Сомерсет Моэм – Ой ва сариқ чақа (страница 4)
– Уни жудаям ақлли, деб ўйламайман, – деди Стрикленд хоним бир куни суратга тикилиб турганимни пайқаб, – лекин у софдил ва ёқимли бола. Қизи ўн тўртга чиққанди. Унинг онасиники сингари қоп-қора ва қуюқ сочлари тўлқин-тўлқин бўлиб елкасига тушиб турарди. Юзлари самимий, кўзлари беташвиш эди.
– Уларнинг ҳар иккаласи қуйиб қўйгандай ўзингиз, – дедим мен.
– Ҳа, улар отасига қараганда кўпроқ менга ўхшашади.
– Нега мени шу пайтгача эрингиз билан таништирмадингиз?
– Сиз у билан танишишни хоҳлайсизми?
У кулиб қўйди – унинг кулгиси ҳақиқатан жуда чиройли эди – қизариб кетди. Мен унинг ёшидаги аёлнинг салгина нарсага қизаришидан ҳайрон қолардим. Лекин соддалик унинг етакчи жозибаси эди.
– У адабиётга тамомила бегона, тор фикрли одам, – деди у.
Хонимнинг сўзларида менсимаслик оҳанги йўқ эди. Аксинча, уни ўз дўстларидан ҳимоя қилгандай мулойимлик билан гапирди.
– У биржада ишлайди, одатдаги биржа даллолларидан бири. Сиз у билан гаплашсангиз, зерикиб ўласиз.
– Сизга ҳам у билан яшаш зерикарлими?
– Йўқ, ахир мен унинг хотиниман-ку. Мен унга жуда ўрганиб қолганман.
У хижолатини яшириш учун кулимсираб қўйди. Назаримда, у Роза Уотерфордга ўхшаб бирор ҳазилни айтиб юборишдан чўчиётгандек туйилди. Жим бўлиб қолди. Кўзларида қандайдир назокат ва ёқимтойлик учқунлари ялтиллагандай бўлди.
– У ўзини даҳо деб ҳисобламайди, ҳатто биржада ҳам унчалик кўп даромад қилмайди. Лекин ҳайратда қоладиган даражада яхши ва самимий одам.
– Ўйлайманки, у менга ёқиб қолади.
– Мен бирор куни оилавий даврадаги овқатланишга сизни таклиф этаман. Лекин зерикиб қолгудай бўлсангиз, ўзингиздан кўринг.
Олтинчи боб
Шундай шароит рўй бериб, ниҳоят, Чарлз Стрикленд билан учрашганимиздан кейин ҳам у билан дурустроқ таниша олмадим. Бир куни эрталаб Стрикленд хонимнинг қисқагина хатини келтириб беришди. Унда бугун кечқурун уйида меҳмонларни кутишини, илгари таклиф қилинган меҳмонлардан бири келолмаслиги сабабли унинг ўрнини эгаллашим мумкинлиги айтилганди. Хатда яна шундай сўз ҳам бор эди: «Ўтириш жуда зерикарли бўлишини олдиндан огоҳлантириб қўйишни ўз бурчим, деб ҳисоблайман. Меҳмонлар таркиби шундай дейишимга тўла асос беради. Лекин шунга қарамай, ташриф буюрсангиз, чексиз миннатдор бўлур эдим. Орада бироз вақт топиб озгина гурунглашамиз».
Ўзаро яхши муносабатларимиз меҳмондорчиликка боришимни тақозо этишини тушундим. Стрикленд хоним мени эри билан таништирганда у қўлимни сиқиб қўйди. Хоним унга тикилганча, ҳазиллашди: «Мен уни ҳақиқатан ҳам эрим борлигини билдириб қўйиш учун чақиргандим».
Менимча, у бунга шубҳалана бошлади. Стрикленд назокат билан кулиб қўйди. Одатда, айтилган гапда кулгига сабаб бўладиган бирор аломат бўлмаган пайтда шундай қилинади. У кулиб қўйди-ю, лекин ҳеч нарса демади. Янги меҳмонлар хонадон соҳибининг эътиборини ўзига тортди ва мен яна ўз хаёлларимга ғарқ бўлдим. Ҳамма йиғилиб бўлганда мен зиёфат столини кузатиб бориш топширилган хоним билан гаплашиб турардим. Хаёлимга маданиятли одамлар ўзларининг қисқа умрларини ҳар хил зерикарли маросимларга сарфлашга бунчалик уста бўлишмаса, деган фикр келди. Бу шундай зиёфат эдики, хаёлингга беихтиёр равишда хонадон соҳибаси шунча меҳмонни кутиб, ўзини нега бунчалик уринтираркин, меҳмонлар эса бу машаққатни ўзларига нима учун раво кўришаркин, деган фикрлар келади. Стол атрофида ўн нафар одам тўпланганди. Улар учрашишганда бамайлихотир ва лоқайдгина кўришишди, стол атрофидан эса енгил нафас олиб туриб кетишди. Бундай овқатланиш худди жазони ўташдай гап эди. Стриклендлар ўзлари учун унчалик қизиқарли бўлмаган бу одамларни овқатланишга таклиф этишлари «керак» эди. Мезбонлар ўз бурчларини адо этишди, меҳмонлар эса вазифаларини бажаришди. Нега дейсизми? Уй эгалари ёлғиз ўтирмаслик учун уларни таклиф этишганди, меҳмонлар эса ўз хизматкорларига дам бериш, таклифни рад этишга асос бўлмаганлиги учун бу ерга келишганди.
Ошхона анча тор эди. Стол атрофида таниқли адвокат билан давлат амалдори хонимлари билан, Стрикленд хоним опасининг эри полковник Мак-Эндрю билан ва бир парламент аъзосининг хотини ўтиришарди. Парламент аъзоси ўша куни палатадан чиқиб кета олмаслиги маълум бўлгач, унинг ўрнига мени таклиф этишган экан. Анча басавлат кўринаётган бу улфатчиликда қандайдир бадҳазмлик бор эди. Аёллар ўз мавқеларидан мағрурланаётгандай, эътиборни жалб этиш учун устомонлик қилишаётгандай кўринишарди. Эркаклар эса ўзларини виқор билан тутишаётганди. Ҳамма ҳам одатдагидан баландроқ гапирар, улфатчиликни жонлантиришга интиларди, шунинг учун ҳам хона шовқин-суронга тўлган эди. Лекин ўртадаги умумий гап қовушмаётганди. Меҳмонлар газак қилиб, суюқ овқат ичаётганда ва балиқ еяётганда фақат ўнг томондаги шериги билан мулоқот қиларди, сабзавот ва ширинлик еяётганда эса чап томонидаги ҳамроҳи билан гаплашарди. Сиёсат ва гольф, болалар ва сўнгги премьера, Қироллик академиясида намойиш этилаётган расмлар, об-ҳаво, ёз мавсумида мўлжалланаётган ишлар тўғрисида сўз борарди. Гап-сўзлар бир дақиқа тинмас, шу туфайли ҳам шовқин тобора кучаярди. Стрикленд хоним хурсанд бўлса арзирди – зиёфат кўнгилдагидек ўтди. Унинг эри хонадон соҳиби ролини яхши уддалаётганди. Лекин у ҳаддан ташқари камгап эди. Пировардида, унинг икки томонида ўтирган хонимларнинг юзларида ҳорғинлик аломатларини сездим. Чамаси, хонадон соҳиби уларни зериктириб юборган. Бир-икки маротаба эрига тикилиб турган Стрикленд хонимнинг ташвишли нигоҳини пайқадим. Ширинлик еб бўлингач, Стрикленд хоним ўрнидан турди, даврадаги бошқа аёллар ҳам «гур» этиб жойларидан қўзғалишди-да, меҳмонхонага кириб кетишди. Улар чиқиб кетишгач, Стрикленд эшикни ёпиб, столнинг нариги томонига ўтиб, таниқли адвокат ва ҳукумат амалдорининг ўртасига ўтирди. У ҳаммамизга бир қадаҳдан портвейн қуйди-да, сўнг сигара билан сийлади. Адвокат шаробни ажойиб экан, деб мақтади, Стрикленд уни қаердан харид қилганини айтди. Гап шароб ва тамаки устида кетди. Кейин адвокат ўзи қатнашган суд жараёни тўғрисида сўзлади, полковник эса поло ўйини хусусида билганларини маълум қилди. Улар билан гурунглашадиган бирор гапим бўлмаганлиги туфайли жим ўтирдим, боодоблик билан уларнинг суҳбатига қулоқ тутдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ эди, бекорчиликдан Стриклендга разм сола бошладим. У мен ўйлаганимдан кўра баланд бўйли, ориқдан келган, кўримсизгина одам экан; елкаси кенг, қўллари ва оёқлари узун, костюми ўзига ёпишмайроқ турибди. У бамисоли ясаниб олган аравакашга ўхшарди. У унчалик чиройли бўлмаса-да, у қадар хунук ҳам бўлмаган қирқ ёшлардаги эркак эди. Соқоли қиртишлаб олинган юзлари ғалати таассурот қолдирарди. Сочлари сарғишдан келган, калта қилиб олинганди, кўзлари кулранг билан кўк рангнинг ўртасидаги қандайдир рангга мойилроқ эди. Хулласи калом, кўриниши ўртамиёна эди. Мен эндигина Стрикленд хоним уни таништиришдан уялишининг маъносини тушундим. Ёзувчилар ва санъаткорлар қаторидан ўрин олмоқчи бўлган аёлнинг эри бундай бўлмаслиги керак эди. Унда жозиба етишмасди. У бирор ғалатироқ табиати билан ҳам ажралиб турмасди, шунчаки оқкўнгил, зерикарли, ҳалол, одми бир одам эди. Унинг баъзи фазилатлари, эҳтимол, диққатга сазовордир, лекин у билан мулоқот қилишга чидаб бўлмасди. Бу жиҳатдан уни йўқ, деб ҳисобласа ҳам бўларди. Жамиятнинг яхшигина аъзоси, дурустгина эр ва ота, ҳалол даллол бўлса ҳам унга вақт сарфлаш ҳайф эди.
Еттинчи боб
Мавсум ўз поёнига яқинлашаётганди, атрофдагиларнинг барчаси кетишга тайёргарлик кўришаётганди. Стрикленд хоним оиласи билан Норфолкка кетишга ҳозирланаётганди. У ерда болалари денгиз ҳавосидан баҳра олишади, эри гольф ўйнайди. Биз у билан кузда учрашишга келишиб хайрлашдик. Лекин ўзим жўнаб кетишимдан олдинроқ хоним ва унинг болалари билан дўкон остонасида учрашиб қолдик. У ҳам худди мен сингари Лондондан жўнаб кетиш олдидан зарур нарсаларни харид қилаётган экан. Хоним ҳорғинроқ ва тутақиброқ тургандай туйилди. Мен уларга боққа кириб, музқаймоқ ейишни таклиф этдим. Стрикленд хоним, чамаси, ўз болаларини менга кўрсатиб қўйиш учун бўлса керак, таклифимга дарҳол кўна қолди. Унинг болалари эса суратдагига қараганда ҳам жозибалироқ экан, она ҳақли равишда улар билан фахрланарди. Мен ёш бўлганим учун уялишмас, кўнгилларига келган гапни айтишдан тортинишмасди. Улар ғоятда ёқимтой, бутун вужудларидан саломатлик анқиб турарди. Айни пайтда дарахт соясида ўтириш ҳам лаззатли эди. Орадан бирор соат ўтгач, хоним бир отли извошни чақириб жўнаб кетди, мен эса кунни ўтказиш учун клубга йўл олдим. Ўша куни кўнглимда қандайдир ғашлик бор эди, шунинг учунмикин, билмадим, ўзимда уларнинг осойишта оилавий ҳаётига маълум даражада ҳасад пайдо бўлганини сездим. Чамаси, уларнинг ҳаммалари бир-бирларини яхши кўришарди. Улар гапларининг орасига қандайдир сўзлар қўшиб қўйишар, бу сўзлар эса четдаги одамга ҳеч нарсани англатмас, лекин ўзлари бундан ҳузур қилиб кулишарди. Эҳтимол, Чарлз Стрикленд сўзлаш жозибаси жиҳатидан зерикарли одамдир, лекин унинг шахсияти ўзи яшаётган муҳитга мос эди. Шунинг ўзигина маълум муваффақиятгина эмас, балки бахт ҳам эди. Стрикленд хонимдек ажойиб аёл уни севарди. Мен уларнинг ҳеч нарса рахна солмаётган, ҳалол, тинч, осойишта кечаётган сермазмун ҳаётларини тасаввур қилиб кўрдим. «Улар умрларининг охиригача, то қариб-чириб кетгунларигача шундай, тинчгина ҳаёт кечирсалар, ўз фарзандларининг камолини кўрсалар, ўғиллари келажакда соғлом зурриётлар ҳадя этадиган яхшигина қизга уйланса, қизлари эса келишган ёш йигитга, ҳарбий одамга турмушга чиқса керак, деб хаёл қилдим. Ҳузур-ҳаловатда, фарзандлар ва набиралар қуршовида узоқ умр кўриб, бахтли ва фойдали ҳаёт кечириб, мангу уйқуга кетсалар керак» деган фикрга бордим. Кўпгина эр-хотинлар тарихи шу тарзда кечади. Бундай ҳаётнинг ўзига хос жозибаси, сеҳри бор.