чақмоқлар, тутун ва лава отилиб чиқарди.

– Қадимда римликлар, – Лэнгдон ҳикоясини давом эттирди, – вулқонлар жойлашган тоғларни темирчилик худоси – Вулқоннинг уйи деб ҳисоблаган. Вулқон – худо тоғ остидаги улкан устахонасида қаттиқ ишлаган маҳали унинг мўрисидан аланга ва олов сачрайди, деб ишонишган.

Майсазорни олтингугурт ҳиди енгил айланиб ўтди. Лэнгдон оддий маърузани даҳоларча мультисенсорик15 тажрибага айлантирган шогирдига ичида тасанно айтди.

Вулқоннинг гумбурлаган товуши тинди. Залга чўмган сукунатда яна чигирткаларнинг чириллаши эшитилиб, майса ҳидига қоришган шабада эса бошлади.

– Аждодларимиз беҳисоб худоларни нафақат сайёранинг, балки ўз таналарининг синоатларини тушунтириш учун ҳам ўйлаб топишган, – изоҳ берди Лэнгдоннинг овози.

Бош узра турли маъбудларнинг тасвирини акс эттирган юлдузлар туркуми пайдо бўлди.

– Агар инсон бефарзанд бўлса, – давом этди Лэнгдон кадр ортида, – демак, у маъбуда Юнонанинг назаридан қолган, севиб қолса, Эроснинг ўқидан яраланган бўлади. Юқумли касалликлар Аполлоннинг жазоси сифатида кўрилган.

Юлдузлар янги худоларнинг тасвирини намоён қилди.

– Китобларимни ўқиган бўлсангиз, – деди Лэнгдоннинг овози, – “Бўшлиқлар худоси” деган атамадан фойдаланганимни кўришингиз мумкин. Бунинг маъноси шуки, қадимги ота‐боболаримиз оламни тушунишда бўшлиқ сезса, ўша бўшлиқ ўрнини “Худо” билан тўлдирган.

Осмонда ўнлаб қадимги худолар, илоҳларнинг расмлари ва ҳайкалларини ўзида жамлаган улкан коллаж пайдо бўлди.

– Билимдаги беҳисоб бўшлиқларни тўлдириш учун сон‐саноқсиз худолар керак бўлган, – Лэнгдон давом этди. – Бироқ асрлар ўтиб, илм‐фан даври келди.

Бош узра математик ва техник рамзлардан иборат коллаж аксланди.

– Бизни ўраб турган дунёда рўй бераётган ҳодисаларга илмий жавоб изларканмиз, оламни тушунишдаги бўшлиқларимиз аста‐секинлик билан емирилиб борди. Бўшлиқларга қўшилиб, худолар ҳам йўқола бошлади.

Шифтда Посейдоннинг сурати катталашиб, олдинга чиқди.

– Мисол учун, сув сатҳининг ўзгариши Ой фазаларига боғлиқлигини аниқлаганимиздан сўнг бизга Посейдоннинг ортиқ кераги бўлмай қолди ва уни афсонага айлантирдик.

Экрандаги Посейдоннинг расми тутун ичида ғойиб бўлди.

– Қолган маъбудларни ҳам Посейдоннинг қисмати кутарди. Чунки ривожланаётган онгимизнинг уларга муҳтожлиги қолмаётганди.

Илоҳларнинг сурати бирма‐бир кўздан йўқола бошлади – момақалдироқ худоси, зилзила илоҳаси, офатлар маъбуди…

– Бироқ, – қўшиб қўйди Лэнгдон, – бу худолар осонликча “жон таслим қилди” деб ўйлаш хато бўлади. Маъбудлардан ажралиш ҳар бир маданият учун узоқ ва мураккаб жараён бўлган. Нима учун илоҳий эътиқодларнинг ёлғон бўлиши мумкинлигига шубҳа қилмаймиз? Чунки улар туғилганимиздан буён биз энг қадрлаган, энг ишонган инсонлар – ота‐онамиз, ўқитувчиларимиз, диний раҳнамоларимиз ва бошқа яқинларимиз томонидан миямизга сингдириб келинади. Диний қарашларнинг ўзгаришига кўплаб авлодларнинг алмашинуви, юзлаб, минглаб йиллар зарур бўлади. Ва таассуфки, бу ҳодиса кўпинча одамларда қўрқув ва нафрат туйғуларини уйғотиб, қонли тўқнашувларни келтириб чиқаради.

Маъбудлар экрандан бирма‐бир ғойиб бўларкан, бир‐бирига зарб билан урилган қиличларнинг жаранги, жангчилар урҳоси, яраланганларнинг оҳ‐воҳлари атрофни тутди. Ниҳоят, осмон марказида ягона маъбуд қолди – унинг нигоҳи ўткир, сержаҳл чеҳраси тўлқинсимон оппоқ соқол билан қопланган эди.

– Зевс… – тантанали эълон қилди Лэнгдон, – худоларнинг худоси. Маъбудлар ичидаги энг мудҳиши ва энг иззатлиси. Бошқа илоҳлардан фарқли ўлароқ, Зевс ўзининг йўқ бўлиб кетишига жим қараб турмади, аксинча, ўзи бир вақтлар ўрнини эгаллаган аввалги маъбудлар сингари у ҳам ҳукмдорлигини асраш учун беомон жангга киришди.

Экранда Стоунҳенж, Шумер миххатлари, Мисрнинг буюк эҳромлари пайдо бўлиб, сўнг яна Зевснинг сурати кўринди.

– Зевсга эътиқод қилувчилар жуда чидамли чиқди. Улар маъбуддан воз кечишни асло исташмади. Оқибатда, ҳукмронлик ўрнатаётган навбатдаги дин – насронийлик янги худонинг қиёфаси сифатида Зевснинг чеҳрасидан фойдаланишига тўғри келди.

Лэнгдон маърузадан тўхтаркан, экрандаги Зевснинг чеҳраси аста‐секинлик билан ўзгариб, бошқа бир соқолли қиёфа шаклига кирди. Бу қиёфа Микеланжелонинг “Одамнинг яралиши” номли асарида акс этган насроний худоси эди.

– Бугун биз Зевс ҳақидаги эртакларга ортиқ ишонмаймиз. Эчки сутини эмиб улғайган ва Циклоп, яъни бир кўзли мавжудотлардан куч олган маъбуд тўғрисидаги эртаклар замонавий тафаккур шарофати билан "мифология" деб аталади. Мифология – хурофотчи аждодларимиз яшаган оламни тушунишга ёрдам берувчи уйдирма ҳикоялардир.

Экранда кутубхонадаги чанг босган китоб жавони кўринди. Унда Баал, Осирис, Иштар сингари кўплаб маъбудлар ҳақида ёзилган чарм муқовали қадимги мифлар тўпламлари терилиб турарди.

– Ҳозир кўп нарса аввалгидек эмас! – қироат билан деди Лэнгдон. – Бизнинг қарашларимиз ўзгарди.

Янги тасвирлар экран юзини қоплади: фазонинг забт этилиши… компьютер чиплари… тиббий лабораториялар… парвоздаги самолётлар…

– Энди биз ақлан ривожланган, технологик жиҳатдан маҳоратли мавжудотга айландик. Биз энди вулқонлар остида баҳайбат темирчининг ишлашига, тўлқинлар ва фаслларни назорат қилувчи худоларга ишонмаймиз. Биз аждодларимизга умуман ўхшамаймиз.

– Ёки ўхшаймизми? – деб пичирлади майса устида ётган Лэнгдон аудиоёзувни сўзма‐сўз қайтариб.

– Ёки ўхшаймизми? – Лэнгдоннинг овози юқоридан ҳам келди. – Биз ўзимизни замонавий, ўқимишли шахс деб ҳисоблаймиз, шунга қарамай, бугунги энг кенг тарқалган динлар ҳамон мўъжизага тўла – ўликнинг қайта тирилиши, бокира қизнинг туғиши, табиий офат юборувчи қасоскор худолар, ўлимдан кейинги ҳаёт, етти қават осмондаги роҳатбахш жаннату, аланга босган дўзах – буларнинг ҳаммаси биз эътиқод қилувчи динларнинг таълимоти саналади.

Лэнгдон гапида давом этаркан, экранда Исонинг қайта тирилиши, Биби Марям, Нуҳ кемаси, Қизил денгиз сувининг иккига ажралиши, дўзах ва жаннат тасвирлари намоён бўлди.

– Келажакдаги тарихчилар ва антропологлар биз ҳақимизда нима деб ўйлашини бир тасаввур қилинг, – деди Лэнгдон. – Замонасидан келиб чиқиб, улар бизнинг диний қарашларимизни ўрганади ва эътиқодларимиз тизимини зулмат даври мифологияси деб ҳисоблайдими? Улар худоларимизга биз ҳозир Зевсга қарагандек муносабатда бўладими? Муқаддас китобларимизни тўплаб, тарихнинг чанг босган жавонига тиқиб қўядими?

Лэнгдоннинг саволидан сўнг залга узоқ жимлик чўкди.

– Худди шундай бўлади, профессор, – жимликни Эдмонд Киршнинг юқоридан янграган овози бузди. – Ҳаммаси айнан шундай бўлишига мен ишонаман. Келажак авлодлар ўз‐ўзига савол бериши шубҳасиз: қандай қилиб илм‐фан ривожланган даврда яшаган биздек одамлар динлар ўқитган сафсаталарга ишонган бўлиши мумкин?

Киршнинг овози баландлаша борди. Одам Ато ва Момо Ҳаво, бурқага бурканган хотин, чўғ устида юраётган ҳинду расмлари экрандан бирма‐бир ўтди.

– Бугунги анъаналаримиздан хабар топгач, ишончим комил, келгуси авлодлар бизни зулмат даврида яшаган, деб хулоса қилади. Фикрларининг исботи сифатида улар эътиқодларимизни кўрсатади: Худо одамни сеҳрли боғда лойдан бунёд қилиши, ҳар нарсага қодир Яратгувчи аёлларга бошини ёпиб юришини буюриши, бу ҳам етмагандек, унинг шарафига вақти‐вақти билан танамизни куйдиришимиз…

Иблисни қувиш, чўқинтириш, танага темир‐терсак тақишу, ҳайвонларни қурбонлик қилиш сингари дунё бўйлаб тарқалган турли диний маросимларнинг суратлари кетма‐кет экранда намойиш этилди. Слайд юракларни ларзага келтирувчи видео билан якунланди: ҳинду роҳиби кичкина чақалоқни ўн беш метрли минора тепасида ушлаб турарди. Кутилмаганда у болачани пастга ташлаб юборди. Чақалоқ тўғри бориб, қишлоқ одамлари балиқчилар тўридек ёйиб, ушлаб турган чойшаб устига тушди.

“Гришнешвар ибодатхонасидаги маросим бу”, деб хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Айтишларича, бола баландликдан пастга улоқтирилса, унга Худонинг марҳамати, соғлиқ ва ақл ёғиларкан.

Даҳшатли видео, ниҳоят, тугади.

Буткул зулмат ичида қолган залда Киршнинг товуши акс‐садо билан жаранглади:

– Замонавий одамнинг онги аниқ мантиқий таҳлиллар қилишга яроқли бўла туриб, қандай қилиб ақлга тўғри келмайдиган диний эътиқодларни қабул қилишга йўл қўяди?

Майсазор осмонида яна юлдузлар ёғду соча бошлади.

– Бу саволнинг жавоби, – давом этди Эдмонд, – жуда оддий бўлиб чиқди.

Самодаги саноқсиз юлдузлар тобора тиниқлашди ва ингичка тола орқали бир–бирига боғланиб, чексиз тугунчалар тўпламини ҳосил қилди.