Сомерсет Моэм – Ой ва сариқ чақа (страница 3)
Тўртинчи боб
Ўшанда ҳеч ким менда Роза Уотерфордчалик хайрихоҳлик уйғотмаганди. Унда донишманд эркакларга хос фазилатлар билан бирга аёлларга хос назокат уйғунлашганди. Қалами остидан чиққан романлар эса ўз оригиналлиги билан китобхонларни ҳайрон қолдирарди. Чарлз Стрикленднинг хотинини илк маротаба унинг уйида учратгандим. Уотерфорд хоним бир пиёла чойга чақирганда унинг уйига жуда кўп одам йиғилди. Ҳамма бир-бири билан валақлашар, мен эса бир чеккада жимгина ўтирардим, ўзимни ғоятда ноқулай ҳис этардим. Лекин жуда тортинчоқ бўлганлигимдан меҳмонларнинг бирор гуруҳига қўшила олмасдим, ўз ишига ғарқ бўлган одамдай миқ этмай ўтирардим. Уотерфорд хоним меҳмондўст хонадон соҳибаси сифатида саросимада ўтирганимни кўриб ёрдамга шошилди.
– Сиз Стрикленд хоним билан гаплашишингиз керак, – деди у. – Хоним китобингизни ўқиб қойил қолибди.
– Стрикленд хоним қандай иш билан шуғулланади? – қизиқиб сўрадим мен.
Агар Стрикленд хоним таниқли адиба бўлса, бу саволим билан ўзимнинг гумроҳлигимни кўрсатган бўлардим. Шундай бўлган тақдирда у билан суҳбатлашиш учун маълум нарсаларни билиб олмоғим даркор эди. Роза Уотерфилд хоним сўзларининг таъсирини кўрсатмоқ учун ўзини ҳайрон қолган киши қилиб кўрсатди.
– У одамларни бир пиёла чойга чорлаб турувчи меҳмондўст аёл. Агар сиз хонимга маъқул келсангиз, унинг таклифига сазовор бўлдим, деяверинг.
Роза Уотерфорд беадаброқ эди. Ҳаёт унинг тасаввурида роман ёзиш учун қулай бир восита, одамлар эса зарур хомашё эди. Вақт-соати билан бундай хомашёлар орасидан унинг истеъдодига қойил қоладиганларни уйига таклиф этар ва илтифот кўрсатарди. Одамларнинг таниқли кишиларга яқинроқ бўлишга интилишдек қусурлари устидан мийиғида кулган ҳолда ўзини ғоят машҳур одам қилиб кўрсатишга интиларди. Менга таништирилган Стрикленд хоним билан чамаси ўн дақиқа юзма-юз туриб гаплашдик. Мен ёқимли овозидан бошқа унда эътиборга сазоворроқ бирор нарса пайқамадим. У Вестминстерда яшаркан, уйининг деразалари ҳали қуриб битказилмаган черковга қараб тураркан. Мен ҳам шу уйга яқин жойда яшардим. Бу ҳолат бир-биримизни яқинроқ ҳис этишга имконият яратди. Армия ва Флотнинг бош дўкони Темза ва Цент-Жеймс боғи оралиғида яшовчилар учун боғловчи бўғин вазифасини ўтарди. Стрикленд хоним менинг яшаш манзилимни сўраб олди ва бир неча кундан кейин нонуштага таклиф қилди. Мен бундай таклифномаларни жуда кам олардим ва шу боисдан таклифни жон-жон деб қабул қилдим. Ҳаммадан эрта бориб қолмайин деб, черков атрофини уч маротаба айланиб чиқиб, меҳмонга кечикиброқ кириб борганимда ҳамма жамулжам эди: Уотерфорд, Жей хонимлар, Ричард Туайнинг ва Жорж Род сингари ёзувчилар йиғилишганди. Мусаффо ҳаволи баҳор кунларидан бири бўлганлиги туфайли йиғилганлар аъло кайфиятда эдилар. Улар турли-туман мавзуларда гурунглашишарди. Ёшларга хос енгларига гул тикилган яшил кўйлак ёки аёлларга хос баланд пошнали туфли кийиб, Париж атир-упалари билан ўзига оро берган Уотерфорд янги шляпада эди. Бу ҳолат унинг сўзларига фавқулодда кескинлик бағишларди. Илгари ҳеч қачон бизнинг умумий дўстларимиз тўғрисида бу қадар жаҳл билан сўзлаганини эшитмагандим. Ахлоқсизлик заковатнинг қалби, деб ишонадиган Жей хоним ярим овозда шу қадар бепарда аскиялар қилардики, бамисоли оқ дастурхон ҳам қизариб кетгудай бўларди. Ричард Туайнинг эса қандайдир бўлмағур гапларни тинмасдан валдирарди. Жорж Род эса ҳозирги ҳолатда аския айтишнинг ҳожати йўқ, деган хаёлга бориб миқ этмас, оғзини фақат лаззатли таомлардан бирор бўлагини ташлаб юбориш учунгина очиб қўярди. Стрикленд хоним кам гапирса-да, лекин унда умумий суҳбатни қовуштириб туриш қобилияти кучли экан. Ўртага бироз сукунат тушгудай бўлса, ўринли луқма ташлар, натижада суҳбат яна жонланиб кетарди. Барваста бўйли, семиз эмас-у, аммо тўладан келган ўттиз етти ёшлардаги бу аёл унчалик гўзал эмасди, лекин кулча юзли хоним самимий боқадиган жигарранг кўзлари билан хушрўйгина кўринарди. Қоп-қора сочларини ҳафсала билан тараганди, пардоз-андозни ҳам меъёрида ишлатганди. Шу боисдан ҳам бошқа икки хонимга нисбатан содда ва табиийроқ кўринарди.
Унинг ошхонаси ўша даврнинг нозик дидли одамлари талаби даражасида саранжом-саришта эди. Деворларга тахта қопланиб бўяб қўйилган, унга чиройли қора рамкалар ичига олинган расмлар осилган. Яшил эшик пардалари яшил гиламга тегай-тегай деб турибди. Гиламларда акси туширилган сершох дарахтлар орасида қуёнлар ўйнаб юришибди. Бу расмларда, шубҳасиз, Уильям Мориснинг таъсири сезилади. Ўша вақтларда Лондонда бундай камтар, чиройли, дид билан безатилган ошхоналардан беш юздан ортиқроғини учратиш мумкин эди.
Мен меҳмондорчиликдан Уотерфорд билан бирга чиқдим. Ҳаво очиқлиги ва унинг янги шляпаси боғни сайр этишга рағбат уйғотди.
– Вақтни жуда чиройли ўтказдик, – дедим мен.
– Нонушта ҳақида қандай фикрдасиз? Мен унга агар уйингга ёзувчилар келишини истасанг, зиёфатни яхшилаб қил, – деб тайинлагандим.
– Оқилона маслаҳат, – дедим мен. – Лекин хонимга ёзувчилар нима учун керак?
Уотерфорд хоним елкасини қисди.
– У ёзувчиларни «қизиқ одамлар» деб тушунади ва қатордан қолишни истамайди. У бечора жуда содда, бизнинг ҳаммамизни фавқулодда одамлар, деб фараз қилади. Унга бизни нонушта билан сийлаш ёқади, биз эса бундан ҳеч нарса йўқотмаймиз. Шунинг учун ҳам менинг унга муносабатим жуда илиқ.
Босиб ўтилган йўлга қараб туриб шундай ўйлайманки, Стрикленд хоним машҳур одамларга яқинроқ бўлишни хоҳловчиларнинг энг беғарази экан. У ёшлигида пойтахтдан узоқроқда тинч ҳаёт кечирган. Пойтахт кутубхонасидан унга юбориб туриладиган китоблар фақат ўз романтикаси билангина эмас, Лондон романтикаси билан ҳам ўзига ром этганди. Унда мутолаага зўр иштиёқ бор эди (бу асарнинг ўзидан кўра ёзувчи билан, асарлардан кўра рассом билан қизиқувчиларда камроқ учрайдиган хусусият), у кундалик ҳаётда эриша олмайдиган хаёллар дунёсида яшарди. Ёзувчилар билан танишганда ўзини худди илгари фақат томошабинлар залидан кўриб юрган саҳнага чиқиб қолгандай ҳис этарди. Хоним уларни шу қадар идеаллаштирардики, ёзувчиларни ўз уйида зиёфат қилаётганда ёхуд уларникига борганида бошқача, қандайдир кўтаринки оламда яшаётгандай ҳис этарди. Ёзувчиларнинг ҳаёт тарзи уни ҳайрон қолдирарди, лекин ўз ҳаётини бир дақиқа бўлсин шу тарзда ўтказишни хаёлига ҳам келтирмасди. Уларнинг ахлоқлари, ноодатий кийинишлари, ғалати назариялари ўзига жалб этарди, лекин бу унинг эътиқодига заррача таъсир эта олмасди.
– Айтинг-чи, жаноб Стрикленд деган одам борми ўзи? – қизиқиб сўрадим мен.
– О, албатта, бор-да. У Ситида нимадир қилади. Биржа даллоли бўлиб ишлайди, шекилли. Жуда зерикарли одам!
– Улар ўзаро яхши муносабатдамилар?
– Бир-бирларини сидқидилдан ёқтиришади. Хоним сизни тушликка таклиф этса, уни кўриб қоларсиз. Лекин чет одамлар уларникига кам боришади. Жуда беозор одам. Адабиёт ва санъатга сира қизиқмайди.
– Нега дилбар аёллар кўпинча зерикарли одамларга турмушга чиқишади?
– Нега деганда ақлли эркаклар дилбар аёлларга уйланишмайди.
Мен бу фикрга эътироз билдира олмадим ва Стрикленд хонимнинг болалари бор-йўқлигини сўрадим.
– Ҳа, бир қиз, бир ўғли бор. Иккаласи ҳам мактабда ўқишади.
Мавзу тугаган эди. Биз бошқа нарсалар тўғрисидаги суҳбатга ўтиб кетдик.
Бешинчи боб
Ёз мобайнида Стрикленд хоним билан тез-тез учрашиб турдим. Мен унинг уйидаги тантанали чойхўрликдан-да ёқимлироқ нонушталарига бориб турардим. Биз бир-биримизни самимий ёқтириб қолгандик. Мен ҳали жуда ёш бўлганим туфайли, эҳтимол, адабиёт майдонига қўяётган дастлабки қадамларимга бош бўлиб тургани ҳақидаги фикр унга қандайдир ёқимли эди. Ёнимда ҳар қандай масалада дарду ҳасратимни диққат билан эшитадиган ва ўринли маслаҳат берадиган одамнинг борлиги кўнглимга таскин берарди. Стрикленд хонимда раҳм-шафқат туйғуси кучли эди. Бу, аслида, ажойиб фазилат, лекин шундай фазилатга эга кишилар кўпинча уни суиистеъмол қилишади. Улар ўз қурбонларига шафқат дўлини шу қадар кўп ёғдириб юборишадики, натижада улар тамомила ўзларини йўқотиб қўйишади. Азият чекаётганларнинг ғам-ташвишлари ўзларига етмагандай ҳамдардлик билдираётган одамнинг оҳу нолалари бунинг ёнига қўшилади. Стрикленд хоним эса бу хислатларни йўққа чиқармасди. Унинг ҳамдардлигини қабул қилсангиз, бағоят хурсанд бўларди. Бу кузатишларимни самимий равишда Роза Уотерфорд билан ўртоқлашган пайтимда у шундай деди:
– Сут ичиш, айниқса, унга коньяк аралаштириб ичиш маза, лекин сигир ундан тезроқ қутулишни хоҳлайди. Шишиб кетган елин ғоят ёқимсиз нарса.
Роза Уотерфорднинг тилини худди заҳарли илон, дейсиз. Ҳеч ким учалик сўз билан чақиб ололмайди. Шу билан бирга, ҳеч ким унчалик ёқимли сўзларга уста эмасди.
Стрикленд хонимнинг яна бир хусусияти менга ёқарди – ораста яшашни биларди. Унинг уйи доимо саранжом-саришта ва озода эди. Ҳамма ёқда анвойи гуллар кўзга ташланади. Меҳмонхонага қалин ип газламадан дарпарда осилган. Хона анча сипо кўринса-да, ёруғ ва шинам эди. Таомлари дид билан ва мазали тайёрланарди. Ихчамгина ошхонасидаги стол чиройли идиш-товоқлар билан безатилган. Иккала хизматкор ҳам ғоят башанг кийинишган, кўриниши ёқимтой. Стрикленд хоним ажойиб уй бекаси эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Табиийки, у ажойиб она ҳам. Меҳмонхонани болаларининг расмлари безаб турибди. Ўн олти ёшлардаги ўспирин ўғли Роберт Регбида ўқирди. Бир суратда у спорт костюмида, бошқасида тик ёқали камзулдаги кўриниши тасвирланганди. У ҳам худди онаси сингари кенг пешонали бўлиб, чиройли, ўйчан кўзлари қандайдир маъноли боқарди. У озода, соғлом ва қобилиятли ўспириндек таассурот қолдирарди.