реклама
Бургер менюБургер меню

Сомерсет Моэм – Ой ва сариқ чақа (страница 5)

18

Бундай ҳаёт кўм-кўк майсазорлар оралаб қуюқ дарахтлар тагидан жилдираб оқаётган, лекин денгизга бориб қуйилмайдиган, осойишта ирмоқчани эслатади. Лекин денгиз шу қадар осойишта ва бефарқки, беихтиёр қалбингга тўсатдан қандайдир ғам-андуҳ кириб олади. Эҳтимол, бу нарса ўша вақтлардаёқ маълум бўлиб, шахсиятимдаги ўзига хос ғалатилик нишонасидир. Кўпчиликнинг бундай қисмати ҳамма вақт менга чучмал туйиларди. Мен бунинг ижтимоий қимматини, инсонни бахтиёр этишдаги ўрнини эътироф этардим-у, қайноқ қоним эса қандайдир бошқача, исёнкорона ҳаётни қўмсарди, шекилли. Бундай табиий қувончлар негадир мени чўчитарди. Менинг юрагим хавф-хатарга тўла ҳаётга интиларди. Умр йўлимда сув ости қояларию хиёнаткор саёзликлар учраса ҳам майли, лекин у бир текисда, зерикарли ўтмасин, токи кутилмаган, тўсатдан пайдо бўладиган қувончни англаш имкони бўлсин.

Саккизинчи боб

Стриклендлар тўғрисида барча ёзганларимни ўқиб кўрар эканман, уларнинг қиёфалари анча нурсиз чиққанини пайқаб қолдим. Китоб қаҳрамонларининг ҳаёт тарзини белгилайдиган ўзларига хос хусусиятларини аниқ кўрсатиб бера олмадим, шекилли. Ўйлайманки, бу менинг камчилигим. Мен уларнинг характеридаги ҳаётларини бутунлай бошқа ўзанга солиб юборган қандайдир ўзига хос хусусиятларини топиш учун кўп бош қотирдим. Ишонаманки, мен қаҳрамонларим табиатларидаги баъзи одат ва қилиқларни кўрсатиб, уларни жонлантиришга ҳаракат қилдим. Бўлмаса улар худди гулқоғоздаги шакллардай ўз қиёфаларини йўқотган бўлишарди. Ўзимни оқлайдиган ягона томони шундаки, улар менга аслида ҳам худди мана шундай туйилишарди. Ижтимоий организмнинг бир қисмига айланиб кетган одамлар сингари улар мажҳулга ўхшарди, назаримда. Бундай одамлар танамиз тўқималаридаги жуда зарур, соғлом вақтида эса биз томонимиздан сезилмайдиган тўқималарга ўхшайди. Стриклендлар одатий буржуа оилаларидан бири эди. Ўзларини шер фаҳмлайдиган иккинчи даражали ёзувчиларга эътиқод қўйган ёқимтой ва меҳмондўст хотин, ўз бурчини ҳалол бажараётган зерикарли эр, соғлом фикрли болалар. Бундан ҳам кўра мақбулроқ оилавий уйғунликни топиш амримаҳол эди. Кейинчалик рўй берган ҳодисаларни эсларканман, ўзимдан ўзим сўраб қўяман: наҳотки Чарлз Стрикленд қиёфасида ўзидан бошқани тан олишни истамайдиган оддий одамлардан ажралиб турадиган бирор хусусиятни сеза олмаган тентак бўлсам. Эҳтимол, шундайдир. Ахир ўша даврлар билан ҳозирги давр ўртасида катта масофа бор, у вақтларда ҳаётий тажрибам йўқ эди, одамларни билмасдим. Лекин, барибир, ўша вақтда ҳозирги ҳаётий тажрибам билан унга рўбарў келганимда ҳам худди аввалгисидай муносабатда бўлардим. Лекин хаёлимда инсон зотидан кутилмаган нарсаларни кутиш мумкин, деган фикр бўлар ва ўшанда Лондонга қайтиб келганимдан кейин эшитган ахборотимдан ўшандагидек лол қолмаган бўлардим. Пойтахтга қайтиб келган кунимнинг эртасига Жермин-стритда Роза Уортерфордни учратиб қолдим.

– Кайфиятингиз чоғ кўринади, нима гап ўзи? – деб сўрадим. У кулиб қўйди, кўзларида бировнинг бахтсизлигидан кулиш аломатлари зуҳур эди.

Бунинг сабабини дарҳол тушундим. У дўстларидан ким биландир рўй берган жанжалнинг тарихини гапириб берди. Адабиёт оламидаги бу аёлнинг бутун туйғулари жунбишга келганди.

– Ахир сиз Чарлз Стрикленд билан танишсиз-ку?! Унинг фақат юзигина эмас, балки бутун гавдаси тўла жанговар тайёргарликни ифодалаб турарди. Мен бош қимирлатиб «танийман» деган ишорани билдирдим-у, хаёлимга бечора ё извошнинг тагида қолган, ё бўлмаса биржада ютқазган, деган фикр келди.

– Даҳшатли қисмат! У хотинини ташлаб кетди!

Уотерфорд, табиийки, Жермин-стритдаги пиёдалар юрадиган йўл бу гапни давом эттириш учун қулай жой эмаслигини ҳис этди. У биргина бу хабар билан мени лол қилиб қўйди. Устига-устак, бунинг ҳеч қандай тафсилотини билмайман, деб айтди. Мен шаҳар шовқин-сурони бу жанжалнинг сабабларини айтишга монелик қилмас, деб ўйладим.

– Айтяпман-ку сизга, бошқа ҳеч нарсани билмайман, – деди у менинг безовталаниб бераётган саволларимга жавобан:

– Ўйлайманки, хушрўйроқ бирорта қиз уни йўлдан уриб, бирга кетган.

У мафтункор кулиб қўйди ва ўзини тиш шифокори кутаётганини айтиб пошналарини тақиллатганча жўнаб қолди. Бу янгилик мени хафа бўлишдан ҳам кўра кўпроқ хаёлимни ўзига банд этди. Ўша вақтларда менинг ҳаётий тажрибам этарлича эмас эди. Танишларим ҳаётида илгари фақат романлардагидек воқеалар рўй берганидан ларзага келган эдим. Кейинчалик атрофимизда бўлаётган бундай ҳодисаларга ўрганиб кетдим, лекин ўшанда бу воқеа мени ниҳоятда ташвишга солганди. Стрикленд қирқдан ошган одам эди. Шундай табаррук ёшдаги одамнинг ишқий саргузаштлар йўлига кириб кетишини тушуна олмаётгандим. Ёшлик мағрурлиги туфайли бўлса керак, мен одам ўттиз беш ёшдан кейин севиш қобилиятига эга бўлолмайди, деб ҳисоблардим. Бу янгилик мени ноқулай аҳволга солиб қўйганди. Мен қишлоқда вақтимда Стрикленд хонимга хат йўллаб, тез орада Лондонга қайтиб келишим билан агар хоним лозим топса, уникига бир пиёла чой ичгани боришимни билдирган эдим. Унга бугун боришимни билдириб хат ёзгандим, лекин ундан жавоб олмагандим. У мени кўришни хоҳлайдими, йўқми? Эҳтимол, бундай ташвишлар билан менинг хатимни ёдидан чиқаргандир. Шу туфайли ҳам бундай ташрифдан ҳозирча воз кечиб турган маъқулроқ. Бошқа томондан эса, эҳтимол, у бу тарихни бутунлай сир тутишни хоҳлар, мен эса бу ғалати воқеани эшитганимни унга билдириб қўйсам одобсизлик қилган бўларман. Мен ҳаммадан ҳам ажойиб аёлнинг туйғуларини ҳақоратлаб қўймасмикинман, деб андиша қилардим, хира бўлиб кўринишдан қўрқардим. Табиийки, у жудаям изтироб чекаётганди. Ёрдам бера олмаганингдан кейин бировнинг қайғусига қандай қараб турасан? Гарчи шундай бўлса-да, менинг қизиқувчанлигим аёл ўз бошига тушган ташвишга қандай чидаётганини билишга ундарди. Бир сўз билан айтганда, мен жудаям гангиб қолгандим. Кейин мен ҳеч нима бўлмагандай, уникига бораману хизматкор орқали Стрикленд хоним мени кўришни исташ-истамаслигини аниқлайман, деган қарорга келдим. Бу унга мени кўришни хоҳламаса қабул қилмаслик имконини берарди. Хизматкорга олдиндан тайёрлаб қўйган сўзларимни айтаётганимда ҳам саросимада эдим. Даҳлизда жавоб кутаётганимда ҳам аввалдан жуфтакни уриб қолмаслик учун ўзимни зўрлаб ушлаб турардим. Хизматкор йўлдан қайтди. Назаримда, у бу хонадонда рўй берган барча кўнгилсизликлардан хабардордай эди.

– Мана бу уйга киринг, жаноб, – деди у.

Мен унинг кетидан меҳмонхонага кирдим. Уй пардалари қарийб туширилган эди. Стрикленд хоним деразага орқа ўгириб ўтирарди. Унинг куёви, полковник Мак-Эндрю камин олдида исиниб турарди. Мен ўзимни жудаям ноқулай сездим. Бу ерда пайдо бўлишим, назаримда, уларни саросимага солиб қўйди ва Стрикленд хоним мени қабул қила олмаслиги ҳақидаги хатни жўната олмаганлиги туфайлигина меҳмонхонасида кутиб олаётгандай туйилди. Полковник ҳам менинг бостириб кирганимдан ғазабда бўлса керак, деб ўйладим.

– Ҳозир мени қабул қилишингизга унчалик ишонмагандим, – дедим ясама самимийлик билан.

– Нега қабул қилмас эканман? Эмми ҳозир бизга чой келтиради, – жавоб қилди у.

Ҳатто нимқоронғи хонада ҳам Стрикленд хонимнинг кўзлари йиғидан шишиб, доим оппоқ кўринадиган юзлари қандайдир ўзгариб қолганини фаҳмладим. – Сиз менинг куёвим билан танишсиз, шекилли. Баҳорда бизникида кўришган эдингизлар.

Биз қўл бериб кўришдик. Мен шунчалик ўзимни йўқотиб қўйдимки, нима дейишни ҳам билмасдим, лекин Стрикленд хоним мушкулимни осон қилди. У ёзни қандай ўтказганим билан қизиқди, чой келгунгача хонимнинг ёрдамида гапга сал-пал аралашиб турдим. Полковник эса ўзига содали виски келтиришларини илтимос қилди.

– Сизга ҳам виски ичишни маслаҳат бераман, Эмми, – деди у.

– Йўқ, мен чой ичмоқчиман, – рад этди Эмми.

Бу қандайдир кўнгилсизлик рўй берганлигига дастлабки ишора эди. Мен ўзимни эшитмаганга олдим ва Стрикленд хонимни суҳбатга жалб этишга уриндим. Камин ёнида турган полковник миқ этмади. Ичимда қачон кетишим лозимлигини чамалаб турардим. Стрикленд хоним нима сабабдан уйида қабул қиляпти, деб ўз-ўзимга савол берардим. Меҳмонхонада гуллар кўринмас, ёзда йиғиштириб қўйилган безак буюмлари ҳам ҳалигача ўз ўрнига жойлаштирилмаганди. Одатда, чиройли кўринадиган уй жуда совуқ ва қовоғи солиқдай туйиларди, худди деворнинг нариги томонида мурда ётганга ўхшарди. Мен чойимни ичиб қўйдим.

– Сигарета чекишни хоҳлайсизми? – сўради Стрикленд хоним.

У сигарета турадиган қутичани қидираётганди, лекин у яқин ўртада кўринмаётганди.

– Бизда сигарета тугаганга ўхшайди.

Тўсатдан кўзларига ёш келиб, хонадан чопқиллаб чиқиб кетди. Мен довдираб қолдим. Чамаси, эри сотиб оладиган сигаретанинг йўқлиги юрагига қаттиқ таъсир қилди, уйдаги камчиликлар тўғрисида ғамхўрлик қиладиган одамнинг энди йўқлиги уни тамомила изтиробга солаётганди. Ўзининг аввалги хотиржам ҳаёти мангуликка йўл олганини тушуниб етганди. Асилзодаларга хос қонун-қоидаларга амал қилиб ўтиришга ҳожат қолмаганди.

– Мен кетганим яхшига ўхшайди, – полковникка шундай деб, ўрнимдан турдим.

– Сиз аблаҳ Чарлининг хотинини ташлаб кетганини эшитган бўлсангиз керак? – дарғазаб қичқирди у. Мен жавоб қайтаришга шошилмадим:

– Ҳа, қандайдир кўнгилсизлик бўлганига ишора қилишганди.

– У қочиб кетди. Қандайдир сатанг билан Парижга қочди. Эммига сариқ чақа ҳам қолдирмади.

– Жуда ачинарли, – дедим нима дейишни билмай.