реклама
Бургер менюБургер меню

Тосимаса Оота – Энг яхши дада! (страница 1)

18

Тосимаса Оота

Энг яхши ДАДА!

– Доимо банд отанинг ўз фарзандлари билан қандай мулоқот қила олишини;

– Қандай қилиб бир лаҳзалик суҳбат билан болангиз қалбида жой олиш;

– Қандай қилиб бола учун махсус ўйинлар ўйлаб топишни;

– Турмуш ўртоғингиз билан муносабатингиз фарзандингиз келажагига қай даражада таъсир этишни.

КИРИШ

Бутун бошли якшанбадан бор-йўғи 1%

Бугун яна оғир кун бўлди, бир томонда ишингиз, бир томонда болангиз! Аммо сиз виждонан тер тўкдингиз.

Вақтингиз албатта тиғиз бўлса керак, шу боис энг муҳимидан бошлайман.

Дам олиш кунлари кўпроқ ухлагингиз келади, бола эса уйғотиб юборади чунки у сиз билан ўйнашни хоҳлайди. Боз устига, агар кеча чарчаб келган бўлсангиз, унда бу осон бўлмайди!

Баъзида фарзандсиз жуфтликларга қараб, уларнинг зоҳирий эркинлигига ҳавас қила бошлайсан. Ёки дам олиш кунлари ишингни уйга олиб келасан, бола эса доим ҳалалберади. Беихтиёр хаёлингга, усиз анча ишга улгурган бўлар эдим, деган фикр келади.

Аммо ҳаётимизда бола оёғимиз остида ўралашган, ва ҳатто, жиғимизга теккан кунларнинг ўзи жуда кам, аёлингиз эса, фақат сизга суянади.

Мактаб ёши давригача яъни олти ёшларгача бўлган болалар «Дада» деб қувноқ, шодон ҳайқириқ билан бўйнингизга осилишадан ҳам қайтмайди. Кейинроқ болангиз атрофида дўстлари пайдо бўлади, улар билан вақтни қизиқарли ўтказади, сизга эса, борган сари ўз туйғуларингизни намойиш қилиш унғайсиз туюла бошлайди ва болангизни бир мартагина эркалатиб қўйиш учун ҳам имкониятингиз камайгандан-камайиб бораверади.

Иш кунлари, одатда, дадалар ишлашади ва шу сабабдан ҳам улар фарзанди билан бемалол бирга бўлиш учун вақт топа олишмайди. Аммо ҳали яна дам олиш кунлари ҳам бор-ку!

Агар туғилганидан бошлаб то олти ёшга тўлгунига қадар сиз ўз ўғил ёки қизингиз ёнидан бир қадам ҳам жилмасдан вақт ўтказсангиз у ҳолда умрингиздан неча фоизини фарзандингиз билан ўтказишингиз мумкинлигини бирор марта ўйлаб кўрганмисиз?

Бир йилда тахминан элликтача якшанба бор, олти йил давомида улар салкам уч юз кунни ташкил этади. Инсон умрининг ўртача давомийлиги эса, тахминан ўттиз минг кун, яъни бунда олти йиллик якшанбалар бор-йўғи унинг 1 % ни ташкил этади.

Ахир шундай қимматли вақтни беҳуда сарфлаш ачинарли эмасми?

«Дада!» деган ўша қувончли ҳайқириқдан ва боламизнинг бўйнимизга осилишидан биз ўз умримиз давомида бор-йўғи бир неча йилгина лаззатлана олишимиз мумкин. Гўё бу бир муъжизага ўхшайди!

Бироқ буни кўпчилик англаб етмайди. Ахир бола билан мулоқот қилиш чиндан ҳам мароқли бўлиши мумкин.

Ҳатто бир неча дақиқа ичида ҳам кўп нарса ўзгариши мумкин

Ҳаёт шундай яралган-ки, оталар доим меҳнат қилишига мажбур ва ўз оиласи яъни фарзандлари, ҳамда рафиқаси билан узоқроқ бирга бўла олишмайди. Шунинг учун иш вақтини тўғри ташкил қилиш , уйга эртароқ қайтиш керак, деган гаплар кўп учрайди.

Лекин шошилманг!

Демак, у ҳолда сиз илгари ўз ишингизга юзаки қараган ва ўз вақтингизнинг қадрига етмаган бўлиб чиқасиз-ку! Масаланинг бундай қўйилиши – менга умуман ёқмайди.

Ушбу китобда мен сизга «Уч дақиқалик тарбия» дастурини таклиф этишга қарор қилдим. Буни қуйидагича ифодалаш мумкин: Фарзандларингиз билан камида кунига уч дақиқа шуғулланинг. Ҳатто бир неча дақиқа ичида ҳам, анчагина нарса қилиш мумкин. Оила билан бирга ўтказилган вақтнинг ҳажми эмас балки сифати муҳим. Агар шу дақиқалар мулоқот билан тўла бўлса, улар кўп нарсани ўзгартириши мумкин.»

Албатта, тўлақонли муомала учун уч дақиқа жуда камлик қилади. Суткасига 24 соат-у ҳафтасига етти кун бу кураш майдонида юрадиган ойижонлар: «Ҳа, албатта, бу худди шундай!» – дейишлари мумкин. Аммо бу, ҳеч нарса қилмагандан кўра анча яхшироқдир. Ҳатто кунига уч дақиқа ҳам болага катта таъсир қилади. Бундан ташқари, агар шу уч дақиқа тўлалигича бола ва оилага бағишланадиган уч дақиқа бўлса, бу ҳолат, ҳатто, отанинг ўзини ҳам ўзгара бошлашига ёрдам бериши мумкин.

Биринчи бобда биз вақт тақчил шароитда қандай қилиб оталар ўз боласи билан мулоқот қила олиши ҳақида суҳбатлашамиз.

Иккинчи боб – арзимас сониялар ичидаги суҳбат натижасида бола юрагида из қолдира олиш, бу нарса унинг улғайишини тушуниш учун ҳам жуда муҳимлиги ҳақида.

Учинчи бобда биз бола ривожланиши учун зарур бўлган ўйинлар билан танишамиз.

Тўртинчи бобда эса, бола билан мулоқот қилиш учун ҳатто шу арзимас уч дақиқани ҳам ажратиш мушкул бўлган вазиятлардан чиқиш йўллари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бешинчи бобда менинг «Оталар учун маслаҳат» номли интернет-саҳифамдаги форумда ота-оналар ўртасидаги муносабатлар ва тарбия масалаларига оид энг кўп учрайдиган саволларни батафсил муҳокама қиламиз.

Асосий қисмга ўтишдан олдин айрим нарсаларни алоҳида таъкидламоқчиман.

Аввало, «бола тарбияси учун асосий жавобгарлик оиладаги маълум бир одамга бириктириб қўйилиши керак», деган даъводан мутлақо йироқдаман. Ва ёлғиз она ёки ёлғиз ота бўлиш – номаъқул иш, деган фикрни ҳеч қачон хаёлимга ҳам келтирмаганман.

Шундай бўлсада, ушбу китобимни онгли равишда ўз болалари билан бирга вақт ўтказишни хоҳлайдиган оталар ўқишади, деган ният билан ёздим. Шу боис мен мисол тариқасида шундай бир оила моделини танлаганман-ки, унда она уйда ўтириши ёки ишга бориши мумкин, ота эса, шунчалар банд-ки, у рўзғор ишлари ва бола тарбияси билан шуғулланишга, чиндан ҳам, улгура олмайди. (Аслини олганда, ушбу китобдан нафақат ўта банд оталар, балки жуда банд бўлган оналар ҳам ўзлари учун анчагина қизиқарли нарсаларни топа олишади деб ўйлайман.)

Биз ҳаммамиз ҳар хилмиз, зеро бу нафақат жинсимизга, балки ўз шахсий хусусиятларимизга ҳам боғлиқ. Бу нарсаларни аниқ ҳисобга олиш – ўта мушкул вазифа ва шунинг учун ҳам, мен тасвирлаш учун эркак ва аёллардаги бир хил қолипга тушиши мумкин бўлган хулқ атворларни танлаб олдим.

Эҳтимол нимадир сизнинг оилангиз учун мос келмас, аммо нимадир айнан сиз учун жуда қимматли бўлиши мумкин ва мен бунга умид қиламан.

Хуллас, қадрли дадажонлар, ишга жуду-жуда кўмилиб қолган бўлсангиз ҳам, тушкунликка тушманг. Ушбу китобда болангиз билан мулоқот қилишга вақт ажратишингиз учун ёрдам берадиган тавсиялар бор.

1 БОБ

«МЕН АЙНАН ВАҚТИМ ЙЎҚЛИГИ УЧУН ҲАМ БУНИ ҚИЛИШИМГА ТЎҒРИ КЕЛАДИ …» «БОЛА БИЛАН КЎПРОҚ БИРГА БЎЛГИМ КЕЛАДИ, АММО МЕНИНГ МАНА БУ ИШИМ ....»

«Менинг ажойиб фарзандим бор. У билан кунни бирга ўтказган бўлардим-у, аммо ишдаги мана бу вақт тиғизлиги …»

Менга таниш бўлган барча оталар ўзларини турлича оқлайдилар, лекин шу билан бирга, улар ўз айбларини аниқ ҳис қиладилар. Улар ўз ишларига бўлган муҳаббати туфайлигина ишхоналарда ушланиб қолишмайди, балки буни оиласи учун қиладилар, лекин бари бир, ўзларини айбдор санайдилар.

«Мен аёлим ва фарзандим билан кўпроқ мулоқот қилган бўлардим, аммо умуман иложи бўлмаяпти». Тадқиқоталар бу ҳолатнинг кўпчилик оталар учун чинакам муаммо эканини тасдиқлаб турибди.

Benesse корпорациясининг Болалик, тарбия ва улғайишни ўрганиш институти «Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг оталари» номли мавзуда тадқиқот ўтказди ва унда беш ёшгача бўлган болаларнинг 5000 та оталари иширок этишди.

Натижада оталарнинг 96% – «Мен ўз боламни жуда яхши кўраман», – дея иқрор бўлишди. «Иш кунлари сиз болаларингиз билан қанча вақтингизни бирга ўтказгансиз?» Бу саволга энг кенг кўп берилган жавоб, «1 соатдан 2 соатгача», деган мазмунда бўлиб, бу иштироқчиларнинг 26,9% ни ташкил этди (1 жадвал). Қуйидаги иккита жавобнинг ҳар бири 20% дан овоз олишди: «30 дақиқадан токи 1 соатгача» ва «2 соатдан токи 3 соатгача»1

Буни Сеул, Пекин ва Шанхайдаги оталарнинг болалари билан ўтказган вақтига қиёслайдиган бўлсак, унда бу унчалик ҳам юқори натижа эмаслиги маълум бўлади. Шу билан бирга, япониялик оталарннинг 54,2% «Фарзанд ва оиламиз ҳаётида кўпроқ иштирок этишни хоҳлар эдик», дея жавоб беришди.

Олдинги, яъни 2005 йилда ўтказилган тадқиқот билан қиёсланганда, натижа деярли ўзгармаган.

Агар йўлга ва ишнинг ўзига сарфланадиган вақт чиқариб ташланадиган бўлса, у ҳолда оталарнинг фарзандлари билан мулоқот қилиш учун жудаям кам вақти қоляпти.

Болага қараш учун таътил олаётган оталар сони ҳам кўпаймаган.

Бор-йўғи 36,1% оталар иш жойларида ортиқча муаммо туғдирмаслик учун таътил олишмайди, 31,2% оталар эса, бундай таътилни олиш истагида бўлсалар ҳам, ҳеч иложини топа олишмайди (2-жадвал) .

Дадажонларнинг ўз фарзанди келажаги учун қайғуришлари эса, қуйидагича:

«Келажакда боланинг таълими жуда қимматга тушади» – 70%.

«Бола таълимига сарфланадиган харажатлар оила бюджетига жиддий зарба беради» – 61,4%.

«Даромадларим камайиб кетмасмикин?» –48,5%.

Кўриниб турибдики, оталарни учта иқтисодий масала безовта қилмоқда (2 жадвал).

Агар келажак учун қайғуришмаганда, улар ўз боласини чин дилдан яхши кўрувчи, хотиржам отаоналар бўлиб қолишар эди, деб хулоса қилишимиз мумкин.

Эҳ, ота бўлиш осон эмас!

Янада афсусланарлиси, «Рафиқам менга муҳтож» ва «Бола тарбиялай туриб, ўзимни эркин ҳис қиламан», деган фикларни тасдиқловчи ижобий жавоблар 20% дан сал ортади ва бу қиёсланаётган тўртта Осиё шаҳарлари ичида энг кам кўрсаткичдир. Тўрт йил олдинги тадқиқот натижалари билан қиёсланганда эса, бу кўрсаткич 14%га тушиб кетган.

«Бола билан имкон даражасида кўпроқ бирга вақт ўтказишни хоҳлайман, аммо мен ишламайдиган бўлсам, эртага нима бўлади … мен ўзимда ишонч сезмаяпман … бундан ташқари, мен аёлимга шунчалар кўп керак эканманми?» Ушбу сўзларда оталарнинг самимий ҳиссиётлари акс этган.