реклама
Бургер менюБургер меню

Дэн Браун – Ибтидо (страница 17)

18

Бу оқшомги эффектлар “Диснейленд”дагидан юз минг чандон ҳақиқий кўринади, буни йиғилганларнинг нигоҳидаги завқдан ҳам сезиш мумкин. Эдмонднинг ажойиб планетарийни қурганидан кўра кап‐катта одамларни оёқ кийимини ечтириб, майсазорга ётишга ва очиқ самога тикилишга мажбур қилишнинг уддасидан чиққани таҳсинга сазовор эди.

“Болалигимизда кечқурунлари худди шу тарзда осмонга қараб ётиш ёқарди. Лекин улғайгач, ҳаммасини унутдик.”

Лэнгдон чойшаб тўшаб, бошини ёстиққа қўйди. Унинг танаси майин майсазор ичида эриб кетгандек бўлди.

Боши узра чақнаётган юлдузларга боқиб, Лэнгдон ўзини бир зум ўсмирлигига қайтгандек ҳис қилди. Ярим тунда энг қадрдон дўсти билан “Болд пик” гольф майдонидаги газонда чўзилганча олам сирлари тўғрисида суҳбатлашганлари ёдига тушди. "Балки бугун, – ўйлади Лэнгдон, – Эдмонд Кирш ўшанда дўстим иккимизни ҳайратлантирган олам сирларини очар…"

Планетарийнинг бурчагидаги майдончада турган адмирал Авила сўнгги марта зални кўздан кечирди ва ҳеч кимга сездирмай, ҳозиргина ичкарига ўтиб киргани – парда томон юриб, туннелга қайтиб чиқди. Туннелнинг қора мато қопланган деворини пайпаслаб, матолар бир‐бирига улаб тикилган жойни топди, иложи борича секинлик билан уни йиртиб, девор ичига сирғалиб кирди ва матони шу турганича қайтиб тикиб қўйди.

Иллюзиялар ғойиб бўлди.

Авила ортиқ бепоён яйловда эмасди.

У катта қисмини ясси шаклдаги пуфак эгаллаган тўртбурчак бўшлиққа кириб қолганди. Хона ичида хона. Авиланинг қаршисидаги театрга ўхшаш гумбазли конструкцияда кабеллар дастаси, чироқлар ҳамда карнайлар ўрнатилган ҳавозалар бор эди. Гумбазга қаратилган ўнлаб видеопроекторлар бирваракайига нур сочиб турарди. Айнан уларнинг шарофати билан майсазорда юлдузли осмон, тепаликлар ва бошқа иллюзиялар гавдаланаётганди.

Киршнинг томоша яратиш иқтидорига Авила тан берди. Аммо бугунги тадбирдаги яна бошқа кутилмаган томошалар футурологнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмагани аниқ эди.

“Ютуққа нима қўйилганини асло унутма. Сен муқаддас урушдаги аскарсан. Сен буюк мақсаднинг бир бўлагисан.”

Авила ўз режасини қайта‐қайта хаёлидан ўтказди ва чўнтагидаги тасбеҳ доналарини олди. Айни шу дам гумбаз шифтидаги карнайлар титраб кетди. Худди Худо тилга киргандек, осмондан гулдираган овоз эшитилди.

– Хайрли кеч, дўстлар. Менинг исмим Эдмонд Кирш.

Ўн олтинчи боб

Будапешт. Раввин Кёвеш házikó – хосхонасида асабий у ёқдан-бу ёққа юрарди. У телевизор пультини чангаллаганча каналларни тез‐тез ўзгартираркан, хавотир ила епископ Вальдеспинодан хабар кутарди.

Телевизордаги кўп каналлар одатий дастурлар тартибини ўзгартириб, сўнгги ўн дақиқадан бери эътиборини Гуггенҳаймдаги намойишни жонли эфирда узатишга киришганди. Шарҳловчилар Киршнинг муваффақиятларини қизғин муҳокама қилиб, бугунги тадбирдаги сирли эълон ҳақида тахминлар билдиришмоқда эди. Одамлардаги чексиз қизиқишни кўриб Кёвешнинг қошлари чимирилди.

“Бу янгилик мен учун сир эмас.”

Уч кун муқаддам Эдмонд Кирш тақдимотининг хомаки нусхасини Монсеррат тоғида Кёвеш, Саид ал‐Фадл ҳамда Вальдеспино учун намойиш қилганди. Ҳозир бутун дунё ўша кунги дастурни кўриш арафасида турганига Кёвешнинг иймони комил эди.

“Бугун ҳамма нарса ўзгаради”, алам билан ўйлади Кёвеш.

Жиринглаган телефон унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Кёвеш гўшакка ёпишди.

– Иеҳуда, менда яна ёмон хабар бор, – епископ салом‐аликни йиғиштириб, ташвишли оҳангда гап бошлади ва титроқ овозда Бирлашган Араб Амирликларидан келган мудҳиш хабарни айтди.

Бўлган воқеани эшитиб, Кёвеш даҳшатга тушди:

– Нималар деяпсиз… Аллома ал‐Фадл… ўз жонига қасд қилди???

– Шундай деб тахмин қилишмоқда, ҳар ҳолда. У бироз вақт олдин саҳро ичкарисидан топилган… худди ўлиш учун у ерга ўз оёғи билан боргандек, – Вальдеспино бир зум тин олди. – Охирги кунларда содир бўлган ҳодисалар юкини кўтара олмагандир балки…

“Ал‐Фадл ростдан ўзини ўлдирдими?” Кёвеш унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриб, юраги сиқилди. Киршнинг кашфиёти қанчалик дахлдор бўлмасин, аллома ал‐Фадл ночорликдан ўз жонига қасд қилиши ғирт сафсата бўлиб туюлди.

– Бу ерда нимадир ёпишмаяпти, – фикрини билдирди Кёвеш. – Аллома бундай ишга қодирлигига ишонмайман.

Орага жимлик чўкди.

– Тўғри, – тилга кирди Вальдеспино, – у ўзини ўлдирганига шубҳам бор.

– Унда… Ким жавобгар унинг ўлимига?

– Эдмонд Киршнинг кашфиёти сирлигича қолишини истаган ҳар қандай одам, – жавоб берди епископ ўйлаб ўтирмай. – Биз каби Киршнинг тақдимоти бир неча ҳафтадан кейин, деб ишонган одам.

– Аммо Кирш кашфиёт ҳақида биздан бошқа ҳеч ким хабардор эмаслигини айтганди‐ку! – эътироз билдирди Кёвеш. – Сиз, аллома ал‐Фадл ва мен билардик, холос.

– Кирш алдаган бўлса‐чи, қаердан биласиз? Майли, Кирш янгилигини фақат учаламизга айтган ҳам дейлик. Дўстимиз ал‐Фадл бу тўғрида оммага ошкор қилишни истагани ёдингиздами? Балки аллома янгиликни Амирликлардаги бирор ҳамкасбига айтиб қўйгандир. Балки ўша ҳамкасб худди мендек Киршнинг топилмаси хавфли оқибатларга олиб келишини англагандир.

– Нимага шама қиляпсиз? – жаҳл билан деди раввин. – Ал‐Фадлнинг оғзини юмиш учун уни ўлдиришга буйруқ берилганигами? Ғирт бемаънилик бу!

– Раввин, – босиқлик билан жавоб қайтарди епископ. – Нима бўлганини аниқ билмайман. Сиз каби ҳар хил жавобларни тахмин қилиб кўряпман.

Кёвеш чуқур нафас олди:

– Узр сўрайман. Саиднинг энди орамизда йўқлигини ҳануз қабул қилолмаяпман.

– Мен ҳам. Агар Саид ростдан билган маълумоти сабаб ўлдирилган бўлса, биз ҳам ўзимизга эҳтиёт бўлмоғимиз даркор. Иккаламиз навбатдаги нишонга айланишимиз мумкин.

Кёвеш бир муддат ўйга толди.

– Янгилик оммага етиб борганда, бизни ўлдиришларига ҳожат қолмайди.

– Тўғри. Лекин ҳали эълон қилинмади.

– Зоти олийлари, тақдимот бир неча дақиқадан сўнг бошланади. Ҳамма каналдан кўрсатишяпти.

– Ҳа… – уҳ тортди Вальдеспино. – Дуо ва илтижоларим бесамар кетганга ўхшайди…

Кёвеш ажабланди: “Ростдан ҳам епископ Худодан Киршнинг фикрини ўзгартиришини сўраб дуо қилдимикан?”

– Кашфиёт дунёга эълон қилинса ҳам, – давом этди Вальдеспино, – биз хавфдан холи бўлмаймиз. Кирш уч кун аввал диний раҳнамолар билан маслаҳатлашгани тўғрисида мамнуният билан гапириб берса керак. Кирш ростдан ҳам ахлоқий бурч ундови ила биз билан учрашганига энди шубҳаланяпман. Хуллас, агар у исмларимизни айтса, иккаламиз ҳам қаттиқ текширув ва танқид остида қоламиз. Кашфиёт оммага ёйилишининг олдини олмаганимиз учун айбдор қилишади. Кечирасиз, лекин мен… – епископ яна нимадир демоқчи бўлиб иккиланди.

– Нима демоқчисиз, епископ? – сўради Кёвеш.

– Кейинроқ муҳокама қиламиз. Киршнинг намойишини кўргач, сизга қайтиб қўнғироқ қиламан. Унга қадар, илтимос, ташқарига чиқа кўрманг. Эшикларингизни тамбалаб олинг, ҳеч ким билан гаплашманг. Раввин, ўзингизни эҳтиёт қилинг.

– Мени қўрқитяпсиз, Антонио.

– Бошқа иложим йўқ, – жавоб қайтарди Вальдеспино. – Дунё бу янгиликни қандай кутиб олишини кузатиб ўтиришимиз қолди, холос. Буёғи Худонинг иродасида.

Ўн еттинчи боб

Осмон тоқидан Эдмонд Киршнинг овози янграркан, Гуггенҳайм музейидаги майсазорга жимлик чўкди. Юзлаб меҳмонлар чойшабга чўзилганча юлдузлар нур сочган самога тикиларди. Даланинг қоқ ўртасига ётиб олган Роберт Лэнгдоннинг юраги қизиқишдан потирлаб урарди.

– Келинг, бу кеча яна болаликка қайтайлик, – давом этди Киршнинг овози. – Фалакдаги юлдузларга қараб, онгимизни каттароқ имкониятларга очайлик.

Атрофдан томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари эшитилди.

– Бу оқшом биз саёҳатчилар каби, – эълон қилди Кирш, – барчасини ортимизда қолдириб, кенг океанларни сузиб ўтамиз… олдин тирик жон назари тушмаган янги маконларни кашф этамиз… тиз чўкиб, олам файласуфларимиз тасаввур қилганидан кўра буюкроқ эканига иймон келтирамиз. Янги кашфиёт қаршисида дунё ҳақидаги ҳеч қачон шак келтирмаган эътиқодларимиз парчаланади. Бу оқшом онгимиз эшиклари ланг очилади.

"Бошланиши чаккимас, – деб ўйлади Лэнгдон. – Қизиқ, Киршнинг нутқи аввалдан ёзиб олинганми ёки ўзи ҳозир саҳна ортида туриб ўқиётганмикан?"

– Дўстларим, – осмонда Эдмонднинг овози акс‐садо берди, – биз бу ерга муҳим кашфиёт тўғрисидаги янгиликни эшитиш учун йиғилдик. Сизга сабр‐бардош тилайман. Бугун инсоният онгида туб ўзгариш содир бўлади. Бунинг учун ҳозир гувоҳ бўладиганларингизни англашингиз жуда муҳим.

Эдмонд гапини тугатиши биланоқ, момақалдироқнинг гумбур‐гумбури эшитилди. Карнайлардан таралаётган шиддатли мусиқадан Лэнгдоннинг ичи зириллаб кетди.

– Воқеаларнинг кейинги ривожини тушуниш учун бизга, – давом этди Эдмонд, – таниқли олим – рамзлар, кодлар, тарих, дин ва санъат дунёсининг тирик афсонаси бўлган бир инсон ёрдам беради. У, шунингдек, менинг қадрдон дўстим ҳамда суюкли устозим ҳамдир. Хонимлар ва жаноблар, марҳамат, кутиб олинг: Ҳарвард университети профессори Роберт Лэнгдон!

Томошабинлар гурдурос қарсак чаларкан, кутилмаган исмни эшитиб таажжубланган Роберт бошини ёстиқдан кўтарди. Осмондаги юлдузлар кўздан йўқолиб, улар ўрнида талабалар билан лиқ тўла катта аудитория тасвири намоён бўлди. Экранда чанқоқ нигоҳларни ўзига қаратган “Harris Tweed” курткасидаги профессор Роберт Лэнгдон у ёқдан-бу ёққа юриб, маъруза ўқирди.

“Эдмонд айтган роль шу экан-да”, ўйлади Лэнгдон жойига қулайроқ ёнбошлаб оларкан.

– Қадимги одамлар учун, – маъруза бошлади экрандаги Лэнгдон, – дунё улар тушунмайдиган сир‐синоатлардан иборат эди. Аждодларимиз ақли ожизлик қилган ҳар қандай ҳодиса – момақалдироқ, зилзила, вулқон отилиши, тўлқинлар, бепуштлик, турли фалокатлар, ҳатто севгини тушунтириш учун худолар, илоҳ ва илоҳаларни яратди.